Болалар стоматологияси: муаммо ва ечимлар

/
Бугунги кунда умумтаълим мактабларида болалар соғлиғини сақлаш билан боғлиқ долзарб вазифалар нафақат мутахассислар, балки ота-оналар, кенг жамоатчилик эътиборини жалб этмоқда. Бу бежиз эмас, албатта.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, болалар стоматологияси соҳасида ҳал қилиниши лозим бўлган бир қатор муаммолар ўз ечимини кутмоқда. Негаки, мактаб ва ўсмир ёшидаги болалар бирор касалликка чалинганида уларнинг ўз вақтида даволанмаслиги нохуш оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 18 мартдаги 48-сонли қарори асосида вилоят ва туман махсус стоматологик поликлиникалар фаолияти тўхтатилган бўлиб, болалар стоматологлари штат бирлиги қисқартирилган. 2009-2017 йилларда 91 фоиз болалар стоматологик кабинетлари, 65 фоиз қишлоқ врачлик пунктларидаги стоматологик кабинетлар фаолияти тугатилган. 1996 йилда республикамиздаги 38,8 фоиз умумтаълим мактабларида стоматологик хизмат иши олиб борилган бўлса, 2008 йилда мазкур кўрсаткич 21,4, 2017 йилда эса 5,1 фоизни ташкил этди.
Ҳозирги вақтда умумтаълим мактабларида мазкур кўрсаткич 11,4 фоизни ташкил этади. Албатта, бу ҳолат болаларда тиш касалликларининг олдини олишга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Кариес тарқалиши ва унинг салбий асоратлари 4-7 ёшдаги болаларнинг 93 фоизи; 8-12 ёшдаги болаларда — 86; 13-18 ёшдагиларнинг 74 фоизида кузатилганлиги бу борада жиддий иш олиб бориш лозимлигини англатади.
Шуларни назарда тутиб, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан амалиётга йўналтирилган “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида Бухоро вилоят партия кенгаши билан ҳамкорликда бир қатор ишларни амалга ошираяпмиз.
Жорий йилнинг август ойида партия депутатлари, фаоллари, вилоят соғликни сақлаш бошқармаси стоматологлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда барча туман стоматология поликлиникалари бош стоматологлари иштирок этишди. Ушбу йиғилишда туман ва шаҳарлар умумтаълим мактабларидаги стоматологик тиббий хизмат аҳволини ўрганиб чиқиш мақсадида ҳамкорликда ишчи гуруҳлари ташкил этишга келишиб олинган эди. Бугунги кунда ушбу ишчи гуруҳлари томонидан вилоятимизнинг умумтаълим мактабларидаги стоматологик тиббий хизмат сифати, стоматология хоналари, уларнинг жиҳозланиши чуқур ўрганиб чиқилмоқда. Ишчи гуруҳ аъзолари ота-оналар билан суҳбатлар олиб бориб, уларнинг фикр ва таклифларини тингламоқда.
Вилоятимизда 500 дан ортиқ умумтаълим мактаблари фаолият юритмоқда. Ишчи гуруҳларининг мазкур муассасалардаги мулоқотлари, ҳамкорликдаги учрашувлар натижасида 96 та умумтаълим мактабида стоматолог хонаси ташкил этилди. Хусусан, ана шу саъй-ҳаракатлар туфайли Бухоро шаҳридаги 28 та умумтаълим мактабида стоматологлар тиббий хизмат кўрсатмоқда. Белгиланган хоналар зарур стоматологик жиҳозлар билан таъминланди. Амалий ишлар илк самарасини бера бошлади. Вилоятимизда болалар ва ўсмирлар ўртасида кариес тарқалиши даражаси йил бошида 90 фоиз эканлиги аниқланган бўлса, айни пайтда бу кўрсаткич 80 фоизни ташкил этмоқда.
Айтиш жоизки, болалар ўртасида стоматологик касалликларнинг олдини олишда ҳали муаммолар талайгина. Масалан, 500 дан 800 тагача ўқувчини қамраб олган 400 дан зиёд умумтаълим мактабларида стоматолог учун бюджет штатлари, стоматологик кресло ва стоматологик ашёлар етишмайди. Айниқса, чекка туманларда болалар учун стоматолог хизматлари ташкил этиш анчагина қийин кечмоқда.
Фикрлашув, мавжуд масалани атрофлича ўрганиш, таҳлил қилиш орқали муаммони ҳал этиш йўллари топилади, аниқ таклифлар илгари сурилади. Шулардан келиб чиқиб, 2019 йилдан ҳар бир туманда “Болалар стоматология поликлиникалари” ташкил этиш таклифини билдирмоқдамиз.
Жондан азиз фарзандларимизнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши учун Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаб, шу мақсадда ҳамкорликдаги ишларни фаол давом эттирамиз.
Миржон АСТАНОВ,
Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бош стоматологи

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Электорат ишончини оқлашга астойдил интилаётган И.Худойбердиев ташаббуси билан маҳаллада артизиан қудуғи қазилиб, сув минораси барпо этилди....
01 янв 1970
Наримон Умаровнинг Наманган вилоятидаги ишончли вакили, навбатдаги учрашувни Янгиқўрғон тумани сайловчилари билан ўтказди....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси жорий йилнинг 15 октябрида партиянинг навбатдаги Қурултойини чақириш белгилаб олинди....
01 янв 1970
Сиёсий партиянинг жойларда дастурий ғоя ва мақсадларини рўёбга чиқаришда асосий механизмлардан бири саналган депутатлик гуруҳларининг ташаббускорли...