Мактабдан ташқари таълим: Сифат ва самарадорлик

/
Истиқлол йилларида мамлакатимизда таълим тизимини модернизация қилиш, уни таркибий жиҳатдан қайта қуриш, таълим, фан, техника, технология, иқтисодиёт ва маданиятнинг замонавий ютуқлари асосида таълим дастурларини янгилаб бориш орқали таълим-тарбия жараёнини такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалаларига давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қараб келинмоқда. Бу жараёнда “Таълим тўғрисида”ги қонун ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури иқтисодий-ижтимоий соҳалардаги ислоҳотларнинг туб моҳиятини белгилаб берди.
Узлуксиз таълим тизимида мактабдан ташқари таълим муассасалари алоҳида ўрин тутади. Таълимнинг ушбу босқичи ўқувчилар ўртасида қобилиятли, иқтидорли ёшларни аниқлаш, шахсни ривожлантиришга қаратилган мусобақаларни, сайёҳлик маршрутларини, техника ва бадиий ижодкорлик ҳамда бошқа тадбирларни уюштириш ва ўтказиш, эҳтиёжларни ўрганиш ва шунга мувофиқ болаларнинг қизиқишларига кўра шахснинг ижодий имкониятларини ривожлантиришга қаратилган тўгараклар очиш, фан асослари бўйича қўшимча таълим бериш каби вазифаларнинг амалга оширилишига хизмат қилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган “Узлуксиз таълим тизимида мактабдан ташқари таълим муассасалари фаолияти самарадорлиги” мавзусидаги давра суҳбатида ҳам юқоридаги масалалар хусусида сўз борди.
Тадбирда Халқ таълими, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари мутасаддилари, илмий-тадқиқот институтлари ва Республика таълим маркази мутахассислари, Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги мактабдан ташқари таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Давра суҳбатини Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси А.Шодмонов олиб борди.
Иштирокчилар томонидан таъкидланганидек, соҳада “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши натижасида мактабдан ташқари таълимнинг нуфузи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Қонунда болалар ва ўсмирларнинг шахсий эҳтиёжларини қондириш, уларнинг бўш вақти ва дам олишини ташкил этиш учун давлат ва жамият томонидан ғамхўрлик қилиш белгилаб қўйилган. Шунингдек, Президентимизнинг соҳани ривожлантиришга қаратилган ўндан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинган. Айниқса, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини ривожлантиришга, “Баркамол авлод” марказлари ва “Болалар мусиқа ва санъат мактаблари”ни ташкил этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар жисмонан соғлом ва маънан баркамол шахсларни тарбиялашдек эзгу мақсадни амалга оширишда ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.
Давра суҳбатида мактабдан ташқари таълимнинг ижодий йўналишлари бўйича амалга оширилаётган ишлар, жумладан, давлатимиз раҳбарининг “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган давлат дастури тўғрисида”ги қарори ижроси натижасида 138 та мусиқа ва санъат мактаблари янгидан қурилгани, 145 та мавжуд муассасалар капитал реконструкция қилингани эътироф этилди.
Депутатлар бу борада мамлакатимиз Президентининг 2015 йил 20 ноябрдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2016 – 2020 йилларга мўлжалланган давлат дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган ишлар таҳлилига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Хусусан, соҳа вакиллари олдида турган долзарб вазифалар, яъни ўқувчиларни, ўғил-қизларни баркамол этиб тарбиялашда мактабдан ташқари таълим қамровини кенгайтириш, соҳада фаолият юритувчи мутахассислар малакасини ошириш, ҳудудларда тадбирлар, айниқса, республика миқёсидаги тадбирларни тизимли ташкил этиш, ўқувчиларни рағбатлантириш масалалари муҳокама этилди.
Шунингдек, тадбирда болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, “Баркамол авлод” марказлари ҳамда болалар оромгоҳларида ташкил этиладиган таълим жараёнларининг умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчилар учун ташкил этиладиган таълим-тарбия жараёнлари билан узвийлигини таъминлаш, болалар онгига умуминсоний ва миллий қадриятларни сингдириш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантиришга қаратилган маънавий-маърифий чора-тадбирлар жараёнларини такомиллаштириш, “Баркамол авлод” марказлари ва бошқа муассасаларда тўгарак машғулотлари сифати, самарадорлигини ошириш асосида 9-синф битирувчиларини касб-ҳунар таълимига мақсадли йўналтиришни такомиллаштириш борасида тавсиялар ишлаб чиқилди.
Дилором МАТКАРИМОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясида “Конституция — инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафо...
01 янв 1970
Ҳудудларда раҳбар ходимларнинг масъулиятини кучайтириш, фуқароларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этиш, шу мақсадда жамоатчилик ҳамда депутатлик н...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан семинар ташкил этилди....
01 янв 1970
Ижтимоий ҳимоя, адолат тамойилларини жамиятда қарор топтириш Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар сир...