Ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясида “Конституция — инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолати” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда фракция аъзолари, маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлари, фаоллар ва “Ёш адолатчилар” қаноти аъзолари иштирок этишди.
Таъкидланганидек, мамлакатимиз мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланиб, тарихан қисқа фурсат ичида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади ва жадал ривожланаётган давлатлар қаторида тараққий этмоқда. Халқимизнинг юксак тафаккури, давлатчилик тарихимиз, умуминсоний қадриятлар мужассам ифодаланган Конституциямиз эришилган марраларга мустаҳкам пойдевор бўлиб келмоқда.
Фракциямиз аъзолари Бош қомусимизда акс этган нормалар асосида Ўзбекистон Республикасининг қонунларини қабул қилиш, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, Вазирлар Маҳкамаси тақдимига биноан республикамиз бюджетини қабул қилиш, парламент назорати ва бошқа бир қатор ваколатларни амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.
Давра суҳбати иштирокчилари ёшларга партия фракциясининг қонун ижодкорлиги борасидаги фаолияти ҳақида сўзлаб беришди. Қайд этилганидек, Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси Конституциямизнинг 83-моддасида кафолатланган ҳуқуқ, яъни қонун ташаббускорлиги ҳуқуқидан унумли фойдаланишга интилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида фракция аъзолари 10 га яқин қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда ташаббус кўрсатди. Хусусан, айни пайтда қуйи палатада иккинчи ўқишга тайёрланаётган “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги қонун лойиҳасида партия депутатларининг бир қатор таклифлари ўз ифодасини топган. Ёшларнинг мазкур соҳага доир инновацион ишланмаларини амалиётга йўналтириш, ёш иқтидорларни қўллаб-қувватлашда бу каби қонунчилик асослари муҳим аҳамиятга эга.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз миллий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйган бир даврда инсон ҳуқуқлари ҳимоясида “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойил Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишнинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Ушбу йўналишда парламентимиз ваколатлари ҳам сезиларли даражада кенгайди, жамоатчилик назорати институтлари мустаҳкамланди, юртимизда фуқаролик жамияти ривожланиб бормоқда. Суд тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тубдан ислоҳ қилинмоқда.
Одамларнинг дардини тинглаб, муаммоларни ҳал этиш, фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш ва мавжуд масалаларга ечим топишнинг янги амалий механизмлари аниқ самара бермоқда. Парламент аъзоларининг ҳудудларда ўтказиб келаётган очиқ мулоқотлари жамиятда қонун устуворлигини таъминлашда амалий аҳамият касб этмоқда.
Мамлакатимизда таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий секторнинг ва бошқа соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар келажагимиз ворисларини ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш, халқ фаровонлигини таъминлашга пухта замин яратди. Мактабгача таълим вазирлигининг ташкил этилиши, олий ва ўрта махсус, халқ таълими тизимларининг ислоҳ этилиши инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш, унинг асосий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Конституциямизнинг ҳаётбахш мазмун-моҳияти, юртимизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият даражасида кафолатланганлиги давлатимиз инсонпарвар сиёсатининг ёрқин ифодаси саналади.
Тадбирда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга фракция аъзоларидан батафсил жавоб олишди.
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Инсон дунёқарашининг шаклланиши, билимга қизиқиши болаликдан бошланади. 
01 янв 1970
Наримон Умаровнинг ишончли вакили Юлдуз Усмонованинг Сайҳунобод тумани ва Ширин шаҳридаги сайловчилар билан учрашуви қизғин ва кўтаринки руҳда ўтди...
01 янв 1970
Фарзандлар тарбияси, оила мустаҳкамлигини таъминлашда, айниқса, катта ёшдагиларнинг алоҳида ўрни бор....
01 янв 1970
Айни кунларда халқ депутатлари Китоб туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳида фаолият кўрсатаётган депутатларнинг ...