Билим масканларида тиббий хизмат хоналарини такомиллаштириш зарур

/
Билим масканларида тиббий хизмат хоналарини такомиллаштириш зарур
 
Ҳар бир фарзанд – миллат келажаги. Болаларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, баркамол авлодни тарбиялаш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш эса барчамизнинг эзгу орзуимиз ҳисобланади.
 
Келажагимиз пойдевори билим даргоҳларида яратилишини барчамиз яхши биламиз. Таъкидлаш лозимки, таълим муассасаларида дарсларни самарали ташкил этишда етук кадрлар билан бир қаторда таълим муассасаларида тиббий хизмат хоналарини тиклаш ва болаларни профилактик равишда умумий тиббий ва стоматологик назоратини олиб боришни таъминлашнинг ўрни ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир. 
 
Мамлакатимизда ҳар томонлама соғлом авлодни тарбиялашда соғ­лиқни сақлаш тизимининг ўрни, таъсири ва масъулиятини ошириш, таълим-тарбия ва спортнинг ўрни ва таъсирини янада кучайтириш, соғ­лом бола тарбиясида маҳалла ва ижтимоий тузилмаларнинг таъсирини янада ошириш каби долзарб вазифаларнинг ижросини таъминлашда “Адолат” СДП ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Чунки партия аҳолининг барча ижтимоий қатламлари ўз вақтида, мунтазам, сифатли тиббий хизматдан фойдаланишини таъминлаш тарафдоридир. Халқимизга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари доирасида болаларни тиббий хизматлар билан таъминлаш тизимини кучайтириш, дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш, скрининг ва перинатал марказлари, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғруқ мажмуалари, гинекология ва патронаж хизматлари фаолиятини такомиллаштириш масалалари партиянинг эътибор марказида турибди.
 
Жумладан, “Фарзандлари соғ­лом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида партия ташкилотидаги ишчи гуруҳи томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда мамлакатимиздаги мавжуд мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларида ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар билан таъминланганлик даражаси, манту синамаси ва бошқа эмлашлар даврийлиги ҳамда тоза ичимлик суви билан таъминланганлик ҳолатлари жамоатчилик назорати тартибида ўрганиб чиқилмоқда. Текшириш жараёнида меъёрий ҳужжатларда белгилаб қўйилган бандлар талабларига умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларида бир қатор камчиликлар борлиги аниқланган.
 
Мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун мутасадди ташкилотлар ва масъул раҳбарлар бирозгина эътибор қаратсалар кифоя эди. Буни яхши англаганЎзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари аҳоли орасига янада чуқурроқ кириб боришга, жойларда дастурий вазифаларимизни рўёбга чиқариш, фуқароларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш чораларини кўришга алоҳида эътибор қаратишмоқда.  
 
“Адолат” СДП Сайловолди дастурида илгари сурилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида халқ  таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими, шаҳар ДСЭНМ ҳамда тиббиёт бирлашмаси масъул ходимлари иштирокида умумий ўрта таълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларидаги тарбияланувчилар ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар билан таъминланганлик даражаси юзасидан аниқланган муаммолар таҳлил этилмоқда.
 
Ўрганишлар натижасида Халқ таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма қарорига асосан тасдиқланган “Мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларининг тарбияланувчи ва ўқувчиларига бирламчи тиббий санитария ва профилактик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги низомда белгиланган талаблар даражасида эмаслиги сингари ҳолатлар аниқланган. Айниқса, намунавий лойиҳа асосида қурилиб, фойдаланишга топширилган мактабларда тиббиёт хонаси номигагина ташкил этилиб, тиббий асбоб-ускуналар ва зарур дори-дармонлар билан умуман таъминланмаганлиги ачинарли ҳолдир.
 
Мамлакатимизда ҳар томонлама соғ­лом авлодни вояга етказишда соғлиқни сақлаш тизимининг масъулиятини ошириш, таълим-тарбия ва спортнинг ўрни ҳамда таъсирини янада кучайтириш, соғлом бола тарбиясида маҳалла ва ижтимоий тузилмаларнинг ҳамкорликдаги фаолиятини янада самарали ташкил этиш масалалари Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида муҳим ўрин тутади. Шу боис, партия томонидан келгуси беш йилликда юртимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида халқимизнинг саломатлигини асраш, она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш, тиббий профилактика ва даволаш ишлари сифати ҳамда самарадорлигини оширишга қаратилган самарали лойиҳалар ишлаб чиқилади ва амалиётга жорий қилинади.
 
Партия мамлакатимиз ҳудудида мактаб ва мактабгача таълим муассасаларидаги овқатланиш шохобчаларини муайян андозалар ва қатъий талаблар асосида тарбияланувчилар ҳамда ўқувчи ёшлар организмининг ўзига хос хусусиятларини ҳар томонлама инобатга олган ҳолда ташкил қилиш учун барча сайъ-ҳаракатларни амалга оширади. Таълим муассасаларидаги тиббий хизмат хоналарини тарбияланувчилар ва ўқувчилар сонини, мазкур муассаса жойлашган ҳудуднинг хусусиятларини, замонавий талаб ва эҳтиёжни инобатга олган ҳолда жиҳозлаш, кадр­лар билан, тегишли дори-дармонлар, тиббий анжомлар ва дастлабки тиббий ёрдам кўрсатишга доир тиббий ускуналар билан таъминлашнинг ягона андозасини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этишнинг самарали механизмларини яратади. Умумий ўрта таълим ва мактабгача таълим муассасаларида малакали бепул тиббий хизматни жорий қилиш, ривожлантириш ҳамда болалар стоматологияси хизмати йўлга қўйилганлигини жамоатчилик тартибида ўрганишга қаратилган ишларни янада такомиллаштирган ҳолда давом эттиради. Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда муаммоларни ва уларни бартараф этиш йўлларини фракция йиғилишида муҳокама қилиш ва қонунчилик ташаббуси билан чиқиш масаласини илгари суради.
 
Мақсадимиз, ёшларга бераётган таълим ва тарбиямиз фақат яхши натижа келтирсин, келажагимиз эгаларининг порлоқ истиқболини таъминлашга хизмат қилсин. Фарзандларимиз билим даргоҳини худди Ватанни, Онани севгандек севиб қадрласа, эъзозласа эртанги кунимиз ёруғ бўлиши муқаррардир.  
 
Дилбар Ахмедова
Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутатлигига
29-Жилвон сайлов округидан

номзод этиб кўрсатилган


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Адолат бор жойда қонун устуворлиги таъминланади. Бугун ҳар бир фаолият мезонини такомиллаштиришда қабул қилинаётган қонун ва бошқа бир қатор меъёри...
01 янв 1970
Бугун жамиятимизда юқоридаги фикрлар тўла ўз тасдиғини топиб, аёлларга бўлган эътибор тобора кучайиб бормоқда. ...
01 янв 1970
Адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг хуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, “Адолат – қ...
01 янв 1970
Ҳар бир давр ёшларининг билим даражаси, дунёқараши, ўй-фикри, маънавий қиёфасига қараб ўша жамиятнинг эртанги кунини тасаввур этиш мумкин. ...