Қонун устуворлиги — энг асосий мезон

/
Адолат бор жойда қонун устуворлиги таъминланади. Бугун ҳар бир фаолият мезонини такомиллаштиришда қабул қилинаётган қонун ва бошқа бир қатор меъёрий ҳужжатларнинг ўрни беқиёс. Айниқса, ҳуқуқий-демократик давлатда бунга амал қилиш бизнинг бош мақсадимиз ҳисобланади. 
 
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг янги Сайловолди дастурида  ҳуқуқий давлатнинг асл негизи тўғрисида жуда аниқ таъриф қайд этилган. Биз учун ҳуқуқий давлат — бу адолатли фуқаролик жамиятининг сиёсий таянчи бўлиб, унда: ҳамманинг қонун олдида тенглиги ҳақидаги қонун устуворлигига амал қилинади, адолатли қонунлар ва адолатли суд ҳокимияти амал қилади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилинади, аҳоли фаол фуқаролик позицияси билан ажралиб туради ва умумий қоидалар ва манфаатларга бўйсунишга тайёрдир. Биз учун адолат — қонун устуворлигидадир!
 
Унда партиянинг асосий принципи — адолат ҳамма ерда ва барча учун, дея қайд этилар экан, бу борада партия суд ҳокимияти “адолатли” бўлиши ҳамда мустақиллик, холислик ва адолат мезонларига бўйсуниши кераклиги айтиб ўтилган.
 
Дастурда суд тизимини комплекс ривожлантириш, судлар томонидан қабул қилинган қарорларнинг холислиги ва улар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, суд тизими мавқеини ошириш, судьяларнинг дахлсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларнинг фаол тарафдори эканлиги қайд этилади. Энг муҳими — фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш, жамиятда қонунчиликни мустаҳкамлаш масалалари илгари сурилган.
 
Партия “Судлар тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш масаласини кўтаради. Бунинг учун фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича туман, шаҳар ва вилоят судларини оптималлаштириб, умумий юрисдикция судлари ташкил қилишни, уларнинг “халқ судлари” деб номланишини таклиф қилади. Судьяларнинг халқчиллиги ва халқ олдидаги ҳисобдорлигини таъминлаш, судьяларнинг халқ томонидан сайланиши ва мунтазам равишда ўз фаолияти ҳақида ахборотларни очиқ эълон қилиши учун қонунларга ўзгартиришлар киритилиши кераклиги таъкидланади. Шубҳасиз, бу таклифлар соҳа фаолиятини янада такомиллаштиришда, судъяларнинг халқ олдидаги вазифаларини кучайтиришда, муҳими, адолатнинг таъминланишига хизмат қилади. Аҳолининг судларга бўлган ишончини оширади.
 
Шунингдек, суд ишида адвокатларнинг ролини мус­таҳкамлаш ва ҳуқуқларини кенгайтириш, ҳуқуқий-фуқаролик ва маъмурий-ҳуқуқий хусусиятга эга мунозараларни тартибга солиш, уларни суд ишидаги қарама-қарши томоннинг асоссиз шикоятларидан ҳимоя қилиш белгиланган. 
 
Маълумки, суд қарорларини ижро қилиш ваколати айни вақтда прокуратура ва ички ишлар органларига берилган бўлиб, бу ҳолат халқаро талабларга жавоб бермайди. Бу борада барча ижро билан боғлиқ ваколатларни, жазони ижро этиш муассасаларида суриштирув ва тергов ваколатига эга бўлмаган, холис орган — адлия идораларига бериш мақсадга мувофиқлиги таъкидланган. Шунда терговдан норозиликлар камаяди, ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг, қийноқ- тазйиқларнинг олди оли­нади.
 
Ҳуқуқий маданиятни ривожлантириш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, аҳолининг ҳуқу­қий билимини ошириш ва ўз ҳуқуқларини билишга кўмаклашиш – демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг зарурий шарти ва гаровидир. Қонун ва амалдаги меъёрлардан яхши хабардор ва уни ҳурмат қиладиган фуқарогина ўз ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланиши мумкин.
 
Жойларда қонунларнинг бузилиши, ҳокимлар ва бош­қа мансабдор шахсларнинг хизмат ваколатлари доирасидан четга чиқиши ёки хизмат ваколатини суи­истеъмол қилиши ҳолатларидан норозиликлар кўп учрайди. Шу боис биз Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорларнинг қонунларни аниқ ва бир хилда бажарилишини назорат қилиш функциясини кенгайтириш таклифини илгари сураяпмиз. Бу эса ҳуқуқий билим ва ўз ваколатидан самарали фойдаланиш тизимини белгилаб беради. Уларнинг фаолиятига бўлган эътиборни кучайтиради.
 
Бугунги кунда тергов ва терговгача суриштирув ишлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, ИИВ, ДХХ ва Миллий гвардия томонидан амалга оширилади. Ушбу органларда бу мақомдан фойдаланиб, инсон ҳуқуқлари поймол бўлиши ва коррупция каби ҳолатларга дуч келинмоқда. Энг асосийси, Бош прокуратуранинг тергов устидан назорат функцияси пасайиб бормоқда. Бунинг олдини олиш учун партия юқоридаги давлат органларининг барчасидан тергов қилиш ваколатини олиб, мамлакатда ягона тергов органи — Тергов қўмитасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурмоқда. 
 
Албатта, ҳуқуқий ижтимоий давлатда юрт келажагини равнақ топтириш, фуқаролар учун осойишталикни таъминлаб бериш, қонун устуворлигини кўрсатиш энг муҳим мезон ҳисобланади. Биз, “адолат”чилар ҳамиша қонун устуворлиги тарафдоримиз ва бу йўлда ўз қатъий позициямизда турамиз.
 
Сирожиддин РАУПОВ
Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига
126-Бешкент сайлов округидан
номзод этиб кўрсатилган

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимиз ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлган тарихий воқелик, Ватан тақдири учун муҳим аҳамиятга эга бўлган  сиёсий жараёнга партиямиз томо...
01 янв 1970
Маълумки, ҳозирги кунда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доираси...
01 янв 1970
Бугун мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган шароит ва имкониятлар кўлами чегара билмайди. ...
01 янв 1970
Бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ҳамда халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги ўрни ва ма...