Вазирлар Маҳкамаси тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама этилмоқда

/
27 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракция аъзолари давлат ва жамият қурилишининг муҳим соҳалари ва фуқароларнинг қонуний манфаатларига қаратилган қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқишди.
Йиғилишда дастлаб янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
Депутатлар томонидан таъкидлаб ўтилганидек, лойиҳани қабул қилиш орқали Ҳукуматнинг инвестиция, таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш, экология, ташқи сиёсий фаолият, ахборот технологиялари, мудофаа ва хавфсизлик соҳаларидаги ваколатлари аниқ белгиланади. Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ўзига бириктирилган аниқ соҳа ва тармоқлар учун жавобгарлиги ҳамда уларни баҳолаш мезонлари тартибга солинмоқда.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда фракция аъзоларининг лойиҳани маромига етказиш ва тўғридан-тўғри ишлашини таъминлашга қаратилган қатор таклифлари инобатга олинганлиги алоҳида айтиб ўтилди. Ушбу таклифлар мамлакатда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлардан келиб чиққан ҳолда ҳамда Ҳукумат фаолиятининг ўзига хос жиҳатларидан шакллантирилди.
Хусусан, фракциямиз ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамаси инвестициялар ва ташқи иқтисодий фаолият соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириши, умумий ваколатлари доирасида стратегик жиҳатдан режалаштиришнинг замонавий шакллари давлат бошқаруви тизимига жорий этилишини таъминлаши каби нормалар лойиҳада ўз аксини топди.
Шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар Ҳукуматнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишини Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30-моддасига ҳамда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунга мувофиқ таъминланиши зарурлиги каби принциплар ҳам лойиҳага киритилди.
Партия депутатлари томонидан таъкидланганидек, қонун лойиҳасида ўз аксини топган Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи ҳокимиятнинг олий органи сифатидаги ҳуқуқий мақоми ва ҳудудларни ривожлантириш соҳасидаги ваколатларини белгилаш, Раёсат мажлисларида кўриб чиқиладиган масалалар, Ҳукумат фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш тартиби ҳамда бошқа қатор нормаларни маромига етказишда ҳам фракция аъзоларининг кўплаб таклифлари инобатга олинган.
Шунингдек, лойиҳада белгиланган нормаларнинг тизимлилигини таъминлаш мақсадида маълум моддалар қонуности нормаларсиз тўғридан-тўғри ишлаши таъминланди.
Фракция йиғилишида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тартиб-таомилларини либераллаштириш, болаларнинг фуқаролик соҳасидаги ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ва фуқаролик масалалари бўйича турли низоларнинг олдини олишга қаратилган янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда 33 миллиондан ортиқ фуқаро, шунингдек, 95 857 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс ҳамда 14 365 нафар чет эл фуқароси доимий истиқомат қилади. Ўтган давр мобайнида жами 8 249 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс мамлакатимиз фуқаролигига қабул қилинган.
Депутатлар томонидан эътироф этилганидек, амалдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонун 27 йил аввал қабул қилинган бўлиб, маънан эскирган ҳамда бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар талабларига жавоб бермайди. Шу мақсадда ушбу қонунни янги таҳрирда қабул қилиш орқали мавжуд муаммо ва камчиликлар бартараф этилади ҳамда мазкур соҳадаги мавжуд қонун ҳужжатларидаги бўшлиқлар ижобий ечимини топади.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳасида “яшаш гувоҳномаси”, “текширув варақаси”, “хорижий давлат фуқароси”, “фуқаролиги бўлмаган шахс” ва бошқа шу каби асосий тушунчаларга шарҳ берилмоқда ва ягона фуқаролик, тенг ҳуқуқлилик, фуқаросизликни қисқартириш ва очиқлик каби принциплар мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилишнинг турлари аниқ белгилаб қўйилмоқда. Айниқса, туғилган жойи ва ота-онасининг фуқаролиги бўйича хорижий давлат фуқароси ҳисобланган болаларни Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тартиби белгиланиб, мамлакат фуқаролигига қабул қилиш шарти сифатида давлат тилини мулоқот учун етарли даражада билиш бўйича талаблар мустаҳкамланмоқда.
Бу каби ғоялар “Адолат” СДП мақсадларига мос. Партия “Инсон ҳуқуқларини таъминлаш энг олий мақсад” тамойилига амал қилиб, давлат барча фуқароларнинг жамият ҳаётида фаол иштироки учун шароит яратиб бериши ва инсонларнинг ижтимоий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишининг ишончли кафолати бўлиб қолиши керак, деб ҳисоблайди.
Йиғилишда муҳокама этилган шу ва бошқа қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиқадиган фракция таклифлари ва муносабати билдирилди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Фракция аъзолари муҳокама жараёнида социал-демократик ғояларга таянган ҳолда асосий эътиборни ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қаратди....