Ўғри саккизинчи маротаба босқинчиликка қўл урди

/
Оилада фарзанд туғилса, ота-онаси ва яқинлари унинг ҳар жиҳатдан комил, эл ардоғидаги инсон бўлиб вояга етишини истайди.
Аммо фарзанд фақат яхши истак билан тарбияли бўлиб қолмайди. Қачонки, ота-она кичкиналигидан унинг ҳар бир хатти-ҳаракатини тўғри йўналтирса, тарбиясига эътиборли бўлса, ўзи ҳам унга ўрнак кўрсатсагина мақсадга етади.

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида яшовчи Мамлакат Зарипова (исм-шарифлар ўзгартирилган — таҳририят) ўғли Шоҳруз Зариповни ёлғиз ўзи вояга етказди, уни бекаму кўст ўстиришга ҳаракат қилди, аммо унинг тарбиясига эътиборсизлик қилди. Ҳатто Шоҳрузнинг ўсмирлик чоғи юриш-туришида жиддий нуқсонлар кўзга ташлана бошлаганида ён-атрофдагилар уни ўғлининг номаъқулчиликларидан хабардор ҳам қилишди. Бироқ Мамлакат опа қўни-қўшнининг бу гапларига эътибор бермади, эркатой ўғлини тергаб, оёқ олишини кузатмади. Йиллар ўтиб бу эътиборсизлик ўз мевасини берди...
Бугун Ш.Зариповни таниган-билганлар билан суҳбатлашсангиз, уни ўғри йигит сифатида тилга олишлари шубҳасиз. Чунки у бугунгача — яъни 22 ёшигача 7 маротаба фақат ўғирлик жиноятини содир қилгани учун судланишга “улгурган”. Энг ачинарлиси, Шоҳруз дастлаб жиноят кўчасига қадам қўйганида, яъни биринчи бор ўғирликка қўл урганда эндигина 14 ёшда эди. Ўшанда унинг вояга етмаганлиги инобатга олиниб, жарима жазоси тайинланган. Лекин тарбияси кемтик бўлган йигитча бундан ўзига тегишли хулоса чиқармаган. Аксинча, ўтган 8 йил мобайнида яна 6 маротаба ўғирлик қилиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган. Хусусан, сўнгги маротаба унга жиноят ишлари бўйича Чуст туман судининг 2015 йил 10 июндаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисмининг “а” бандига мувофиқ, кодекснинг 59-моддаси тартибида 5 йилу 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг 2017 йил 21 июлдаги ажримига асосан эса ўталмай қолган 3 йил 1 ой 17 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси шу муддатга ахлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилган.
Доно халқимиз “Букрини гўр тузатади”, деб бежиз айтмайди. Ш.Зариповнинг ахлоқ тузатиш иши жазосини ўташ жараёнида саккизинчи жиноятга, яъни ўта оғир жиноятлар сирасига кирувчи босқинчилик ва транспорт воситасини олиб қочиш жиноятларига қўл урганидан воқиф бўлган киши беихтиёр ана шу нақлни хаёлидан ўтказади.
Аниқланишича, ўша куни Шоҳруз тонгга яқин — соат 330ларда юзига қора рангли ниқоб таққан ҳолда ошхона пичоғи билан қуролланиб, Тўрақўрғон тумани “Бирлашган” маҳалласида яшовчи Сайдулло Мирзаевнинг хонадонига ғайриқонуний равишда киради. Уни кўрган хонадон соҳибининг қизи қўрқувдан бақириб юборади. Унинг овозидан чўчиб уйғонган Сайдулло ака ҳовлига чиққанида ниқобли кимса қизининг хонаси ёнида турганини кўриб, уни қизидан узоқлаштириш мақсадида ҳовлининг нариги тарафига “қўрқиб” қочган каби югуради. Шоҳруз унинг ортидан қувлайди. Аксига олиб, шу пайт Сайдулло Мирзаев қоқилиб йиқилади. Натижада Шоҳруз Зарипов қўлидаги пичоқ билан унга таҳдид қилиб, пул талаб қилади. Оиласининг, фарзандларининг хавфсизлигини ўйлаган Сайдулло Мирзаев дарвозахонада турган автомашина юкхонасидан 5.000.000 сўм пул олиб беришга мажбур бўлади. Босқинчи пулни олади-ю, уйдан чиқиб кетади.
Бу воқеадан бир ҳафта вақт ўтиб, Ш.Зарипов яна “фаолияти”ни давом эттиради. Тун ярмида ниқоб кийиб, пичоқ билан қуролланган ҳолда туманнинг “Шарқ” маҳалласида истиқомат қилувчи Муҳаммадюнус Носиралиевникига бостириб киради. Табиийки, бу маҳалда М.Носиралиев ҳам ҳамма қатори ухлаб ётганди. Шунинг учун “меҳмон” унинг бўйнига пичоқ тираб уйғотади:
— Пулдан чиқар! — дейди у ўзини танитмаслик учун ортиқча гапирмай.
— Пул онамнинг ётоғида, — дея нариги хонага ишора қилади қўрқувдан ранги оқариб кетган Муҳаммадюнус ака. Аммо у онаси С.Мухсиновани туртиб уйғотганда ўғлига ниқобли босқинчи пичоқ тираб турганини кўриб, бояқиш аёлнинг юраги ёрилаёзади.
— Бунга пул беринг! — дейди М.Носиралиев. Оёқ-қўли дағ-дағ титраётган онаизор сандиқдан 1.000.000 сўм пул олиб беради. Бироқ Шоҳруз бундан қаноатланмай, яна таҳдид билан 5.300.000 сўм пулни қўлга киритиб, ҳовлида турган “Сaptiva” автомашинасини ҳайдаб, қочиб кетади.
Яна бир ҳафталик “танаффус”дан сўнг Шоҳруз учинчи босқинчиликни Наманган шаҳрида амалга оширишга қарор қилади. Аниқроғи, тонгги соат 430да шаҳарнинг Навбаҳор маҳалласида яшовчи Муҳиддин Маматовникига девор ошиб тушади. Муҳиддин аканинг барвақт уйғонган келини уни кўриб, қўрққанидан бақириб юборади. Унинг овозидан эри А.Маматов ва қайнотаси уйғониб кетишади. Унинг қўлида пичоқ борлигини кўрган М.Маматов ҳам қўлига темир бўлагини олиб, ниқобли босқинчи билан ёқалашиб кетади. Натижада Ш.Зарипов хонадон соҳибининг чап елкасига пичоқ билан жароҳат етказади. Худди шу маҳал А.Маматов отасига ёрдамга етиб келади ва босқинчининг қўл-оёғини боғлаб, туман ИИБ ходимларини ёрдамга чақиришади.
Албатта, суд мажлисида Ш.Зарипов қилган ишидан пушаймонлигини билдирди. Қолаверса, автомашинани олиб қочиш мақсади бўлмагани, балки воқеа жойидан тезроқ ва узоқроққа кетишни ўйлаб миниб кетганини, шунингдек, М.Маматовнинг хонадонида ушлангач, аввалги жиноятларига ўз хоҳиши билан иқрор бўлганини маълум қилиб, суддан енгиллик беришни сўради. Жиноят ишлари бўйича Тўрақўрғон туман суди жазо тайинлашда мазкур ҳолатларни ҳамда аввал ўталмай қолган ахлоқ тузатиш иши жазосини ҳам инобатга олиб, Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми “а, в”-бандлари ва 267-моддаси 2-қисми “в”-банди билан айбдор деб топиб, узил-кесил 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этди.
Шуни таассуф билан айтиш лозимки, жиноятчининг онаси ҳатто суд мажлисига ҳам келмади. Ҳақли савол туғилади: она бўлмиш шу даражада лоқайд экан, нега маҳалла фуқаролар йиғини ёки профилактика инспектори ва бошқа жамоатчилик вакиллари бунга томошабин бўлиб туришди? Нима сабабдан бу оиладаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш чораларини кўришмади?
Жиноят иши ҳужжатларидан аён бўлишича, Ш.Зарипов айни пайтгача бирор жойда ишламаган. Хўш, нима учун масъуллар ҳеч йўқса жиноятчи йигитнинг бандлигини таъминлашмаган? Ваҳоланки, доимий иш билан банд бўлган шахс моддий жиҳатдан таъминлангани боис ўзгалар мулкига кўз олайтирмайди.
Ажабмас, бу гал Шоҳруз жазони ижро этиш муассасасидан кўзи очилиб қайтса.
Хайрулло ҲАЗРАТҚУЛОВ,
Жиноят ишлари бўйича Тўрақўрғон туман суди раиси.
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“ДЎРМОНАВТОЙЎЛ” ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарияти диққатига!...
01 янв 1970
Жорий йилнинг 24 июнь куни Туркия Республикасида бир вақтнинг ўзида президент ва парламент сайловлари бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Фотима Собирова (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) 27 ёшида Саид Тожиевга турмушга чиқади. Орадан вақт ўтиб, оилада ўғил туғилади....
01 янв 1970
Конституциямизда муҳрлаб қўйилган тамойил ва қоидалар асосида мамлакатимизда тўлақонли, самарали амал қиладиган қонунчилик ва ҳуқуқий база яратилди...