Ногиронлик аравачаси нега импорт қилинмайди?

/
Жойларда ўтказиб келинаётган очиқ мулоқотлар чоғида ўртага ташланган муаммоларни таҳлил қилар эканмиз, улар орасида ногиронлик аравачаси билан таъминлаш ҳақидаги мурожаатлар кўплиги кузатилади. Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлари ва фаолларидан иборат ишчи гуруҳлари мутахассислар иштирокида ҳудудларда ўтказган учрашувларда ҳам мазкур муаммо фуқаролар томонидан бир неча бор қайд этилганлиги бежиз эмас. Муаммони ҳал этиш эса осон кечмайди. Баъзан барча турдаги маҳсулотлар ичида ногиронлик аравачаси энг танқис товар бўлса керак, деган фикрга ҳам боради киши.
Бугунги кунда бозор ва дўконлар юртимизда ишлаб чиқарилган маҳаллий ҳамда импорт маҳсулотлар билан тўлиб бормоқда. Бу табиий ҳол, албатта. Эътибор қилсангиз, бозордаги талаб ва таклифдан келиб чиқиб, хориждан импорт қилинган турли замонавий асбоб-ускуналар, маиший техникалар, транспорт воситалари, ҳатто ўйинчоқ машиналар ва бошқа маҳсулотлар нафақат халқ истеъмоли талабини қондириш, балки соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга ҳам хизмат қилмоқда. Аммо...
Аммо негадир импорт маҳсулотлар қаторида ногиронлиги бўлган фуқаролар учун сув билан ҳаводек зарур ҳисобланувчи ногиронлик аравачаси йўқ, бу ҳолат кишини ажаблантиради. Ахир аравачага муҳтож фуқаронинг бир неча йиллаб навбатга туриши унинг шу йиллар давомида эмин-эркин кўча-кўйга чиқолмаслигини англатади-ку! Нега бу ҳолатга, имконияти чекланган фуқароларнинг энг ҳаётий эҳтиёжига мутасадди ташкилотлар раҳбарлари эътибор бермаяпти, деган ҳақли савол пайдо бўлади.
Мамлакатимизда ишбилармон фуқаролар кўпчиликни ташкил этади. Шубҳасиз, ушбу йўналишда ҳам ишбилармонларга имкон яратиш лозим. Табиийки, бирор маҳсулот ишлаб чиқарувчига бошқа рақобатчи бўлмаса, ушбу маҳсулот сифати ишлаб чиқарувчини деярли ташвишлантирмайди. Айнан шу маҳсулот танқис ҳам бўлса, тегишли тизимда фақат навбат асосида берилса, унга муҳтож бўлиб қолган ногирон фуқароларга қийин бўлади.
Юртимизда ишлаб чиқарилаётган ногиронлик аравачалари сон жиҳатидан ниҳоятда кам, буни фуқаролар беш-олти йил, балки ундан ҳам кўп вақт навбат кутаётганида яққол кўриш мумкин.
“Адолат” партияси фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор бериб келмоқда. Ҳамон ўз ечимини топмаган мазкур муаммони ҳал этишга доир таклифлар партиянинг янги дастуридан ўрин олса, деймиз. Бундай хайрли ташаббус туфайли ногиронлиги бўлган фуқароларни узоқ йиллардан буён ўйлантириб келаётган долзарб муаммо барҳам топган бўларди.
Бахтиёр БОТИРОВ,
Ўзбекистон ногиронлар жамиятининг Қашқадарё вилоят бўлими раиси,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сўнгги икки йилда мамлакатмизда барча соҳаларда ўзгаришлар, жиддий ислоҳотлар ўтказилмоқда....
01 янв 1970
Ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда рўй бераётган жадал ислоҳотлар ва янгиланишлар жараёнида ушбу савол ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда....
01 янв 1970
ИШ ҲАҚИ, ПЕНСИЯ, НАФАҚА ВА СТИПЕНДИЯЛАРНИ ТЎЛАШ МЕХАНИЗМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 февраль куни Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Асқар Маминни қабул қи...