Беписандлик қачонгача?

/
Мамлакатимиз Бош қомусида фуқароларнинг бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этишларига доир белгиланган ҳуқуқлар демократик жамият қуришнинг муҳим талабларидан бири ҳисобланади.
Депутат одамлар билан давлат ўртасида кўприк вазифасини бажариб, фуқароларни ўйлантираётган масалаларни ижро этувчи органлар ва мансабдор шахсларга етказувчи вакил саналади. Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, “Депутат – фикри-зикри билан халққа энг яқин одам, доимо эл-юртнинг ташвиш ва муаммолари билан яшайдиган, катта билим ва тажрибага эга бўлган шахс”.
Аммо бугун жамиятимизда депутатга бўлган муносабат аслида қандай? Депутат халқнинг дардини тинглаб, уларни ўйлантираётган масалаларни ижро органларига олиб чиқса-ю, депутатни мансабдор шахслар эшитмаса ёхуд сўровларига жавоб бермаса-чи?
Ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда рўй бераётган жадал ислоҳотлар ва янгиланишлар жараёнида ушбу савол ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Бу ҳақда жорий йилнинг 12 июль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида алоҳида сўз юритилган эди.
Давлатимиз раҳбари ушбу масала юзасидан фикр билдирар экан, депутатларнинг сўровларига атрофлича жавоб қайтаришни таъминлаш борасида муаммолар мавжудлиги, депутатлик сўровларига қонунда белгиланган муддат бузилган ҳолда жавоб бериш ёки умуман жавоб берилмаслик ҳолатлари учраётганини танқид қилган эди.
Дарҳақиқат, сайловлар даврида сиёсий партиялар томонидан ўз номзодларини илгари суриш орқали берилган ваъдаларни бажаришда айнан депутатлар энг асосий куч ва восита саналади.
Маълумки, қонунчилигимизда депутат тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан депутат сўрови юборишга ҳақли эканлиги ҳамда мазкур сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай депутатга жавоб бериш кераклиги белгиланган. Шунга қарамай, бошқа сиёсий партиялар қаторида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлари томонидан йўлланган сўровларга юзаки жавоб қайтариш ёки умуман жавобсиз қолдириш ҳолатлари учраётгани ачинарлидир.
Биргина жорий йилнинг 6 ойи мобайнида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз депутатлари томонидан ижро ҳокимияти органлари мансабдор шахслари номига йўлланган ўнлаб сўровларга жавоб олинмаган.
Масалан, халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати С.Элмуродов томонидан жорий йилнинг 27 апрель куни Марказий банкнинг Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғига йўлланган сўровга ҳанузгача жавоб келмаганига нима дейиш мумкин?
Мазкур сўровда Бахт шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Paynet” шохобчалари терминал билан таъминланмагани ёки таъминланган бўлса ҳам назоратнинг сустлиги фуқароларга ноқулайликлар келтириб чиқараётгани ва ушбу масалани чуқур ўрганиб, Бахт шаҳридаги “Paynet” шохобчаларида терминалдан фойдаланиш ишлари йўлга қўйилишида амалий ёрдам бериш сўралган.
Энг ажабланарлиси, сўров матнида депутат сўровига қанча муддатда жавоб қайтариш кераклиги ҳамда ушбу ҳолатда қонун бузилишига йўл қўйилса қандай жавобгарлик белгиланганлиги эслатма тарзида қайд этилган. Демак, ушбу ҳолат сўров умуман кўриб чиқилмаган, деган хулосага келишимизга ҳам асос бўла олади.
Шунингдек, халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати Б.Шомуродов томонидан жорий йилнинг 4 апрель куни Хатирчи туман электр тармоқлари корхонаси бошлиғи номига юборилган депутат сўровига ҳам ҳеч қандай жавоб қайтарилмади.
Сўров матнида Хатирчи тумани 42-“Мустақиллик” сайлов округи ҳудудидаги умумий ўрта таълим мактаблари фаолияти ўрганилганда, “Қўшчинор” МФЙ ҳудудида жойлашган 83-умумий ўрта таълим мактабининг зали, барча синф хоналарида ёритқичлар ишламаслиги ва яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги аниқлангани, бунга асосий сабаб сифатида мактабда электр кучланиш қуввати белгиланган меъёрдан ошиб кетганлиги, натижада ёритқичлар ишдан чиқаётганлиги маълум қилинган.
Аммо депутат сўрови йўлланган масъул идора раҳбаридан мазкур ҳолатни ўрганиш ва уни бартараф этиш тугил, ҳатто бир энлик жавоб хати ҳам келмаганлиги корхона раҳбариятининг масъулиятсизлигини билдиради.
Албатта, депутат сўровига нисбатан эндиликда бу каби беписандлик ҳолатларига чек қўйилишига ишонамиз. Зеро, ушбу масалага давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, депутатга беписандлик – халққа беписандлик деб баҳоланиши шарт эканлиги, депутат сўрови — бу халқ сўрови, деб баҳолаган ҳолда, бу борадаги жавобгарликни назарда тутадиган тегишли моддани қонунга киритиш кераклиги қатъий таъкидланди.
Ҳозирда қонунчилигимизга депутатлик сўровини кўриб чиқмагани ёки унга жавоб бермагани, кўриш муддатини бузгани учун жавобгарликни кучайтириш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Бу келгусида мансабдор шахсларнинг депутат сўровини кўриб чиқиш ва унга жавоб қайтаришдаги масъулияти ошишига, пировардида жойларда аҳолини ўйлантираётган ижтимоий-иқтисодий масалаларнинг ўз вақтида, самарали ҳал этилишига хизмат қилади.
Сарвар ЭРГАШЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати мутахассиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Президентимизнинг сиёсий партиялар ва парламент фаолияти бўйича илгари сурган бир қатор таклифлари бизни жуда руҳлантирди....
01 янв 1970
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш уларнинг мурожаатлари нечоғлик ҳал этилишида яққолроқ намоён бўлади....
01 янв 1970
Урганч шаҳар тадбиркорлик ва сервис касб-ҳунар коллежида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Урганч шаҳар ташкилоти томонида...
01 янв 1970
Сўнгги бир ярим, икки йил мобайнида Марказий Осиё минтақасида давлатлар ва халқлар ўртасидаги муносабатларда фараҳбахш муҳит юзага келди. ...