Муаммога ечим топилди назорат давом этади

/
Ҳудудларда партия ташкилотларининг аҳоли ўртасида ишончга сазовор бўлиши уларнинг фуқаролар манфаатларини рўёбга чиқариш, мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган амалий ишларига боғлиқ. Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган туман кенгаши шу мақсадда партия депутатлари билан ҳамжиҳатликда иш олиб бормоқда.
— Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 12 июлда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузаси фаолиятимизни янада такомиллаштиришда муҳим омил бўлди, — дейди халқ депутатлари Наманган тумани Кенгаши депутати Боймирза Обиддинов. — Биринчи навбатда, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашга алоҳида эътибор бера бошладик. Асосан аҳоли истиқомат жойларида, яъни маҳалла фуқаролар йиғинларида, хонадонларда фуқаролар билан бевосита мулоқот қилишга киришдик.
Мулоқотлар давомида аниқланган бир қатор муаммолар депутат ташаббуси билан ҳал этилганидан сайловчилар ҳам аксарият ҳолларда қониқиш ҳосил қилаётганини қайд этиш лозим. Масалан, ўтган йил кузида Хонобод қишлоғида яшовчи аҳоли номидан хусусий тадбиркор Раҳматулла Худоёров мурожаат қилди. Маълум бўлишича, айрим кўчаларда табиий газ таъминотида узилиш борлиги учун нафақат хонадонларни иситиш, балки газ плиталаридан керакли вақтда фойдаланишда ҳам қийинчиликлар юзага келаётган экан. Депутат туман партия кенгаши фаоллари билан биргаликда муаммони жойига бориб ўрганди.
Ўрганиш натижасида Б.Обиддинов “Водийгазтаъминот” унитар корхонасининг туман бўлими раҳбари номига депутатлик сўрови тайёрлади. Унда вужудга келган ҳолат батафсил баён этилиб, чора-тадбир кўриш талаб этилди. Депутат ушбу корхона раҳбари билан шахсан учрашишига ҳам тўғри келди. Мутахассислар ўрганиб, хулоса берганларидан сўнг хонободликларга табиий газни баллонларда етказиб беришга қарор қилинди.
Аммо бунинг учун “Хонобод” қишлоғидаги хонадонларда газ баллонлари бўлиши зарур, бунга эса барча хонадонларда ҳам имконият йўқ экан. Шу туфайли депутат бу муаммо — баллонларни корхона ижара ҳисобидан тақдим этиши ҳисобидан ечилишига эришди. Натижада қишлоқ аҳли учун қиш мавсумида зарур шароит яратилди.
— Партия депутатининг масала тўла ҳал бўлмагунча назоратни бўшаштирмагани кўпчиликка маъқул тушди, — дейди “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдували Ўринов. — Эътиборлиси, депутат ҳозирги кунда ҳам газ баллонлари таъминоти қандай йўлга қўйилганини мониторинг қилиб бормоқда.
Боймирза Обиддинов томонидан худди шундай масала қўшни “Миришкор” қишлоғида ҳам ҳал этилди. Талаблари қондирилган сайловчилар туман партия кенгаши раиси номига ёзилган миннатдорлик хатида депутатнинг хайрли ишларидан мамнун эканини таъкидлашган. Ёки хонободликларнинг ҳудуддаги дорихона фаолиятини тартибга солиш юзасидан қилган мурожаатини олайлик. Депутат жамоатчилик вакиллари билан бу ердаги аҳволни бир неча марта ўрганди. Нарх-наводан тортиб, дори-дармонларни сақлаш шароитлари ҳам ўрганиб борилди ва тегишли тавсиялар берилди. Эндиликда А.Тошпўлатов раҳбарлигидаги дорихона жамоаси фаолиятидан ҳамқишлоқлар хурсанд.
Боймирза Обиддинов ўз фаолиятида оилалардаги ҳамжиҳатлик ва иноқликни таъминлашни муҳим жиҳат, деб билади. Чунки у айнан шу омил жамиятдаги ижтимоий барқарорликка ҳам таъсир этишини яхши билади. Сўнгги ойлар ичида у етти оилани ажрашиб кетишдан сақлаб қолишга ҳисса қўшди. Бунда депутатнинг инсон психологиясини яхши билиши, ҳар бир ҳолатни чуқур ва холис таҳлил этиши ҳамда бой ҳаётий тажрибаси қўл келди. Хонадондаги ана шундай қалтис ҳолатлар депутатнинг саъй-ҳаракатлари билан барҳам топиб, “Маллаҳовуз”, “Хонобод”, “Янгийўл” маҳаллаларида бугунги кунда аҳилликда турмуш кечираётган уч-тўрт оилани мисол келтириш мумкин.
Боймирза Обиддиновнинг касби ўқитувчи. У ўттиз йилдан ошдики, тумандаги 27-умумтаълим мактабида жисмоний тарбиядан сабоқ беради. Жамоатчилик ишларида ҳам фаоллик кўрсатиб шогирдларига ибрат бўлмоқда.
— Депутат бўлиш инсон зиммасига катта масъулият юклайди, — дейди Б.Обиддинов. — Чунки сайловда овоз берган фуқаро ўзининг ҳокимият тизимидаги вакилидан ҳамиша у ёки бу масалада ёрдам кутишга ҳақли. Биз бундай ишончни оқлашга доим тайёр туришимиз лозим.
Бу эса депутатнинг билим ва салоҳиятга эга бўлиши, ҳар бир масалада бошлаган саъй-ҳаракати натижаси учун шахсий жавобгарликни ҳис этиб ишлашини тақозо қилади.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
Наманган вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Фуқароларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш, уларнинг қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш депутатлар заммасидаги муҳим вазифалардан бири санал...
01 янв 1970
2017 йил сиёсий партиялар фаолиятида ўзига хос сифат ўзгаришлари ясагани билан тарихда қолди....
01 янв 1970
“Ўзбекистон “Адолат” СДП тизимида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби” мавзусида ўқув-семинар ў...
01 янв 1970
Чироқчи туманидаги “Умакай” қишлоғида ўн тўрт ярим мингдан зиёд аҳоли яшайди. Албатта, катта ҳудуддаги ҳар бир қишлоқнинг ўзига яраша қ...