Партиянинг янги дастурлари лойиҳаси видеоселектор йиўилишида қизғин муҳокама этилди

/
Маълумки, жорий йилнинг декабрь ойида мамлакатимизда Олий Мажлис қонунчилик палатаси ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига сайловлар бўлиб ўтади. Сайловга республикамиз тараққиётини таъминловчи халқчил ғоялар ҳамда дастурлар билан кириб бориш ҳар бир сиёсий партия учун муваффақият гарови бўлиб хизмат қилади. Табиийки, халқчил ва ҳаётбахш ғоялар “қуйидан марказга” тизими орқали шаклланади.
Шу мақсадда жорий йил 16 июль куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг янги Сиёсий дастури ва Сайловолди дастури лойиҳалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Онлайн-мулоқотда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, фаоллар ҳамда экспертлар, ҳудудий студияларда партиянинг ҳудудий кенгашлари ходимлари, туман (шаҳар) кенгаши раҳбарлари, маҳаллий ҳокимият вакиллик органларида фаолият юритаётган партия депутатлари, сиёсий кучнинг бошланғич ташкилотлари вакиллари — жами 1200 нафардан зиёд фаоллар қатнашди.
Анжуманни партия Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров очар экан, барчани муҳокамада амалий таклифлар билан фаол иштирок этишга чорлади.
Йиғилишда таъкидланганидек, партиянинг 2009 ҳамда 2014 йилдаги Сайловолди дастурларида кўтарилган бир қатор муҳим ташаббус ва ғояларнинг аксарияти ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор ва фармони, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ижрога йўналтирилди. Мамлакатимизни инновацион иқтисодиётга асосланган ҳолда ривожлантириш, бошқарувда очиқлик, ошкоралик, ҳисобдорликни таъминлаш мақсадида “электрон ҳукумат”ни йўлга қўйиш, муқобил энергия манбаларини ривожлантириш асосида рақобатли энергетика бозорини ташкил этиш, тиббиёт соҳасида талаб юқори бўлган хизматларни (трансплантация, ЭКО) кенг йўлга қўйиш каби масалалар шулар жумласидандир.
— Партиямизнинг навбатдаги дастурларига ҳам яқин ва узоқ йилларда мамлакатимизнинг тараққиёт истиқболларини олдиндан ҳисобга олган ҳолда долзарб масалаларни киритишимиз лозим, — деди ўз сўзида партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов. — Токи бу ҳаётий таклифлар, ғоя-мақсадларимизнинг амалга оширилиши халқимиз фаровонлиги, электоратимиз манфаатларига хизмат қилсин.
Маълумки, давлат ва жамият ривожи учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ғоялар, йўналишлар, тамойилларни кўтариб чиқиш ва уларни амалга ошириш йўлларини белгилаш сиёсий партиянинг асосий вазифаларидан бири саналади. Демак, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг муҳокамага қўйилган янги дастурлари лойиҳаларини ҳар томонлама пухта ишлаб чиқиш, унинг ҳар бир банди сафдошларимиз, партиянинг барча бўғиндаги тузилмалари, депутатлари, фаоллар, экспертлар, энг асосийси, халқимиз фикри асосида такомилига етказилиши лозим.
Шу мақсадда жорий йилнинг июнь-июль ойлари давомида “Фракция-марказ-вилоят-туман” тизими орқали мазкур лойиҳалар барча бошланғич партия ташкилотларида муҳокама қилинмоқда. Шунингдек, “Менда таклиф бор” (#MendaTaklifBor) хештеги орқали ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг 100 дан зиёд таклифлари олинди.
Видеоселектор йиғилишида фаоллар ва ҳудудий студиядаги иштирокчилар қуйи бўғиндан бошлаб шаклланган таклифларни умумлаштирилган ҳолда билдириб ўтишди.
Жумладан, дастурий мақсадларимизда қайд этилганидек, жамиятда ва ҳар бир инсон учун адолатни таъминлашда суд-ҳуқуқ соҳаси муҳим аҳамиятга эга эканидан келиб чиқиб, иштирокчилар суд тизимини янада такомиллаштиришга доир таклифларни илгари суришди. Яъни туманлараро судларни тугатиш, фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича ягона одил судлов органига бирлаштириб, Олий суд билан бир хил тизимдаги умумюрисдикция судларини яратиш лозимлиги эътироф этилди.
Анжуман иштирокчиларининг фикрича, мамлакатимизда барча тергов идораларини бирлаштириб, ягона тергов органини ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Шу билан бирга, суд тизимида инсон омилини иложи борича камайтириш зарурлиги, суднинг очиқ ва шаффофлигини таъминламасдан туриб судларни адолат қўрғони сифатида шакллантириб бўлмаслигига эътибор қаратилди.
Тадбирда фикр билдирганлар томонидан, таълим ва илм-фанни ривожлантириш партиянинг устувор йўналишларидан бири эканлигини назарда тутиб, олий таълим ва илм-фан интеграциясини янада кучайтириш, ушбу соҳаларда ўзаро ҳамкорликни яхшилаш, илм-фан ютуқларини саноат ва ишлаб чиқаришга жорий этиш орқали иқтисодиётни ривожлантириш ҳақида алоҳида сўз борди.
Партия ҳудудий ташкилотлари фаоллари тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш жараёнида давлат-хусусий шериклик муносабатларини кенгайтириш зарурлигини қайд этишди. Бунда асосий эътиборни барча муассасаларда “ақлли тиббиёт”, “электрон тиббиёт” тизими асосида ишлашга ўтказиш таклиф этилди. Шундан келиб чиқиб, партия давлат томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар доираси белгиланишида, пуллик ва бепул даволаниш ўртасида аниқ чегара ўрнатилиши учун ҳаракат қилиши айтиб ўтилди. Чунки бу тизим шаффофлашуви ва унда коррупцион ҳолатлар камайишига туртки бўлади.
Аҳоли саломатлигини асраб-авайлаш, юртдошларимизнинг умр давомийлигини оширишда соғлом турмуш тарзи тарғиботи, профилактика ва тиббий маданиятни юксалтириш муҳим аҳамиятга эга. Тўғри овқатланиш бўйича, айниқса, ҳомиладор аёллар ва болаларнинг овқатланиш рационига оид амалдаги меъёрларни халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиш масаласида ҳам партия ўз позициясини билдириб, депутатлар бу борада назорат-тафтиш ишларини олиб бориши кераклиги эътироф этилди.
Видеоселектор йиғилишида жаҳон социал-демократия мафкурасининг иқтисодиёт йўналишида белгиланган солиқ тўловлари олдиндан тўланишидан манфаатдор бўлиш (рағбатлантириш) ҳамда содда ва барқарор солиқ тизимини қўллаш орқали “яширин” иқтисодиётга барҳам беришга доир мақсадлар хусусида тўхталиб ўтилди. Бу эса, ўз навбатида, барқарор иқтисодиётга эришишга хизмат қилиб, ижтимоий соҳа ривожини таъминлашдаги тўсиқларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, экспертлар томонидан партия социал давлат тарафдори эканлиги эътироф этилган ҳолда давлатнинг аҳоли даромадлари бўйича кескин табақаланишининг олдини олиши ва шу орқали ижтимоий муносабатларда барқарорлик ва уйғунликни таъминлашга масъуллиги қайд қилинди.
Онлайн-мулоқот давомида ўртага ташланган айрим фикрлар баҳс-мунозараларга ҳам сабаб бўлди. Хусусан, ўрта таълим муассасалари битирувчиларини олий ўқув юртларига иложи борича кўпроқ қамраб олиш ҳақидаги таклифни кўпчилик маъқуллаган бўлса-да, бир қатор фаоллар ҳаммани олий маълумотли қилишдан кўра бугунги кун талабларига жавоб берадиган кадрлар тайёрлаш, улар ўртасида соғлом рақобатни ривожлантириш асосий мақсад қилиб белгиланиши лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, олий таълим муассасалари учун эҳтиёжни қамраб оладиган даражада қабул квотасини ошириш билан бирга, уларда ўқув жараёнини замонавий таълим тизими асосида ташкил этиш ҳамда ўзаро соғлом рақобатни шакллантириб бориш таклифи ўртага ташланди.
Иштирокчиларнинг фикрича, оммавий ахборот воситалари жамоатчилик фикрини шакллантиришга хизмат қилишига эътибор қаратиб, ОАВ фаолиятини ривожлантириш, ижтимоий-сиёсий нашрларни қўллаб-қувватлаш, телевидение соҳасида хусусий ва давлат телеканаллари ўртасида бозор муносабатларига асосланган рақобат муҳитини яратиш, хорижий давлатлар тажрибасидан фойдаланган ҳолда соҳа кадрлари малакасини ошириб бориш, халқимиз учун сифатли медиа-контентни яратиш ҳам сиёсий кучнинг муҳим вазифаси ҳисобланади.
Қуйида видеоселектор
йиғилишида иштирокчилар ўртага ташлаган айрим таклифлар, фикр-мулоҳазалар билан танишасиз.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
фракцияси аъзоси:

— Партиямизнинг узоқ йиллик Сиёсий дастури ҳамда 2020-2024 йилларга мўлжаллаб ишлаб чиқилаётган Сайловолди дастури лойиҳалари қарийб бир йилдан буён муҳокама қилинмоқда. Экспертлар гуруҳи аъзоси сифатида айтмоқчиманки, уларни тайёрлаш жараёнида кўплаб аниқ ва фойдали таклифлар келиб тушди. Муҳими, уларнинг аксарияти лойиҳалардан ўрин олди. Албатта, муҳокамалар давом этиб, партиямизнинг ушбу ҳужжатлари янада такомиллаштирилади.
Шу ўринда яна бир таклифимни келтириб ўтсам. Сайловолди дастуримизда илм-фан соҳасини ривожлантиришга оид вазифаларни янада аниқроқ ифодалаш мақсадга мувофиқдир. Масалан, Фанлар академиясининг ҳар бир илмий-текшириш институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ушбу муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга доир ҳуқуқий асослар яратиш вазифаси даструримизда акс этиши зарур, деб ўйлайман.
Зуҳра Комилова,
халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Дастурлар лойиҳаларида биз билдирган таклифлар ҳам киритилган. Аммо ҳали партиямизнинг ушбу ҳужжатларини ҳар томонлама такомиллаштириш, айрим бандларда умумий баён тарзида ёзилган жумлаларни соддалаштириш лозим. Ҳар бир масалани тўлиқ қамраб олиш ёки аксинча бўлиши шу вазифалар ижроси жараёнида ўз таъсирини кўрсатади.
Сайловолди дастури лойиҳасининг тиббиётга оид бобида “Болалар саломатлиги” лойиҳасини ишга тушириш, “Болалар тиббиёт ташкилотлари тизимини янада ривожлантириш” масаласи қайд этилган. Ваҳоланки, бола саломатлигини асраш она соғлиғини муҳофаза қилишдан бошланади.
Демоқчиманки, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аёлларнинг ҳомиладорлик даврида саломатлигини тиббий назорат қилиш учун қишлоқ врачлик пунктларида шароитларни яхшилаш, ушбу масканларни етук кадрлар билан таъминлаш масалалари ҳам назардан четда қолмаслиги зарур.
Дилрабо ЧОРИЕВА,
Қашқадарё вилоят педагог кадрларни қайта тайёрлаш институти ўқитувчиси:

— Бошланғич партия ташкилотимизда мазкур лойиҳалар икки марта муҳокама қилиниб, ўз таклифларимизни билдирдик.
Партиямизнинг олдинги дастурларида таълим соҳасига, айниқса, олий таълимга катта ўрин ажратилган ва уларнинг аксарияти бугунги кунда ўз ечимини топмоқда. Бу эса аҳоли ўртасида партиянинг нуфузига ижобий таъсир қилди.
Шу билан бирга, олий таълим муассасаларидаги квоталарни иктисодиёт йўналишлари эҳтиёжлари асосида ҳар уч йилда кўриб чиқиш, ушбу эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда квоталарни белгилаш масаласи ҳам дастуримизда акс этса, фойдадан холи бўлмасди. Шунингдек, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантиришга салбий таъсир қилаётган омилларни бартараф этиш, коррупцияга қарши курашишга доир вазифаларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш керак.
Ривож ОТАРБАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси ўринбосари:

— Дастур лойиҳасида таълим соҳасидаги келгуси режаларимиз етарли даражада очиб берилмаган. Айниқса, мактаб таълимида бир неча йиллардан буён партиямиз кўтариб келаётган таклиф — ўқувчилар формаси масаласи дастурий вазифалардан четда қолмоқда. Худди шу каби умумтаълим мактабларидаги бирламчи тиббиёт тизимида муаммолар сақланиб турган бир пайтда тиббиёт йўналиши бўйича ҳам лойиҳада партиявий ғояларимиз давомли равишдв ривожлантирилмаган. Биз нега бу борада позициямизни қўлдан бермоқдамиз, деган савол туғилади.
Орифжон ҚУДРАТОВ,
сенатор, Сирдарё вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази бўлими мудири:

— Бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимида кўпгина масалалар ўз ечимини кутмоқда. Президентимиз ташаббуси билан шаҳар ва қишлоқлар орасидаги фарқни камайтириш учун олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга партиянинг муносабати дастур лойиҳасида ўз ифодасини топмаган.
Масалан, ҚВПларни кадрлар билан таъминлаш, олий ўқув юртларида қишлоқ аҳолиси учун зарур бўлган кадрларни тайёрлаш бўйича таклиф ва механизмлар ҳақида сўз юритиш керак.
Иккинчидан, тиббиёт соҳасида кадрлар етишмаслиги жиддий масала саналади. Фикримча, давлат гранти асосида ўқиб, тиббиёт мутахассислигини олган ёшларни марказий шаҳарларда олиб қолмасдан, узоқ ҳудудлардаги тиббиёт масканларида ишлашга юбориш масаласи ҳам долзарб аҳамиятга эга.
Учинчидан, тиббий хизмат устидан санитар назоратини кучайтириш дастурий вазифамизга айланиши лозим.
Гавҳар АЛИМОВА,
Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси, сенатор:

— Соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида кадрлар етишмовчилиги ҳамон кузатилмоқда. ҚВПларда ўсмирлар терапевти, қизлар гинекологи, стоматолог штатларини жорий этиш лозим.
Афсуски, адвокатура тизими ҳанузгача оқсамоқда ёки кучли адвокатлар сон жиҳатидан камлигича қолмоқдами? Ушбу тизимни буткул ислоҳ қилиш керак. Оилаларда аёлларга нисбатан маиший зўравонлик ҳолати кузатилмоқда. Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя этиш борасида ҳали қилинадиган ишларимиз кўп. Партиямизнинг янги дастурида бу масалалар ҳам ўрин олиши керак.
Шуҳрат ЯҚУБОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Дастурда коррупция масаласига ҳам алоҳида тўхталишимиз керак. Бу мавзу ҳамон долзарблигини йўқотгани йўқ. Негадир коррупцияга қарши кураш жараёнида нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти сезилмаяпти. Уларнинг имкониятларини кенгайтириш, жамиятдаги ролини ошириш вақти келди. “Ақлли қишлоқ хўжалиги” бўйича қилинадиган ишлар ҳам кўп. Қишлоқ хўжалигига инновацияни кенгроқ жалб қилиш керак.
Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,
Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари, партия фаоли:

— Сиёсий дастуримиз лойиҳасидаги “Ошкоралик — фуқаролик жамиятининг муҳим шартидир” тамойили асосида илгари сурилган таклифлар, белгиланган вазифалар оммавий ахборот воситалари фаолиятига катта ўзгаришлар олиб киради, деб ишонамиз.
Хусусан, оммавий ахборот воситалари фаолиятини ривожлантиришда хориж тажрибасига эътибор қаратиш масаласи муҳим бўлгани ҳолда ушбу йўналишни аниқ таклифлар ва истиқболли лойиҳалар билан ойдинлаштириш лозим, деб ҳисоблайман.
Мамлакатимизда етишиб чиқаётган бўлғуси журналистлар хориждаги касбдошлари билан қай даражада рақобатбардош? Улар давлат органлари ва ташкилотларининг ижобий имижини шакллантириш ва илгари суриш, ижтимоий сўровлар ўтказиш ва бошқа шаклларда жамоатчилик фикрини ўрганиш, шунингдек, ОАВ, интернет тармоғи, ижтимоий тармоқлар ва мобиль мессенжерларда эълон қилинаётган, аҳолининг кенг қатламларининг тўғри фикрлашига салбий таъсир кўрсатувчи маълумотларга тезкорлик билан жавоб қайтаришда тажрибага эгами? Ахборот хуружларига қарши тезкорликда қандай чора-тадбирлар кўра оладилар?
Айнан шу масалаларда бизнинг кадрларга хориж тажрибаси, албатта, зарур. Журналистларнинг касбий малака оширишларида ёки масофадан туриб хорижий касбдошлари билан тажриба алмашинув йўлида мустаҳкам алоқани йўлга қўйишларида давлат бош ислоҳотчи сифатида кўмаклашуви даркор. Керак бўлса, журналистларимиз хориждаги сайловларда халқаро кузатувчилар сафидан жой олиб, улардаги ривожланган телевидение ва босма нашрларда амалиёт ўташса, айни муддао бўларди.
Майсара ХУДОЙБЕРГАНОВА,
Боғот туманидаги 36-умумтаълим мактаби директори, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати:

— Дастурлар лойиҳалари анча мақсадга яқинлашган бўлса ҳам унда баландпарвоз гаплар борлиги кузатилади, биз кўпроқ реал ҳаётимиздаги муаммоларни кўтаришимиз керак.
Масалан, чекка қишлоқлардаги ёшларга асосий фанлар ўқитилишида муаммолар мавжуд, яъни асосий фанлардан кўра иккинчи даражали фанларга кўпроқ ўрин ажратилаётгани ҳамкасбларимизга маълум. Умумтаълим мактабларида ҳам асосий фанлар чуқурлаштириб ўқитиладиган синфлар очиш таклифи дастуримизда қайд этилиши лозим.
Неъматилла ИСМАТОВ,
Когон шаҳар адлия бўлими
бошлиғи:

— Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг тергов бўлимлари негизида мамлакатимизда ягона тергов органини ташкил этиш ҳақидаги таклиф партия дастуридан ўрин олганлиги диққатга сазовор. Ана шундай алоҳида орган ташкил этилса, соҳадаги мавжуд муаммолар ечим топади. Хусусан, ноҳақ айбловларга чек қўйилади.
Яна бир таклиф бор, яъни томонларнинг ярашувига асосан ҳаракатдан тугатиладиган ишлар тоифасини кенгайтириш ҳамда жазо тизимини янада либераллаштириш масалаларини партия дастурига киритиш ва қўллаб-қувватлаш керак.
Олимжон МАҚСУДОВ,
халқ депутатлари Наманган
вилояти Кенгаши депутати:

— Сайловолди дастур лойиҳаси иқтисодиёт соҳасида бир қатор янги ташаббуслар билан бойитилган. Аммо унда хусусий мулкнинг дахлсизлигини таъминлашга доир чора-тадбирлар белгиланмаган. Хусусий мулк дахлсизлигини таъминловчи норматив-хуқуқий асосларни яратишга қаратилган нормалар билан қонунчилигимизни такомиллаштиришга эҳтиёж бор. Бир томондан хусусий мулк дахлсиз бўлгани ҳолда айрим мансабдор шахслар шу мулкни бузишга йўл қўйса ёки “экспроприация” қилса, адолатли бўладими? Ушбу масалалар ечими дастурий вазифаларимиз қаторида бўлишини таклиф қиламиз.
Умарали ҚОДИРОВ,
Термиз давлат университети ҳузуридаги малака ошириш ҳудудий маркази директори:

— Ҳудудимиздаги олимлар билан коллегиал тартибда лойиҳаларни кенг муҳокамалардан ўтказдик. Муҳокамалар чоғида олимлар томонидан олий таълим ва илм-фан интеграциясида муаммолар борлиги, бу ўз навбатида, соҳа ривожига халақит бераётганлиги таъкидланди.
Ўз йўналишларига қараб, олий таълим муассасалари талабалари амалиётни илмий-текшириш институтларида ҳам ўташини ташкил қилиш вақти келди. Тўғри талабаларнинг барчаси ҳам олим бўлавермайди, аммо улар орасида илм-фан фидойилари ҳам борлигини унутмасдан, айнан шу талабаларга илмий-текшириш институтларида амалиёт ўташ имконини яратишга партиямиз ҳисса қўшса, деймиз.
Ориф ШУКУРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят кенгаши раиси:

— Партиямизнинг 2009, 2014 йилларда қабул қилинган Сайловолди дастурларида инновацион иқтисодиётни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган эди. Аммо бугунги кунда ёшларни инновацион ғоялар яратишга ундашга қаратилган вазифалар дастурларимизда тўлиқ ёритилмаган, назаримда. Шу мақсадда умумтаълим мактаблари ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабалари учун ўқув режаларига аниқлик киритишни таклиф қилмоқчиман. Бу борада таҳлиллар ўтказиш, инновацион ғоялар юзага келиши ва ривожланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган асосий фанлар ўқув режаларида энг кўп ўрин олишини таъминлаш вазифаси дастуримизда белгиланиши керак.
Шуҳрат ПОЛВОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
фракцияси аъзоси:

— Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида суд-ҳуқуқ соҳаси ҳам тубдан ислоҳ қилинди. Судларда ишларни йиллар давомида қайта-қайта кўриш амалиётига бутунлай чек қўйилди. Лекин ҳали амалга ошириладиган ислоҳотлар талайгина.
Жумладан, мамлакатимизнинг инвестиция жозибадорлигини янада ошириш ва уни суд орқали ишончли ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди тузилмасида Инвестициявий низолар бўйича судлов таркибини тузиш ҳамда арбитраж судлов тизимини жорий этиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Видеоселектор йиғилиши қизғин баҳс-мунозаралар, тортишувлар ва амалий таклифларга бой бўлди. Ушбу анжуманда ва мавзуга доир барча учрашувларда билдирилган фикр ва таклифлар асосида партиянинг мамлакат келажагига дахлдор бош Сиёсий дастури ва Сайловолди дастури лойиҳалари янада такомиллаштирилади. Партиянинг ушбу ҳужжатларидаги декларатив мазмундаги жумлалардан воз кечиб, уларни содда, тушунарли, халқона тарзда ифодалашга эътибор қаратилиб, дастурлар лойиҳаларининг жойларда танқидий муҳокамалари давом этади.
Видеомулоқотда сайлов жараёнларига оид бошқа масалалар ҳам атрофлича муҳокама этилиб, аниқ вазифалар белгилаб олинди.
“Adolat” мухбири Дилором МАТКАРИМОВА тайёрлади.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши томонидан ўқув-семинар ўтказилди....
01 янв 1970
Бўш ётган майдон ва иншоотлар инвентаризациядан ўтказилиб, халққа наф келтиришга аҳд қилган тадбиркорлик субъектларига фойдаланишга берилмоқда....
01 янв 1970
Узун туманидаги “Узунқишлоқ” маҳалласи аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш яхшиланганлиги ана шундай хайрли ишлардан бири бўлди...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров Тошкент шаҳридаги “Чорсу” бозорида с...