Меҳнатимдан қадр топдим

/
Эътироф этиш керак, якунланаётган “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” барча жабҳада ва ҳар бир юртдошимиз ҳаётида ҳамда жонажон Ўзбекистонимиз тарихида зарҳал ҳарфлар билан битилажак йил бўлди. Бугун мамлакатимизнинг қай бир нуқтасига бориб, ким билан суҳбатлашманг, бунга гувоҳ бўлишингиз мумкин.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жорий йилда етти хазинанинг бири саналган балиқчиликни ривожлантириш борасида ҳам дадил қадамлар ташланди. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг эътибори ва ташаббуси туфайли соҳада истиқболли лойиҳалар амалга оширилди. Ана шу лойиҳалардан бири бизнинг “Фарғонабалиқсаноат” масъулияти чекланган жамиятига тааллуқли.
Гап шундаки, 2017 йилнинг баҳорида Вьетнам Республикасининг “VIFEP” балиқчилик институти билан ҳамкорлик меморандумини имзоладик. Шундан сўнг институт директорининг ўринбосари Нгуен Вет Нам ҳамда Вьетнам балиқчилик марказининг тажрибали мутахассиси Тран Ван Там вилоятимизга ташриф буюриб, интенсив усулда балиқ етиштиришдаги тажрибаларини биз билан ўртоқлашишди. Натижада Ёзёвон Марказий сув омбори ҳудудида ҳеч қандай импорт маҳсулотларсиз “садок” усули (кенглиги 6 метр квадрат, чуқурлиги 3 метрдан иборат майдон)да балиқ етиштиришни йўлга қўйдик. Яъни 200 та садок мосламасини ясаб, уларга ҳар бири 100-150 грамм вазндаги 70 тонна майда балиқларни ташлаб, парваришлай бошладик. Бунинг учун “Ипотека-банк” АТИБнинг Фарғона филиалидан 4 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Энг эътиборлиси, балиқ парваришини эксперимент-тажриба тариқасида июнь ойида бошладик. Пировардида 4 ой мобайнида 300 тонна оқ амур, сазан (карп) балиқлари етиштирилди. Уларнинг ўртача вазни 1,2 килограммга етди. Айни пайтда маҳсулот ички бозорга етказиб берилмоқда. Бир қисми эса қўшни Қирғизистон Республикасининг Ўш вилоятига экспорт қилинди. Ҳозир балиқ ҳосилдорлигини ошириш бўйича хорижлик ҳамкорларимиз билан мулоқотларимиз давом этмоқда.
Бундан ташқари, 2017 йил август ойида Ёзёвон туманининг Навбаҳор қишлоғида Хитой Халқ Республикасининг “Hualong Siliao” масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда интенсив усулда маҳаллий хомашёдан грануланган озуқа еми ишлаб чиқариш лойиҳасига ҳам қўл урдик. Грануланган озуқа еми асосан дўнг пешона, сазан (карп) ва оқ амур балиқлари учун мўлжалланган.
Шуни мамнуният билан айтмоқчиманки, поёнига етаётган 2017 йил мен учун унутилмас бўлиб қолмоқда. Чунки меҳнатларим юксак баҳоланиб, 2017 йил 9 декабрь куни Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали байрам кечасида давлатимизнинг юксак мукофоти – “Дўстлик” ордени билан тақдирландим. Айниқса, бу мукофотни Президентимизнинг қўлидан олганим ҳаётимдаги унутилмас воқеа бўлди. Орденни тақиб қўяётиб Шавкат Миромонович лойиҳамизни янада жонлантиришни таъкидлаб, менга омад тилади. Ана шу қувончли дамларда меҳнатдан қадр топганимни тўла ҳис қилдим. Ишонасизми, пойтахтдан қайтганимдан сўнг тўй бўлиб кетди хонадонимизда.
Энг эътиборлиси, давлатимиз раҳбари мазкур байрам тантанасида балиқчилик истиқболи ҳақида гапириб, “Келгуси йилда балиқ етиштиришни 150 минг тоннага етказиш мақсадида 215 миллиард сўмлик 280 та лойиҳа амалга оширилади, 1 минг 650 гектар сунъий сув ҳавзалари ташкил этилади. 25 та сув омборида Вьетнам тажрибаси асосида 13 минг тонна, 37 минг гектар шолизорда қарийб 15 минг тонна балиқ етиштириш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда” дея зиммамизга янада катта масъулият юкладилар. Албатта, Президентимизнинг бу сўзлари келгусида бизни бу йилгидан ҳам катта ғайрат-шижоат ва фидойилик билан меҳнат қилишимизга ундади. Шундай экан, эл-юрт равнақи ҳамда фаровонлиги йўлида тер тўкишдан асло чарчамаймиз.
Баҳодир ТЕШАБОЕВ,
“Фарғонабалиқсаноат” МЧЖ раҳбари,
“Дўстлик” ордени соҳиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жорий йилнинг 12-13 апрель кунлари “Ўзкўргазмасавдо” марказида банк технологиялари, асбоб-ускуналари ва хизматлари “BankEXPO &nda...
01 янв 1970
Олдимиздаги энг долзарб вазифалардан бири бўлган янги иш ўринлари яратишда ҳам тадбиркорлар ташаббус билан чиқмоқда....
01 янв 1970
Илм-фан ютуқлари, илғор ишланмалар ва инновацион технологияларни амалиётга татбиқ этиш ва ривожлантиришда самарали ташкил этиб келинаётган ярмарка ...
01 янв 1970
Қорамоллардан йилига ўртача 400 бош насл олинган тақдирда ҳам бу шунча миқдорда импортни камайтириш ҳисобига 1 миллион евро маблағни иқтисод қилиш ...