Водий марвариди кун сайин фаровон бўлмоқда

/
Сўлим табиати, мусаффо ҳавоси, айниқса, ерининг унумдорлиги жиҳатидан Фарғона жаннатмонанд юртимизнинг бетакрор гўшаларидан биридир. Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида республикамизнинг ўша пайтдаги раҳбари Шароф Рашидов Фарғонани “Водий марвариди” дея таърифлагани бежиз эмас. Энг муҳими, аҳоли бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланиб, деҳқончилигу боғдорчилик борасида ўзига хос мактаб яратилгани туфайли шундай эътирофга сазовор бўлган эди.
— Дарҳақиқат, Қуванинг анорини, Олтиариқнинг сархил узумлари, бодринг ва турпи, Бешариқнинг тилими тилни ёрар қовунлари довруғини эшитмаган киши топилмаса керак юртимизда. Ҳатто бу нозу неъматлар ҳозир ҳам олис Сибиргача етиб боради. Чунки вилоятимизда нафақат туманлар, балки Фарғона, Қўқон, Марғилон ва Қувасой шаҳарлари аҳолиси ҳам азал-азалдан “Ер хазина, сув гавҳар” деган ҳикматга амал қилиб келади, — дейди Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг Фарғона вилоят бўлими раиси Топволди Холдоров биз билан суҳбатда. — Аммо бугун вилоятимизнинг қай бир нуқтасига борманг, нафақат ер билан “тиллашиш” борасида, балки ҳар бир жабҳада бемисл ўзгариш ва янгиланишлар юз бераётганига, пировардида шаҳару қишлоқларимиз янада обод, аҳоли турмуши тобора фаровон бўлиб бораётганига ишонч ҳосил қиласиз.
 Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг юксак эътибори, ташаббуси ва ғамхўрлиги туфайли, хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 12-13 июнь кунларидаги ташрифидан сўнг вилоятда бир нечта истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу эса ўн минглаб янги иш ўринлари яратилишига, энг аҳамиятлиси, шунча оиланинг рўзғори бут, дастурхони тўкин-сочин бўлишига замин яратмоқда.
ЎКСИК ҚАЛБЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШИБ
Ҳазрат Алишер Навоийнинг шундай мисралари бор:
Кимки бир кўнгли бузуғнинг
хотирин шод айлагай,
Онча борким,
Каъба вайрон бўлса обод айлагай.

Юртбошимиз ташаббусига кўра, 2018 йил 12 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилиниб, шу асосда бир қанча ҳамюртларимизнинг уй-жой билан таъминланиши беихтиёр улуғ мутафаккир бобомизнинг байтини ёдга солади. 2018 йилнинг тўққиз ойи мобайнида мамлакатимиз бўйлаб қулоч ёзган бу эзгулик 509 нафар фарғоналик опа-сингилларимизнинг ўксик қалбига чароғонлик, оиласига шоду хуррамлик бахш этди. Шундай уйлардан 66 таси кўҳна Хўқанди латифда ўз эгаларига топширилди.
— Уй соҳиблари 2018 йил август ойида — Қурбон ҳайити арафаси куни янги хонадонларга кўчиб киришди. Қувонарлиси, улар Ҳайит айёми ва Мустақиллигимизнинг 27 йиллигини қўшалоқ байрам сифатида нишонлашди, — дейди Қўқон шаҳар ҳокимлиги уй-жой бўлими бошлиғи Муяссар Парпиева.
Муяссар Парпиева бизни “Тошҳовуз” маҳалласидаги янги кўп қаватли 16-уйга бошлади.
— Адашиб жиноятга қўл урганим туфайли 2014 йилда озодликдан маҳрум этилгандим. 2018 йил ноябрда озодликка чиққанимдан сўнг бироз ўтиб, декабрь ойида оиламизга шу уйни беришди. Қолаверса, уй бошқарувчимиз мени шаҳар ободонлаштириш бошқармасига ишга жойлаштириб қўйди. Узоққа бормай, ўзимиз яшаётган кўп қаватли уй атрофларини, кўчани супуриб, тозалайман. Ҳозир болаларимни ҳалол маош эвазига боқаяпман, — дея мамнунлигини изҳор қилади янги уйнинг 20-хонадонида истиқомат қилаётган М.Жўрабекова.
Шаҳарнинг “Калвак” маҳалласидаги кўп қаватли уйнинг 15-хонадони соҳибига айланган 29 ёшли Одинахон Холмуродованинг беғубор болалиги эса эрта хазон бўлган.
— Отам Равшанбек Рустамов 1997 йилда автоҳалокат натижасида вафот этган. Шундан кейин онам Соҳиба Холмуродова 2002 йилда мени “Меҳрибонлик уйи”га топшириб, янги оила қурди. Мен эса ота-онамни соғиниб кўп сиқилдим, руҳий касалликка чалиниб қолдим. Кейинчалик тузалиб, коллежга ўқишга кирдим. Ҳозир иккинчи гуруҳ ногирониман, бу уйда ўзим ёлғиз яшайман, — дейди у.
Эътиборлиси, 12 ёшида ота-она меҳридан мосуво бўлган Одина бугун Президентимизнинг оталарча ғамхўрлигидан бениҳоя хурсанд. Унинг қўшниси, болаликдан I гуруҳ ногиронлиги бўлган Наргиза Жўраева 2017 йил декабрь ойида вилоят прокуратураси томонидан ногиронлик аравачаси берилгани, эндиликда 2-хонали уй билан таъминланганидан мамнун. Бу уйда Наргиза онаси Робияхон Орипова ва қизалоғи Шоҳсанам Жўраева билан бирга истиқомат қилмоқда.
Шундан сўнг уй бошқарувчиси Шаҳноза Арипова фуқаро Садоқат Мелибоевани бизга таништирди. С.Мелибоеванинг маълум қилишича, 2003 йилда туғилган ўғли Бобурмирзо Баҳромжонов болалигидан I гуруҳ ногирони. Қайнонаси Садоқатни ногирон фарзанд туққанлиги боис уйдан ҳайдаган. Инсонпарвар ҳукуматимиз эса 12 йилдан буён ижарама-ижара сарсон бўлган аёлни 2 хонали уй билан сийлади.
— Албатта, бундай ғамхўрлик учун Президентимиздан чексиз миннатдорман, — дейди Садоқат. — Телевизор орқали Юртбошимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини тинглар эканман, умрини ногирон фарзандига қараш, уни парвариш қилишга бағишлаган оналар учун алоҳида ижтимоий нафақа турини жорий этиш ҳақидаги фикрларини эшитиб, йиғлаб юбордим. Мендек оналарга эътибор ва ғамхўрлик бўлса, шунчалик бўлади-да.
Фуқаро Муҳаммаджон Маҳкамов, рафиқаси Шаҳноза Умарова ва ўғли Азизбек Йўлдошев кўзи ожиз, I гуруҳ ногирони. Беш йилдан буён ижарада яшаб келган мазкур оилага шаҳарнинг “Фурқат” кўчасида барпо этилган янги кўп қаватли уйнинг 2 хонали хонадони туҳфа этилди. Энг эътиборлиси, 6 нафар ногиронлиги бўлган фуқароларга 20 йилга мўлжалланган имтиёзли кредитнинг бошлангич 35 миллион сўмлик қисми Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси маблағлари ҳисобидан тўлаб берилди. Шу билан бирга, бу фуқароларга шаҳар ҳокимлиги томонидан замонавий тикув машиналари туҳфа этилди. Ҳозир улар касаначилик асосида “Қўқондонмаҳсулот” ва “Қўқон пахта тозалаш заводи” акциядорлик жамиятларига қоп, қўлқоп ва этак тикиб бериш орқали ипотека кредитининг қолган қисмини тўлаш учун маблағ ишлаб топишмоқда.
Ҳукуматимизнинг қарори доирасида яқинда яна 72 та хонадон қўқонлик опа-сингилларимизга топширилди. Вилоят бўйича эса жорий йилда 400 та ана шундай хонадон эҳтиёжманд аёлларга берилади.
ТОМОРҚА – ХАЗИНА, КОНИ ФОЙДА
Водий марвариди аталган бу гўшада тупроқ зар бўлса, суви гавҳар, дейиш мумкин. Бу табиий неъматларни юксак қадрлаган фарғоналиклар ҳалол меҳнат билан хонадонларида ҳам ризқ-насиба топмоқда. Бугун вилоятда меҳнатга яроқли аҳолининг аксарияти, ҳаттоки қайсидир корхона, ташкилот ва муассасада ишлайдиган кишилар ҳам томорқачиликнинг бошини тутган.
— Бор-йўғи 2-3 сотихли иссиқхонасида кўчат ёки кўкат етиштириб, юз миллионлаб даромад олаётган оилалар талайгина, — дейди Ёзёвон туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Шуҳратжон Тожиҳакимов. — Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 7 июндаги «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида туманимизнинг “Хонобод”, “Ёшлик”, “Сойёни”, “Юқори Сойбўйи”, “Истиқлол”, “Қорасой” маҳаллалари иссиқхона йўналишига, “Қўрғонча”, “Қатортол”, “Ижодкор” маҳаллалари паррандачилик, “Иштирхон”, “Марказий Фарғона”, “Гастон”, “Иттифоқ”, “Беруний”, “Қоратепа”, “Порлоқ” маҳаллалари сабзавотчилик ва боғдорчилик, “Янгиобод”, “Янгибўстон”, “Гулистон”, “Такалик”, “Чўлигулистон”, “Тараққиёт” ва “Дўстлик” маҳаллалари чорвачилик йўналишларига ихтисослаштирилди.
Минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал, дея ҳоким ўринбосари бизни туманнинг “Иттифоқ” маҳалласига, асли деҳқон фарзанди Олимжон Олимовнинг ҳонадонига бошлади. Хонадон соҳиби ўтган йилнинг ноябрь ойида акциядорлик тижорат “Халқ банки”нинг туман филиалидан ажратилган 35 миллион сўмлик, 7 фоизлик имтиёзли кредит эвазига 6 сотих ерда томчилаб суғоришга мўлжалланган иссиқхона барпо этибди.
— Раҳматли умр йўлдошим Худойберди Олимов иккаламиз ўттиз йил мобайнида кўчатчилик билан шуғулландик. Шундай меҳнатимиз орқасидан икки ўғил, бир қизимизни уйли-жойли қилдик, оилали бўлишди. Қолаверса, кўчатчиликнинг сир-асрорини фарзандларимизга ҳам ўргатдик. Ҳозиргача оилавий деҳқончилик қилиб кам бўлмадик. Ҳукуматимиз янги имкониятлар яратиб берди. Ўтган йилги даромадимиздан “Нексия-2” автомашинасини сотиб олдик. Катта ўғлим Аъзамжон ҳам ўз ҳовлисида 8 сотихлик ана шундай иссиқхона ташкил қилган. Энди навбат набираларимизнинг тўйларига, — дейди Олимжоннинг онаси Лолахон опа Олимова.
Чиндан ҳам декабрь ойининг дастлабки кунларида сепилган уруғ маҳаллий ва минерал ўғитлар билан озиқлантирилгач, бугун 50.000 дона помидор, 30.000 дона қалампир, 10.000 дона булғор ва 5000 дона бодринг кўчатига айланибди. Ҳозир Олимжон бу кўчатларнинг ҳар бири ўз турига қараб 600-1200 сўм атрофида сотилаётганини таъкидлади. Бу эса салкам 90 миллион сўм даромад деганидир. Бундан ташқари, О.Олимов яқинда бўшаган ерга 1600 туп помидор кўчатини ўтқазибди.
— Помидорнинг “Аламина” ва “Бўрон” навларини экканмиз. Май ойида ҳосилимиз пишиб етилади. Сотганимиздан ташқари, қариндош-уруғ ва қўни-қўшниларга ҳам улашамиз. Ҳосилни йиғиштириб олгач, август ойида ўрнига бодринг экамиз. Ўтган йили ҳар иккаласининг тупидан ўртача 3 килограммдан ҳосил етиштирдик. Бундан ҳам бир юз ўн-бир юз йигирма миллион сўм даромад олиш мумкинлигини амалда кўрдик. Албатта, ниятимиз ундан ҳам юқорироқ натижага эришиш. Яхши қаралса, ҳар бир тупи 5-6 килогача ҳосил беради.
Буни қарангки, ташрифимиз асносида Сирдарё вилояти хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан Фарғонага тажриба алмашиш учун келган фаол аёллар билан оилавий тадбиркорнинг суҳбати ҳам эътиборимизни тортди. Олимжон билан Лола опа меҳмонларга ҳам иссиқхона, томорқа битмас-туганмас даромад манбаи эканлигини тушунтириб беришди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, айни пайтда барча секторлар раҳбарлари малакали мутахассислар ҳамроҳлигида хонадонма-хонадон юриб, томорқа ерларидан самарали фойдаланиш юзасидан батафсил тушунтириш олиб боришмоқда. Қолаверса, тегишли хизмат кўрсатувчи субъектлар томонидан аҳоли томорқаларидаги қишлоқ хўжалиги экинлари парвариши учун талаб этиладиган барча моддий-техник ресурслар ўз вақтида етказиб берилмоқда.
ҲАР БИР ОИЛА ТАДБИРКОР
«Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури ижроси билан танишиш борасидаги кейинги манзилимиз Марғилон шаҳри бўлди. Дастур доирасида наслли қорамол, қўйчилик, қуёнчилик, асаларичилик, паррандачилик, балиқчилик, боғдорчилик, иссиқхона, тикувчилик, ҳунармандчилик ва қандолатчиликни ривожлантириш учун 567 та хонадонга 12,6 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағлари ажратилган. Шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Элёрбек Тўхтаматовнинг таъкидлашича, мазкур маблағнинг салмоқли қисми — 4,8 миллиард сўми тикувчиликни йўлга қўйган 282 та оилага йўналтирилган. Шаҳарнинг “Иқбол” маҳалласида яшовчи Турдихон Абдуллаева бошчилигидаги “Дониёр техно бизнес” оилавий корхонаси ҳам шулар жумласидандир. Гап шундаки, қирқ йиллик тажрибага эга бўлган Турдихон опа 2018 йил декабрь ойида акциядорлик тижорат “Agrobank”нинг Марғилон филиалидан 25 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, 5 нафар қизи, келини, набираси ва синглиси билан бирга аёллар кийими, халат, чопон, футболка ва миллий кийим-кечаклар тайёрлай бошлади. Бу ишни ўғли Аҳмаджон Ҳамдамовга ҳам ўргатган. Мана 3 ойдирки, ҳар ойда 15-20 миллион сўмлик маҳсулот тайёрланиб, ички бозордан ташқари қўшни Қирғизистон ва Тожикистондаги харидорларга ҳам етказиб берилмоқда. Яъни банкнинг имтиёзли кредити ҳисобидан 10 киши ҳавас қилса арзигулик даражада рўзғор тебратмоқда.
Т.Абдуллаевадан 3-4 хонадон нарида яшовчи Баҳромжон Мирхўжаев ҳам ўтган қисқа вақт мобайнида банкнинг 25 миллион сўмлик имтиёзли кредитидан фойдаланган ҳолда 2000 дона сумка ва 3500 жуфт оёқ кийимлари ишлаб чиқарди. Энг муҳими, бу ерда маҳалладаги 15 нафар аёллар доимий иш билан таъминланган. Ҳадемай маҳсулотлар қўшни давлатларга ҳам экспорт қилинади.
Умуман олганда, давлат дастури доирасида вилоят бўйича 5485 оилага тадбиркорликнинг 12 дан ортиқ йўналишларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун 134,4 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Натижада 7800 нафардан ортиқ фуқаронинг бандлиги таъминланди. Масалан, Олтиариқ туманидаги “Агромаш долина” масъулияти чекланган жамиятига ажратилган 2,4 миллиард сўмлик имтиёзли кредит эвазига Россиядан 304 бош наслли қорамол келтирилиб, хонадонларга тарқатилди.
ОЗОД ВАТАНГА ОБОД ҚИШЛОҚЛАР ЯРАШАДИ
Бешариқ вилоят марказидан 132 километр узоқликдаги энг олис туман саналади. Аммо меҳр ва эътибор масофа билмас эканки, Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастури туфайли Бешариқнинг “Тошариқ” қишлоғи ҳам кўзни қувонтирадиган қиёфа касб этди. Хусусан, 61 та кўча чироқлари ва электр тармоқлари учун 52 та бетон устунлар ўрнатилди, 3,8 километрга ичимлик сув тармоғи тортилди, битта сув минораси янгидан ўрнатилиб, мавжуд битта сув минораси ҳамда 4 та электр трансформаторлар мукаммал таъмирланди. Шунингдек, ҳудуддаги 3,9 километр йўлга шағал, 1,6 километрига асфальт ётқизилди, 2,2 километрлик йўл эса жорий таъмирдан чиқарилди. Қолаверса, 8-,9-мактабгача таълим муассасалари, 8-умумтаълим мактаби, қишлоқ врачлик пункти ва маҳалла фуқаролар йиғини биносида мукаммал таъмирлаш ҳамда капитал реконструкция ишлари амалга оширилди. Инвестиция лойиҳаси асосида тадбиркор Азизбек Мадраҳимов замонавий савдо мажмуасини, яна бир тадбиркор Раъно ўаниева маиший хизмат кўрсатиш мажмуасини ишга туширди.
Бундан ташқари, 172 миллион сўм маблағ эвазига қишлоқдаги 20 нафар кам таъминланган фуқароларнинг уйлари таъмирлаб берилди. Жумладан, боқувчисини йўқотган Ширинхон Маҳмудованинг хонадонида 18 миллион сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
— Қишлоғимизда 679 та хонадон мавжуд бўлиб, уларда 3021 нафар аҳоли истиқомат қилади, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Хуршиджон Исмоилов. — Шундан 1840 нафари меҳнатга лаёқатли кишилардир. Ҳамқишлоқларимизнинг аксарияти ўз томорқасида супурги ва қалампир етиштиришади.
4,5 СОТИХ ЕРДАН ЯРИМ МИЛЛИАРД СЎМДАН ОРТИҚ ДАРОМАД
Қандай қилиб дерсиз? Аввалига маҳалла оқсоқолидан буни эшитиб, бироз ишонқирамаган эдик. Лекин “Тошариқ”ни ўз гуллари билан янада обод қилаётган Муроджон Юсуповнинг машаққатли меҳнатини ўз кўзимиз билан кўргач, бунга амин бўлдик. Тўрт қиз ва бир ўғилни тарбиялаб вояга етказган Муроджон аканинг асли касби қурувчи. Хонадон бекаси Матлуба опа эса иқтисодчи бўлиб ишлаган. Қизлари Маъмура, Мастура, Комила ва Зуҳрахон ўқитувчилик касбини улуғлаб келишяпти. Оиланинг кенжаси Умиджон Холдоров Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университетини “Халқаро иқтисодий муносабатлар” мутахассислиги бўйича тамомлаган бўлса, унинг умр йўлдоши Ҳавасхон Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида таҳсил олмоқда.
— Бир неча йилдан буён мавсумий гулларни етиштирамиз. Аввалига ҳовлимиздаги 2,5 сотих ерда иссиқхона ташкил қилиб, иш бошлагандик. Кейинчалик уйимиз орқасидаги 2 сотихдан иборат ташландиқ ерни ҳам ўзлаштирдик. Натижада ҳар йили Қўқон шаҳар, Бешариқ, Фурқат, Ўзбекистон ва Данғара туманлари ободонлаштириш бошқармалари ҳамда “Шарқий” халқаро йўллардан фойдаланиш корхонасига “Петуния”, “Бананза”, “Виола” сингари йигирма турдаги гулларни шартнома асосида етказиб беряпмиз. Мана шу ишларимиз туфайли 2014 йилда “Энг намунали оила” танловининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритдик, — дейди М.Юсупов. — Дарсдан бўш вақтларида 8 нафар набирам ҳам гул парваришига ёрдамлашади. Уларни рағбатлантириш учун кунига 15-20 минг сўмдан иш ҳақи бераман. Қолаверса, репетиторлик машғулотларига ҳам ҳомийлик қиламан. Шу билан бирга, ҳар йили икки-уч марта набираларимни қадимий шаҳарларимизга саёҳатга олиб бораман.
Муроджон аканинг таъкидлашича, ҳозир иссиқхоналарда 400.000 донадан ортиқ гул кўчатлари бор. Тез кунда улар харидорларга етказиб берилади. Куз фаслига қадар эса 700-800 минг дона гул кўчати етиштирилади. Агар бир туп кўчат ўртача 1000 сўмдан сотилса, йил давомида қанча даромад келтиришини тасаввур қилиб кўраверинг.
“Тошариқ”дан қайтар эканмиз, Муроджон Юсупов ва ёзёвонлик Олимжон Олимов сингари серғайрат инсонлар кичкинагина майдондан юз миллионлаб, ҳатто салкам миллиардлаб даромад олаётгани бошқаларга ҳам яхши ибрат бўлишини ҳис этдик.
Туман ҳокимлигидан маълум қилишларича, жорий йилда “Ариқбоши”, “Бешсори”, “Наби”, “Чорбоғтўронғи” ҳамда қўшни Тожикистон Республикасининг шундоққина биқинида жойлашган “Шодақозиқ” қишлоқларида “Обод қишлоқ” дастури амалга оширилади.
Албатта, бугун Фарғонада тилга олингани каби эзгу ишларнинг кўлами кенг. Натижада водий марвариди кун сайин янада ободлик ва фаровонликка юз тутмоқда.
Хуршид СУЛТОНОВ, журналист.
Муқимжон ҚОДИРОВ (ЎзА) ва Турғунали Ҳошимов олган суратлар

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Самарқанд шаҳридаги “8-март” тикувчилик ишлаб чиқариш фабрикаси вилоятда енгил саноат салоҳиятини белгилаётган корхоналардан бири ҳисоб...
01 янв 1970
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинади....
01 янв 1970
Нимаики яхшиликлар бўлса, аввало, фарзандларимизга раво кўрамиз.
01 янв 1970
Самарқанд вилоятидаги “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки “Голд Азим инвест” корхонаси учун навбатдаги салмоқли кредит ма...