Ваколатга яраша масъулият халқ билан мулоқотда, ижро назоратини таъминлаш ва фаолият таъсирчанлигини оширишда билинади

/
Электорат билан ҳар сафарги учрашувлар, мулоқотлар чоғида қайд этилган долзарб муаммоларни ўрганиш, муҳокама қилиш жараёнида шу нарсага амин бўлаяпмизки, халқ билан мулоқот барча бўғиндаги давлат идоралари раҳбарларининг, партия ташкилотлари ва депутатларнинг иш услуби ҳамда фаолият йўналишларини белгилайдиган асосий мезон бўлиши лозим.
Фуқаронинг мурожаати, ариза, таклиф, хулосаси жамият ҳаётига, оила турмушига дахлдорлиги билан ижтимоий аҳамият касб этади. Бинобарин, раҳбар ёки депутатнинг ўз ваколатига мос ҳаракати, ҳозиржавоблиги, ижтимоий муаммоларни ҳал этишга манфаатдорлик билан қарашга, фуқаронинг турмуш шароитини яхшилашга, оила ва жамиятнинг юксалишига, ҳудудларни ривожлантиришнинг истиқболли режаларини ишлаб чиқиши ва халқ томонидан қўллаб-қувватланишига эришишга хизмат қилади.
Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашидаги "Адолат" СДПнинг депутатлик гуруҳи фаолиятига айни шу хулосалардан келиб чиққан ҳолда назар соладиган бўлсак, талайгина ижобий ишларни кўришимиз мумкин.
Таъкидлаш лозимки, гуруҳнинг беш нафар аъзоси депутатлик ваколатидан келиб чиққан ҳолда муҳим ижтимоий масалаларни муҳокамага олиб чиқишга ва тегишли қарорлар қабул қилинишига муваффақ бўлишмоқда. Депутатлик сўровларининг самарадорлигини таъминлаш мақсадида ижро назоратини кучайтириш, ҳар бир мурожаат асосида фуқароларни қаноатлантирувчи амалий натижаларга эришиш диққат марказимизда бўлмоқда.
Сайловчилардан келиб тушган мурожаат асосида 8-умумтаълим мактаби биносидаги иссиқлик қурилмасини таъмирлаш, замонавий спорт зали ҳамда ўқув даргоҳининг ҳовлисидан ўтувчи оқава сувларини марказий тизимга улаш бўйича зарур маблағ ажратишни сўраб шаҳар ҳокимлигининг молия бўлимига депутатлик сўрови киритгандим. Шундан сўнг тегишли ташкилотлар вакиллари иштирокида мактабнинг техник-санитария ҳолати қайтадан чуқур ўрганиб чиқилди, мутахассисларнинг хулосаси жамланди. Натижада ўқувчиларнинг давоматига, таълим-тарбия жараёнига салбий таъсир кўрсатаётган юқоридаги каби камчиликларни бартараф этиш мақсадида мактаб биносини мукаммал таъмирлаш вазифаси жорий йилги дастурга киритилди.
Депутатлик сўрови ва ижросини назорат қилиш туфайли "Регистон" маҳалласи ҳудудидаги кўп қаватли уйлар ёнида болалар ўйин майдончаси ва чойхона қурилди ҳамда 3-умумтаълим мактабида муҳташам спорт зали барпо этилди.
Фуқароларнинг мурожаатларига, уларнинг ҳаётий эҳтиёжларига лоқайд муносабатда бўлаётган айрим давлат идораларининг иш услуби, ариза, шикоятларни қабул қилиш ва юритишда қонун талабларига риоя қилмасликлари, улар фаолиятида ошкоралик, фуқаролар олдида ҳисобдорлик мажбуриятлари унутиб қўйилаётгани билан сира муроса қилиб бўлмайди. Бу ўринда 22-Камолон сайлов округидан сайланган депутат Инобат Ҳакимованинг юқоридаги каби ҳолатларга чек қўйиш бўйича қатъий депутатлик позициясини мисол қилиб келтириш ўринлидир.
Эътибор беринг, II гуруҳ ногирони Саидмурод Холмуродов ногиронлик нафақасини ололмаётгани хусусида тегишли идораларга, хусусан, Пенсия жамғармаси шаҳар бўлими ва 63-тиббий меҳнат экспертизаси комиссиясига ойлаб қилган мурожаатлари наф бермагач, депутат қабулига кирди. Инобат Ҳакимова аҳволни тез фурсатда ўрганиб чиқди. Ногирон фуқаронинг талаби нега инобатга олинмаётганини сўраб-суриштирди. Маълум бўлишича, 63-тиббий меҳнат экспертизаси комиссияси аъзоси шикоят эгасининг ногиронлигига оид тиббий хулосанинг зарур варағини ижтимоий таъминот бўлимига юборишда тушириб қолдирган. Натижада С.Холмуродов нафақа олувчилар рўйхатига киритилмай қолган. Депутат аралашувидан сўнг нафақа ўз эгасига қонуний асосларда, кечиктирмай тўланадиган бўлди. Шунингдек, иш жараёнида масъулиятсизликка йўл қўйган ТМЭК ходимига нисбатан интизомий чора кўрилди.
Демоқчимизки, депутатлик фаолияти ва назорати учун муаммонинг катта-кичиги бўлмайди. Ҳар бир мурожаат бўйича ижтимоий тартиб-интизом, адолат ўрнатилишини таъминлаш депутатлик фаолиятининг бош мақсадига айланмоғи лозим.
Гуруҳ аъзоси Дилрабо Сайдуллаеванинг экологияни яхшилаш, маҳаллаларда тўпланиб қолаётган чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш бўйича шаҳар коммунал ва ободонлаштириш идораларига юборган депутатлик сўрови ва унинг ижросини таъминлаш бўйича депутатлик назорати ҳам ўз натижасини бермоқда. Муаммони ҳал этишга масъул бу идораларда белгиланган ишчи ресурслари ва техник имкониятларга асосланган тизимли фаолият йўлга қўйилмоқда. Бу ишга ҳокимлик доирасида зарур эътибор қаратилгач, чиқиндиларни қайта ишлашнинг мукаммал технологияларини излаш ва жорий этишга киришилди. Яқинда франциялик бир гуруҳ сармоядорлар билан чиқиндиларни қайта ишлашга мўлжалланган замонавий лойиҳани амалга ошириш бўйича шартнома имзолангани фикримизнинг тасдиғидир.
Факт ва рақамлар асосида фикр юритадиган бўлсак, ўтган йили ва 2017 йилнинг биринчи ойи мобайнида сайловчилар билан 150 марта учрашув ва мулоқотлар ўтказилди. Жойлардаги камчиликлар чуқур ўрганилиб, асосли хулосалар тўпланди. Эътиборлиси, бу жараёнда кўпинча сайловчига "Сиз шахсан муаммога қандай қарайсиз, уни депутат билан ҳамкорликда ҳал этишга тайёрмисиз, масалага ижобий ечим топишга кўмаклашадиган мустақил таклифингиз борми?" каби саволлар билан мурожаат қиламиз.
Бу шунинг учун зарурки, муаммони депутат билан ҳал этишга интилиш фуқаролик масъулияти ва мажбуриятини тўлиқ идрок этишга, сайловчини жамият ва давлат ишларида янада фаолроқ бўлишга ундайди.
2016 йилда фуқаролар билан очиқ мулоқотлар асосида 131 та мурожаат ўрганиб чиқилди. Шу асосда бошқарув идораларига 46 та депутатлик сўрови киритилиб, уларнинг 35 таси муддатидан олдин ижобий ҳал этилди.
Ўрни келганда шуни айтиш лозимки, депутатлик гуруҳимиз давлат идора-ташкилотлари билан депутатлик ваколатига тааллуқли масалаларни ҳал этишда, ижро назоратини ўрнатишда бугунги кун талаби асосида иш юрита олаяптилар, деб бўлмайди. Бу сайловчиларнинг мурожаатлари асосида халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг доимий комиссияларида, сессияларда муҳокама қилиш учун тегишли таклифлар тайёрлаш ва партиявий позицияни намоён қилишда яққол кўзга ташланмоқда. Ахир бирор идорага йўлланган шикоят унинг имконият даражаси доирасида ҳал этилиши мумкин бўлгани ҳолда юқори бошқарув идорасининг аралашуви билан ечим топганини яхши ҳолат, деб бўладими?
Агар шундай бўлса, маҳаллий бошқарув идораси раҳбарининг фуқаро олдидаги ҳисобдорлиги, масъулияти қаерда қолади? Депутатлик назорати-чи?
Шу боис мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида таъкидлаганидек, халқ билан мулоқотга киришиш, уларнинг дарду ташвишларидан хабардор бўлиш, танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак. Бу талаб партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларига бирдек тааллуқли. Шундан келиб чиққан ҳолда биз депутатлик фаолиятининг самарадорлигини сўзда эмас, амалда таъминламоғимиз, давлат идоралари бўғинларида ошкораликни йўлга қўйишда манфаатдор ҳар бир фуқаро, ташкилот, оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорликни вужудга келтиришимиз лозим.
Муҳиба БОБОБЕКОВА,
халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашидаги
Ўзбекистон "Адолат" СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Қарши шаҳридаги “Маҳаллот” маҳалла фуқаролар йиғинида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган тадб...
01 янв 1970
Партия депутатлик гуруҳи аъзоси Янгибой Бўронов ҳам фаоллиги ва амалий ишлари билан сайловчилар меҳрини қозонмоқда. ...
01 янв 1970
“Адолат” социал-демократик партиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтадиган 4 декабрга тайёргарлик ишлари қизғин па...
01 янв 1970
Ижтимоий ҳимоя, адолат тамойилларини жамиятда қарор топтириш Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар сир...