Депутат уйи бузилаётган фуқаролар билан учрашди

/
Жорий йилнинг 26-30 июнь кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари республикамиз ҳудудларидаги маҳаллалар, корхона ва таълим муассасаларда бўлиб, фуқаролар, ишчи-хизматчилар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказди. Учрашувларда фуқароларни ўйлантираётган масалалар ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга халақит бераётган муаммолар ўрганилиб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилди. Назорат-таҳлил тартибидаги ушбу ўрганишларда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг парламентдаги фракцияси аъзолари ҳам ўз сайловчилари ўртага ташлаган бир қатор муаммоларга мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ечим топишга эришди.
НАМАНГАН.
“Шарқ тонги” — Наманган шаҳрининг қоқ марказида жойлашган маҳаллалардан бири. У шундоққина марказий “Чорсу” бозорининг ёнгинасида. Атрофда савдо, маданий-маиший хизмат кўрсатиш бинолари. Навоий номли театр, Бобур номли боғ ҳам узоқ эмас. Бу бир жиҳатдан катта қулайлик туғдиради. Аммо очиғини айтганда, маҳалланинг аксарият кўчалари қинғир-қийшиқ, ҳовлилар тор, соя-салқин жойлар кам.
Яқинда шаҳар марказини қайта қуриш режасига мувофиқ маҳалладаги бир қатор эски ҳовлилар бузиладиган бўлди. Халқимиз сабр-тоқатли, аҳолимиз ҳар бир вазиятни тўғри тушунадиган, яхши гапга кўнадиган одамлардан иборат. Фақат қонунда белгиланган қоидаларга риоя қилиш, фуқароларнинг дардини эшитиш керак.
Рамазон ойининг дастлабки кунлари “Шарқ тонги”даги қатор хонадонларга шаҳар ҳокимлиги вакиллари келиб, аҳолига уйларни бузиш ва кўчишга тайёрланиш ҳақида айтишди. Албатта, одамлар ҳам ўзларининг мулоҳазаларини билдирдилар: “Бизларни рози қилсангизлар, дарҳол кўчишга тайёрмиз”. Бироқ ҳокимият вакиллари бу гапларга, юмшоқ қилиб айтганда, бепарво қарашди. Маҳалла аҳли ҳам рамазонни ўтказиб олайлик, кейин бир гап бўлар, деган фикрга боришди.
Мана, салкам бир ойки, маҳалланинг шу қисмидаги хонадонларда одамларнинг тинчи бузилган, яъни деярли ҳар куни ҳокимлик вакиллари уларга тезроқ кўчиш кераклигини эслатишади. Улар ҳам, ўз навбатида, “бизни рози қилиш керак”, деган ҳақли эътирозни ўртага қўйишади. Масала шаҳар ва вилоят раҳбарлари қолиб, Тошкентгача етиб борди. Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳам воқеадан хабардор бўлди.
Парламентдаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Яқубов сайловчилар билан бу галги учрашувларда мазкур маҳалла аҳлининг дарду ташвишларини тинглади.
— Шаҳарнинг шу қисмидан депутат бўлиб сайланганман. Аҳоли вакиллари билан бевосита уларнинг хонадонларида бўлиб суҳбатлар ўтказдик, — дейди Ш.Яқубов. — Партиямиз вакиллари бизга ҳамроҳлик қилишди. Очиғини айтганда, бузиш режалаштирилаётган хонадонларда яшовчилар, биринчи навбатда, уларнинг мурожаатларини ҳеч ким тингламаётганидан норози бўлишмоқда. Аслида ҳар қандай ҳолатда ҳам бошпанаси бузилишга тушган одамларнинг фикрлари билан ҳисоблашиш керак, шундагина фуқароларни рози қилиш мумкин.
Албатта, ўзлари ёки ота-оналари қурган уй-жойлардан айрилса ҳам унинг эвазига бериладиган товон пули, хонадон ёки ҳовли уларга маъқул тушса, ҳеч қандай муаммога ўрин қолмайди. Буни қуйидаги сўзлардан ҳам билиб олиш мумкин:
“Самарқанд” кўчаси, 4-берк кўча, 4-уйда яшовчи Муқаддас Ғафурова:
— Умумий майдони икки сотих келмайдиган ҳовлида тўрт оила, жами 13 киши яшаймиз. Онам, мен икки ўғлим билан, шунингдек, икки укам турмуш ўртоғи ва беш фарзанди билан. Лекин бизга битта икки ва битта уч хонали квартира беришмоқчи. Биз якка тартибда уй қуриш учун тўрт сотихли ер участкаси ҳам қўшиб берилишини сўрадик. Шунда бузиладиган ҳовлидан чиқадиган қурилиш материаллари ва бериладиган товон пулидан фойдаланиб, уй қуриб олардик. Мумкин эмас, дейишди. Лекин қайси ҳужжатда шундай ёзилганини ёки ким бундай деганлиги айтилмади. Ҳаммаси мавҳум, бу эса бизга ёқмаяпти.
“Самарқанд” кўчаси, 9-берк кўча, 18-уйда яшовчи Нигора Эгамбердиева:
— Бизнинг хонадонда ҳам кўпчилик яшайди. Уч фарзандим бор. Икки акам ўз оиласи билан истиқомат қилади. Ўнта хонадан иборат уйимиз бор. Ёрдамчи бинолар ҳам талайгина. Улар бузилса, бизга товон пули тўланиши керак. Аммо белгиланган маблағ миқдори бизни қониқтирмаяпти. Чунки баҳолаш нотўғри ўтказилган. Энди ўзимиз бошқа мутахассисларга баҳолатамиз десак, кадастр идораси тегишли ҳужжатларни бермаяпти. Беш марта мурожаат қилдик, масала ҳалигача ҳал бўлмади. Ёнимизда қурилаётган кўп қаватли уйлардан квартира беришни сўрагандик. Бу мурожаатга ҳам ҳеч ким эътибор бермаяпти.
Шу куни Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Якубов яна бир қатор фуқаролар хонадонида бўлди. Улар орасида Акрамжон Тўраев, Муҳаббат Узоқова, Ибодулла Ҳусаинов ва бошқалар бор эди. Ҳамма юзага келган вазият юзасидан ўз фикрини айтди. Депутат барчасини таҳлил қилиб, тегишли идоралар ёрдамида мурожаатларнинг ечимини топишга ваъда берди.
ХОРАЗМ.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоев Хонқа тумани “Амударё” қишлоғида истиқомат қилаётган сайловчилар билан учрашди. Очиқ мулоқотлар давомида бир қатор муаммолар аниқланди, фуқароларнинг таклифлари ҳам депутат эътиборини жалб этди.
“Таянч” маҳалласида тадбиркор Зулфия Қуромбоева ташкил этган мўъжазгина чойхона, миллий ширинликлар, қандолат маҳсулотлари дўкони ходимлари элга хизмат кўрсатмоқда. З.Қуромбоева эндиликда оила аъзолари билан биргаликда ғишт заводи, дон маҳсулотлари тайёрлайдиган кичик корхона ташкил этиш режаси борлигини билдирди. Шу мақсадда банк муассасасидан 30 миллион сўм имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам беришни сўради. Депутат М.Қурбонбоев жойнинг ўзида “Агробанк”нинг туман филиали раҳбарияти билан боғланиб, тез кунда кредит ажратилишини маълум қилди.
М.Қурбонбоев бошчилигида фаоллар “Моштўғай” маҳалласида жойлашган 24-умумтаълим мактабидаги шароитлар билан танишганда янги ўқув йили учун буюртма асосида сотиб олинган стуллар сифатсиз эканлиги аниқланди. Бу эса ўқувчилар учун турли ноқулайликларни юзага келтиради. Депутат ушбу масала юзасидан жойнинг ўзида туман молия бўлими раҳбарига мурожаат этди. Айни пайтда бу муаммони бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, фаоллар “Таянч” маҳалласида фуқаролар Феруза Қодирова, Ҳайитжон Хўжаева билан суҳбатлашганда улар туман ҳокимлиги балансида турган “Амударё” ҚВПнинг эски биносида яшаб келаётганини, моддий жиҳатдан қийинчиликлар борлиги ҳақида баён этишди. Ф.Қодирова икки нафар фарзанди билан 10 йилдан буён шу манзилда умргузаронлик қилаётганини айтиб, унинг оиласига уй қуриш учун ер участкаси ажратилишида кўмаклашишни сўради. Депутат бу масала хусусида туман ҳокими билан маслаҳатлашиб, уларга аниқ таклиф киритишини таъкидлади. Фаоллар “Таянч” маҳалласида қурилаётган “Муҳаммад Ибн Мусо ал-Хоразмий” жомеъ масжиди, “Моштўғай” маҳалласида жойлашган 48-мактабгача таълим муассасаси, “Амударё” қишлоқ врачлик пунктида бўлиб, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишдилар.
ҚАШҚАДАРЁ.
Қамаши туманидаги маҳаллаларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умиров фуқаролар билан ўтказган учрашувлар жонли мулоқотларга бой бўлди.
Аниқланишича, айни пайтда аҳолини ички йўллар, бандлик, томорқаларни оқар сув билан таъминлаш каби муаммолар қийнамоқда. “Қишлиқ” ва “Араб” қишлоқларида яшовчи фуқаролар анчадан буён иккала ҳудудни бир-бирига боғлайдиган кўприк қурилишига эҳтиёж борлигини айтишди. Шунингдек, “Довуд” ва “Калта” МФЙлар аҳолиси ҳам худди шундай муаммодан азият чекмоқда.
А.Умиров тумандаги 5-умумтаълим мактабида бўлиб, ўқитувчилар билан суҳбатлашди.
— Таълим муассасамизда рус ва француз тилларидан дарс берувчи ўқитувчилар етишмайди, — деди мазкур мактаб директори Эшдавлат Хўжаёров. — Ўқувчиларнинг, айниқса, қиш мавсумида спорт билан шуғулланишлари учун спорт залимиз талабга жавоб бермайди, чунки ушбу зал анчадан буён таъмирга муҳтож.
Абдуғани Умиров мутасадди давлат бошқарув идоралари билан боғланиб, муаммога ечим топди. Мактаб жамоаси янги ўқув йилини тумандаги иқтисодиёт коллежи биносида бошлайдиган бўлишди. Мактаб биноси эса маҳалла аъзоларининг таклифига асосан боғчага айлантириладиган бўлди.
Тумандаги “Қизилтепа” МФЙда хонадонлар учун суюлтирилган газ баллонлари таъминоти яхши эмаслиги аҳолида эътироз уйғотмоқда. Шунингдек, фуқаролар партиядошимизга томорқадаги экинларни суғоришда оқар сув жиддий муаммо бўлаётганини маълум қилишди. Шу ернинг ўзида депутат аралашуви билан мазкур муаммолар дарҳол ўз ечимини топди.
— Одамлар билан юзма-юз мулоқот ҳар бир ҳудуддаги, қишлоқ, маҳалла, хонадондаги мавжуд аҳволга холисона баҳо бериш ва камчиликларни ўз жойида бартараф этишга эришишнинг энг яхши йўлидир, — деди “Қизилтепа” МФЙ раиси Арслон Аралов. — Албатта, маҳалламизда ҳам муаммолар бор. Масалан, қишлоғимизда тадбиркорларни кўпайтириб, кичик корхона ва маиший хизмат шохобчаларини ишга тушириб, одамларимизни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш мумкин. Биз шу ҳақда Абдуғани Умиров билан фикрлашдик. Депутат аралашуви билан туман масъуллари бу масалага тез орада ойдинлик киритадиган бўлишди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Жамшид Пирматов Нишон туманидаги Нуристон шаҳарчаси сайловчилари билан учрашди. Дастлаб партиядошимиз 18-мактабгача таълим муассасасига ташриф буюрди. Айни пайтда бу ерда 225 нафар ўғил-қиз таълим-тарбия олмоқда. Боғчада инглиз ва рус тили ўқитувчилари етишмайди. Ушбу масканда озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун музлатгич етарли эмас, электр энергияси таъминотида ҳам тез-тез узилишлар бўлиб туради. Боғча биноси таъмирталаб. Депутат ушбу муаммолар ечими юзасидан мутасаддилар билан боғланганида боғча 2019 йил охири ва 2020 йил бошида тўлиқ таъмирланишини маълум қилишди.
Депутатнинг давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритаётган “София” боғчаси жамоаси билан учрашуви ҳам савол-жавобларга бой бўлди. Бу ерда дарслар рус тилида олиб борилади. Бироқ, жажжилар ўртасида ҳар-хил ўйинлар, жисмоний тарбия машғулотларини олиб боришга майдончалар етишмайди. Депутат бу муаммоларни масъул ташкилотлар ҳамкорлигида ҳал этиш чораларини кўрди.
Тумандаги “Нуристон” поликлиникаси йигирма минг аҳолига хизмат кўрсатади. Айни пайтда поликлиника биноси таъмирталаб. Депутат шу ерда тиббиёт ходимлари иш фаолиятига қизиқди. Ачинарли томони шундаки, бу ерда меҳнат интизомига риоя қилинмас экан. Шифокорларнинг беморларни қабул қилиш вақти ёзиб қўйилмаган. Аниқланган камчиликлар юзасидан Ж.Пирматов туман тиббиёт бирлашмаси раҳбариятига мурожаат этди ва камчиликлар бартараф этиладиган бўлди.
Депутатларнинг сайловчилар билан жонли мулоқотида ўртага ташланган масалалар ўз жойида ҳал этилди. Муддат талаб этиладиган мурожаатлар эса назоратга олиниб, тегишли ҳуқуқий маслаҳат ва тавсиялар берилди.
БУХОРО.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев Бухоро шаҳридаги “Аҳмад Дониш” МФЙда бўлиб, сайловчиларни ўйлантираётган муаммоларни ўрганди. Жумладан, маҳаллада давлат томонидан ажратиб берилган ётоқхонада истиқомат қилувчи 89 нафар фуқарони уй-жой масаласи ўйлантирмоқда. Маҳалла раиси бу борада чора кўришга саъй-ҳаракат қилинаётгани ҳақида сўз юритди.
“Қаюм Муртазоев” кўчасидаги хонадонларда яшовчи ота-оналар болалар майдончаси қуришга эҳтиёж борлигини билдиришди. Бу масала масъул ташкилот билан ҳамкорликда ечим топиши ҳақида депутат ваъда берди.
Учрашувлар давомида фуқаролар бугунги кунда пенсияга чиқиш масаласида бир қатор муаммолар борлиги, яъни оворагарчиликлар кўплиги ҳақида маълум қилишди. Қ.Жўраев партия фаоллари билан биргаликда бу муаммони атрофлича ўрганиш зарурлигини таъкидлади.
Қ.Жўраевга жорий йил июнь ойининг дастлабки кунларида Бухоро шаҳрида фаолият юритаётган “Атлас-98” оилавий корхонаси раҳбари Бахшанда Файзиевадан шикоят хати келиб тушган эди. Унда қайд этилишича, мазкур корхона 1998 йилдан буён Бухоро шаҳрида маданий мерос рўйхатига киритилган “Тим Абдуллахон” тарихий бинода ижара шартномаси асосида фаолият кўрсатиб келинаётган эди. Асосан ипакчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган ушбу корхонада 7 нафар ходим меҳнат қиларди. Сўнгги кунларда “Тим Абдуллахон” тарихий комплекси Ўзбекистон Бадиий академиясининг Бухоро филиали балансига берилиб, у ерда бадиий санъат кўргазмалар марказини жойлаштириш белгилангани сабабли оилавий корхонага бу ердан чиқиб кетиши зарурлиги айтилиб, босим ўтказиш ҳолатлари кузатилган. Қ.Жўраев ушбу муаммо юзасидан Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раисига депутатлик сўрови киритди. Натижада мутасаддилар томонидан депутатлик сўрови ўрганилиб, корхона шу масканда фаолият олиб бориши учун рухсат берилди.
Депутат ижрони яна бир бор назорат қилиш мақсадида ушбу корхона жамоаси билан учрашди. Бахшанда Файзиеванинг таъкидлашича, муаммо юзага келгач, аввалги 7 нафар ишчидан 4 нафари қолган. Улар асосан адрас, шойи, гиламларни қўл иши асосида тўқишади, миллий кийимлар тайёрлашади. Бу маҳсулотлар сайёҳларга манзур бўлмоқда.
Депутат Бухоро муҳандислик-технология институти академик лицейида 2019-2020 ўқув йили учун тайёргарлик ишлари билан танишди. Академик лицей раҳбари дарсликларда учраб турадиган баъзи камчиликлар ҳақида тўхталиб ўтди. Хусусан, уларда айрим маълумотларнинг ноаниқ берилаётганлиги ўқувчида иккиланиш пайдо қилади.
СУРХОНДАРЁ.
Олтинсой туманида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ёрмамат Холияров бир қатор ижтимоий-иқтисодий объектларни кўздан кечирди. Жумладан, тумандаги “Мустақилликнинг 10 йиллиги” МФЙда ўрганишлар олиб бориб, 13-умумтаълим мактаби филиалида бўлди. Депутатнинг аввалги ўрганишларида мазкур мактаб филиали биноси ўта ночор аҳволдалиги, бинонинг ташқи ва ички фасадлари таъмирталаб бўлиб, талабга жавоб бермаслиги, шунингдек, мактаб ўтган асрнинг 60-йилларида 80 ўринга мослаштириб қурилган бўлиб, эндиликда ўқувчи сони ошиб кетганлиги, янги мактаб қуриш зарурлиги аниқланган эди. Депутатимиз мазкур муаммони ўрганиб тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови чиқарган, айни пайтда маҳаллий ҳокимиятдан маблағ ажратилиб, 210 ўринли янги мактаб биноси қурилиши ҳам бошланган. Аммо ажратилган маблағ зарур ашёларга етмаётгани сабабли қурилиш ишлари сустлашиб қолганди. Депутатимиз туман прокуратураси ва туман ҳокимлиги мутасаддиларига мурожаат қилиши натижасида мавжуд аҳволни қайта кўриб чиқиб, масалага ойдинлик киритишга муваффақ бўлинди. Туман молия бўлимидан яна 200 миллион сўм миқдорда маблағ ажратилиб, янги ўқув йилига мактаб биноси битказилиб, ўқувчиларга топширилиши режалаштирилди.
Ё.Холияров бошчилигидаги ишчи гуруҳ тумандаги “Хўжасоат” ва “Обшир” МФЙларда ҳам сайловчилар билан мулоқот олиб боришди.
Аҳоли билан мулоқотлар жараёнида мазкур ҳудудларда узумзорлар сув танқислигидан нобуд бўлаётганлиги маълум бўлди. Айни кунда иккала ҳудуднинг жами 2000 гектар очиқ ер майдони бўлиб, шундан 350 гектари томорқа хўжалиги майдони ҳисобланади. Томорқа учун бериладиган сув барча хўжаликни қамраб ололмаётганлиги сабабли қўшни Денов туманидаги “Ҳазарбоғ” каналидан қувурлар орқали сув келтириш зарурати бор. Бу муаммо республика миқёсида ўрганиладиган масала эканлиги боис депутатимиз марказдаги мутасадди раҳбарларга мурожаат қилди. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан 3 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредит ажратилиши учун тегишли иқтисодий асослаш ҳужжатларини тайёрлаш бўйича туман ҳокимлигидан масъуллар белгиланди.
“Корсаган” МФЙда томорқа ерларини суғориш учун сув тақчиллигини бартараф этиш бўйича туман ирригация тизими раҳбарлари билан ҳамкорликда мазкур маҳаллани ҳам “Ҳазарбоғ” каналидан сув келтиришга мўлжаллаб барпо этиладиган сув қувурига улаш учун зарур ҳужжатлар тайёрланадиган бўлди. Узумзорлар, томорқа экинларига тез фурсатда сув етказиш, расмиятчиликка доир ҳужжатларни кечикмасдан тайёрлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Шўрчи туманидаги “Лайлакхона” МФЙда яшовчи Э.Элмуродов электр тўловлари учун туман электр тармоқлари корхонаси томонидан унга 1 миллион 560 сўм ноқонуний қарздорлик чиқарилганидан депутатга шикоят қилди. Депутат аралашгач, муаммо туман прокуратураси томонидан ўрганилиб, қарздорлик асоссиз эканлиги аниқланиб, бекор қилинди. Худди шунингдек, “Шалдироқ” МФЙда яшовчи фуқаро О.Кенжаевнинг электр энергияси учун аввалдан тўлаб қўйган маблағини туман электр тармоқлари корхонаси тан олмаётганлиги тўғрисидаги мурожаатини Ё.Холияров мутахассислар ва МИБ ходимлари иштирокида ўргангач, муаммо фуқаро фойдасига ҳал этилди.
“Қултепа”, “Ҳурлик” МФЙларда сайловчилар билан суҳбат чоғида ушбу қишлоқларни боғловчи 8 километрлик автомобиль йўли таъмирталаб эканини баён қилишди. Депутат туман ободонлаштириш бошқармаси раҳбарияти билан фикрлашгач, йўлни таъмирлаш туманнинг жорий йил иккинчи ярим йиллик иш режасига киритилди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳудудий кенгашлари матбуот котиблари хабарлари асосида
Д.МАТКАРИМОВА тайёрлади.
 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Андижонда Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгашининг 2019 йил якунлари муҳокамасига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди. Танқидий руҳда...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров Тошкент шаҳридаги “Чорсу” бозорида с...
01 янв 1970
Ҳаётда шундай одамлар бўладики, улар ўзларининг фидокорона меҳнатлари билан эл орасида обрў-эътибор топади. Абдуқаҳҳор Аҳмедовни воҳада ҳамма т...
01 янв 1970
Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, фуқаролар учун муносиб меҳнат шароити яратиб бериш ҳар бир халқ ...