Жиззахга қўноқлар келди

/
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга расмий ташрифидан сўнг икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик, яхши қўшничилик, қардошлик ва ўзаро алоқалар барча соҳаларда фаоллашмоқда. Жумладан, 12-13 июнь кунлари Қозоғистон Республикасининг Жамбил вилояти ҳокими Карим Кокрекбаев бошчилигидаги делегация Жиззах вилоятига ташриф буюрди. Меҳмонларни Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Узоқов бошчилигида вилоят фаоллари қарши олди. Делегация аъзолари дастлаб вилоят марказидаги Жиззах олимпия захиралари коллежида бўлишди.
Делегатлар “Баркамол авлод — 2017” спорт мусобақаларининг республика босқичига мезбонлик қилган коллежда ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун яратилган шароитлар билан таништирилди. Спортчи ва мураббийлар билан суҳбатлар ўтказилди. Шундан сўнг Қозоғистон делегацияси Жиззах шаҳридаги тадбиркорликка кўмаклашиш марказига борди. Бу ерда уларга мазкур муассасанинг ишбилармонларга хизмат кўрсатиш, маслаҳат бериш ҳамда уларнинг муаммоларини ҳал этиш билан боғлиқ имкониятлари ҳақида маълумотлар берилди.
— Юртингизда тадбиркорларга яратилган имкониятларни қизиқиш билан ўргандим ва очиғи, ҳавасим келди, — дейди делегация аъзоси Мақсад Несенбоев. — Гўшт ишлаб чиқаришга ихтисослашган чорвачилик хўжалигим бор. Келгусида вилоятингиз ишбилармонлари билан ҳамкорликни йўлга қўймоқчиман.
Меҳмонлар Жиззах политехника институтида ҳам бўлди. Ташриф доирасида олий ўқув юртининг илмий ва ишлаб чиқариш салоҳияти акс этган кўргазмани томоша қилишди. Ўқув ва лаборатория хоналари, талабалар томонидан тайёрланган илмий ишланмалар, конструкторлик лойиҳалари кўздан кечирилди. Ёшлар илмий тадқиқотлари тўғрисида делегация аъзоларига сўзлаб беришди.
Қозоқ делегацияси Жиззах шаҳридаги Хотира хиёбонига ҳам ташриф буюрди. Улар томонидан Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди. Иккинчи жаҳон уруши қурбонлари хотирланди. Шу куни меҳмонлар учун концерт дастури уюштирилиб, ўзбекча ва қозоқча ўланлар, айтимлар ҳамда достонлардан парчалар янгради. Ташриф ҳудуддаги “Дўстлик уйи”да давом этди. Вилоятдаги миллий-маданий марказлар фаолияти учун яратилган шароитлар муносиб эътирофини топди.
Делегация учун кейинги манзил Шароф Рашидов туманининг “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги икки қаватли уйлар ҳамда икки сотих майдонга эга тураржойлар бўлди. Республикамиз раҳбарининг “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича барпо этилган ушбу бинолар уларда илиқ таассуротлар қолдирди.
Меҳмонлар “Жиззах” эркин иқтисодий зонасидаги бир қатор корхоналарга ҳам ташриф буюрди. Жумладан, улар енгил ва юк автомашиналари, микроавтобуслар ҳамда қишлоқ хўжалиги техникалари учун йилига 1 миллион дона аккумулятор ишлаб чиқариш имконига эга Жиззах аккумулятор заводида кечаётган технологик жараёнлар билан таништирилди. Шунингдек, “Roison home good white”, “Ecoclimat”, “Жиззахпластекс”, “Сангзорпарранда” каби қатор корхоналарда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар меҳмонларнинг қизиқишига сабаб бўлди.
— 2016 йилда Ўзбекистон ҳудудлари ва Жамбил вилояти ўртасидаги товар айланмаси миқдори 34 миллион АҚШ долларини ташкил этган, — дейди Жамбил вилояти ҳокими Карим Кокрекбаев. — Бу рақамни 2015 йил билан қиёсласак, 28 фоиз ўсиш кузатилганлигини кўрамиз. Вилоятимиздан юртингизга сабзавотлар, буғдой, маккажўхори, кунгабоқар ёғи, фосфат, кальций, натрий, трифосфат каби маҳсулотлар экспорт қилинган. Ўзбекистондан эса ҳўл ва қуруқ мевалар, қандолатчилик маҳсулотлари, минерал сувлар, трикотаж ва бошқа матолар, травертин каби қурилиш маҳсулотлари олганмиз. Ҳамкорлигимиз кучайиб бораётгани икки давлат ўртасидаги товар айланмасининг янада ортишидан дарак. Айни вақтдаги сафаримиз жиззахлик ишлаб чиқарувчилар билан янги алоқалар ўрнатилишига омил бўлади.
Ташрифнинг иккинчи кунида ўзбек ва қозоқ корхоналари ўртасида ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етказиш бўйича экспорт шартномалари, битимлар имзоланди. Бир сўз билан айтганда, учрашувларда дўстлик ва ишбилармонлик руҳи ҳукмрон бўлди. Қозоғистонликларнинг юртимизга ташрифи кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрига саёҳат билан ниҳояланди.
Муқимбой ИСМОИЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб олий ўқув юртлари талабалари ўртасида...
01 янв 1970
Касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёшларни тўла ишга жойлаштириш муаммолигича қолмоқда....
01 янв 1970
Инсон тоза ҳаводан нафас олиш, тинч-хотиржам яшашга ҳақли эканини исботлашга асло ҳожат йўқ....
01 янв 1970
Одамларнинг оғирини енгил қилиб, уларни эзгуликка, бунёдкорликка ундай олган депутат кўпчиликнинг ишончига сазовор бўлади....