Назорат — тарбия воситаларидан бири

/
Олтинкўл туманида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга доир профилактика тадбирлари аниқ режа асосида ташкил этилмоқда. Бу борада ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан бирга маҳаллий Кенгаш депутатлари, ташкилотлар, жамоатчилик вакиллари фаол қатнашмоқда.
Маҳаллалар ва хонадонларда соғлом маънавий муҳит, ёшлар тарбияси мавзусидаги тадбир доирасида “Далварзин” маҳалла фуқаролар йиғини милиция таянч пункти инспекторлари билан аҳоли хонадонларида бўлиб, фуқаролар билан суҳбатлар ўтказилди. Мулоқотлар чоғида жамиятда қонун устуворлиги, адолат, тинчлик-осойишталик ва тотувликни сақлаш умуминсоний қадриятларимизнинг асоси эканлиги таъкидланди. Узоқ муддат хорижда бўлиб қайтган фуқаролар билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Аҳолига тадбиркорлик ишларига кўмак бериш мақсадида яратилган имкониятларнинг аҳамияти ҳақида тушунчалар берилди.
“Сафаробод” маҳалласи аҳли билан бўлган учрашувда вояга етмаган ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ноқонуний равишда чет давлатларга ишлаш учун чиқиш ҳолатларига чек қўйиш каби масалаларга эътибор қаратилди. Ота-оналар ва ёшлар билан яқиндан мулоқотлар олиб борилди, юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш, ўз қобилиятларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш борасида қилинаётган ишлар, мавжуд қулайликлар ҳаётий мисоллар билан тушунтирилди. Айни вақтда хорижий давлатларда ишлаётган 4 нафар фуқаро оиласига қайтарилиб, уларни ишга жойлаштириш чораси кўрилмоқда.
Марҳамат туманида профилактика куни муносабати билан белгиланган вазифалар доирасида 22 та тарғибот гуруҳи иш олиб бормоқда. Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни ташкил этилаётган тадбир жараёни туман ҳокимлигининг мажлислар залидаги йўриқномадан бошланади. Шундан сўнг маҳаллалар ва таълим муассасаларида иш олиб борилади.
Таълим муассасалари ва маҳаллаларда фирибгарлик, ўғирлик, оғир тан жароҳати етказиш каби жиноятларнинг олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар амалга оширилди. 1052 та хонадонда яшовчи 1387 нафар фуқаролар билан суҳбат ўтказилди. Хорижда ишлаш учун 52 нафар узоқ муддатга кетганлар, хорижда узоқ муддат бўлиб қайтган 26 нафар фуқаролар қайд этилди, ҳуқуқбузарлик содир этган 31 нафар фуқаро билан қонун доирасида иш олиб борилмоқда.
— Қўрғонтепа туманидаги “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли билан юзма-юз ташкил этилган мулоқотлар иштирокчилар учун манфаатли бўлди, — дейди Андижон вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси катта инспектори, майор Мирзоҳид Мамиржонов. — Шунингдек, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ўқишга бўлган муносабатини яхшилаш, бу борада ота-она, ўқув муассасаси ва маҳалла фаолларининг ҳамкорлигини кучайтириш хусусида ўзаро келишиб олинди. Қўрғонтепа иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида ўрганиш кунида 122 нафар ўқувчи сабабсиз дарс қолдиргани аниқланди. Ота-оналар билан суҳбатлар натижасида улардан 48 нафари шу куннинг ўзида дарсларга жалб этилди. Бу айни вақтда уларнинг масъулиятини оширади, албатта.
— Фарзандим Хўжаобод тиббиёт коллежида таҳсил олади, — дейди Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи Дилфуза Собирова. — Ўқишга бироз кечикса, ўқитувчиси дарҳол қўнғироқ қилиб, сабабини суриштиради. Уйга вақтида келмаса, устози билан телефон орқали боғланаман. Шу тариқа фарзандимнинг ўқишга бўлган муносабати тўғри шаклланди. Назорат — тарбиянинг бир бўлаги, деб биламан. Ёшлар тарбиясида ўқув муассасаси ва оила ҳамкорлигини кучайтириш муҳим. Қолаверса, бу борада ота-оналар масъулиятини ошириш керак. Зеро, ўғил-қизларимизнинг таълим олиб, етук мутахассис бўлишидан, энг аввало, биз, ота-оналар манфаатдормиз.
Бир сўз билан айтганда, профилактик тадбирлар фуқароларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Акбаржон НАЗАРОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Умумтаълим мактабларида 11 йиллик таълимга қайтиш ғояси илгари сурилгач, бу ғояни тезлик билан рўёбга чиқаришга киришилди....
01 янв 1970
— Мен 2010 йил уйланиб, 2015 йил март ойида ажрашдим. 2012 йили квартира сотиб олган эдим....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан ХМТ ўртасида изчил мулоқот олиб борилаётганлиги тегишли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни такомиллаштиришга ...
01 янв 1970
Сўнгги йилларда республикамизнинг иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳасида энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларида...