Узоқ кутилган қонун қабул қилинди

/
Сўнгги йилларда республикамизнинг иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳасида энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 1 мартдаги “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва 2015 йил 5 майдаги “2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги қарори, 2017 йил 26 майдаги “2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги қарори соҳани ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда. Ушбу муҳим ҳужжатлар доирасида республикамизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди ва оширилмоқда.
Жумладан, энергия самарадорлиги ва энергиянинг қайта тикланувчи манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича республика комиссияси ташкил этилди, Тошкент шаҳрида Қуёш энергияси халқаро институти фаолият кўрсата бошлади; Осиё тараққиёт банки кўмагида Ўзбекистонда қуёш энергетикасини ривожлантиришнинг “йўл харитаси” ишлаб чиқилди; республикамизнинг қатор вилоятларида қуёш фотоэлектрик станцияларини қуриш бўйича лойиҳалар тайёрланмоқда.
Шу билан бирга, юртимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини, айниқса, қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланишда қулай географик-иқлим шароити, қуёш панеллари учун зарур бўлган элементларга бой мавжуд табиий рудалари, шунингдек, мамлакатимизда яратилган илмий ва иқтисодий салоҳият соҳани саноат даражасида ривожлантиришга кенг имкон яратади.
Бироқ шу пайтга қадар соҳани ривожлантиришнинг хуқуқий асосларини белгилаб берувчи яхлит қонун бўлмаганлиги сабабли соҳанинг ривожи бугунги кунда жаҳон тенденциясидан орқада қолаётганлиги кузатилди. Кўрилаётган амалий чора-тадбирларга қарамасдан, бугунги кунда мамлакатимизда мазкур салоҳиятнинг атиги 0,3 фоизи ўзлаштирилган, холос.
Яқинда Олий Мажлис томонидан қабул қилинган ва куни кеча мамлакатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун ушбу соҳани жадал ривожлантириш учун ҳуқуқий асос вазифасини бажаради.
Таъкидлаш жоизки, мазкур қонун миллий ва халқаро амалиётни чуқур ўрганиш асосида ишлаб чиқилди ва мумкин қадар ҳаволаки нормалардан холи тарзда, тўғридан-тўғри ишловчи нормалар билан тўлдирилган ҳолда қабул қилинди.
Қонунга мувофиқ соҳадаги давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари белгилаб берилган, унда қайта тикланувчи энергия манбалари ва улар қурилмаларини ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш асосий йўналишлардан бири сифатида мустаҳкамлаб қўйилган.
Қонунда давлат бошқаруви органларининг соҳани ривожлантиришга оид ваколатлари мустаҳкамланиб, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги бу борада махсус ваколатли орган сифатида белгилаб қўйилди.
Қонун нормалари билан энергия ва қурилма ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқлаштирилди. Бунда электр энергиясини ишлаб чиқарувчиларга нафақат ягона энергетика тармоғига уланиш орқали сотиш, балки ўз локал тармоғи орқали реализация қилиш ҳуқуқлари ҳам берилмоқда. Бу, айниқса, асосий энергия тармоқларидан йироқда жойлашган ҳудудларни узлуксиз энергия билан таъминлашда қўл келади.
Соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида алоҳида моддаларда рағбатлантирувчи ва қўллаб-қувватловчи нормалар ўз аксини топди. Хусусан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр ва иссиқлик энергияси ва биогаз ишлаб чиқаришнинг ўзига хос хусусиятлари аниқлаштирилди.
Қонунга мувофиқ, қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан ортиқ бўлган) ўрнатганлик учун мол-мулк солиғини тўлашдан ҳамда ушбу қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан ўн йил муддатга озод этилади.
Қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчилар давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан беш йил муддатга солиқнинг барча турларини тўлашдан озод этилади.
Амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар эгалигидаги мол-мулкка қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан уч йил муддатга жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиғи солинмайди.
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан шахсий эҳтиёжлар учун электр энергияси ишлаб чиқарилган тақдирда рухсат берувчи ҳужжатлар олиш талаб этилмайди.
Қонунда шу каби қатор рағбатлантирувчи нормалар ўз аксини топган. Албатта, қонуннинг жойларда самарали татбиқ этилиши мамлакатимизда қайта тикланувчи энергетика соҳасини жадал ривожлантириш, соҳага миллий ва хорижий инвестициялар оқимини кўпайтириш, қўшимча иш ўринларини яратиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, пировардида аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Маълумки, ушбу қонунни қабул қилиш ғояси “Адолат” СДП ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан анча йиллардан бери тарғиб қилиб келинаётган эди. Зеро, биз мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш, иқтисодиётни ва унинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашни жадаллаштириш, саноатнинг қайта ишлаш тармоқларини ривожлантириш билан ҳамоҳанг равишда саноатнинг барча тармоқларида энергия сарфини камайтиришга, айниқса, келажак энергияси ҳисобланаётган қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга катта эътибор қаратиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Чунки бутун республика иқтисодиётини таъминлайдиган электроэнергия манбасининг катта қисми фақатгина қазиб олинадиган ёқилғи ҳисобидан олиниши нафақат иқтисодиётга, балки атроф-муҳитга ҳам жуда катта зарар етказувчи омил ҳисобланади.
Шу боис Ўзбекистон “Адолат” СДП ва унинг фракцияси “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни қабул қилишни тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Қонун мамлакатимиз миллий хавфсизлигининг ажралмас қисми бўлган иқтисодий, энергетик ва экологик хавфсизликни таъминлаш имконини беради. Энг муҳими, энергия олиш мақсадларида сарфланаётган углеводород ресурсларини келажак авлодлар учун тежаш ҳамда ушбу ресурсларни ёқиш жараёнида атроф-муҳитга етказилаётган салбий таъсирни камайтиришга олиб келади. Бундан ташқари, қонун Ўзбекистон Республикасининг табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро шартномалардаги мажбуриятларининг бажарилишини таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳар бир оилада фарзандларнинг соғлом туғилиши ва баркамол бўлиб вояга етиши, аввало, оналарнинг соғлиғи билан узвий боғлиқ...
01 янв 1970
Бизга маълумки, шартномалар хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги иқтисодий муносабатларни тартибга солишда асосий ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади....
01 янв 1970
2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили
01 янв 1970
Ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда рўй бераётган жадал ислоҳотлар ва янгиланишлар жараёнида ушбу савол ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда....