Ўйиндан ўт чиқмасин

/
Халқимизда “Бир болага етти маҳалла ота-она”, деган мақол бор. Мана шу биргина мақолнинг ўзи ҳам фарзанд тарбияси биз учун нечоғлик муҳим эканини англатади. Одатда, маҳалла аҳли, айниқса, нуроний отахону онахонларимиз кўча-кўйда нобоп хатти-ҳаракат қилаётган бола олдидан ҳеч қачон бепарво ўтиб кетишмайди, шу заҳотиёқ танбеҳ бериб, тўғри йўлга солишади. Ўша бола панд-насиҳатларига қулоқ тутмаса, бу ҳақда ота-онасини, ўқитувчиларини хабардор қилишади.
Яқинда ғалати манзарага гувоҳ бўлдим: йўловчилар ўтадиган йўлак ёнида тамаддихона жойлашган экан. Унинг олд томонидаги эшикдан хўрандалар кириб-чиқиб турибди. Ҳаво совуқлигига қарамасдан, тамаддихонанинг ташқи томонида тўрт-беш бола ерга мукка тушганча, қўлларидаги телефонга термилиб ўтирибди. Уларга ҳеч ким эътибор қаратмайди: на йўловчилар, на тамаддихона ходимлари. Хўш, шу тобда болакайлар телефоннинг ичига кириб кетгудай бўлиб нималарни томоша қилишаяпти экан? Елкаларига осиб олган сумкаларига қараганда, ўқув машғулотларини тугатиб, мактабдан қайтишаётгани аниқ. Унда нега уйларига тезроқ бора қолишмайди? Ота-оналари кутиб, хавотир олиб ўтиргандир, ахир.
Барчамизга маълумки, таълим муассасаларида дарсдан чалғимаслиги учун ўқувчиларга қўл телефонидан фойдаланиш тақиқланган, зарур ҳолатлардагина рухсат этилади. Лекин ҳозир гап бунда эмас, гап тамаддихона ҳудудида, шу жумладан, болалар ўтирган жойда интернетга бепул кириш имкони — “Wi-fi” зонаси мавжудлигида экан. Мана, совуқ суяк-суякларидан ўтса-да, қоринлари таталаб кетса-да, уйларига борганда ота-оналаридан кечиккани учун дашном эшитишларини билса-да, уларни нима тамаддихона ёнига михлаб қўйгани ойдинлашди.
Бу болалар интернетдан қай тарзда фойдаланишмоқда, нимани излаб, нимани топишмоқда? Ушбу саволга жавоб бериш мушкул, албатта. Ваҳоланки, ота-оналар фарзанди смартфон, планшет ёки компьютерда қандай ўйинлар ўйнаётгани, ижтимоий тармоқларда кимлар билан мулоқот қилаётганидан хабардор бўлиши лозим. Чунки ҳар томонлама қулай замонавий коммуникация воситалари айнан фарзанд тарбияси борасида қатор муаммоларни ҳам келтириб чиқараётгани бугун ҳеч кимга сир эмас.
Донишманд Шарқда азал-азалдан болалар учун мўлжалланган ўйинларга шунчаки эрмак эмас, ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий жиҳатдан соғлом улғайишида муҳим восита сифатида қаралган. Аслида ҳам бундай ўйинлар болаларнинг ақлий қобилияти ривожланишида, жисмонан эпчил ва бақувват бўлишида жуда асқотади.
Қўл телефони ёки компьютердаги баъзи ўйинлар эса, бунинг тамоман акси, улар ёвузлик, шавқатсизлик, зўравонлик каби иллатларни болаларга очиқдан-очиқ тарғиб қилиб, тобора хавфли тус, фожиавий кўриниш олмоқда.
Ёвуз ниятли кимсалар турли воситалар, жумладан, ўйин ниқоби остида ҳали суяги қотмаган, дунёқараши тўлиқ шаклланиб улгурмаган, шу боис оқни қорадан, қорани оқдан унчалик фарқлай олмайдиган болаларнинг мурғак қалбига ўз қарашларини сингдиришга уринмоқдалар, “Ўйиндан ўт чиқади” қабилида иш тутиб, уларнинг соғлиғига, ҳаётига хавф солмоқдалар.
Мисол учун, хорижий ОАВда «ўлим гуруҳлари» (“Синий кит”, “Море китов”) деб ном олган гуруҳлар ижтимоий тармоқлар орқали асосан мактаб ёшидаги болаларни ўзларига жалб қилишмоқда. Ушбу гуруҳларга қўшилган аъзолар турли топшириқларни бажариб, уни видеога олиши ва намойиш қилиши шарт. Масалан, баданига бирон тиғли жисм билан турли тасвирлар чизиш ёки юқори тезликда кетаётган автомобиль олдидан югуриб ўтиш каби… Мазкур ўйинлардаги «топшириқлар» босқичма-босқич мураккаблашиб бориб, охир-оқибат боланинг ўз жонига қасд қилиши билан тугаши кўпчиликка маълум. Шартларни бажаришдан бош тортган болалар эса оила аъзолари ҳаётига таҳдид солиш билан қўрқитилиши ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Бугун ўз тақдирини ўзгалар қўлига топшириш, ўзгаларнинг фикри билан ҳаракат қилиш аксарият ҳолларда ота-она эътибори, меҳридан четда қолган болаларда учраётгани, улар реал ҳаётда топа олмаганини виртуал оламдан излаётгани ачинарли, албатта.
Буни қаранг-ки, ота-оналарнинг фарзандларига ортиқча меҳр кўрсатиши, уларнинг барча истакларини муҳайё қилиши ҳам болаларнинг компьютер ва интернетга тобе бўлиб қолишига, виртуал оламга кириб кетишига олиб келар экан.
Руҳшуносларнинг таъкидлашича, асосий вақтини компьютер олдида ўтказадиган ўсмирлар уни бу оламдан олиб чиқишга бўлган ҳар қандай уринишга нисбатан ғазаб билан муносабат билдиришар экан.
Мисол учун, Россиянинг Челябинск вилоятида 15 ёшли Антон Ш. исмли ўсмир ота-онасини пичоқлаб қўйган. Бунга онасининг унга ҳадеб компьютер ўйнаб ўтиравермасдан дарс қилишини буюргани сабаб бўлган, холос.
Компьютер ўйинларига маҳлиё бўлган ўсмир борлиқни унутади, фаол ҳаётдан узоқлашади, ҳаттоки овқатланиш, ўзига қараш, дам олиш, табиий эҳтиёжлари учун сарфлаш лозим бўлган вақтини ҳам ўйинга бағишлайди. Иш ёки ўқиш билан банд бўлган чоғида ҳам почтасини, ижтимоий тармоқдаги саҳифасини кўришга вақт топади.
Виртуал олам таъсирига тушиб қолган болаларда лоқайдлик, бепарволик, ташқи оламдан узилиш, худбинлик каби ҳолатлар кузатилади. Энг ёмони, бу уларнинг саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Хусусан, асабий ва тажоввузкор бўлиб қолади. Компьютер ўйинлари ва интернетдан фойдаланишга ҳаддан ортиқ ружу қўйиш аянчли оқибатларга олиб келиши эса аллақачон ўз исботини топиб улгурган.
Мутахассисларнинг фикрича, ўсмирларнинг интернетдан фойдаланишини чеклаш билан муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Шунинг учун кўпроқ машғулотлар билан банд қилиш орқали уларни компьютердан узоқлаштириш тавсия этилади. Турли спорт машғулотлари, тўгараклар, мусиқа дарслари, уй юмушлари бу борада энг яхши восита ҳисобланади.
Ота-оналар фарзандларига кўпроқ эътибор қаратиши, юриш-туришидан хабардор бўлиши, ўзларининг иш, кундалик ташвишларидан ортиб, жигарбандларининг ўқиши, дўстлари, орзу-умидлари билан қизиқиши мақсадга мувофиқ.
Мухтасар қилиб айтганда, глобаллашув жараёни шиддат билан кечаётган бугунги кунда инсон тафаккури маҳсули бўлмиш компьютер технологиялари ва интернетдан ёвуз мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари кузатилаётган экан, бу таҳдид, бу тажовуздан жондан азиз фарзандларимизни асрашимиз, ҳар биримиз доим огоҳ ва ҳушёр бўлишимиз талаб этилади.
Суюндик МАМИРОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 575 нафар фуқаро мазкур фармонга мувофиқ афв этилди....
01 янв 1970
Самарқандлик қурувчилар томонидан замонавий турар жой бинолари барпо қилиш, кўркам боғ ва сайилгоҳлар бунёд этиш бўйича 2200 дан ортиқ мукаммал лой...
01 янв 1970
Мамлакатимиз иқтисодиёти бозор қонунлари асосида жадал тараққий этаётир.
01 янв 1970
Баъзан оддий бир қўшиқ ҳам инсон қалбига илҳом бахш этиши, кўнгилларда бир олам туйғуларни жўш урдириши мумкин экан....