Бугунидан ҳам эртаси порлоқ

/
Ўзбекистон бундан 25 йил муқаддам ўз мустақиллигини қўлга киритганидан сўнг, умрини ўтаб бўлган мустабид, маъмурий-буйруқбозлик тизимидан воз кечиб, “ўзбек модели” деб ном олган ўз тараққиёт йўлини танлаб олди.
Маълумки, собиқ тузум даврида юртимиз фақат пахта етиштиришга ихтисослаштирилган аграр республика эди. Мамлакатимиз ун, картошка, тухум, шакар каби асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳатто, оддий ош тузини ҳам четдан олиб келишга мажбур эди. Ўзбекистон жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича собиқ иттифоқда 12-ўринда, истеъмол моллари ишлаб чиқариш, асосий турдаги маҳсулотларни истеъмол қилиш жиҳатидан энг охирги ўринларда турарди.
Бугун мустақил тараққиёт йилларида осон кечмаган йўл босиб ўтилди, 25 йил давомида амалга оширилган ислоҳотлар ўзининг улкан натижасини бераяпти, халқимизнинг фидокорона меҳнати эвазига эришилаётган ютуқ ва марраларимиз дунё жамоатчилиги томонидан тан олинмоқда, ислоҳотларимиз самараси яққол кўзга ташланмоқда.
Дунёнинг етакчи хорижий компаниялари Ўзбекистондаги шароит ва имкониятлар асосида келажакка ишонч билан ўз сармояларини автомобилсозлик, нефть ва газ кимёси, маиший электроника, фармацевтика, юқори технологияларга асосланган озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати каби соҳаларга киритмоқда.
Хусусан, бу борада қанчалик кенг кўламли ва йирик лойиҳалар амалга оширилаётганлигини Жанубий кореялик инвесторлар билан ҳамкорликда Сурғил кони негизида барпо этилган қиймати 4 миллиард долларлик Устюрт газ-кимё мажмуаси мисолида ҳам кўриш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, маҳаллий хомашё — табиий газни қайта ишлаш бўйича йирик газ-кимё комплексида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг (полимер материаллар) 90 фоиздан зиёди экспорт учун мўлжалланган. Мажмуанинг ишга туширилиши йилига 83 минг тонна ноёб полипропилен маҳсулотини ишлаб чиқариш имконини беради. Ҳолбуки, бу маҳсулот илгари мамлакатимизга четдан, катта валюта эвазига олиб келинар эди. Айни вақтда мазкур корхона полиэтилен ишлаб чиқариш ҳажмини 3,1 баробар кўпайтириш ва мингдан зиёд юқори малакали мутахассисларни иш билан таъминлаш имкониятини яратди.
Мамлакатимиз темир йўл тизимида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳам нафақат юк ва йўловчи ташиш сифатини юксалтиришга, балки халқимиз турмуш фаровонлиги, юрт равнақига хизмат қилмоқда. Мустақиллик иншоотларидан бири саналган, жорий йилда хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда ишга туширилган “Ангрен—Поп” электрлаштирилган темир йўл линияси ва унда бунёд этилган 19 километрлик туннел ноёблиги бўйича ер юзидаги 3 мингдан ортиқ ўхшаш лойиҳалар ичида 8-ўринни эгаллайди.
Бундай мисолларни энергетика тизими бўйича ҳам келтириш мумкин. Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида барпо қилинаётган, қуввати 1800 мегават бўлган “Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси” ишга туширилиши катта тарихий воқеа бўлиб, у Фарғона водийси вилоятларининг электр энергиясига эҳтиёжини тўлиқ қоплаш имконини бериши билан аҳамиятлидир.
Қашқадарё вилоятидаги Толимаржон иссиқлик электр станциясида жорий йилнинг декабрь ойида иккинчи энерго блокнинг 2 та буғ-газ трубинаси ишга туширилиши ва қўшимча 900 мегават электр энергияси ишлаб чиқарилиб, мавжуд қувват 2 баробардан кўпроқ ошиши кутилмоқда.
Мустақиллик йилларида ишга туширилган йирик саноат корхоналари, коммуникация тармоқлари ҳисобидан бугунги кунда Ўзбекистон саноати тез суръатлар билан ривожланаётган, аҳоли турмуш даражаси тизимли равишда яхшиланаётган мамлакатлар қаторидан ўрин олмоқда, шу қисқа даврда мамлакатимиз иқтисодиёти 6 баробар, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 12 баробардан зиёд ошди. Республикамиз иқтисодиётида саноатнинг улуши 34 фоизни ташкил қилиб, экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улуши 70 фоиздан ошгани мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг ижобий натижасидан далолат беради.
Муваффақиятларимизнинг яна бир жиҳати, бу халқаро миқёсда катта нуфузга эга бўлган Жаҳон иқтисодий форуми рейтингига кўра, Ўзбекистон 2014-2015 йиллардаги ривожланиш якунлари ва 2016-2017 йилларда иқтисодий ўсиш прогнозлари бўйича дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой олганида яққол намоён бўлади.
Абдуғани УМИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Ислоҳотлар самараси: халқаро ҳамжамият эътирофи
Халқимиз бу йил Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик қутлуғ санасини тантанавор ҳамда унутилмас қилиб ўтказиш учун катта тайёргарлик кўрмоқда. Шу билан бирга, мамлакатимизнинг мустақилликка эришгандан кейинги ривожланиш босқичларини таҳлил этиш баробарида биз қандай ютуқларга эришганимиз ва ислоҳотлар самарасига баҳо бериш имкониятига эга бўламиз.
Таъкидлаш лозимки, ўтган давр мобайнида мамлакатимиз мустақил суверен давлат сифатида дунёдаги мустақил давлатлар орасида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди ва энг асосийси – ўзининг ички ва ташқи сиёсатини мустақил юритадиган давлатга айланди. Буни давлатимиз дунёнинг етакчи хорижий мамлакатлари билан дипломатик алоқаларни йўлга қўйганлиги ва ривожлантираётганида, шунингдек, қатор халқаро ташкилотлар билан узвий ҳамкорлик алоқаларини олиб бораётганлигида кўришимиз мумкин.
Ҳозирги кунда жаҳон ҳамжамияти мамлакатимиз томонидан олиб борилаётган тинчликсевар ташқи сиёсатнинг самарали эканлигини, унинг минтақавий ҳамда глобал муаммоларни ҳал этишдаги муҳим аҳамиятини таъкидлаб келишмоқда. Айниқса, давлатимизнинг тинчликпарвар сиёсати, халқаро муносабатларда юзага келиши мумкин бўлган барча тортишувларни тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган ғоя ва ташаббуслари, минтақадаги мамлакатлар билан ташқи сиёсатини ҳамкорлик ва дўстлик руҳида олиб бориши қатор ривожланган давлатларнинг таниқли олим ва сиёсий арбоблари томонидан ҳам қўллаб- қувватланаётгани ҳаммамизни қувонтиради.
Ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистоннинг тинчликсевар ташқи сиёсий фаолияти келажакда мамлакатнинг жаҳон сиёсий саҳнасидаги нуфузини янада юқори даражага олиб чиқишга замин яратади.
Шуни фахр билан қайд этиш керакки, бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси нафақат нуфузли олимлар ҳамда сиёсий арбоблар томонидан, балки жаҳоннинг нуфузли рейтинг агентликлари томонидан эълон қилинадиган ривожланиш кўрсаткичларида ҳам юқори поғоналарда ўз аксини топмоқда.
Жумладан, Жаҳон иқтисодий форуми томонидан 2015 йилда эълон қилинган рейтингда иқтисодиёти энг тез ривожланаётган давлатлар орасида мамлакатимиз 5-ўринни, яқинда БМТ кўмагида АҚШнинг Колумбия университети социологлари томонидан ўтказилган «Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари» мавзусидаги тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон 158 мамлакат орасида 44-ўринни, МДҲ мамлакатлари ўртасида эса биринчи ўринни эгаллаганлиги ёки бўлмаса Жаҳон банки томонидан эълон қилинган, харид қобилияти бўйича ҳисобланиб, ялпи ички маҳсулот ҳажмига қараб аниқланадиган иқтисодий ривожланиш борасидаги янгиланган рейтингда Ўзбекистон дунёнинг 190 та давлати орасида 66-ўринни эгаллади.
Энг асосийси – бугун дунё мамлакатларида кечаётган қалтис вазият, муросасизликлар, қонли тўқнашувлар сони ошиб бораётган бир вақтда мамлакатимизнинг ҳар қандай таҳликали вазиятда ҳам аҳоли фаровонлиги йўлида ўзининг қатъий ривожланиш йўлини танлаб олганлиги ва бу йўлдан оғишмай бораётганлиги алоҳида эътиборга молик. Буни АҚШдаги Гэллап институти ижтимоий фикрни ўрганиш маркази томонидан “Қонуний тартибларга итоат қилиш индекси” мавзуида 2015 йилда ўтказилган тадқиқот натижалари рейтингида Ўзбекистон фахрли 2-ўринни эгаллагани ҳам яққол кўрсатиб турибди.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, мамлакатимиз эришаётган ютуқ ва марралар бугун халқаро ҳамжамият томонидан ҳам тан олинмоқда, ушбу ютуқларнинг самараси ўлароқ, давлатимиз халқаро майдонда ҳам ўзининг қатъий ўрнига эга бўлди.
Акмал БУРХАНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси
 
Тараққиёт барқарор, ҳаёт фаровон
Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигини кенг нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилаётган нурафшон кунларда истиқлол — энг олий неъмат экани ҳақидаги фикр ҳар бир юртдошимиз кўнглидан ўтаётгани айни ҳақиқат.
Сабаби, собиқ тузум даври асоратлари эсимиздан чиқиб улгургани йўқ. Совет давлати ҳали ўзининг ҳукмронлик кучини йўқотмаган, унинг репрессив сиёсати давом этаётган, «пахта иши» деган туҳмат, сунъий равишда ўйлаб топилган сиёсий кампания пайтида қанчадан-қанча одамлар ноҳақ қамалган, тазйиқ ва таъқибларга учраган, халқимиз ўртасида тушкунлик, эртанги кунга ишончсизлик кайфияти, қўрқув ва ваҳима кучайган бир пайтда ана шундай ўта оғир, умумий инқироз ҳаётнинг ҳамма соҳаларини тўлиқ қамраб олган таҳликали шароитда мустақилликка эришиш масаласи кун тартибига қатъий қўйилиши чин маънода тарихий ҳодиса эди.
Ўз фаолиятимдан мисол. Буйруқ кутиш билан вақт ўтказардик. Шахсий ташаббус рағбатлантирилиш ўрнига жазоланарди. Баъзида миллий қадриятларимизга путур етказадиган ҳар хил вазифалар, режалар белгиланарди. Уларни қай тартибда бажариш устида бош қотиришнинг ўзи азоб эди. Бунинг устига Гдлян, Иванов сингари кимсаларнинг таъсири шаҳарлардан тортиб, узоқ-узоқ қишлоқларгача етиб борганди. Уларнинг қаттол иш услуби натижасида вилоят, шаҳар ва туманлар, йирик ташкилотларнинг раҳбарлари, қишлоқларда ҳам раҳбар ходимлар ишдан олинган ҳамда уларнинг аксарияти жиноий жавобгарликка тортилганди.
Ишлаб чиқарувчи кучлар ва аввало, саноат объектлари асосан стихияли равишда, аниқроғи, ҳар хил ўзбошимчалик, буйруқбозлик билан қабул қилинган қарорлар асосида, кўпинча илм-фан вакиллари, билимли ва обрўли мутахассисларнинг тавсиялари мутлақо эътиборга олинмай жойлаштириларди. Бу эса республика иқтисодиёти ҳамда аҳоли яшаш пунктларининг экологиясига катта зиён бериб, аҳолининг ҳаёт кечириши учун шарт-шароитларни янада оғирлаштириб юборди.
Ўзбекистон собиқ иттифоқ таркибида узоқ йиллар давомида ҳукм сурган маъмурий-буйруқбозлик тизими таъсирида фақат хомашё етказиб беришга асосланган, қолоқ ва мўрт иқтисодиётга эга бўлиб, бу ҳолат республика аҳолиси даромадлари ва турмуш даражасига кескин таъсир кўрсатди.
Истиқлол арафасида мамлакатимиздан олиб чиқиб кeтилаётган бойликларнинг 70 фоизини фақат хомашё ташкил қилар, чeтдан эса 70 фоиз тайёр маҳсулот олиб кeлинар эди.
Собиқ тузумга 25 йил беридан туриб назар ташларкансан, халқимиз нечоғлик қийин шароитда, инсон шаъни топталган, қадри қолмаган бир даврда яшаганига амин бўласан киши. Бугун эришаётган ютуқларимизни кечаги кун билан солиштириб кўриш эса турмуш тарзимиз, ҳаётга муносабатимиз буткул ўзгарганини кўрсатади. Энди биз қадр топдик, ҳақ-ҳуқуқларимизга қадрият сифатида қарала бошланди. Кимнинг иқтидори, салоҳияти бўлса, уни намоён этиш имконига эга бўлди. Тадбиркорликни уддалай олсак, ҳукумат барча ҳуқуқларимизни дунёнинг ҳеч бир давлатида бўлмаган шароитда кафолатлаб қўйди.
Энди аввалгидек фақат бойнинг боласи ўқийди, камбағалнинг боласи кетмон чопади, деган гаплар эртакка айланди. Умуман, жамиятнинг ўзи бой-камбағалга ажратилмайдиган бўлди. Меҳнат қилган одам рағбат кўриб, эл орасида обрў-эътибор топаяпти. Аввалгидек меҳмон келса, дастурхонга нима қўйиш ҳақида эмас, бунча ноз-неъматни дастурхонга қандай сиғдириш ҳақида ўйлаб қоладиган бўлдик.
Аввалгидек рўзғорнинг муштини болаликдан елкамизга олаётганимиз йўқ. Ҳозир болаларимиз ҳақиқий болаликни ҳис қилиб, кўриб улғаймоқда. Бемалол ўқиб, тил ўрганаяпти, санъат, спорт соҳасида юқори натижалар кўрсатаяпти. Собиқ тузум пайтида жаҳон аренасида зафар қучган спортчини вилоят миқёсида ҳам топиш мушкул эди. Ҳозир ҳар бир қишлоғимизда чемпион топилади.
Масалан, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини олинг. Буларнинг барчаси халқимизнинг, фарзандларимизнинг янада яхши яшаши, фаровон умр кечириши учун хизмат қилади.
Руйиддин РАУПОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қашқадарё вилоят кенгаши раиси вазифасини вақтинча бажарувчи
 
Мамлакат қудратининг тимсоли
Халқимиз энг улуғ, энг азиз байрам — мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигини нишонлаш арафасида турибди. Чорак аср — кўҳна тарих учун аслида бир лаҳза. Лекин шу давр мобайнида Ўзбекистон босиб ўтган йўлни, эришилган натижаларни кўз олдимизга келтирсак, оламшумул ишлар амалга оширилганини яна бир бор яққол англаймиз.
Энг муҳими, қисқа фурсатда халқимизнинг бебаҳо азалий қадриятлари, дину диёнати, миллий ўзлиги қайта тикланди. Халқимиз ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш имкониятига эга бўлди.
Улкан ютуқларга эришиш осон бўлмаганини ҳам барчамиз яхши биламиз. Чунки тараққиёт йўлидаги турли тўсиқ ва қийинчиликларни, етишмовчилик, бошқа оғир ва машаққатли синовларни енгиб ўтишга тўғри келди. Мана шу жараёнларда юртдошларимизнинг дунёқараши, меҳнатга, ҳаётга муносабати ўзгариб, сиёсий онги, ижтимоий фаоллиги, ён-атрофдаги воқеаларга дахлдорлик ҳисси тобора кучайиб бораётганлиги ҳам айни ҳақиқат.
Бундай дейишимга сабаб, касбим шифокор бўлгани учун ҳар куни кўпдан-кўп кишилар билан мулоқот қиламан. Шунда ўн, йигирма йил олдинги суҳбатларнинг мазмун-моҳияти ёдимга тушади. Одамларнинг мамлакатдаги улуғвор ишлардан хабардорлиги қувончли, албатта. Қолаверса, уларда ғурурланиш ҳисси кучлилиги, эндиликда Ўзбекистон бошқа давлатлардан кам эмаслигини ҳамма англаб етганлиги ҳам диққатга сазовордир.
Раҳбар ва фаол жамоатчи сифатида кундалик матбуотни синчиклаб кузатиб бораман. Кейинги ойлар ичидаги муҳим воқеаларни юқоридаги фикрларимга далил сифатида келтирмоқчиман. Май ойида Президентимизнинг “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Янги олий ўқув юрти миллий маънавиятимиз равнақига хизмат қиладиган ташаббусларни юзага чиқаришда катта ўрин тутиши шубҳасиздир. Шу орқали муқаддас она тилимиз янада тараққий топади, адабиёт инсонлар қалбида баландроқ чўққиларни забт этади. Қадимий ва бой тарихимизни чуқурроқ ўрганиш, унинг ажойиб саҳифаларини кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этишнинг янги имкониятлари вужудга келади.
Июнь ойида жаҳон жамоатчилигининг эътиборини қозонган яна бир воқеа — Тошкентда ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитидир. Мамлакатимиз пойтахтида ўтказилган бу тадбир жаҳонда ушбу йилнинг энг муҳим сиёсий анжуманларидан бири сифатида тан олинмоқда. Айниқса, Ўзбекистонга минтақанинг сиёсий ўсиши ва иқтисодий ривожланиши маркази сифатида қизиқиш кучайганлиги муҳим аҳамиятга эга. Тошкент саммитида қабул қилинган ҳужжатлар ташкилотга аъзо барча давлатларнинг тараққиёти учун янги имкониятлар эшигини очади.
Шу ўринда ўтган ойда юз берган яна бир қувончли воқеанинг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти хусусида ҳам тўхталиб ўтиш лозим, деб ўйлайман. Мен бу ўринда денгиз сатҳидан 2 минг 200 метр баландликда жойлашган Қамчиқ довони бўйлаб қурилган “Ангрен—Поп” электрлаштирилган темир йўл линиясининг барпо этилганлигини назарда тутаяпман. Амалга оширилган ишларнинг ҳажми улканлигидан далолат берувчи кўплаб рақамларни келтирмоқчи эмасман. Чунки бу ҳақда матбуотда кўп ёзилди. Бундан буён замонавий электр поездлари одамларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилади. Яна бир эътиборли жиҳат шуки, бу йўл Хитой—Марказий Осиё—Европа янги халқаро транзит темир йўл коридорининг энг муҳим бўғини вазифасини бажаради.
Биз юқорида келтирган маълумотлар, таъбир жоиз бўлса, дарёдан бир неча томчи холос. Вақт ўтган сайин истиқлолнинг қадри ва қудрати ошиб бораверади. Чунки мустақиллик юртимизни илгариги қолоқ, иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли даражада авж олган аграр ўлкадан бугунги кунда изчил тараққий этиб бораётган замонавий индустриал мамлакатга айлантирди. Буни ҳеч биримиз, ҳеч қачон ёддан чиқармаслигимиз даркор.
Абдували МАВЛАНОВ,
халқ депутатлари
Наманган вилояти кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси,
Норин туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи
 
Тарихий давр имкониятлари
Юртимизнинг бир-биридан обод манзиллари, янгиланаётган шаҳару қишлоқлари мустақилликнинг буюк имкониятларини яққол намоён этмоқда. Истиқлол улуғ ишларга қодир халқимизнинг яратувчилик иштиёқини юксалтириб юборди.
Ўтган қисқа вақт давомида вилоятимизда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, қишлоқ инфратузилмасини тубдан янгилашга хизмат қилаётган намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган уй-жойлар одамларимизнинг ҳаёт тарзига ҳам ўзгариш олиб кирди. Вилоятимизда бунёд этилган 1901 та бир-биридан шинам ва кўркам намунавий турар жой бинолари фуқароларга замонавий қулайликлар яратиши билан бирга қишлоқларга янада кўрк бағишлади. Эътиборли жиҳати, қурилиши тугалланаётган массивларда умумтаълим мактаби, қишлоқ врачлик пункти, болалар ўйингоҳи, алоҳида гузар, ижтимоий инфратузилма объектлари ҳам барпо этилаётгани қишлоқ қиёфасини тубдан ўзгартириб, шаҳарлардагидан қолишмайдиган гўзал масканга айлантирмоқда. Давлатимиз раҳбарининг “2015—2019 йилларда Гулистон шаҳрида дренаж тизимини янада такомиллаштириш, мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ер ости сув сатҳини камайтириш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш тўғрисида”ги фармойиши шаҳарда кенг миқёсдаги бунёдкорлик саъй-ҳаракатларига асос бўлди.
Шу аснода, аввало, ер ости сув сатҳини пасайтиришга эътибор қаратилиб, сизот сувларини темир йўл ва автомобиль йўли остидан олиб ўтиш учун “ВС-13” ва “ОК-1” коллекторларида дюкер қуриш ишлари ниҳоясига етказилди. Шаҳардан оқиб ўтувчи “Дўстлик” каналининг туби ва қияликлари замонавий технологиялар асосида тайёрланган, нам ўтказмайдиган бетон қоришма билан қопланди. Натижада кўп йиллардан бери аҳолини ўйлантираётган зах кўтарилиши муаммоси барҳам топиб, шаҳарнинг экологик ҳолати яхшиланмоқда.
Гулистон шаҳрини тубдан қайта қуриш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Йилдан-йилга янги уй-жойлар, гўзал иншоотлар, таълим муассасалари, корхоналар бинолари қад ростламоқда. Тегишли дастурга кўра, 10 та автомобиль йўли ҳамда темир йўл устидан ўтувчи шимолий кўприкни икки баравар кенгайтириш, шаҳардаги тоза ичимлик суви, электр ва газ тармоқларини ривожлантириш борасида ҳам жадал ишлар олиб борилаяпти.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бунёдкорлик жараёнларида, ҳар бир соҳага татбиқ этилаётган туб ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишда Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзолари, партия фаоллари ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келишмоқда. Ҳудудларнинг ҳар томонлама тараққий этишида партия депутатлари, ҳар бир маслакдошимиз ўзини масъул, деб билмоқда. Мамлакатимиз таянчи бўлган ёшларга партиямиз ҳал қилувчи куч сифатида қарайди. Хусусан, “ёш адолатчилар” орасида Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорларидан икки карра жаҳон чемпиони Дилбар Холжигитова эришган марралар ёшларга катта ибрат бўлаётгани, иқтидорли ёшлардан Маҳзуна Абдурасулова ва Нодира ўозиевалар ўз тенгдошларига намуна кўрсатиб фаолият олиб бораётгани қувонарлидир.
Зеро, мамлакатимизнинг интеллектуал иқтидорли ёшлари халқаро миқёсларда эришаётган ютуқлари қисқа даврда биз ўзимизни ривожланган мамлакатлар билан қиёслашимизга имкон берди. Албатта, буларнинг барчаси юртимизда ёш авлоднинг жисмонан соғлом, руҳан тетик, интеллектуал жиҳатдан етук бўлиб камол топиши, ҳар томонлама билим олиши ва касб эгаллаши учун барча имкониятлар яратилганлигининг самарасидир.
Дарҳақиқат, истиқлол нақадар улуғлигини англаб яшаётганимиз, ҳар бир юртдошимиз мустақилликни мустаҳкамлаш учун улуш қўшишга интилаётгани, тинчлик-осойишталикни қадрлаганимиз туфайли юксак тараққиётга эришаётганимизни ҳаётнинг ўзи тасдиқламоқда.
Валижон ТЎЙЧИЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жиззах шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан мамлакатимиз вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўткази...
01 янв 1970
Юртимизда ёши улуғ инсонлар, меҳнат фахрийларига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келинади. ...
01 янв 1970
Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари сайловига Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам қизғин тайёргарлик кўрмоқд...
01 янв 1970
Ҳар бир юртдошимизнинг орзу-истаги эркин ва фаровон ҳаёт кечириш, обод ва мустақил Ватан равнақига ҳисса қўшишдан иборат. ...