Оёқ остида... реклама бу — асфальтга расм чизиш дегани эмас

/
Мантиқан қараганда, ҳеч ким айнан асфальтда акс эттирилган одам оёғи изларидан қадамлаб юриб, дўкон, дорихона ёки хизмат кўрсатиш шохобчасига кириб бормайди. Шундоққина пешлавҳасига ёзиб қўйилган бўлса, яна ерда матн битиб, белги чизиб, ишора қилишга қандай зарурат борлигини тушуниб бўлмайди.
Нимаям дердик, киши диққат-эътиборини тортиш, шу орқали кўплаб харидорларни жалб этиш мақсадида хусусий тадбиркорлик субъектларининг уддабурон вакиллари (савдо дўкони, маиший хизмат кўрсатиш ёки умумий овқатланиш шохобчаси ва ҳоказо) қандай-қанақа ноанъанавий усулларни ўйлаб топмайди, дейсиз. Улардан баъзи бирлари изланиб, вақтини йўқотмасдан, ўйланиб, бошини оғритмасдан бу борада синовдан ўтган хориж маркетинги намунасини кўчириб олиб, амалга татбиқ этаётганини табиий ҳол, деб билишади.
Умуман олганда, четдан кириб келаётган нафақат маркетинг кўринишлари, балки урфлар, русумлар ҳам қанчалар жозибали бўлиб туюлмасин, биринчи навбатда, улар, аввало, миллий қадриятларимизга, маънавиятимизга, ёшлар тарбиясига нечоғлик таъсир этишига эътибор қаратсак, фойдадан холи бўлмайди, албатта. Бугунги кунда реклама деганлари биз билган анъанавий оммавий ахборот ва тарғибот воситалари — телевидение, радио, газета-журнал, қўл телефони, интернет тармоғи, кўчаларга ўрнатилган катта-кичик баннерлар, чорраҳалардаги рангли мониторлардан тошиб, йўлакларга ҳам чиқа бошлаганини барчамиз кўриб, билиб турибмиз.
...Қишнинг қаҳратон кунида қайноққина бир финжон қаҳва, ёзнинг жазирама саратонидан эса бежирим идишда муздеккина минерал сув харид қилишга ундаш — ўринли таклиф. Қайноқ қаҳва инсон танасига иссиқлик олиб кирса, муздай сув чанқоқни босади. Ажабланарли томони шундаки, бундай реклама эълонларидан воқиф бўлиш учун хориждаги истеъмолчилар қаҳвахона ёки дўконга кириши ҳам, ён-атрофига кўз югуртириши ҳам шарт эмас. Ўзлари яшаётган шаҳар кўчаларидан кета туриб, оёқлари остида... буғ таратиб турган қаҳва, музлаган минерал сув тасвири пайдо бўлади. Истаса, тўғрироғи, қорни очиқса, бирон егулик, айтайлик, хот-дог қаерда сотилишини ҳам асфальтга чизилган расмидан билиб олишар балки... Балки аввал суратни босиб ўтиб, сўнгра уни тановул қилишар... Бу кўриниш асфальтдаги реклама, деб номланиб, тобора оммалашиб, маҳсулотлар (хизматлар) тарғиботининг алоҳида муҳим тармоғига айланиб улгургани ҳам бор гапдир...
Бизда эса азал-азалдан ейиладиган таом ҳам, ичиладиган сув ҳам қадрланади. Гарчи ердаги сурати бўлса-да, уларни оёқ билан босиб ўтиш... йўқ, бунга оилада олган тарбиямиз асло йўл қўймайди. Қани, у ёғи нима бўларкан, деб жим кузатиб тураверсак ҳам бўлмайди. Чунки, асфальтдаги рекламада бугун қаҳва, эртага минерал сув акс этса, индамасак, орадан маълум вақт ўтиб, улар ёнида егулик, ота-боболаримиз ушоғини кўзга суртган азиз неъмат — нон тасвири пайдо бўлмаслигига ким кафолат беради?
Тор доирадаги шахсий манфаатни кўзлаб реклама эълонларини туширишдан олдин аждодларимиз йўл-йўлакларга қандай муносабатда бўлганини, мисол учун, йўловчилар ўтишига халақит бермасин, деб йўлда ётган шох-шабба, тошларни бир четга олиб қўйганини ва бу савобли иш эканини ёд этсак, балки шаштимиздан қайтармиз. Ахир йўл-йўлаклар кўпчиликнинг мулки саналади, шу боис уларни бузишга ҳам, чиқинди ташлаб ифлослантиришга ҳам, қолаверса, реклама эълонларини ўзбошимчалик билан жойлаштиришга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Таассуфки, ёмғирдан сўнг чиққан қўзиқориндек пайдо бўла бошлаган бунақа хусусий эълонлар тегишли назорат ташкилотлари эътиборидан четда қолиб келаяпти, шекилли, аста-секин шаҳримиз кўчаларида болалаб, кўпайиб борамоқда. Мисол учун, “Минор” метро бекатидан Тошкент ирригация ва мелиорация институти томонга юрсангиз, шундоққина йўлакда пайдо бўлиб қолган ажабтовур манзарага кўзингиз тушади. Асфальтда тўрт бурчак квадратга олиниб, ичига оқ бўёқда инглиз тилида қуйидаги сўзлар битилган: “MONROE NIGHT KARAOKE CLUB”. Микрофон ушлаб қўшиқ айтаётган қизнинг тасвири ва таклиф этилаётган хизматга мурожаат қилиш учун телефон рақами ҳам бор бу эълонда. Телефон рақами ўз йўлига-ку, лекин келишгангина қизининг чиройли юзига бемалол оёқ қўйиб ўтаётган йўловчиларни кўриб, тўғриси, ёқамизни ушлаб қўя қолдик...
Шаҳардаги гавжум кўчада бир муддат тўхтаб, йўлакка туширилган реклама матнини қоғозга ёзиб олиш ноўнғай. Чунки, бошқа йўловчиларнинг ҳаракатига халақит беради. Буни таклиф эгалари билмайдими, билади, албатта. Майли, “KARAOKE”ни қўятурайлик, ахир ҳамма ҳам қўшиқ айтавермайди. У ҳолда айнан шу йўлакдан яна тўрт-беш қадам юришга тўғри келади. Нега дейсизми? Бу гал асфальтда “Elegance. ШТОРЫ, ЖАЛЮЗИ. ФОРМА ОПЛАТЫ ЛЮБАЯ” эълонига дуч келамиз. Биринчисидан фарқли ўлароқ, иккинчисида сариқ бўёқ ишлатилган. Албатта, мурожаат учун телефон рақами ҳам ёзиб қўйилибди. Чилонзор савдо марказига етмасдан катта чорраҳа ёнида жойлашган тўрт-бешта дорихона қаршисидаги йўлакда эса бир неча жойга кетма-кет “За здоровьем сюда” сўзлари худди муҳрдек босилган, улар ичидан бўёққа ботирилган ялангоёқ одам излари чиқиб, тўғри дорихоналарга кириб кетаверади. Бунақа афсальтда акс этган реклама кўринишидаги эълонларни асосан савдо мажмуалари, хизмат кўрсатиш объектлари тиғиз жойлашган, бир сўз билан айтганда, йўловчи серқатнов кўчаларда учратиш мумкин. Негаки...
Шу ўринда, кундалик ҳаётимизда алоҳида ўрин тутаётдиган реклама хусусида тўхталиб ўтсак: муайян тадбиркорлик фаолияти (ишлаб чиқариш, савдо-сотиқ ёки хизмат тури) ривожланиши учун бир қатор омиллар, жумладан, рекламанинг роли муҳим бўлиб, у сотувчи ёки ишлаб чиқарувчини истеъмолчи билан боғловчи восита вазифасини бажаради. Реклама — бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олиш мақсадида юридик ёки жисмоний шахслар, маҳсулот, шу жумладан, товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва технологиялар тўғрисида ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай воситалар ёрдамида қонун ҳужжатларига мувофиқ тарқатиладиган махсус ахборот ҳисобланади.
Мутахассисларнинг фикрича, тадбиркорлар томонидан рекламага сарфланган маблағ бир неча ўн баробар бўлиб қайтар экан. Чунки, кўпчилик истеъмолчиларда рекламани кўриб ва эшитгандан сўнггина ушбу маҳсуот (хизмат)га қизиқиш уйғонаркан. Бу ҳолат дунёдаги барча истеъмолчиларда кузатилади. Экспертлар томонидан ўтказилган сўровнома натижасига кўра, АҚШ фуқароси ҳар куни мингга яқин реклама эълонларини қабул қилиб, улардан доимий равишда фойдаланади. Францияда эса аҳолининг 83 фоизи реклама роликлари орқали тарғиб этилаётган маҳсулотларни сотиб олар экан.
Қонунийлик, аниқлик, ишончлилик, истеъмолчиларга зарар, шунингдек, маънавий зарар етказмайдиган шакллар ва воситалардан фойдаланиш рекламага доир асосий талаблар саналади.
Дунё миқёсида асфальтдаги рекламага нисбатан эҳтиёткорона ёндашув шаклланганини айрим давлатлар қонунчилигида маълум чекловлар белгиланганидан ҳам билиб олиш мумкин. Айниқса, йирик мегаполисларда шаҳар маъмурияти томонидан кўчаларни тоза-озода сақлаш, улар кўркига доғ туширмаслик мақсадида оёқ остидаги реклама матнлари ва тасвирларига қарши кескин чоралар қўлланилади. Масалан, Россия Федерациясида рекламанинг бу тури қонун билан ман этилган. Қонунни бузган шахслар катта миқдорда жаримага тортилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонуни мамлакатимизда рекламани тайёрлаш ва тарқатиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади. Қонунинг асосий вазифаларидан бири — рекламанинг давлат ва жамоат манфаатларига, ахлоқ ва маънавиятнинг умумэътироф этилган нормаларига, юридик ва жисмоний шахсларнинг ишчанлик обрўсига, атроф-муҳит ҳолатига тажовузидан ҳимояланиш чораларини таъминлашдир. Ушбу қонуннинг 20-моддасига биноан, ташқи рекламага алоҳида махсус конструкцияларда, тахталавҳаларда, экранларда, биноларда, иншоотларда, йўл чеккаларида, кўча ёритгичларининг таянчлари ва ҳоказоларда жойлаштириладиган реклама киради. Ташқи рекламани жойлаштириш тартиби маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида белгиланади. Муайян шахс эгаллаб турган бинонинг ташқи томонида, бинога кириш жойида шу шахс тўғрисида жойлаштирилган ёки мазкур шахснинг маҳсулоти ҳақида шу бино витринасидаги ахборот (пешлавҳа) реклама деб ҳисобланмайди ва бунинг учун маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг рухсатини олиш талаб этилмайди. Лекин бу пешлавҳани исталган жойга, ҳатто, оёқ босиладиган йўлакка ёзиб қўйиш мумкинлигини англатмайди.
Бугунги кунда реклама ахбороти нафақат товар ва хизматларни бозорда сотиш учун қулай восита, балки мамлакат иқтисодиётининг истиқболида ҳамда жамоатчилик фикрининг шаклланишида алоҳида аҳамият касб этаётган экан, реклама эълонлари, ёзув ва турли ахборотларни оёқ остидаги асфальтга жойлаштириш қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида жиддий мулоҳаза юритсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки, оёқ остидаги реклама, бу — асфальтга расм чизиш дегани эмас.
Суюндик МАМИРОВ,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимиз тарихан қисқа муддатда катта ютуқларни қўлга киритди.
01 янв 1970
Фуқаро Д.Шерматова Самарқанд шаҳридаги давлат корхонасида ишлайди. Ҳар ой маошидан коммунал хизматлар учун тўловларни ўз вақтида амалга оширади....
01 янв 1970
Арафа кунлари, Янги йил, 8 март ёки Наврўз айёми бўладими, қавму қариндош, ака-ука, опа-сингил, дўст-биродарларимизни йўқлаб, шодлигига шодлик қўши...
01 янв 1970
Одам савдоси бугунги кунда дунё халқларини ташвишга солаётган жиддий муаммолардан бирига айланди. ...