Асосий мақсад — жиноятчиликнинг олдини олиш

/
Пайшанба — “Профилактика куни” деб эълон қилиниши республикамизнинг барча вилоят, шаҳар ва туманларидаги маҳаллий ҳокимликлар, маҳалла маслаҳатчилари, ички ишлар органлари, прокуратура ходимларининг жамиятда хавфсизлик ва жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар ҳушёрлиги ва огоҳлигини ошириш, тинчлик, осойишталик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги фаолиятини янада кучайтирди.
Жумладан, пойтахтимизнинг Чилонзор тумани ички ишлар органларининг давлат ва жамоатчилик тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлигида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолияти самарали амалга оширилмоқда. “Профилактика куни” муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар доирасида давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари маҳаллаларда, таълим муассасалари ҳамда корхона ва ташкилотларда аҳоли билан яқиндан суҳбатлашиш, айниқса, профилактика инспекторлари томонидан ўзи бириктирилган ҳудудда содир этилган жиноятлар тўғрисида берилган кунлик маълумотларни таҳлил қилиш, ҳар бир жиноятни маҳаллада кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама этиш амалиёти жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитнинг янада соғломлашишига замин яратмоқда. Бинобарин, маҳалла-кўй, қўни-қўшнилар, кенг жамоатчилик ўртасида ўтказиладиган муҳокамалар натижасида ҳуқуқбузар ёки жиноятчи ўз хатти-ҳаракатидан уялади, афсус чекади, ўз қилмишининг ижтимоий оқибатини тўлиқ англаб етади.
Ўтказилаётган тадбирлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, жиноятчиликнинг олдини олишда нафақат маҳалла маслаҳатчилари, профилактика инспекторлари, балки шу маҳаллада истиқомат қилаётган фуқароларнинг ҳушёрлиги, сергаклиги ва ўзаро ҳамжиҳатлиги ҳам муҳим ўринга эга. Жумладан, “3-Чарх Камолон” маҳалласи, Муқимий кўчасидаги уйларнинг бирига эгалик қилувчи М.Салимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўз хонадонида фоҳишахона ташкил этилишига йўл қўйган. М.Салимовнинг хонадонига енгил табиатли аёллар ва бегона шахсларнинг келиб-кетиши маҳалладаги зийрак ва сергак фуқароларнинг эътиборидан четда қолмаган. Фуқаролар ўз тахмин ва гумонларини маҳалла инспекторига маълум қилишган ва натижада ҳуқуқбузар қилмишига яраша жазосини олди.
Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни кучайтириш мақсадида тумандаги таълим муассасаларида “Давомат” тадбирлари ўтказилиб, ўқув машғулотларига келмаётган ўқувчи-талабалар ҳамда уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашилмоқда, фарзандининг ўқув муассасасига мунтазам келишини таъминламаётган ота-оналарга нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилмоқда. Ёшлар, айниқса, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича барча профилактик тадбирлар амалга оширилиб келинаётганлигига қарамасдан, айрим жойларда тарбияси оғир, дарсларга мунтазам равишда қатнашмайдиган болалар иштирокида алоҳида гуруҳлар ташкил этиш, ўзлари билан ўткир тиғли ва инсон ҳаётига хавф етказиши мумкин бўлган совуқ қуроллар, жумладан пичоқ, ханжар, бигиз ва кастетларни олиб юриш ҳолатлари учраётгани ачинарлидир. Шу боис “оила-маҳалла-таълим муассасаси” тамойили асосида йўлга қўйилган ҳамкорликни янада кучайтириш, юксак технологиялар асрида камол топаётган болалар билан ишлашда янгича тарбия усули ва услубларини қўллаш давр талаби эканлиги айни ҳақиқат.
Жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар ҳамда фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ўтказилаётган “Паспорт-виза” махсус профилактик тадбирлари ҳам кенг жамоатчиликнинг эътиборини тортмоқда. “Дўмбиробод”, “Катта Дўмбиробод”, “Гавҳар”, “Наққошлик” маҳаллаларида ўтказилган тадбир жараёнида 22 та кўп қаватли турар жойлардаги 980 та хонадонда ўрганишлар олиб борилди. Бу жараёнда ўз турар жойларини ижарага берувчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказишга жиддий эътибор қаратилди. Тадбир доирасида 3 нафар уй эгаларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 223-моддаси 3-қисми, вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилиб келаётган 55 нафар фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 223-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий жазо чоралари қўлланилди.
Хулоса қилиб айтганда, амалга оширилаётган тадбирлар, аҳоли ўртасида ўтказилаётган учрашув ва суҳбатлар биз, ички ишлар органи ходимларига юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлаш, инсонлар хотиржамлигини таъминлашдек мураккаб, айни вақтда шарафли вазифани бажариш учун бор билим ва салоҳиятимизни ишга солишимиз лозимлигини яна бир бор чуқур ҳис этиш имконини бермоқда.
Тоҳир Рихсиев,
Чилонзор тумани ИИБ ХООБ бошлиғи ўринбосари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Шафқатсиз экстремизм ва терроризмнинг тарқалиши бутун дунёда хавфсизликка рахна солмоқда. ...
01 янв 1970
Инсоннинг яқин дўстлари орасида мактабда бирга ўқиган тенгдошлари бўлиши табиий. ...
01 янв 1970
Халқимизда ота бўлиш осон, аммо оталик қилиш қийин, деган нақл бежиз айтилмаган. ...
01 янв 1970
Бугунги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, ИИВ ва ДХХ томонидан амалга оширилмоқда....