Социал-демократлар Ҳукумат тепасида

/
Социал-демократлар Ҳукумат тепасида
 
“BBC» хабарига кўра, Финландия транспорт вазири Санна Марин 34 ёшида мамлакат бош вазири бўлди.
 
Мариннинг номзодини унинг  партияси – социал-демократлар ҳукумат раҳбарлигига илгари сурган. У истеъфога чиққан бош вазир Антти Ринненинг ўрнини эгаллайди.
 
Якшанба куни Санна Марин партиялар раҳбарлари ўртасида ўтказилган овоз беришда энг кўп овоз йиғди, амалдаги ҳукумат раҳбари Ринне иккинчи ўринни олди.
 
2015 йилдан буён Финландия парламенти аъзоси бўлиб келаётган сиёсатчи 5 нафар аёл раҳбарлигидаги 5 та партиядан иборат коалицияга раҳбарлик қилади.
 
Маълумки, расмий Ҳельсинки йил охирига қадар Европа Иттифоқига раислик қилади ва Европа ҳамжамиятининг янги бюджети ишлаб чиқилишида асосий роль ўйнайди.
 
Марин Ҳельсинкида туғилган. Тампере университетида сиёсий фанлар бакалаври даражасини олган, 27 ёшида шу шаҳар кенгаши раисига айланган. Шундан сўнг у социал-демократлар партиясига аъзо бўлиб, партия раисининг биринчи ўринбосари даражасига кўтарилган. У 2015 йилги сайловда парламентдан жой олиб, 2019 йил июнида транспорт вазири этиб тайинланган эди.
 
Финландиядаги энг йирик нашр – «Helsingin Sanomat» газетаси хабарига кўра, Марин ушбу мамлакат ҳукуматини бошқарадиган учинчи аёл бўлади.
 
Фазогир коинотдан баёнот берди
 
Ҳозирда Халқаро коинот станциясида қолаётган италиялик фазогир Лука Сальво Пармитано Мадридда ўтаётган БМТнинг иқлим бўйича анжумани COP25'да станциядан туриб иштирок этди.
 
Италиялик фазогирнинг айтишича, одамларни бирлаштиришнинг усулларидан бири — «умумий душманни топишдир». «Бизнинг оламни барбод қилаётган биринчи рақамли душман — иқлим ўзгаришлари, ҳароратнинг ошишидир. Бу умумий душмандир ва биз унга қарши бирлашмоғимиз лозим», деб айтган фазогир.
 
У  кўплаб давлатларнинг коинотда муваффақиятли ҳамкорлик қилаётганини «турли оламлар бирлашувига» мисол қилиб келтирган. Фазогирнинг таъкидлашича, у коинот станциясидан сайёрамизда юз бераётган иқлим ўзгаришлари, сентябрда АҚШ­га ёпирилган Дориан довули, тошқинлар оқибатларини ва вулқонлар фаоллашуви олиб келган вайронгарчиликларни кўрган.
 
«Сайёрамизни коинотдан кўрганингда ўзингни қандай ҳис қилишингни сўз билан таърифлаш қийин. Сайёрамиз гўзал. Коинотдан бошқа бирорта нуқтадан кўриб бўлмайдиган деталларни кўриш мумкин, бироқ бу ердан сайёрамизнинг қанчалик ожизлиги ҳам кўринади. Сайёрамиз ягона. Бизда бошқа сайёра йўқ. Фарзандлар, набиралар келажаги учун бугун нимадандир воз кечиш керак. Бунга соф транспорт, соф энергия, соф ҳаво — буларнинг барчасига технологиялар туфайли эриша оламиз», дейди фазогир.
 
Мадриддаги иқлим бўйича анжуманда 200 дан кўпроқ давлат вакиллари иштирок этмоқда.
 
«Йил одами» «Қария»ларга эмас, «Ёш»ларга
 
«AP» хабарига кўра, швециялик 16 ёшли экофаол Грета Тунберг «Time» журнали томонидан «Йил одами» деб топилганидан «бироз таажжубдалигини» айтди. Ўсмир қиз билан бирга бу номни олиш учун АҚШ президенти Дональд Трамп ва Хитой раиси Си Цзиньпин рақобатчилик қилган.
 
Тунберг айни вақтда Мадриддаги иқлим анжумани СОР25'да иштирок этмоқда. Аввалроқ у «Мақбул ҳаёт тарзи учун» «муқобил» Нобель мукофоти совриндорларидан бири бўлганди.
 
Тунберг «Йил одами» мукофотини атроф-муҳит ҳақида қай­ғурувчи барча ёш фаолларга бағишламоқчилигини айтган. Қиз унинг иқлим ўзгариши муаммосини ҳал қилиш учун бирлашиш чақириғига ниҳоят қулоқ солинаётганига умид билдирган.
 
Журнал ходимлари Гретанинг океан бўйида тушган суратига «Ёшлик кучи» деб изоҳ қолдиришган. Шунингдек, Гретанинг «Биз гўёки эртамиз йўқдек яшашда давом эта олмаймиз, чунки у мавжуд», деб айтган.
 
Швейцарияда янги Президент
 
Швейцария парламенти қўшма мажлисида ҳукумат — Федерал кенгаш аъзолари орасидан 2020 йил учун мамлакат президентини сайлади.
 
Партиялар келган қарорга кўра, атроф-муҳит, транспорт, энергетика ва алоқа вазири Симонетта Соммаруга президент этиб сайланган.
 
Вице-президент лавозимини иқтисодиёт, таълим ва тадқиқотлар вазири Ги Пармелен эгаллаган. Шунингдек,  4 йиллик муддатга 7 вазир — Федерал кенгаш аъзолари танлаб олинган. Расман мамлакатни бошқариш кенгаш аъзолари томонидан жамоавий тарзда амалга оширилса-да, улардан ҳар бири навбати билан президент лавозимини эгаллайди.
 
«NCR» корпорацияси
 
Каламазу дарёсини ифлослантирди
 
АҚШ Адлия вазирлиги «NCR» корпорацияси Мичиган штатидаги Каламазу дарёсини кўп йиллар давомида ифлослантиргани учун 245 миллион АҚШ доллари тўлайди, деди ўз  баёнотида.
 
Гап 1970 йиллардан бошлаб юз берган ифлослантириш ҳақида бормоқда. Ўшанда қоғоз ишлаб чиқариш саноати полихлорланган бифениллар сақловчи чиқиндиларни оммавий равишда дарёга ташлаган. Бу моддалар тез йўқолмайдиган органик ифлослантирувчилар гуруҳига киради.
 
«NCR»  дарёнинг 130 километрлик қисмини тозалаш учун 135,7 миллион доллар ва қўшимча харажатлар учун АҚШ атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлигига 76,5 миллион доллар тўлайди. Бундан ташқари, 27 миллион доллар дарёни муҳофаза қилиш жамиятига, 6 миллион доллар штат ҳукуматига тўланади.
 
Интернет хабарлари асосида тайёрланди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Дунёда шундай одамлар бўладики, уларнинг ички дунёсини билиш ўта мураккаб иш: касб ёки мансабда, сиёсатда ёки тижоратда эришган ютуқлари, ибратли и...
01 янв 1970
“BBC» хабарига кўра, Финландия транспорт вазири Санна Марин 34 ёшида мамлакат бош вазири бўлди....
01 янв 1970
Монмут университети социологлари олиб борган тадқиқотлар натижасига кўра, АҚШ аҳолисининг 41 фоизи мамлакат раҳбари Дональд Трампга импичмент эълон...
01 янв 1970
Май ойининг охирги кунларида Европа давлатларидан бири — Австрияда президент сайлови бўлиб ўтди....