Сирли истеъфонинг сири

/
Дунёда шундай одамлар бўладики, уларнинг ички дунёсини билиш ўта мураккаб иш: касб ёки мансабда, сиёсатда ёки тижоратда эришган ютуқлари, ибратли ишлари, ажабтовур хулқ-атворлари ҳам кўнгил кўчаларини тўла очиб бера олмайди. Йиллар ўтгани сари кўп нарсалар ойдинлашади, янги-янги маълумотлар, уларни билгувчилар пайдо бўлади, аммо бу билан ҳам иш битмайди. “Сиз кимсиз, жаноб Х” деган савол саволлигича қолиб кетаверади. Америкалик машҳур тижоратчи, миллиардер, саховатпеша филантроп, консерватив қарашларга эга сиёсатдон, 1992 ва 1996 йиллари АҚШ Президентлигига номзод Росс Перо (баъзи манбаларда Перрот деб ҳам ёзилади) шундай сирли инсонлардан бири эди. У шу йилнинг 9 июлида 90 ёшида Далласдаги уйида оламдан ўтди. 
Савдо-сотиқ билан шуғулланиш Перонинг қонида бор эди десак, хато бўлмайди. Аризона штатининг Тексаркана шаҳарчасида истиқомат қиладиган ота-оналари чоққина дўкончаларида (бундай дўкончалар АҚШда ҳозир ҳам жуда кўп) газлама мато сотиш билан шуғулланишган. Росс ёшлигидан бошлаб савдо-сотиққа, мустақил равишда пул топишга қизиқади. Кўпдан-кўп манбаларда айтилишича, Перонинг савдо ишларига хос маҳорати мижоз танлашда ва улар билан музокара олиб боришда намоён бўлган. Унинг таъсирчан оҳангдаги сўзлари, зарур ўринларда қатъиятли фикрлаши, вазиятни реал таҳлил қила олиши кўп ҳолларда икки томонлама келишувларни оиласи фойдасига ҳал этишга олиб келган.
Перо ҳарбий хизматни ўтаб қайтгач, 1949 йили уйланиб, IBM компаниясининг савдо-сотиқ бўлимида ишлай бошлайди. 1962 йили шу соҳага доир маълумотларни таҳлил қилувчи шахсий EDS компаниясини тузади. Сиёсатга аралашиб, АҚШнинг Вьетнамда олиб бораётган урушига қарши чиқади. Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида Вьетнам ҳукумати билан ҳамкорлик қилади. Уруш даврида асирликка тушган америкаликлар ҳақида маълумот тўплайди ва уларнинг сони ҳукуматнинг расмий ахборотларида келтирилаётганидан анча кўплигини маълум қилади. Бу билан ўзига нисбатан жиддий қизиқиш уйғотади.
1984 йили Перо EDS компаниясини “General Motors» корпорациясига 2,5 миллиард долларга сотиб юборади. Орадан тўрт йил ўтгач, ахборот-технологиялари инфраструктурасини ташкил этувчи янги “Perot Systems” компаниясини тузади ва уни моҳирлик билан бошқаради. Савдо ва ишлаб чиқариш ишлари кутилганидан ҳам юқори даражада юришиб кетади. Орадан бир йил ўтар-ўтмас Dell корпорацияси “Perot System”га харидор бўлиб, уни 3,9 миллиард долларга сотиб олади. Ушбу ва яна шунга ўхшаш кўплаб фактлар Росс Перо савдо-тижорат соҳасида шунчаки оддий олибсотар ёки ҳаваскор бошловчи эмас, АҚШ шароитида узоқни кўра олувчи йирик ишбилармон эканлигини кўрсатади. Перонинг ўзи бу хусусда “Америкада яшашнинг бирламчи шарти — пул топиш санъатини эгаллаш”, деган эди.
Ҳеч ким сиёсатчи бўлиб туғилмайди, албатта, ҳаётнинг ўзи уларни тарбиялаб вояга етказади. Яна бошқа гап ҳам борки, унга кўра, одамлар сиёсатга икки ҳолатда аралашадилар: биринчиси тижорат ишлари фавқулодда юришиб, даромад кўчага чиқиб кетай деганда, иккинчиси — ҳаёт уларни оғир синовларга дучор қилганида. Бу фикрнинг қанчалик тўғрилигини аниқ айтиш қийин, аммо 1992 йили миллиардер Перо мустақил равишда ўз номзодини АҚШ Президентлигига қўйганида, кўплар “Ҳа, шунақа бўлади ўзи”, дейишгани рост. “Бўёқчининг ишига сувоқчи аралашибди-да, охири бахайр бўлсин”, дея ажабланганлар ҳам бўлган. Бундай деяётганимнинг боиси бор, албатта.
1992 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида мени “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг бош муҳаррири сифатида АҚШга таклиф этишди. Машҳур адабиётшунос олим Эдвард Олворт газетамизни “Марказий Осиёдан эсаётган бир қултум тоза ҳаво” деб баҳолаган пайтлар. Колумбия, Оҳайо, Индиана, Медисон, Виржиния университетларида ўзбек тилини ўрганаётган ёшлар билан (улар орасида ёши олтмиш-етмишдан ошган қариялар ҳам бор) мустақил Ўзбекистоннинг илк қадамлари, дастлабки ютуқ-камчиликлари, янги ҳукуматнинг диндорларга ва, айниқса, матбуотга муносабати хусусида ўзбек тилида суҳбатлар ўтказдим, рус тилида расмий маърузалар ўқидим. Ўша кунлари АҚШда навбатдаги Президентлик сайловига саноқли кунлар қолгани боис, учта номзод — катта Буш, Арканзас штатининг ёш губернатори Билл Клинтон ва техаслик миллиардер, мамлакатдан ташқарида номи кўпчиликка деярли маълум бўлмаган Росс Перо телебаҳсларда иштирок этиб, Американинг мамлакат Президенти билан деярли бир хил маош оладиган журналистнинг бири иккинчисидан ўткир саволларига жавоб қайтарар, ҳар бир номзод ўзига ажратилган бир дақиқа ичида режаларини аниқ баён қилиш ҳаракатида эдилар. Сафарим давомида бундай дебатларнинг иккитасига гувоҳ бўлдим. Уларда айтилган баъзи “тишли-тирноқли” фикрлар ҳали-ҳануз қулоғим остида жаранглаб туради.
Маҳаллий матбуотнинг унча якдил бўлмаган фикрича, биринчи дебат арафасида Президентликка номзодларнинг “аҳволи” бир-биридан жиддий фарқ қиларди: амалдаги Президент Бушда етарли даражада сиёсий тажриба бор, аммо у мамлакатни бошқаришда эски қолиплардан, анъанавий усуллардан узоқлаша олмади. “Саҳродаги бўрон” (Қувайтни озод этиш) операцияси ҳаммага ҳам бирдек маъқул келгани йўқ. Бунинг устига, бир учрашувда “Мен карам солинган таомларни унча хуш кўрмайман” дегани кўпдан-кўп университетларнинг карамхўр талабаларига ёқмай, улар карам баргини бошларига соябон қилиб, тенгдошларини республикачи номзодни қўлламасликка даъват этишарди. Росс Перони ёқловчилар унда мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётини ўзгартириш нияти борлигини, яъни икки партиялилик тизимни бекор қилишга бел боғлаганини уқтиришар, учрашувларда “қолип”дан чиқиб кетиб, озроқ масхарабозлик қилишини эса “узоқ кутилган сиёсий янгилик”ка йўйишарди.
Республикачилар демократларнинг номзоди Билл Клинтонни “Оқ уй”га ёш болани қўйиб бўлмайди, адашиб қолиши мумкин”, дея ҳажв қилишдан чарчашмасди. Оҳайо университети биносига кираверишда (1992 йил 12 октябрь) йўлакка Маркс, Ленин ва... Клинтоннинг бир-бирларига елка тутиб турган суратларини ёпиштириб қўйишганини кўрдим. Маъносини сўрасам, демократик партия тарафдорлари бир овоздан “Бу — ярамас республикачиларнинг иши, бундан бошқа яна нима ҳам қўлларидан келарди”, дейишгани ёдимда.
Орадан икки-уч кун ўтгач навбатдаги дебат бошланди. Талабалар билан ҳайҳотдай монитор ёрдамида томоша қилдик. Саҳнада уч номзод: Жорж Буш, ўртада Росс Перо, чеккада хушбичим Билл Клинтон. Баҳсни олиб борувчи журналист ҳар бир кишига жавоб учун бир дақиқа сарфлашини қатъий талаб қилади. Номзодлар регламентни деярли бузишмайди.
Буш ўзини вазмин тутади. Иккинчи муддатга сайланса, яна нималар қилиши мумкинлиги тўғрисида гапиради, “яна” сўзига алоҳида урғу беради. Янги иш ўринларини яратиш, солиқ тизимини ислоҳ қилиш каби умумий муаммоларга тўхтайди. Йўл қўйган хатолари ҳақида ҳеч нима демайди.
Перо ўзини ҳаддан ташқари эркин тутади. Рақибларини менсимайди, улар устидан ошкора кулади. Шундай гапларни айтадики, залда гуррас-гуррас кулги кўтарилади. Ёдимда қолгани: Перо ёш Клинтонга бурилиб қараб, залга дейди: “Мана бу йигитчани кўриб қўйинглар. Президент бўлгилари келиб қолибди. Губернаторликни эплай олмаган бола-я! Мен мамлакатнинг янги раҳбари бўлишига мутлақо қаршиман. Чунки Техасдаги ранчомда яшаётган кучукчам бугунги дунё сиёсатини Арканзас штатининг губернаторидан яхши билади...” Перо ўзининг бу сўзларидан илҳомланиб, кейинги навбатида Бушга қараб дейди: “Шу мункиллаб қолган чол Америкадай қудратли давлатни бошқара оладими? Оқ уйга келиб ўзи нима иш қилди? Ҳеч нима? Ҳаммаёқ расво бўлди. Яқинда Техасда қизимнинг тўйи бўлаётган эди, бушчилар келиб туппа-тузук тўйни бузишди. Мана сизларга номзоднинг кимлиги...”
Бундай баҳсларни биринчи бор кўраётганим учун ўзимча Буш ҳам, Клинтон ҳам навбатлари келганда Перонинг таъзирини беришади, пўстагини қоқишади, “сен ўзи кимсан, алмойи-алжойи гапларинг билан катта сиёсатда нима қилиб юрибсан?” дейишади, дея тахмин қилдим. Аммо... бундай бўлмади. Ҳар иккиси ўзларини гўё унинг ҳақоратомуз сўзларини эшитмагандай, “Агар менга ишонч билдирсангиз...” дея бошлайверишди. Бундан жаҳли чиққан Перо яна авжига чиқди, айтмаган-демагани қолмади. Сайлов натижаларига кўра эса ёш губернатор мамлакатнинг амалдаги раҳбари устидан ишончли ғалаба қозонди. Кузатувчилар ҳозиргача бу ғалабада Клинтондан кўра Перонинг ҳиссаси катта бўлганини урғулашади. Бу фикрга тўла қўшилиш мумкин.
Орадан йиллар ўтиб, мамлакатимизда кўппартиявийлик пайдо бўлганида ўшанда Буш ва Клинтон Росси Перога қараб: “Ҳой, фалончи, сен нималар деб алжираяпсан ўзи, нега мени ҳақорат қилаяпсан?” демаганининг сабабини тушуниб олдим. Оддийгина сабаб экан: ҳар бир кишига бор-йўғи бир дақиқа вақт берилади. Улар шу қисқа имкониятдан унумли фойдаланиш учун ҳам жаҳлдан тийилиб турар эканлар. Иккинчиси, икки юз йилдан ошиқ вақтдан бери дунё харитасининг муҳим стратегик ҳудудини эгаллаб турган ушбу мамлакатда баҳс-мунозара борасида ўзига хос маданият шаклланган бўлиб, бир-бирини кўришга кўзи, отишга ўқи йўқ номзодлар баҳс пайти, гарчи рақибларига шердек ташланишса ҳам, якунда худди ҳеч нарса бўлмагандек, самимий қўл олишиб, бир-бирларига омад тилашлари жуда қизиқ. Бу “удум” ғарб дунёсининг ҳамма эркинликлари ҳам бизга тўғри келавермаслигини англатади. Лавозим нечоғли юқори бўлмасин, инсон шаънини ерга уриш олдида у ҳеч нарса эмас.
1992 йилги Президентлик сайловининг сайловчилар психологияси билан боғлиқ бир муҳим жиҳати бор. Дунё мамлакатларида бўлаётган кўпдан-кўп сайловлар мисолида айтиш мумкинки, баъзан икки номзоддан бирига унинг мутлақо устунлиги учун эмас, танлаш имкониятининг йўқлиги учун овоз берилади. Буни яқин ўтмишдаги эмас, айни шу кунларда бўлаётган сайловлар натижаларида ҳам яққол кўриш мумкин. Ўшанда республикачилардан ҳафсаласи пир бўлган сайловчилар, дастлаб губернатор Клинтонга унча ишонишмади, Жорж Бушнинг Оқ уйда яна тўрт йил ўтиришини эса мутлақо хоҳлашмади. Шу боис, бошланғич сайловларда кўплар сиёсат бозорида кутилмаганда пайдо бўлиб қолган бой ва қизиқчи Росс Перони қўллай бошлади. Унинг ўринли-ўринсиз қочиримлари, ноанъанавий фикрлаши, дангалчилиги ёш сайловчиларга кўпроқ маъқул келди. Буш даври ниҳоясига етаётгандай эди. Кузатувчилар Перонинг якуний ғалабасига саноқли кунлар қолгани, ғалаба нашидаси қандай сурилиши ҳақида ўйлай бошлаганларида мутлақо кутилмаган воқеа юз берди: Перо Ой уй учун курашни тўхтатиб, номзодлар сафидан чиқди. Мана сизга, хавфли бурилиш. Аммо, орадан беш ой ўтиб, бу бурилиш яна такрорланди — Перо кураш майдонига қайтди. Лекин Клинтон фойдасига анча тиниқлашиб қолган вазиятни ўзгартира олмади.
Билл Американи икки муддат бошқарди. Унинг Президентлик даври ишқий можаролар билан аралаш-қуралаш бўлиб кетган бўлса-да, мамлакат тарихида яхшигина ном билан қолди. Фақат... Перо ўзи тайёрлаган улуғ ғалаба нафаси эса бошлаган бир пайтда нега сафдан чиққани-ю, сайлов тақдири деярли ҳал бўлганида яна курашга отлангани ҳамон сир бўлиб қолмоқда.
Американинг сеҳрли ва сирли диёрлиги шунда бўлса керак.
Аҳмаджон Мелибоев 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Май ойининг охирги кунларида Европа давлатларидан бири — Австрияда президент сайлови бўлиб ўтди....
01 янв 1970
“BBC» хабарига кўра, Финландия транспорт вазири Санна Марин 34 ёшида мамлакат бош вазири бўлди....
01 янв 1970
Монмут университети социологлари олиб борган тадқиқотлар натижасига кўра, АҚШ аҳолисининг 41 фоизи мамлакат раҳбари Дональд Трампга импичмент эълон...
01 янв 1970
Франция Сенати (парламентнинг юқори палатаси) кўпчилик овоз билан терроризмга қарши курашишга доир қонун лойиҳасини маъқуллади....