Ватанимизнингмард ва жасур ҳимоячилари

/
Ватанимизнингмард ва жасур ҳимоячилари
 
Ўзбекистон мустақилликка эришган биринчи кунлардан улкан сиёсий ирода ва азму шижоат туфайли миллий армиямизга асос солинди. 1992 йил 14 январда юртимиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий тасарруфига ўтказилди. Мана, 28 йилдирки, ана шу тарихий кун Қуролли Кучларимиз пойдевори қўйилган, истиқлолимиз солномасига олтин ҳарфлар билан ёзилган буюк сана сифатида байрам қилиниб келинмоқда. Тарихан қисқа муддатда мамлакатимиз мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги, чегараларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осо­йишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган миллий армия барпо этилди, деб ғурур ва ифтихор билан айтишга бугун барча асосларимиз бор. 
 
Албатта, мустақилликнинг илк йилларида барча соҳалар каби ҳарбий йўналишда ҳам кўплаб оғир муаммолар тўпланиб қолганди. Аввало, қўшинларнинг моддий-техник таъминот тизими талаб даражасида эмасди. Ҳарбий тузилмалар ўзининг қурилиши ва жанговар таркиби бўйича янги пайдо бўлган таҳдидлар олдида заиф эди. Энг мушкул муаммо — малакали ҳарбий кадрлар етишмасди. Шунинг учун миллий армиямизни барпо этиш ва ислоҳ қилиш бўйича ҳар томонлама чуқур ўйланган ва узоқ муддатга мўлжалланган стратегия ишлаб чиқилди. Ўтган 28 йил давомида ана шу стратегия асосида, Миллий хавфсизлик концепцияси ва Мудофаа доктринаси доирасида кўп ишлар қилинди. Юз бериши мумкин бўлган ҳарбий ҳаракатлар театри ва унинг реал хусусиятлари, илғор хорижий тажрибалар ҳар томонлама ҳисобга олинди. Шу асосда ихчам, яхши таъминланган, юксак жанговар руҳга эга бўлган миллий армиямиз барпо этилди. Бугунги кунда ҳарбий бошқарувнинг самарали тизими шакллантирилди. Қуролли Кучлар таркибида турли қўшинларнинг ўзаро мувофиқ ҳолда ва ҳамкорликда ҳаракат қилишини таъминлайдиган меха­низмлар фаолият кўрсатмоқда.
 
Мустақилликнинг дастлабки йилларида маҳаллий офицер кадрлар юртимиздаги ҳарбий хизматчилар умумий сонининг атиги 0,6 фоизини ташкил этарди. Офицерларни тайёрлаш эса учта ҳарбий билим юртида ва бор-йўғи учта ҳарбий мутахассислик бўйича олиб борилар эди. Амалга оширилган ишлар натижасида қўшимча равишда янги, замонавий учта ҳарбий таълим муассасаси ташкил этилди, курсантларни ўқитиш тизими эса кўп тармоқли асосда йўлга қўйилди. Юқори бўғин қўмондонлик офицерларини тайёрлаш ҳамда мудофаа қурилиши соҳасида илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни амалга ошириш бўйича энг зарур вазифалар самарали ҳал этилмоқда. Бу борада, айниқса, 1995 йилда ташкил этилган Қуролли Кучлар академияси ғоят муҳим ўрин эгаллаб келмоқда. Шу­нингдек, армиянинг асосий таянчи бўлган сержантлар корпусини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Сержантларни ўқитиш 2001 йилда илғор халқаро стандартлар асосида ташкил этилган сержантлар тайёрлаш мактабларида 26 та йўналиш ва мутахассислик бўйича олиб борилмоқда. 
 
Миллий армиямиз ташкил этилган дастлабки йилларда ҳарбий қисмларни ёш аскарлар билан тўлдиришда жиддий муаммолар мавжуд эди. Собиқ шўро тузумида армияда хизмат қилган катта авлод вакиллари яхши билади, ўша пайтда ҳарбий хизматни ўташ, айниқса, Ўзбекистон ёшлари учун оғир ташвиш ва машаққат эди. Чунки, юртимиз ёшлари асосан қурилиш батальонларига қора ишчи сифатида юбориларди. Ҳарбий қисмлардаги носоғлом маънавий-руҳий муҳит, устав қоидаларига зид бўлган муносабатлар туфайли қанча-қанча навқирон йигитлар, ота-оналар жабр чеккани — булар ҳаммаси ҳақиқат. Янги миллий армияни яратишда бундай салбий иллатларга мутлақо чек қўйиш керак эди. Шу мақсадда бир неча йиллар давомида изчил иш олиб борилди. Жумладан, муддатли ҳарбий хизмат бир йил этиб белгиланди, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий-маиший шароитлари, озиқ-овқат таъминоти тубдан яхшиланди. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, резервга бўшатилган ёшларнинг ишга жойлашиши ва олий ўқув юртларига ўқишга кириши билан боғлиқ имтиёзлар тизими белгиланди. Буларнинг барчаси ҳарбий жамоаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳит шаклланиб, ёшлар ўртасида ҳарбий хизматнинг нуфузи кескин ошишида муҳим омил бўлди. Ҳозирги кунда оналар ўз фарзанд­ларини армияга кўзда ёш, юракда хавотир билан эмас, балки менинг ўғлим ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлади, деб, юксак ишонч ва фахр туйғуси билан кузатмоқда. 
 
Шу ўринда бир нарсани унутмаслик керак, ҳозирги вақтда жаҳонда ва минтақамизда ҳарбий-сиёсий вазият кескин ўзгариб, миллий ва глобал хавфсизлик соҳасида хатар ва таҳдидлар тобора кучайиб бормоқда. Айниқса, дунёда ва ён-атрофимизда юз бераётган можаро ва тўқнашувлар, радикализмнинг кучайиши, Афғонистондаги урушнинг ҳамон давом этаётгани ва бу муаммони ҳал этиш борасида мавҳумлик сақланиб қолаётгани, терроризм ва диний экстремизмнинг фаоллашаётгани, тажовузкор наркотрафикнинг кенг тус олаётгани, чегараларимизга бевосита яқин ҳудудларда хавф-хатар кучайиб бораётгани — буларнинг барчаси бизда чуқур ташвиш ва хавотир уйғотмасдан қолмайди, албатта. Демак, Президентимиз Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган табригида айтганларидек, Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини юксалтириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий қурол-яроғ ва аслаҳалар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний, маънавий-интеллектуал тайёргарлигини ошириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш энг устувор вазифамиз бўлиб қолмоқда. Бунинг исботи ўлароқ, давлатимизнинг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича қатъий позициясини ифода этадиган янги Мудофаа доктринаси ишлаб чиқилди. Бунда, энг аввало, ташқи сиёсатимизнинг мослашувчанлиги ва очиқлиги, қўшниларимиз билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантириш, Ватанимиз мустақиллиги ва суверенитетини сақлаш энг устувор вазифа экани ҳақидаги принципларга тая­нилди.
 
2017 йилда Миллий гвардия ва Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси ташкил этилди, ҳарбий округларнинг таркибий тузилиши ва вазифалари тубдан қайта кўриб чиқилди, қўшинларни бошқариш тизими такомиллаштирилди, уларни бос­қичма-босқич замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш бўйича муҳим қадамлар қўйилди.
 
Амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз тезкор ва ихчам, ҳар қандай таҳдидларга муносиб зарба беришга қодир бўлган жанговар кучга айланиб бормоқда. Бу борада ҳар бир ҳарбий хизматчининг профессионал билим ва малакаси, ақлий салоҳияти, руҳий тайёргарлигини ошириш, уларда ватанпарварлик фазилатларини камол топтириш масаласи доимий эътиборда. Шу билан бирга, давлатимиз мудофаа қудратини ҳар томонлама ошириш, етук ва малакали ҳарбий кадрларни тайёрлаш, Ватан ҳимоячилари, уларнинг оилалари учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш масаласи ҳам устувор. Бу рақамларда ҳам ўз аксини топмоқда. Ўтган уч йил давомида 8 мингдан зиёд ҳарбий хизматчилар оилаларини қулай ва шинам квартиралар билан таъминлаш учун 275 та кўп қаватли уй-жой барпо этилди, ҳарбий хизматчиларнинг аёллари учун қарийб 600 та янги иш ўрни яратилди, 1 минг 900 нафар ҳарбий пенсионер ишга жойлаштирилди. 
 
Халқимизнинг “Билаги зўр бирни енгади, билими зўр — мингни” деган мақолида чуқур маъно бор. Шу нуқтаи назардан, Қуролли Кучларимизни модернизация қилиш, хусусан, ҳарбий таълим соҳасига замонавий билим, илғор хорижий тажрибалар, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича масала кун тартибига чиқди. Айни вақтда шахсий таркиб ўртасида миллий ўзликни англаш ва жанговар руҳни, ватанпарварлик тарбиясини кучайтириш, ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳам давлатимизнинг доимий эътиборида. Қолаверса, мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, армия ва халқ бирлигини таъминлаш борасида жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ролини ошириш бўйича ишлар бутунлай янги сифат босқичига кўтарилди. Ҳар бир ҳудудда ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди, уларга бевосита раҳбарлик қилиш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари зиммасига юкланди. Бир сўз билан айтганда, амалга ошираётган саъй-ҳаракатлар, армия ва халқнинг фаол ҳамкорлиги натижасида Қуролли Кучларимиз том маънода жамиятнинг ажралмас қисмига, мамлакатимиз барқарорлиги ва тараққиётининг ишончли кафолатига, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим институтига айланди. 
 
Минтақамизда очиқлик ва миллий манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш тамойилларига асосланган янги сиёсатни амалга ошириш доирасида Қуролли Кучларимиз Марказий Осиёнинг барча мамлакатларидаги ҳамкасблари билан яқин шериклик алоқаларини ўрнатди ва мустаҳкамламоқда. Сўнгги йилларда минтақамиз мамлакатлари қуролли кучлари билан ҳамкорликда бир қатор қўшма ўқув маш­ғулотлари ўтказилди. Шунингдек, юқори даражадаги ҳарбий делегацияларнинг ташрифлари юз берди, тезкор ва жанговар тайёргарлик борасида тажриба алмашилди. Тобора мустаҳкамланиб бораётган бундай ҳамкорлигимиз бугунги кунда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни, Марказий Осиё деб аталмиш умумий уйимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг муҳим омилига айланиб бормоқда. Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси бутун Ўзбекистон халқида, айниқса, ёшларимизда миллий армиямиз билан фахрланиш туйғусини, Ватан ҳимоячисидек шарафли касб­га ҳурмат-эҳтиром ҳиссини кучайтираётир.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригида алоҳида таъкидланганидек:“Бугунги кунда бизнинг ҳарбийларимиз ўзларининг профессионал тайёргарлик даражаси бўйича жаҳондаги етакчи мамлакатлар армияларининг ҳарбий хизматчиларидан асло қолишмаслигини сўзда эмас, амалда исботламоқда. Халқ­аро ҳарбий ўқув мусобақаларида, армиялар ўртасидаги ва спорт беллашувларида Ўзбекистон вакиллари ўзларининг маҳорати, руҳан бақувватлиги, ғалабага бўлган иродасини намоён этмоқда, буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари эканликларини яққол кўрсатмоқда”.
 
 Хулоса ўринда айтиш лозимки, Ўзбекистон ташқи сиёсатига хос мослашувчанлик ва очиқлик тамойиллари, бизнинг яқин қўшниларимиз билан конструктив муносабатларни ривожлантириш устувор вазифа. Бу минтақамиз тинчлиги ва барқарорлигининг кафолати. Айни вақтда Ватанимиз мустақиллиги ва суверенитети, халқимизни маданий-тарихий ўзига хослигини асраш ҳам муқаддас бурчимиз. Шу муносабат билан муҳим бир ёндашувни таъкидлаш ўринли. Яъни ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий база ва объектларини жойлаштиришга йўл қўймаслик, ҳарбий хизматчиларимизнинг хориждаги тинчликпарварлик операцияларида иштирок этмаслик сиёсатига содиқ қолиш бундан буён ҳам мамлакатимизнинг принципиал позицияси бўлиб қолади. Бу ёндошув, шубҳасиз, мамлакатимиз суверенитетини мустаҳкамлашнинг гаровидир.
 
Ташпўлат МАТИБАЕВ,
социология фанлари доктори,
профессор,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати
 

 


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Президентимизнинг 2020 йил 24 февралдаги “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”...
01 янв 1970
Ҳозирги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида янги таҳрирдаги “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг л...
01 янв 1970
Хўш, ўтган даврда халқимиз, сиёсий партиялар электорати қандай ўзгаришларнинг гувоҳи бўлди, парламент аъзолари томонидан қандай амалий ишлар қилинд...
01 янв 1970
Бугунги глобаллашув жараёнида, мамлакатлар ва минтақалараро интеграция кучайган, чегаралар шаффофлашган даврда ҳеч бир давлат, алоҳида олинган ҳуду...