“От ўйнатаётган” ўринбосарлар

/
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 31 октябрь куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасида бошқариш тизимини такомиллаштириш, оммавий спортни ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни танлаш ва тарбиялаш, соҳани малакали кадрлар билан мустаҳкамлаш ҳамда замонавий спорт иншоотларини барпо этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда жисмоний тарбия ва оммавий спортни тарғиб этиш бўйича амалга оширилган вазифалар таҳлил этилди.
Сўнгги йилларда юртимизда аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шароитлар яратилди. Шаҳар ва қишлоқларда замонавий спорт комплекслари бунёд этилди. “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари ёшларни оммавий спортга қизиқтириш, соғлом турмуш тарзини кучайтириш воситасига айланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 3 июндаги “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳадаги яна бир муҳим ҳужжат бўлди. Ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастури қабул қилинди. Дастурда 2017-2021 йилларда жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш учун 995,2 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланиши, спорт мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 167 та спорт иншооти, жумладан, 90 та спорт мажмуаси ва 77 та сузиш ҳавзасини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, жиҳозлаш ва қайта жиҳозлаш назарда тутилган.
Дастур доирасида жорий йилда 153 та болалар майдончаси таъмирланди, 232 та замонавий майдонча, Нукус шаҳрида спортнинг олимпия ва миллий турларига ихтисослаштирилган спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди.
Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида соҳада сифат ўзгаришлари сезилди. Жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллий ва халқаро спорт мусобақаларида спортчиларимиз томонидан 483 та олтин, 394 та кумуш, 536 та бронза, жами 1 минг 413 та медаль қўлга киритилди.
Айниқса, мустақиллик йилларида ўзбек шахмат мактаби қайта шаклланди. Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда улғайган шахматчилар халқаро ареналарда катта муваффақиятларга эришдилар. Жумладан, 17-жаҳон чемпиони Рустам Қосимжоновнинг юксак зафари фикримизнинг яққол исботидир. Айни пайтда юртимизда унинг минглаб издошлари етишиб чиқаяпти. Бу Ўзбекистон ёшларининг салоҳияти, билими юқори эканлигидан далолат беради. Соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш мақсадида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро миқёсда ҳам эътироф қилинмоқда.
Шахматни болалар ва ёшлар ўртасида оммавийлаштириш мақсадида мамлакатимизда ҳар йили бир неча турнирлар, ФИДЕ гран-приси туркумига кирувчи халқаро мусобақалар юқори савияда ўтказиб келинмоқда. Ўз навбатида, ёш шахматчиларимиз ҳам халқаро мусобақалар – қитъа ва жаҳон чемпионатлари, гран-при турнирларида мунтазам иштирок этиб, совриндорлар қаторидан ўрин олиб келишмоқда.
Жорий йилнинг 20-29 октбярь кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ташкил этилган шахмат бўйича анъанавий “Михаил Чигорин хотирасига бағишланган 24-халқаро турнир”да ёш ақл гимнастикачиларимиз халқаро жамоатчиликнинг эътирофига яна бир бора сазовор бўлди. Жаҳоннинг нуфузли халқаро турнирлари қаторидан ўрин эгаллаган мазкур мусобақада 20 давлатдан 360 нафар шахматчи иштирок этди. Шулардан 37 нафар халқаро гроссмейстер ва 3 нафари аёллар ўртасида халқаро гроссмейстер, 42 нафар халқаро тоифадаги спорт усталари ва 8 нафар аёллар ўртасида халқаро тоифадаги спорт усталари ва бошқа тоифадаги шахматчилар қатнашишди. Мусобақада Ўзбекистон ёшлар ва катталар терма жамоа аъзолари: халқаро гроссмейстер – Жаҳонгир Воҳидов, халқаро тоифадаги спорт усталари – Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Яқуббоев, Шамсиддин Воҳидов ва Жавоҳир Синдаровлар иштирок этиб, юқори натижаларни қайд этишди. Жумладан, блиц йўналиши бўйича ўтказилган мусобақаларда халқаро тоифадаги спорт устаси 15 ёшли Нодирбек Яқуббоев дунёнинг 24 давлатидан ташриф буюрган 300 нафар шахматчи орасидан 1-ўринни эгаллади. Мусобақада юксак маҳоратини намойиш этган 13 ёшли Нодирбек Абдусатторов жаҳон шахмат мутахассисларининг эътирофига сазовор бўлди. Шунингдек, Нодирбек шахмат бўйича халқаро гроссмейстер унвонининг учинчи талабини ҳам бажарди. У 29 октябрь куни ФИДE томонидан халқаро гроссмейстер унвони билан тақдирланди. Бу ҳақда Ўзбекистон шахмат федерацияси хабар берди. Маълумот учун, Нодирбек Абдусатторов ўтган йили ўтказилган мазкур мусобақада халқаро гроссмейстерлик унвонининг биринчи талабини, иккинчи талабни эса 2017 йил август ойида Бирлашган Араб Амирлигида ўтказилган “Абу-Дабидаги 24-шахмат фестивали”да бажарганди. Нодирбек бир неча йилдан буён юртимиз шарафини халқаро мусобақаларда муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Жумладан, у 2012 йилда Словения пойтахти Мариборда ташкил этилган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 8 ёшгача бўлган шахматчилар орасида жаҳон чемпиони бўлганди. 2014 йилда Жанубий Африка Республикасининг Дурбан шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида, 10 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида кумуш медални қўлга киритганди. 2016 йилда эса Россиянинг Сочи шаҳрида ўтказилган 11 ёшгача бўлган мактаб ўқувчилари ўртасидаги дунё биринчилигида иккинчи маротаба жаҳон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлганди.
1 ноябрь куни пойтахтимиздаги Шахмат бўйича республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида ўтказилган тадбирда шахмат бўйича жаҳон чемпиони, ёш халқаро гроссмейстер Нодирбек Абдусатторовга Президентимиз совғаси топширилди.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, Нодирбек Абдусатторовнинг халқаро гроссмейстер унвонини қўлга киритиши юртимиз спортининг муваффақиятидан дарак беради.
Жобир ХЎЖАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Индонезияда бўлиб ўтаётган XVIII Осиё ўйинларида мамлакатимиз спортчилари томонидан қўлга киритилаётган ютуқлар барчамизга ўзгача шукуҳ бахш этаяпт...
01 янв 1970
Юртимизда имконияти чекланган инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш учун барча имкониятлар яратилган. ...
01 янв 1970
Cўнгги пайтларда “Бунёдкор” футбол клуби атрофида юз бераётган воқеалар ҳеч бир футбол мухлисини беэътибор қолдирмаяпти....
01 янв 1970
Ўзбекистон болалари ҳеч кимдан кам эмас, деб доим таъкидлаб келамиз. Тўғри, кимгадир бу сўзлар баландпарвоз туюлиши мумкин. ...