Ёш авлод камолоти йўлида ўсмирлар ўртасида бокс бўйича вилоят очиқ турнири ўтказилди

/
Ўртачирчиқ туманида 1-4 июнь кунлари Тошкент вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилоят кенгаши, халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг ижтимоий-маданий масалалар бўйича комиссияси, Тошкент вилояти бокс Федерацияси ҳамкорлигида “Соғлом бола — юрт таянчи” шиори остида болалар ва ўсмирлар ўртасида бокс бўйича вилоят очиқ турнири ўтказилди.
Унда Тошкент вилояти шаҳар ва туманлари, мамлакатимизнинг қатор вилоятлари ҳамда Қозоғистондан келган ёш спортчилар ўзаро куч синашди. 2001-2002 йилларда туғилган 100 нафарга яқин ўсмирлар иштирок этган мусобақалар кескин беллашувларга бой тарзда ўтди. Якуний натижаларга кўра, умумий ҳисобда Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ жамоаси олтин медаль, Қозоғистон жамоаси 2-ўринни эгаллаб, кумуш медалга, Фарғона вилояти жамоаси бронза медалга сазовор бўлди.
Биз турнир ташкилотчилари ва иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.
Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати Умид Шоумаровнинг таъкидлашича, Соғлом она ва бола йилида замонавий шароитларга эга бўлган болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг очилиши, бу ерда ўсмирлар ўртасида бокс бўйича вилоят очиқ турнирининг ўтказилиши юртимизда болалар спортини ривожлантириш, ёшларга алоҳида эътибор кўрсатилаётганининг яна бир ифодасидир. Ушбу спорт мактаби фарзандларимизнинг соғлом ва етук инсон бўлиб камол топишига хизмат қилади.
— Беллашувлар давомида ёш спортчилар куч-ғайрати, шижоатини, ғалабага бўлган ишончини намоён этишди, — дейди халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг ижтимоий-маданий масалалар бўйича доимий комиссияси раҳбари Зарифа Эралиева. — Вилоятимизда турли ижтимоий-маданий ва спорт тадбирларини ҳамкорликда ташкил этиб боришда доимий комиссиямиз ташаббус кўрсатишни мақсад қилган.
АИБА тоифасидаги ҳакам, Тошкент вилояти бокс Федерацияси раисининг ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоси Раҳматхон Тиллаев қуйидаги фикрларни билдирди:
— Кейинги йилларда вилоятимизнинг қатор шаҳар ва туманларида бокс бўйича вилоят очиқ турнирлари ташкил этилмоқда ва улар катта бокс байрамига айланиб кетмоқда. Ўртачирчиқ туманида бўлиб ўтган ушбу мусобақада ҳам нафақат юртимизнинг қатор вилоятларидан, балки Қозоғистондан ҳам вакиллар иштирок этганлиги турнир нуфузи ортганини ифодалайди. Биз бундай очиқ турнирларни вилоятимизнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам ўтказиб борамиз.
— Мусобақа жуда қизиқарли ўтди, мен 60 килограмм вазн тоифасида биринчи ўринни эгалладим. Бу эса республика ва халқаро миқёсдаги мусобақалар учун ўзига хос тайёргарлик вазифасини ўтайди, — дейди Олмалиқ шаҳри вакили Ортиқ Қорабоев.
Турнир якунида ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Неъмат ДУШАЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Юртимизда имконияти чекланган инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш учун барча имкониятлар яратилган. ...
01 янв 1970
Юртимизда амалга ошрилган улкан бунёдкорлик ишлари натижасида шаҳарларимизда нуфузли тадбир ва мусобақаларни ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар ярат...
01 янв 1970
Ўзбекистон болалари ҳеч кимдан кам эмас, деб доим таъкидлаб келамиз. Тўғри, кимгадир бу сўзлар баландпарвоз туюлиши мумкин. ...
01 янв 1970
Газетамизда юқоридаги сарлавҳа остида ЎФА томонидан беш нафар ёш футболчини умрбод футболдан четлаштириш борасида чиқарган қарори бўйича мақола чоп...