Улуғ шоирнинг армони

/

Улуғ шоирнинг армони

Маълумки, ўзининг буюк иқтидори билан ҳамма замонларнинг тенгсиз устози бўлган Мир Алишер Навоий ҳазратлари оила қурмай, ҳаётини фақат қариндош-уруғлар дийдори, дўстлар, ижодкорлар давраси, салтанат, ижоду илм ташвишлари билан ўтказган. Ул зотнинг айрим сабабларга кўра Хоразмга бориш орзуси ҳам армон бўлиб қолган...

 

1469 йилда Хуросон тахтига чиққан Ҳусайн Бойқаронинг тожу тахт учун курашга кирган пайтлари хавф-хатарга тўла давр эди. Негаки, ёш Ҳусайн 1456 йилдан бошлаб ҳукмдорликка эришиш мақсадида кураш майдонига қўшилган, аммо омадсизликлар, мағлубиятлар сабабли кўп вақтини қочқинликда, туркман чўллари ва Хоразм заминида ўтказган эди. Бу давр мобайнида Бойқаро Хоразмнинг Вазир, Урганч, Адоқ ва Тирсак шаҳарларида бўлиб, ўзига содиқ навкарлар тўплади ҳамда 31 ёшида Абу Саид вафотидан кейин Хуросон ҳукмдори даражасига эришди.

 

Кўп вақти Хоразмда кечган Ҳусайн Бой­қаро у ердаги вазият, қишлоқ, шаҳарлар ҳолати, урушлар туфайли хонавайрон бўлган воҳа аҳлининг кайфиятидан яхшигина бохабар бўлган. Ўша вақтда Хуросонга қарашли бўлган Хоразмда тикланиш ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш учун у ўзига содиқ, қатъиятли, ташаббускор инсонни ҳоким қилиб юбориш зарур эди.

 

Ҳусайн Бойқаро ана шундай фазилатларга эга инсон сифатида дўсти Алишербекнинг акаси — сарой девонида хизмат қилаётган Амир Баҳлулбекни танлади. Шу тариқа исломий илмларни  мукаммал билганидан шайх даражасини олган Баҳлулбек Хоразм ҳокими қилиб тайинланди.

 

Хондамирнинг “Макорим-ул-ахлоқ” асарида Шайх Баҳлул Алишер Навоийнинг “улуғ биродари”, яъни катта акаси — оғаси эканлиги таъкидланган. Бу  тўғрида  Алишербек  ҳам  ўзининг  “Мажолис-ун-нафоис” асарида  Баҳлулбекни «фақирнинг (яъни Алишер Навоийнинг) оғаси” дея ёзиб ўтган. Маълумки, манбаларда ва шоҳона фармонларда  Алишер Навоий ҳам,  Баҳлулбек ҳам оилавий мартаба бўлган Низомиддин дея тилга олинган. Алишер Навоий акаси Шайх  Баҳлулбек  тўғрисида “Мажолис-ун нафоис” асарининг бешинчи фаслида тўхталиб, жумладан, оғасининг “Султон  Соҳибқирон  Бойқаро давлатидин Хоразм тахтида ҳукумат қилиб,  аморат девонида муҳр  босганлиги”, ке­йинги даврларда, хусусан, 1497-98 йилларга  келиб, давлат ишларидан четлашиб, гўшанишинлик — истеъфо ихтиёр этганлиги ҳақида ёзади. Шунга кўра, Шайх Баҳлулбек Бойқаро тахтга чиққан 1469 йилдан Нур Саидбек ўрнига Хоразмга ҳокимлик қила бошлаган кўринади. Баҳлулбекнинг ўғли Амир Камолиддин Султон Ҳусайн ўз даврининг таниқли шоирларидан бўлиб, Ҳотамий тахаллуси билан ижод қилган. “Мажолис-ун нафоис” асарида Алишер Навоий ўз жиянининг ғазалларидан бирини намуна сифатида келтирган:

 

Маро бисёр мушкил менамояд фурқати жонон,

Видои  жони  ширин  хаст, душвор, эй  мусулмон.

 

Хондамир “Макорим ул-ахлоқ” асарида Амир Камолиддин Султон Ҳусайннинг Алишер Навоий вафотига бағишлаб қитъа ёзганлигини айтиб ўтади: “олий мартабали Амир Камолиддин ул ҳазрат Алишернинг фарзанди  ўрнида  эдики, у мана  бу  қитъани  айтган:

 

Он  мағфиратпаноҳ ки рафт аз фазои  хок,

Фир  равзатин  муқаддастин  тоба  ҳолуҳу,

Чун  ёфт  ин  камол  зи  ҳайрат  дар  ҳаёт,

Таърихи  фавт  газш “Хайрун  Каморлуҳу”...

 

Амир  Камолиддиннинг Мир Иброҳим номли ўғли бўлиб, у Алишер Навоийга тутинган ўғил бўлган. Бу ҳақда Алишер Навоий “Мир Иброҳим Султон  Ҳусайн Камолиддиннинг ўғлидир ва фақирнинг (оғасининг), яъни Шайх Баҳлулнинг набирасидур. Фақир они ўғилчадай асрабмен”, дея ёзган. Шоирнинг тутинган ўғли ҳам иқтидорли ижодкор эди.  

 

Алишер  Навоийнинг  Хоразмга  ҳоким  бўлган акаси Баҳлулбеккагина эмас, унинг  ўғил  ва  набирасига  ҳам  тўхталиб  ўтганимиз  боиси  шуки, улар  Хоразмга бориб, маълум бир муддат яшашган. Акасининг қадимий ўлкага ҳоким бўлиши Хуросон давлатининг вазири бўлиб ишлаётган Навоий ҳазратга ҳам хушнудлик бахш этган. Зеро, улуғ шоир бу мафтункор ўлкага боришни ёшликдан орзу қилар, давлат ишлари билан ёхуд қариндошчилик ришталари сабабли орзуси ушалишига ишонарди. 1465-69 йилларда Алишербек Самарқандда таҳсил олиб, ҳаёт кечирганида, таътил пайтлари Хоразмга бормоқчи бўлган, аммо бунинг иложи топилмаган. Самарқандда илм олаётган хоразмлик талабалар билан Хоразм тўғрисида, у ерга бориш ҳақида суҳбатлашиб, Алишербек бир куни туш кўради. Хондамирнинг ёзишига кўра, тушида Навоий ҳазрат Мирзо Муҳаммад Хоразмшоҳ билан тоққа чиқибди. Хоразмшоҳ бир катта тош устига қадам қўйиб, Навоийнинг қўлидан ушлаб, унинг ўша  баланд тош  устига чиқишига  кўмаклашибди...

 

Орадан йиллар ўтади. Салтанат ишлари кўпайиб, Навоий ҳазратлари илму ижод билан шуғулланай деб, 1476 йилда амирлик лавозимидан истеъфога чиқади. Бу пайтда у акаси Баҳлулбекнинг невараси Мир Иброҳимни ўзига ўғил қилиб олади. Кейин Мир Иброҳимнинг отаси — Ҳиротдаги подшо саройида хизматда бўлган Камолиддин — Хоразмга, отаси Баҳлулбек ёнига ишга юборилади. Шундан сўнг ҳазрат Навоий Мир Иброҳимни унинг онасининг илтимосига биноан, бобоси Баҳлулбек ёнига жўнатади.

 

1476-1486 йиллар орасида у ижодий ишлар билан банд бўлгани туфайли Хоразимга боришга вақт топа олмайди. Алишер Навоий бу даврда «Наводир ун-ниҳоя» девонини, беш достондан иборат «Хамса»ни яратади. Қолаверса, давлат вазифасидан истеъфо берганига қарамай, дўсти Ҳусайн Бойқаронинг илтимосига кўра, салтанатдаги ва шаҳзодалар ўртасидаги зиддиятларни бартараф этиш билан маш­ғул бўлади. Бундан ташқари, укаси Дарвешалибек Балхга ҳоким бўлиб кетгани боис, уч ака-укага отаси ўиёсиддин Кичкинадан мерос қолган молу мулк­дан хабар олиш ҳамда ўзининг Ҳиротдаги кўплаб боғу роғ, савдо расталарига қараб туриш ҳам унинг зиммасида эди. Шунингдек, Алишер Навоий Хуросоннинг кўплаб жойларида меъморий обидалар, масжид, мадрасалар қурдириш ишлари билан банд­лиги туфайли ҳам Хоразмдаги акаси ҳамда жиянларининг ёнига боришга вақт тополмайди.

 

Шунга қарамай, Навоий ҳазрат Хоразм­га алоҳида меҳр билан қарайди. Жиянлари Камолиддин, Мир Иброҳим Ҳиротга келганларида уларни хушнудлик билан кутиб олади, уларнинг Хоразмдан олиб келган совғаларини қувонч билан қабул қилади. У воҳадаги ҳаёт, урф-одатлар, маданий вазият, акаси Баҳлулбек қилаётган ишларни суриштиради, гоҳида давлат ишлари туфайли Баҳлулбек Хоразмдан Ҳиротга келганида маслаҳатлар бериб туради. Айни пайтда Баҳлулбек укаси Алишербекнинг Ҳиротда қилаётган бунёдкорлик ишларини Хоразмда ҳам амалга ошириб, кўплаб иншоотлар барпо қилдиради, сув йўллари, ёп(ариқ)­лар қаздиради. Алишер Навоий эса акаси ва жиянларидан эшитганларидан таъсирланиб, асарларида Хоразм, Жайхун  ҳақида фикрлар юритади:

 

Завроқ  ичра  ул  қуёш сайр айламас – Жайхун аро,

Ахтари саъда  ҳалок ичра кезар гардун аро,

Англамоқ Жайхунда ул ой кема бирла сайр этар,

Ё ҳилолу  меҳр  аксин  эл  кўрар  Жайхун аро...

 

Бундан ташқари, “Сабъаи сайёр” дос­тонида Дилором билан боғлиқ воқеалар, унинг моҳир созанда сифатида тасвирланиши ҳамда унга тенг  келадиган “устозлар устози” Хожанинг кун кўрадиган  касби созандачилик  бўлиши ва бу  ҳунар Хоразмни етти иқлим ичида ажратиб турувчи  нишон  эканлиги таъкидланади:

 

Чун дуо қилди деди фарзона,

Ки дей ўз кўрганимдан  афсона.

Менки тушмиш буён гузор манга,

Мулки Хоразм эрур диёр манга.

Санъатим  анда  соз  чалмоқ  иши,

Билмайин  мен  киби  ишимни  киши.

Илми  адвору  фанни  мусиқий,

Мендин  ул  илм  аҳли  таҳқиқий.

Элга  таълим  этмоқ  вирдим,

Кимки  устози  қавм – шогирдим.

 

Хоразмликларнинг мусиқага қизиқишларини, Дилоромнинг санъаткорларга, илму ижод аҳлига эътибор бериши ҳақидаги таъсирчан воқеалар баёнида, гўё Алишербекнинг келинойиси — акаси Баҳлулбекнинг рафиқаси ҳақида сўз юритилгандек туюлади кишига. Зеро, Алишер Навоийнинг яна бир келини — укаси Дарвешалибекнинг хотини — Офоқ бегим Балхда айнан “Сабъаи сайёр” даги Дилором сингари ижоду илм аҳлининг ҳомийси эди. Бундай ишларни табиийки, Хоразмдаги келинойиси ҳам амалга  ошираётганди…

 

Шунингдек, ҳазрат Навоийнинг “Мажолис-ун нафоис”, “Насойим-ул муҳаббат”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо” каби асарларида Хоразм адабий муҳити, ижодкорлари ҳақида ҳам сўз  юритилади. Хожа Абдул  Вафоий Хоразмий, Мавлоно Ҳусайн Хоразмий, Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд, Сулаймон Боқирғоний, Рабғузий, “Муҳаббатнома” муаллифи Хоразмий сингари хоразмлик ижодкорларга шоир алоҳида  меҳр  қўйган  эди.

 

Алишер Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида Хоразмий “Муҳаббатнома”сининг олтинчи байтини мисол тариқасида келтириб ўтади:

 

Анингким, ол энгинда менг яратти,

Бўйи бирла сочини тенг яратти.

 

Алишер Навоий асарларида Хоразм шевасига, ўғуз лаҳжасига оид кўплаб сўзлар учрайдики, уларни бошқа лаҳжада сўзловчилар тушунишлари қийин. Табиийки, уларни Алишербек Хоразмда яшаган акаси, жиянларидан эшитган ва улардан асарларида фойдаланганди. Масалан: “Алоло” — сўзи шовқин-сурон маъносини билдиради. “Сабъаи сайёр” достонида мазкур сўз  қуйидагича ишлатилади:

 

Солур андоғ  жаҳона  ғавғое,

Коинот ичра бир алолое.

Муфт” (мут) — сўзи Хоразм воҳасида текин ёки арзон деган маъноларни англатади. Мисол:

Деди: бу ерда олтин анча муфт.

Мен  қилурман  шаҳ  олтунини  нуфут.

 

Бундан  ташқари, Алишер  Навоийнинг  бошқа   асарларида    исвандисириқ”, ”йавғанёғсиз”, “ирийирик”, “исҳид”, “ябаняванчўл”, “ялпақёйиқ”, “юмруқмушт”, “юмуртқатухум”, “ёрунчқабеда”, “кадиқовоқ”, “кадхудооқсоқол”, “катухлайдиган оромгоҳ”, “лачакрўмол”, “майруқмажруҳ, чўлоқ”,  манглайпешона”, “муфт, муттекин”, “муғанниймусиқачи”, “ойилмак, айилмакхасталикдан ёки мастликдан ўз ҳолига келиш” сингари кўплаб Хоразм шевасига оид сўзлар учрайди. Табиийки, Ҳиротда яшаётган шоир бундай Хоразм шевасига оид сўзларни Хуросонга келиб турган акаси Баҳлулбек ва унинг фарзанду невараларидан эшитганлиги аниқ.

 

Хондамирнинг “Макоримул ахлок” асарида ёзилишича, “Бир вақтда Султон (Ҳусайн Бойқаро) “Хоразм вилоятини обод қилиш ва унга бинолар қуриш хаёлига тушиб, бинокорлик ва деҳқончилик ишларига яхши аҳамият бериб ҳаракат қилишлари ва жойланиб туришлари учун Хуросондан уч минг хонадонни Хоразмга кўчириш ҳақида мажбурий буйруқ чиқарди”.

 

Табийки, уч минг хонадонни ватанидан жудо қилиш яхши эмаслигини англаган Алишер Навоий дўсти Ҳусайнга бундай ишнинг нотўғрилиги ҳақида тўққиз бор арз қилади. Ўнинчи бор арз қилганида Бойқаро фақат минг хонадонни Хоразмга кўчиришга амр қилади. Алишер Навоий ўтроқлашган хуросонликлар Хоразмга мажбурий кўчирилганидан кўра, XII асрнинг 80-йилларида Ҳазорасп ва Хивадан Ҳиротга кўчириб келинган наққош, меъмор, ҳунармандларни ўз эллари — Хоразмга юбориш зарурлигини уқтириб, дўсти Ҳусайн Бойқародан бу ҳақда фармон чиқартириб олади.

 

Хуллас, Алишер Навоий Хоразмга алоҳида меҳр кўрсатиб, асарларида мафтункор ўлкани мароқ билан тасвирлайди. У Ҳиротдаги ижод, давлат ишлари, бун­ёдкорлик фаолияти сабабли Хоразмга боролмайди, аммо акаси, жиянлари ёнига боришни доимо орзу қилди. Афсуски, бу орзулар армон бўлиб қолди.

 

Исҳақжон ИСМАИЛОВ,

 

УрДУ ўзбек адабиёти кафедраси

 

доценти,

 

Умид БЕКМУҲАММАД,

 

Хоразм Маъмун академияси

 

Тадқиқотчиси


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Биз болажон халқмиз. Бу бугун ёки кеча шаклланган анъана эмас, балки асрлар давомида бизга мерос бўлиб келаётган қадриятдир....
01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиши, халқ билан юзма-юз мулоқот қилиши асносида ян...
01 янв 1970
Ўтган йилнинг ноябрь ойида Туркманистонда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди. Тадбир доирасида бадиий асарлар кўргазмалари ташкил этилди....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 февралдаги фармони барча юртдошларимиз қатори менинг ҳам қалбимни тўлқинлантириб юборди....