Инсон ҳуқуқлари бола ҳуқуқларини таъминлашдан бошланади

/
Биз болажон халқмиз. Бу бугун ёки кеча шаклланган анъана эмас, балки асрлар давомида бизга мерос бўлиб келаётган қадриятдир. Бу қадриятларнинг таг замирида болани эъзозлаш, унга, энг аввало, инсон сифатида муомалада бўлиш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш масалалари ётади. Эндиликда халқаро миқёсда эътироф этилаётган бу ҳуқуқ нормалари аслида юртимизда қадим-қадимдан шаклланган.
Шу боис ҳам миллий қадриятларимизга таяниб ёзилган Бош қомусимизда бу масалага алоҳида эътибор берилган. Жумладан, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги (45-модда), оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши (65-модда) кафолатланган.
Бундан ташқари, давлатимиз мустақилликка эришганидан сўнг ратификация қилинган дастлабки халқаро ҳуқуқий ҳужжатлардан бири ҳам Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бўлган эди. 1992 йил 9 декабрдаги ушбу конвенция орқали Ўзбекистон дунёнинг 193 давлати қаторида бола ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга доир қатор мажбуриятларни ўз зиммасига олди.
Шунингдек, Ўзбекистон Бола ҳуқуқларини таъминлашда БМТнинг Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция, Ирқий камситишларга барҳам бериш тўғрисидаги конвенция ҳамда Қийноқ ва муомала ва жазонинг шафқатсиз, ноинсоний ҳамда қадр-қимматни камситувчи бошқа турлари тўғрисидаги конвенция каби кўплаб асосий халқаро шартномаларга ҳам таянади.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича умумэътироф этилган тамойиллар устуворлигини таъминлаш, бола ҳуқуқларига оид миллий қонунчиликни такомиллаштириш, халқаро шартномалар бажарилишини ҳуқуқий тартибга солиш бўйича 100 дан зиёд қонун, фармон, қарор ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Энг муҳими, Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоялаш бўйича комплекс ҳуқуқий асослар яратилди. Айниқса, 2008 йил 7 январда қабул қилинган “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун бу борада тарихий ҳужжат бўлди.
Бир қарашда соҳага оид муносабатларнинг барчаси тўлақонли тартибга солингандек, ҳаммаси ўз ўрнидадек туюлади. Аммо инсон ҳуқуқлари, айниқса, бола ҳуқуқлари соҳаси шундай тизимки, давр ва вақт ўтган сари янги-янги ўзгаришлар, қўшимчалар киритилмаса, ҳуқуқни рўёбга чиқаришда муаммолар юзага келаверади.
Буни биз партиямизнинг аҳоли билан олиб бораётган учрашувларида ҳамда сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган ва никоҳни бекор қилиш вақтида болаларнинг ота ёки она билан қолишига оид муаммоларда, ўз ота-онаси томонидан ёхуд таълим муассасаларида уларга бўлаётган тазйиқларга оид мурожаатлар сони ортганида ҳам кўриш мумкин.
Бу эса болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг баркамол авлод бўлиб етишишини таъминлаш борасидаги фаолиятнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш зарурати тобора ортиб борётганини кўрсатади.
Шу боисдан яқинда Президентимиз томонидан имзоланган “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция талабларини ҳар томонлама ҳаётга татбиқ этиш, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида назарда тутилган болаларнинг ҳуқуқларини амалда кафолатлаш, уларнинг жисмоний, интеллектуал, руҳий ва маънавий етук авлод бўлиб етишишини таъминлаш йўлида ташланган катта қадам бўлди.
Қарорда болаларнинг давлат органларига қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланиши ва бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмаслиги алоҳида белгилаб қўйилди. Шунингдек, 14 ёшга тўлган бола ўзининг таъминоти учун ота ёки онадан ёхуд айрим ҳолларда бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккаласидан ҳам қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлилиги қайд этилди. Ушбу ўзгаришлар мамлакатимизда бола ҳуқуқларини тўла таъминлаш билан бирга суд органларига ҳам қўшимча масъулият юклаши табиий.
Шунингдек, болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилган даъвогар давлат божи ва бошқа тўловларни тўлашдан озод қилиниши юқоридаги нормаларни ҳаётга татбиқ этишда юзага келадиган кўплаб муаммоларнинг олди олинишига ва уларнинг тўғридан-тўғри ишлашини таъминлашга хизмат қилади.
Бундан ташқари, оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда, шунингдек, суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида бола ўз фикрини ифода қилишга ҳақлилиги қатъий белгиланди. Бунда қарор қабул қилишга ваколатли органлар боланинг манфаатига тааллуқли масалани ҳал қилишда оқилона ва мустақил фикрлаш қобилиятига эга боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, жиддий омил сифатида кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларини назарда тутувчи қарорни қабул қилиши шарт эканлиги белгилангани бола ўз келажагини ўзи белгилаш ҳуқуқига тўла эгалигини кўрсатади.
Албатта, буларнинг барчаси адолатни ҳар бир инсон учун, ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини энг олий қадрият деб ҳисобловчи Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ғояларига тўла ҳамоҳанглиги билан аҳамиятлидир.
Қарорда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимини жорий этиш ва Котибият тузилмасида бола ҳуқуқларини таъминлаш фаолиятига кўмаклашувчи бошқарув ходимларининг чекланган сони 2 нафардан иборат сектор тузиш белгилангани партиямизнинг Сайловолди дастуридан ўрин олган инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларида Омбудсманнинг ролини янада ошириш ғоясининг ҳаётга татбиқ этилишида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Шу ўринда мазкур қарор бандларини тўлиқ таъминлашда болаларни ҳимоя қилишга қаратилган ижтимоий, психологик, педагогик, тиббий, ҳуқуқий чоралар бўйича иш олиб борувчи барча субъектлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, хусусан, сиёсий партиялар кучларини ўзаро бирлаштиришни талаб этади.
Бунда Ўзбекистон “Адолат” СДП бола ҳуқуқларини ҳимоялашга кўмаклашувчи муҳим омил – Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ва бола ҳуқуқларига оид Ўзбекистон қонунларини ҳамда юқоридаги қарорни ўрганиш ҳамда тарғиб қилиш орқали унда белгиланган масалаларни амалиётга тўлиқ татбиқ қилиш мумкин, деб ҳисоблайди.
Жумладан, бола ҳуқуқларига бағишланган маърифий фаолият мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида бола ҳуқуқлари бўйича таълим тизимини шакллантиришда, тегишли адабиётларни нашр этишда, семинар, тренинг, конференция, давра суҳбати ўтказишда алоҳида фаоллик кўрсатамиз. Бу ўринда ёшларни ҳам жисмонан, ҳам руҳан камол топтиришни ўзида жо этган Президентимизнинг 5 та ташаббусини амалиётга жорий этиш ва улар доирасида ўтказилаётган тадбирларни тизимли ташкил этиш орқали болаларнинг билим олиш, ўзи истаган фойдали машғулот билан шуғулланиш ҳуқуқини таъминлаш партиямиз “Ёш адолатчилар” қаноти ва жойлардаги фаолларимизнинг устувор вазифалари этиб белгиланган.
Дарҳақиқат, инсон ҳуқуқлари, мамлакат келажагининг асоси ҳисобланган бола ҳуқуқлари масаласи битта ёки иккита муассаса фаолияти саъй-ҳаракати билангина таъминланиб қолмайди. Мамлакат эртасининг бугунидан яхшироқ бўлиши учун барча бирдек ҳаракат қилиши, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, аввало, бола ҳуқуқларини таъминлашдан бошланишини тўлиқ англамоғимиз лозим. Шундагина қудратли ва буюк Ўзбекистонни барпо этишга муносиб ҳисса қўшган бўламиз.
Абдукамол РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олимлар ва илғор фикрли кишилар дунёдаги гўзалликларни юзага чиқариш учун ғайрат қиладилар, яхши одатларни янгидан кашф этишга ўзларини бағишлайдил...
01 янв 1970
Президентимизнинг жорий йил март ойида вилоятимизга ташрифи, халқ билан мулоқотлари навоийликларнинг кайфиятини янада кўтариб, ижтимоий-иқтисодий т...
01 янв 1970
Тарих — босиб ўтилган йўл. Уни орқага қайтариб ҳам, қайтадан яратиб ҳам бўлмайди....
01 янв 1970
Бугунги кунда энергия тежамкорлигини ошириш, экологик тоза, ноанъанавий ва қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини янада кенгайт...