Тараққиётнинг мангулик чашмаси

/
Ҳаётда ижтимоий, иқтисодий, маданий ва бошқа жабҳаларда тараққиётнинг юзага келиши бевосита илм-фан тамаддуни, янги илмий кашфиётлар, ихтиролар, яратувчилик ва бунёдкорликлар билан боғлиқ кечади. Бошқача айтганда, илм-фан ривожисиз, ютуқларисиз дунё тамаддунини ҳам, ҳаёт барқарорлигини ҳам, башарият камолотини ҳам тўла тасаввур қилиб бўлмайди. Бу жараён олис ўтмишдан то бугунги кунгача ана шундай давом этиб келмоқда. Бундан салкам 3 минг йиллар муқаддам яратилган, дунё тарихида биринчи китоб дея эътироф қилинган “Авесто” асарида ҳаётнинг тараққиёт асоси деб учта нарса — эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал тамойиллари тилга олинган. Буни қаранки, уч тамойил ҳам бевосита илм билан боғлиқ.
Яъни инсон, аввало, фикр қилиши, бирор янги нарсани яратишни хаёлида пишиб етилтириши керак, бу пишиб етилган фикрни, ғояни сўзда ифодалаши, бошқаларга етказа олиши зарур. Шундан кейин уни ҳаётда амалга ошириши, дунё тамаддуни учун хизмат қилдириши шарт. Ўтмишда яшаб ўтган олис аждодларимиз ҳаётнинг юксалишида илм-фаннинг ролини ана шундай белгилаганлар. Улар бу жараёндаги учта тамойилни нафақат белгилаб, илмий асосини кўрсатиб берганлар, балки буларнинг ҳаётдаги амалий ифодасини ҳам яратиб кетганлар.
Эътибор беринг, ота-боболаримиз тафаккури ва даҳоси билан яратилган энг қадимги тош ёзувлар ва битиклар, халқ оғзаки ижоди намуналаридан тортиб, бугунги кунгача дунё кутубхоналари хазиналарида сақланаётган минг-минглаб қўлёзмалар, уларда мужассамлашган тарих, адабиёт, санъат, сиёсат, ахлоқ, фалсафа, тиббиёт, математика, астрономия, кимё, минералогия ва бошқа кўп соҳаларга оид миллионлаб жилдлик қимматбаҳо асарлар аждодларимизнинг эзгу фикр, эзгу сўзларининг ифодаси эмасми?!
Ёхуд бу қадим замондан милодгача бўлган даврда ва ундан кейин қурилган ниҳоятда маҳобатли шаҳарлар, қалъалар қолдиқлари, мураккаб сув иншоотлари, ер остида кўмилиб ётган саройлар намуналари, ҳали-ҳануз ўзининг кўрку тароватини сақлаб келаётган осори атиқаларимиз, обидаларимиз ўлкамизда олис ўтмишда аждодларимиз деҳқончилик, ҳунармандчилик, меъморлик, шаҳарсозлик санъатини юксалтириш борасидаги эзгу амалларининг намуналари эмасми?!
Тўғри, жаҳон тарихида илм-фанга тўсқинлик бўлган, олимлар, илм аҳллари қувғин қилинган, қатағон этилган, тараққиёт йўллари тўсилган даврлар бўлган. Лекин бу ҳаёт тамаддунини ҳеч вақт орқага сура олмаган. Айни пайтда, тарихнинг яна бир ҳақиқатини ҳам эътироф этиш керак, қадимда шарқ ўлкаларида алломаларга, илм аҳлларига алоҳида эҳтиром кўрсатилган. Бу хусусда Абу Райҳон Берунийнинг “Хоразмнинг машҳур кишилари” китобида шундай бир воқеа келтирилади: “Хоразмшоҳ май ичиш учун саройдан чиқди. Менинг уйимга яқинлашиб, келганини билдиришни буюрди. Унинг ҳузурига чиқишга бироз кечикдим. У ҳужрам олдида тўхтаб, отидан ерга тушмоқчи бўлиб турган эди. Мен ер ўпиниб, унга отдан тушманг, дея ёлвордим. У менга қараб, “Билим барча мулкларнинг энг аълосидур, барча унга интилур, унинг ўзи келмайдур” деди ва сўнг яна “Агар бу эски дунёда шундай қонунлар бўлмаганида эди, мен ҳузурингга келмасдим, мен келдим, чунки мен эмас, сендаги билим юқори туради”, деб қўшиб қўйди”.
Сўзимни тарихнинг олис ҳақиқатларидан бошлаётганим бежиз эмас. Зеро, биз мамлакатимизнинг мустақиллик даврида босиб ўтган 25 йиллик тарихи давомида нафақат ўтмиш ҳақиқатларидан, аждодларимизнинг бой илмий меросидан баҳраманд бўлдик, балки барча соҳаларда анъаналар давом этишига, хусусан, илм-фан ривожи қадимда бўлгани каби бугун ҳам, келажакда ҳам дунё тамаддунида, тараққиётида катта роль ўйнашига, илм аҳлига эътибор, ғамхўрлик йилдан-йилга ошаётганига амин бўлдик. Шунинг учун ҳам мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов фаолияти давомида илм-фан, таълим тизимини ривожлантиришга, янги замонавий ўқув масканларини кўпайтиришга, ёшларнинг хорижий ўлкаларда таълим олишлари учун кенг имкониятлар яратиб беришга, инновацион иқтисодиёт тараққиётига алоҳида эътибор қаратган эди. Бошланган бу хайрли ишлар бугун ҳам давом этмоқда. Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев бу борада илм-фан ривожини янги босқичга кўтаришни, фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини мустаҳкамлашни, илмий тараққиётни кучайтиришни асосий масалалардан бири қилиб қўйди. Шу мақсадда Президентнинг Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари фаолиятини такомиллаштириш ва рағбатлантириш тўғрисидаги фармони қабул қилинди. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йилнинг 30 декабрь куни мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намояндалари билан учрашуви ҳам шу мақсад йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Фармонда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида илм-фаннинг ўрнини янада мустаҳкамлаш, академиклар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш сифатини оширишни рағбатлантириш борасида бир қатор чора-тадбирлар белгиланган бўлса, учрашувда ана шу чора-тадбирларни амалга ошириш йўллари, тамойиллари ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди, таклифлар ўртага ташланди. Хўш, фармонда белгиланган чора-тадбирлар, учрашувда ўртага ташланган таклиф-мулоҳазаларнинг моҳияти нималардан иборат ва уларда белгиланган вазифаларни амалга оширишда биз олимлар, академикларнинг фаолияти нималарга қаратилиши керак, деган саволлар туғилади.
Маълумки, мамлакатимиз ва жамиятимизнинг замон талаблари даражасида ривожланишини илм-фансиз тасаввур қилиш қийин. Илм-фан тараққиётида фундаментал тадқиқотлар муҳим аҳамият касб этади. Айнан улар орқали янги билимлар ўзлаштирилади, илмий назариялар шакллантирилади. Шу тариқа келгуси амалий тадқиқотлар ва инновацион ишланмалар учун мустаҳкам асос яратилади. Академиямиз олимлари ҳам фаннинг турли соҳалари бўйича кўп йиллар давомида фундаментал тадқиқотлар олиб борганлари шубҳасиз. Тасаввур қилинг, битта пахта ёки шолининг янги навини яратиш учун 10-15 йиллик илмий меҳнат талаб қилинади. Замонавий автоматик қурилмани ихтиро қилиш учун 15-20 йиллик ақлий меҳнат сарфланади. Кимё, биология соҳасидаги янгиликни яратишга чорак аср етмайди. Математика ёки физика илмида битта теоремани исботлаш учун бир неча авлод олимлари илмий изланадилар. Шу маънода академикларимиз кўп йиллик илмий изланишлари давомида янги ихтиролар, кашфиётлар қилганлар. Фундаментал асарлар яратганлар. Улар ўз вақтида янгиликлар сифатида эътироф этилган, рўйхатларга олинган, бу борада қўлларига ҳужжатлар берилган. Аммо бу ихтиролар, кашфиётлар ҳаётда амалий ифодасини топмаган. Тараққиётимиз учун хизмат қилмаган. Аниқроғи, илм-фан ҳаётий тараққиётдан узилиб қолган. Давлатимиз раҳбарининг фармонида ана шундай узилишларга барҳам бериш йўллари ишлаб чиқилган. Яъни юқори технологик илмий маҳсулотларни амалиётга жорий этиш учун янги, замонавий тажрибаларни амалга оширадиган, ишлаб чиқариш, констурукторлик-технологик ташкилотлар, инновация марказларини ташкил этиш белгиланган. Айни пайтда, илмий асосдаги янги технологияларни ҳаётга жорий қилувчи корхоналарга имтиёзлар, преференциялар бериш масаласига алоҳида урғу берилган. Бу эса ўз-ўзидан илм-фанга, янги ихтиро, кашфиётлар учун инвестиция киритадиган корхоналарни кўпайтиришга хизмат қилади. Умумлаштириб айтганда, фармонда кўзда тутилган энг асосий масалалардан бири — илм-фанни бугунги ҳаёт тараққиётига, мамлакатимиз иқтисодиёти юксалишига хизмат қилдиришдан иборатдир.
Ҳозирги пайтда ҳеч бир мамлакат жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорликларсиз, ундан узилган ҳолда ўз ривожланиш йўлини белгилай олмайди. Илм-фан тараққиёти ҳам дунё олимлари ўртасида ўзаро ҳамкорликларни кучайтиришни талаб этади. Фармонда ана шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Фанлар академиясининг жаҳондаги етакчи институтлар, университетлар, илмий марказлар, академиялар билан ҳамкорликларини янада кучайтириш йўллари кўрсатиб ўтилган. Шу билан биргаликда хорижда таълим олиб, юксак илмий иқтидорини намоён қилаётган юртдошларимиз учун мамлакатимизда илм-фан соҳасида қулай шарт-шароитларни яратиб бериш, уларнинг илмий салоҳиятидан фойдаланиш, рағбатлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилган.
Мамлакатимиз Президентининг академиклар, илм-фан намояндалари билан учрашувида ўртага қўйилган жиддий масалалардан бири таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, ёш илмий кадрлар, юксак малакали мутахассисларни тарбиялаб етиштириш билан боғлиқ бўлди. Бунинг сабаби бор. Тўғри, республикамизда юқори салоҳиятга эга, жаҳон миқёсида эътироф этилган олимлар кўп. Эндиликда улар ўз илмий мактабларини яратишлари керак. Ўзларига издош бўладиган, талантли, иқтидорли шогирдлар тарбиялаб етиштиришлари зарур.
Қолаверса, яна бир ҳолат, ҳозирги пайтда академиямиздаги академикларнинг энг ёши 60 ёшдан ошганлигини эътиборга олсак, илм соҳасида устоз-шогирдлик анъаналари ниҳоятда керак эканлиги маълум бўлади. Табиийки, илм-фан соҳасида талантли, иқтидорли ёшларни тарбиялаб вояга етказиш осон кечмайди. Бунинг учун ишни мактаб таълимидан бошлаш керак. Президентимиз айтганидек, таълим бериш тизимини тубдан янгилаш зарур. Коллеж, университетлар, илмий-тадқиқот институтларида академик курслар, академик марказлар очиш, уларга энг иқтидорли ёшларни жалб этиш ва уларнинг етук олимлар, академиклар билан ҳамкорлигини юзага келтириш ҳаётий эҳтиёжга айланди. Ана шунда академиямизда ҳам, илм-фан соҳасида ҳам узвийлик ва изчиллик давом этади.
Мен юқорида Хоразмшоҳнинг улуғ аллома Абу Райҳон Берунийга нисбатан эҳтироми ҳақидаги воқеани бекор келтирганим йўқ. Бугун ҳам юртимизда илм аҳлига ва илм-фанга ана шундай катта эътибор юзага келди. Бу эса бизни яна кўпроқ ишлашга, замон талабига кўра юқори савияли илмий ишлар қилишга, юртимизда тафаккур маданиятини юксак даражага кўтаришга даъват этади.
Илм — инсон онгу шуури, ақл-заковати, тафаккури ҳосиласи. Инсон ақл-заковатининг эса чек-чегараси йўқ. Унинг тафаккури доимо оқиб турадиган чашмага ўхшайди. У ҳамиша турфа хил янгиликлар, кашфиётлар, ихтиролар яратишда давом этаверади. Булар ҳаётда улкан юксалишлар юзага келишига ҳисса қўшади, тараққиёт, тамаддун йўлини очиб беради. Шунинг учун илм-фан барча даврларда тараққиётнинг мангулик чашмаси ҳисобланган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолаверади.
Эдвард РТВЕЛАДЗЕ,
Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Юртимизда эришилаётган ҳар бир муваффақиятимиз, илм-маърифат, спорт, иқтисод, қишлоқ хўжалиги, қўйингки, барча-барча соҳаларнинг ривожланиши ўқитув...
01 янв 1970
Маълумки, оммавий ахборот воситалари жамият ҳаётини холис ёритувчи маънавий кўзгу ҳисобланади. ...
01 янв 1970
Президентимизнинг жорий йил март ойида вилоятимизга ташрифи, халқ билан мулоқотлари навоийликларнинг кайфиятини янада кўтариб, ижтимоий-иқтисодий т...
01 янв 1970
Мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида иқтисодиёт тармоқларида эришган барча ютуқ ва марралари, унинг тизимли суръатлар билан ўсиши, аввало, ...