Қадимдан мустаҳкам ришталар

/
“Чиннинг географик ўрни ғаройиб: бир томонда адоғи йўқ сокин саҳро ястаниб ётади, ундан нари кўм-кўк водийлар бошланади. Водийлар эса виқорли тоғлар, сарҳад билмас уммонларга туташади. Чинликларнинг феъл-атворида табиатга уйғунлик бор: улар суҳбатда мулойим, савдода қатъиятли, дўстона муносабатларда ишончлидирлар. Шунинг учун аждодларимиз ўртасидаги ҳамкорликлар қадим-қадимдан давом этиб келмоқда”.
XV асрнинг 30-йиллари охирларида Мирзо Улуғбекнинг топшириғига мувофиқ Хитойга элчилик муносабати билан борган улуғ аллома Али Қушчи ўз хотираларида ана шундай деб ёзган эди.
Ҳақиқатан ҳам, улуғ аллома ёзганидек, Марказий Осиё, Мавороуннаҳр билан Хитой ўртасидаги ҳамкорликлар илдизи олис ўтмишга, милоддан олдинги III-II асрларга бориб боғланади. Савдо-сотиқ борасида бошланган алоқалар кейинчалик Буюк Ипак йўли доирасида давом этиб, дўстлик, маданий ҳамкорликка айланган. Айниқса, Хитой императорлари ўша даврларда Фарғона (Давань), Тошкент (Шош), Самарқанд ҳукмдорлари билан яқин алоқада бўлишган. Тарихчиларнинг ёзишича, VII-VIII асрларда шошлик санъаткорлар Хитойда ҳукмдорлар саройларида ўтказиладиган концерт мусобақаларида қатнашишган. Ёхуд хитойликлар Даваннинг учар отларига харидор бўлишган. Умуман, тарихда мамлакатларимиз ўртасидаги бундай ҳамкорликлар кўп бўлган.
Ана шу қадимдан бошланган ҳамкорликлар бугунги кунда ҳам янгича шакл ва мазмунда давом этмоқда. Ҳар икки мамлакат яхши қўшничилик, ҳамкорлик, дўстлик муносабатларини ўрнатган. Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин бу ҳамкорликларга “Ўзбекистон Марказий Осиёдаги йирик қудратли давлат. Хитой Ўзбекистон билан муносабатларга доимо стратегик ва истиқбол нуқтаи назаридан қарайди... 24 йил давомида давр синовларидан ўтган, халқаро майдондаги хавф-хатарларга бардош берган Хитой — Ўзбекистон муносабатларида барқарор тараққиёт суръатлари изчил давом этмоқда”, дея юксак баҳо берди. Кейинги йилларда Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномага ҳамда 2014-2018 йилларга мўлжалланган Стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш дастурига кўра ўзаро алоқалар янада мустаҳкамланди. Натижада 2015 йилда бу икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 3,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.
Айни пайтда, Хитой Ўзбекистоннинг ишончли иқтисодий шериги сифатида ҳам фаолият юритмоқда. Мамлакатимизда ҳамкорликда барпо этилаётган кўплаб саноат корхоналари бунинг ёрқин исботидир. Хусусан, биз фаолият юритаётган Қўнғирот сода заводи ҳам Хитойнинг “CITIC” компанияси билан ҳамкорликда бунёд қилинган эди. Унда ҳозирги пайтда 100 минг тоннадан зиёд кальцинацияланган сода ишлаб чиқарилмоқда. Бу маҳсулотга халқаро миқёсда талаб ошиб бораётганлиги учун заводнинг иккинчи босқичини барпо этиш ва маҳсулот ҳажмини 200 минг тоннадан ошириш белгиланди. Заводда иккинчи босқич қурилиш ишлари ҳам Хитойнинг “CITIC” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Заводда хитойликлар билан биргаликда иш бошлаганимизда бизлар оддий ҳамкорлар эдик. Эндиликда бу ҳамкорлик чинакам дўстликка айланди. Бу дўстлик ришталари келгусида яна мустаҳкам бўлишига ишонамиз.
Қаллибек САФАРОВ,
Қўнғирот сода заводи цех устаси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари қадим тарихга эга. 
01 янв 1970
Қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 575 нафар фуқаро мазкур фармонга мувофиқ афв этилди....
01 янв 1970
Мустақил мамлакатимиз эркин, демократик жамият қуриш йўлига ўтганидан бери орадан йигирма олти йил ўтди....
01 янв 1970
...Бир пайтлар ҳаётнинг ўзи рад этган кундошлик, қўшхотинлик балоси қандай хунук оқибатларга олиб келиши барчамизни ташвишга солиши керак...