Қулфбузарлар қўлга тушди

/
Инсон умри давомида қандайдир хатолар қилади. Гап хатода эмас, ундан тўғри хулоса чиқаришда ва хатони такрорламасликда, албатта.
2019 йилнинг 12 апрель куни жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди томонидан Василий Иванов (Исм-фамилиялар ўзгартирилган — таҳририят) бошчилигидаги гуруҳнинг жиноий иши кўриб чиқилди.
Унда Василийнинг 18 ёшиданоқ тўғри йўлдан адашганлиги, номусга тегиш, ўғирлик, босқинчилик ва гиёҳвандлик каби жиноятларни содир этиб, ёши қирққа яқинлашган бўлса ҳам хатоларини англаш ўрнига бошқаларни ҳам жиноят йўлига бошлаганлиги баён этилган.
Василий Иванов Навоий вилояти “Металл-Коорд” МЧЖ шаклидаги қўшма корхона ишчиси, Навоий шаҳрининг ўалаба кўчасидаги хонадонда яшаган. У ҳаёти давомида бир неча бор судланиб, жазосини олган бўлса ҳам қилган хатоларидан тўғри хулоса чиқариб, ҳаётини изга солиш ўрнига жиноий режаларини амалга ошириш мақсадида ўзига шерик излай бошлайди. Ниҳоят 2018 йилнинг июнь ойида излаган одамини топади. У Бухоро шаҳрида туғилган ва кейинчалик Навоий шаҳрига кўчиб келиб, Навоий кўчасида яшаган, ўрта-махсус маълумотли, икки нафар фарзанднинг отаси, оиласидан ажрашган, вақтинчалик ишсиз, эски таниши Толиб Зокировни учратиб қолади ва унга даромадли иш таклиф қилади. Табиийки, ишсиз юрган Толибга бу таклиф мойдек ёқади.
Улар жиноий ишни амалга ошириш ниятида 2018 йилнинг 27 июль куни соат тахминан 18 ларда Навоийдан Бухоро шаҳрига йўл олишади. Василий асосий вазифани бажаришни ўз зиммасига олади. Толиб эса фақатгина уй эгалари келиб қолмаслиги учун пойлоқчилик қилиши, улар келиб қолишса Василийни огоҳлантириши ва унинг уйдан чиқиб қочишига ёрдамлашиши ёки ўғирланган молни машинага етказишга кўмаклашиши керак эди.
Улар 5-микрорайон ҳудудига бориб, кўп қаватли уйларни кўздан кечириб, ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида “Абдураҳмон Жомий” кўчасидаги 35-хонадоннинг эшик қўнғироғини босишади. Кутилганидек эшикни ҳеч ким очмайди. Демак, уйда ҳеч ким йўқ. Режалаштирилганидек, Толиб йўлак зинасида туриб, уй эгаси келиб қолмаслиги учун атрофни кузатиб туради, Василий эса қўлидаги сим билан эшик қулфини очиб, чамаси ярим соатлик вақтда қўлида тилла тақинчоқлар билан чиқади ва йўловчи машинада Навоий шаҳрига қайтишади. Уй эгаси Г.Муродова эса ишдан қайтиб, уйининг бетартиб ҳолатда эканлигини кўриб, тегишли органларга хабар қилади. Суруштирув жараёнида ўғирланган тилла ва бриллиант тақинчоқлар баҳоси 22 миллион 900 минг сўм эканлиги аниқланади.
Бундан ташқари, В.Иванов жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2018 йил 24 август куни соат 13:30 ларда уюшган жиноий гуруҳ аъзолари билан биргаликда ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида фуқаро Ф.Азимов истиқомат қилиб келаётган Бухоро шаҳар, Мустақиллик кўчаси, 58/2-уй, 39-хонадонга ғайриқонуний равишда кириб, уйнинг ётоқхона қисмида бўлган баҳоси 80.000 сўмлик темир сейф ҳамда унинг ичидаги 750.000 сўм нақд пулни, 1750 АҚШ доллари ва 20.000.000 сўмлик тилла тақинчоқларни ўғирлаб, жабрланувчига жами 34.692.250 сўмлик моддий зарар етказиб, жиноят жойидан яширинади.
Навоийдан Бухорога йўл транспортида қатнаш муаммосидан қутулиш ва ишни тез ва хавфсиз бажариш учун енгил автомашина заруратини сезган Василий яна бир таниши — уч нафар фарзанднинг отаси, оиласидан ажрашган, Навоий шаҳрининг “Деҳқон” кўчасидаги уйда истиқомат қилувчи, 2009 йилда Жиноят Кодексининг 276-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан судланган таниши Тельман Саркисянни ҳам мазкур ишга жалб этади. 2018 йил 27 август куни Василий Тельманга қўнғироқ қилиб, уйига чақиради ва “белини оғритмасдан” катта даромадга эга бўлишни хоҳласа тез ва осон битадиган иш борлигини айтади. Тельманга унинг вазифаси фақат машинасида мўлжалланган манзилга олиб бориб келиш бўлса ҳам қўлга киритилган даромадга тенг шерик бўлиши маъқул бўлиб, бу таклифга дарҳол рози бўлади. Ўша куннинг ўзидаёқ унинг автомашинасида Бухорога йўл олишади. Тельман машинасида ўтириб, уларни кутади. Василий кўп қаватли уйларнинг бирига кириб, эшигини таққиллатади. Тахмин қилинганидай ҳеч қандай жавоб бўлмагач, Толибни зинада пойлоқчиликка қолдириб, ўзи қўлидаги сим ёрдамида эшикни очиб, ичкарига киради... Бор-йўғи 20-30 дақиқада 9 миллион сўмлик тилла тақинчоқларни олиб чиқиб, заргарликдан хабари борлиги боис уларни пуллаш учун Тельманга беради.
Орадан ўн кун вақт ўтгач, яъни 2018 йилнинг 6 сентябрида жиноий гуруҳ яна Бухорога келади. Бу гал улар “ташриф буюрган” Бухоро шаҳар, Қ.Муртазоев кўчасидаги 48-уй эгаси Б.Нуриддинов турмуш ўртоғи билан Тошкентга кетишган, аксига олиб уйда қолган жияни ҳам қишлоққа тўйга кетган эди. Василий бор-йўғи 10 дақиқа ичида хонадондан анча-мунча даромадни қўлга киритиб, бугунги “ови” бароридан келганидан хурсанд бўлиб, шериклари билан уйига қайтади. Ўша куни Тошкентдан қайтган хонадон эгаси Б.Нуриддинов хотинини уйи олдида машинадан тушириб, ўзи уйга ҳам кирмасдан жиянининг тўйига кетади, аммо у тўйхонага етиб борар-бормас турмуш ўртоғи қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтиради...
Бировнинг мулкини ўз мулкига айлантиришда устаси фарангга айланаётган гуруҳ аъзолари яна бироз вақт ўтар-ўтмас Бухоро шаҳрига йўл олишади. Василий ва Толиб Тельманни “Чинор” ресторанига яқин ҳудудда қолдириб, режа бўйича ишга киришади: Василий уй қўнғироғини босади, ҳеч қандай жавоб бўлмаганидан сўнг эшикни сим билан очиб, ичкари киради, Толиб уй эгаси келиб қолмаслиги учун зинада пойлоқчилик қилади. Бу сафарги даромад 530 АҚШ долларини ташкил этади.
Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганларидек, орадан 10 кун ўтиб улар яна ўғирликка чоғланадилар. 2018 йилнинг 13 октябри куни соат 18.00 ларда жиноий гуруҳ яна Бухоро шаҳрига келишади. Одатдагидай Василий уйларни синчковлик билан текшириб, чироғи ўчган ҳолда турган бир хонадонни мўлжалга олиб, ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, кетма-кет қурилган икки эшикни ҳам сим билан очиб, тахминан 10-15 дақиқада бир миллион саккиз юз минг сўм пулга эга бўлади. Аммо бу “даромад” уларнинг нафсини қондира олмайди. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, яъни 2019 йилнинг 19 октябрь куни Бухоро шаҳридаги “Технология ва енгил саноат” институти яқинидаги олдинги гал 27 миллион сўм миқдоридаги пулни осонгина қўлга киритган жойига гўёки бу уйда қайнар “пулбулоқ” бордек яна келишади. Аммо Толибнинг кўнгли ниманидир сезгандек, бир уйга икки бора ўғирликка боришга оёғи тортмайди. Лекин унинг бошқа жойга бориш ҳақидаги таклифига Василий кўнмайди.
Қўнғироқ чалинганида ичкаридан ҳеч ким жавоб бермаганлиги туфайли Василий одатдаги усулда қулфни очаётганида аксига олиб сим синиб, қулфнинг ичида қолиб кетади. Ичкарига киришнинг иложини қилолмаган икки шерик зиналардан тез-тез юриб пастга тушиб кетишар экан, олдиларидан милиция ходимлари келишаётганини кўриб, йўналишни ўзгартиришади. Афсуски, бу томондан ҳам ички ишлар ходимлари улар томонга келишар эди. Шундагина “қулфбузарлар” ўзларининг “кутилган меҳмон” эканликларини англаб, жон-жаҳдлари билан қочишга уринадилар. Аммо бунинг иложи йўқ эди...
Албатта, энди текин даромад топиш илинжида юртдошларининг пешона тери билан топган ва яхши кунларига атаб йиққан маблағларини ўғирлаб, уларнинг орзу-ҳавасларини кўкка совурган жиноятчиларнинг 8-9 йиллик умри оиласи, яқинлари, дўст-ёрлари билан меҳнат қилиб, шодумонликда умргузаронлик қилиш ўрнига жазони ўташ колонияларида афсус-надоматда ўтади.
Қилмиш-қидирмиш деганлари шуда, ахир.
Бекзод ТОШЕВ,
жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди судьяси,
Саодат МАТЁҚУБ қизи,
“Adolat” мухбири 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармал...
01 янв 1970
Жамият ривожига, мамлакат тараққиётига жиддий тўсиқ бўлиб, соҳалар юксалишига бевосита таҳдид туғдирадиган асосий иллат – коррупциядир. ...
01 янв 1970
Асосий қонунимизда юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ижтимоий гуруҳ ва қатламнинг манфаати, ҳуқуқ ва эркинликлари эътибордан четда қолмаган....
01 янв 1970
Коррупция — мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят. Унинг асосида хуфёна равишда қўлга киритиладиган иқтис...