“ИНКУБАТОР” ОНА

/
Фотима Собирова (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) 27 ёшида Саид Тожиевга турмушга чиқади. Орадан вақт ўтиб, оилада ўғил туғилади. Бундай бахтга мушарраф бўлган ҳар қандай аёл бутун меҳрини оиласига бахш этиши керак эди. Афсуски, Фотима эрининг юрагига шубҳа уруғини сочиб қўйди. Саиднинг норасида Исмоилга қарашга юраги бетламас, ҳар кўзи тушганида шубҳа-гумон ич-этини тирнарди. Афсуски, норасида бир ёшга тўлар-тўлмас касаллик боис дунёдан ўтади...
Шу баҳона Фотима оилавий ҳаётига якун ясайди. Онасининг уйига келиб яшай бошлагач, унинг таксичи таниши билан ишқий муносабатлари бошланади. Фотима танишининг ўзига уйланмоқчи эканлиги, 2 хонали уй кичиклик қилаётганлиги, уйни сотиб, ҳовли олиб, бирга яшамоқчи эканлигига онасини ишонтириб, уйни сотдиради. ...Ўша куниёқ уйнинг ярим пули ҳам, таксичи “куёв” ҳам ғойиб бўлади... Фирибгар дастидан уйсиз қолган она ва қиз Зангиота туманининг Ўртаовул маҳалласида истиқомат қилувчи холаси Нигора Фаёзованинг хонадонида яшай бошлашади. Анчагина хаёлчан, ғалати бўлиб қолган онасининг хатти-ҳаракатлари, гап-сўзлари Фотиманинг ғашига тегади. Бир куни дастурхон атрофида овқатланиб ўтиришганида қўлидаги қошиқни онасига отади. Онанинг қоши ёрилади... Беш ойлик меҳмондорчилик шу билан тугайди. Ўз онасига қўл кўтарган қизни холаси уйидан ҳайдаб чиқаради ва вақт ўтиб, онаси вафот этганида, волидаи муҳтарамасини сўнгги йўлга кузатишига ҳам изн бермайди.
У холасининг маҳалладоши Маърифат опаникида яшай бошлайди. Ҳали холасиникида яшаётган вақтида шу маҳаллада ўзи каби вақтинча ижарада яшаётган Давлат исмли йигит билан танишиб, унга ихтиёрини топширган эди. Фотиманинг қорни дўппайгач, йигит номаълум томонга “суриб қолади”... 2014 йилнинг 24 октябрь куни Маърифат опа уни Зангиота туман туғруқхонасига олиб бориб жойлаштиради. Бу гал у эгизак қизларнинг онаси бўлади. Қизалоқларни Маърифат опанинг “кафолат хати” билан туғруқхонадан олиб чиқиб, уникида бир ярим ой яшагач, бу ижара уйдан ҳам чиқиб кетади.
Ҳар бир аёл фарзандни дунёга келтириши мумкин, аммо унга меҳр беришга ҳамма ҳам қодир эмас. Бу ишни Фотима ҳам уддалай олмади. У маъсума қизалоқларидан бирини Зангиота туман туғруқхонаси эшиги тагига ташлаб кетади... Текширишлар натижасида чақалоқнинг онаси кимлиги аниқланиб, уни яна она деган номга муносиб бўлмаган, аммо дунёга келтирган аёлга қайтаришади.
Шундай кунларнинг бирида ўзларини фарғоналик Муҳаббат ва Маъмура деб таништирган икки аёл келини фарзанд кўрмаётгани айтиб, ундан фарзандларини беришини сўрашади. Табиийки, бу таклиф Фотимага мойдек ёқиб тушади ва фарзандидан воз кечганлиги ҳақидаги тилхатга имзо чекиб, эгизаклардан бирини бериб юборади. 18 кун вақт ўтгач эса, Фотима ўша аёллар “Мабодо иккинчи қизингизни ҳам беришни истасангиз...” деб қолдириб кетган телефон рақамини теради...
Икки фарзандидан ҳам қутулган Фотима бу ижара уйидан ҳам келишмовчилик туфайли чиқиб кетиб, «Ўртаовул» МФЙда жойлашган кафеда ишлаб юрар экан, Тошкент савдо марказида аравакаш бўлиб ишлайдиган, исмини ҳозир ўзи ҳам эслолмайдиган қашқадарёлик шахс билан танишиб, унинг ижара уйида 3-4 ой бирга яшайди. Алал-оқибат яна ҳомиладор бўлиб қолади. Бу орада эса у йигит ўз вилоятига кетади ва уйланаётганини, Фотимага ёрдам бера олмаслигини айтади. Вужуддаги ҳомила эса кун сайин ҳаётга интилиб, дунёга келиш онлари яқинлашиб боради.
Фотима яна «мижоз» излай бошлайди. Кунларнинг бирида гўзаллик салонига кириб, мақсадга кўчади: ҳомиладорлигини, боласи туғилса уни боқа олмаслигини, шунинг учун 1000 АҚШ долларига сотиш ниятида эканлигини айтади. Буни эшитган Зилола исмли аёл уни фарзанд олиш ниятида юрган қариндоши Зулфия билан таништириб қўяди. Зулфия оиласини сақлаб қолиш мақсадида бола асраб олиш ниятида экан. Зулфиянинг турмуш ўртоғи Отабек унинг яшаш шароити, болани беришдан мақсадини сўраб-суриштиради. Фотиманинг эри ташлаб кетганини, “ночор ва хокисор аёл”лигини ўзидан эшитиб, унга раҳми келади. Тирноққа зор эр-хотин унинг барча талабларини бажаришади. 2015 йилнинг 30 декабрь куни Янгийўл туман туғруқхонасига олиб боришади ва шифокорларнинг саъй-ҳаракати туфайли жарроҳлик йўли билан дунёга келган ўғилга Ёрқинбек деб исм қўйишади. Фотима эса одатдагидай боласидан ўз ихтиёри билан воз кечганлиги баён қилинган тилхатни ёзиб бергач, яна эркин қушга айланади.
У Зангиота туманидаги «Боғзор» МФЙда яшаб юрганида ижара уйи яқинида яшовчи Шоҳиста исмли аёлнинг таклифига кўра оиласи билан ажрашган Мақсад исмли кишига турмушга чиқиб, унинг хонадонида яшай бошлайди ва кўп ўтмай ҳомиладор бўлади. Уч нафар фарзандини иккиланмай сотган аёл, эридан пинҳона қорнидаги ҳомиласига “ота-она” излай бошлайди. Бу гал Фотиманинг қармоғига Зангиота зиёратгоҳи яқинида танишиб қолган Ҳаққул Ҳамидов илинади. (Аслида ким кимнинг қармоғига илингани кейинроқ аён бўлади). У билан суҳбатлашиб, “боласи йўқ”лигини билиб, унга “раҳми келган” “инкубатор” она дарҳол телефон рақамини олади ва боласи туғилгач унга беришини айтади.
2018 йилнинг 13 январь куни Тошкент шаҳридаги 6-сон туғруқхонада қизи Сурайё дунёга келади. Бола “бизнес”и устасига айланган она бир неча бор Ҳаққулга қўнғироқ қилиб, 3000 АҚШ доллари эвазига чақалоқни олиб кетишини айтади, харидор 1000 АҚШ долларидан бошқа беролмаслигини айтиб туриб олгач, шу нархга кўнади. Аммо шундай кейин ҳам Ҳаққул болани олиб кетишни пайсалга солаверади. Бу вақт ичида Сурайё уч ойлик бўлиб, ота-онасини ўзгалардан ажрата оладиган, ширин қизалоққа айланади. Ниҳоят онанинг қабиҳ ниятидан қайтмаслигини англаган Ҳаққул тегишли идораларга мурожаат қилади. 2018 йил 6 апрелида турмуш ўртоғи ва қайнонасининг Сурайёни сотишига йўл қўймаслигини яхши билган Фотима гўёки эмлатиш учун оилавий поликлиникага олиб бориш баҳонасида уйдан чиқади ва қизидан қутулиб, биратўла уйга ҳам қайтиб келмасликни дилига тугади.
Соат 15.30ларда жувон «Бунёдкор» ўйингоҳи яқинида мижози билан учрашади. Ҳаққул уни машинасида Тошкент марказий вокзали яқинидаги ошхонага олиб бориб, “турмуш ўртоғи” Барнони ҳам шу ерга олиб келади. Қизиғи, Барно бошқа мижозлардан фарқли ўлароқ, уни мақсадидан қайтаришга уринади. Аммо у “қийналиб кетганини, яшаш шароити оғирлигини, боласини сотган пулига уй олиши зарур”лигини айтиб туриб олгач, “олди-берди” жараёни бошланади. Фотима ўз роҳатини, фароғатини ўйлаб, “Фарзандим Сурайё Мамажоновани Ҳаққул Ҳамидовга ҳадя сифатида бердим. Кейинчалик даъво ва жанжал қилмайман”, деб тилхат ёзиб беради ва 1000 АҚШ долларини олиб, сумкасига солади... Шу пайт кутилмаганда ички ишлар ходимлари келиб қолади-ю...
Албатта, Фотима қилмишига яраша жазо олди. Лекин эрта бир кун у ўзи сотган жигарбандларининг кўзига қандай қарар экан?..
Шохаббос ТОШЕВ,
Тошкент шаҳри аэропортларида хавфсизликни таъминлаш
бошқармаси тергов бўлими терговчиси,
Саодат МАТЁҚУБ қизи,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Миллий қонунчиликка биноан давлат болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайди, уларни ҳимоя қилади, шунингдек, ота-оналардан вояга етмаган фар...
01 янв 1970
Бугунги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, ИИВ ва ДХХ томонидан амалга оширилмоқда....
01 янв 1970
Халқимиз аёлни гулга қиёслайди, садоқат-вафо тимсоли сифатида ардоқлайди. Аёл ҳам ўзининг меҳру муҳаббати, фидойилиги билан умри давомида бу қиёсла...
01 янв 1970
Ҳурматли “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти ходимлари, “тўртинчи ҳокимият”нинг жонкуяр вакиллари!...