Алиментни ундириш: миллий амалиёт ва хорижий тажриба

/
Миллий қонунчиликка биноан давлат болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайди, уларни ҳимоя қилади, шунингдек, ота-оналардан вояга етмаган фарзандларни моддий таъминлашни талаб қилади. Ушбу нормалар Конституция, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун, Оила кодекси, Фуқаролик кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларида ўз аксини топган.
Вояга етмаган фарзандларга қарашдан бўйин товлаш ҳолатлари қанчалик кенг тарқалган? Ҳар йили ушбу масалага оид 45 мингдан ортиқ суд ҳужжати қабул қилинади. Айни пайтда мамлакатимизда алимент ундируви билан боғлиқ 240 мингдан зиёд ҳужжат иш юритувидадир. Алимент тўлашдан бўйин товлаган тахминан икки минг нафарга яқин шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган. Ҳар йили жиноят ишлари бўйича судлар томонидан алимент тўлашдан бўйин товлаган уч мингга яқин шахс устидан суд иши кўриб чиқилади.
Таъкидлаш жоизки, бундай муаммолар аксарият давлатларда учрайди. Шу боис хорижда болаларнинг алимент ҳуқуқларини кафолатли таъминлаш соҳасидаги ижобий тажрибани ўрганиш жуда муҳим.
Мисол учун, Германияда 1979 йилдаёқ ота-онаси алимент мажбуриятини бажаришдан бўйин товлаган 13 ёшгача бўлган вояга етмаган шахсларга давлат томонидан алимент маблағи тўлаш тизими жорий этилган. Францияда эса Оила кассалари фаолият юритади. Агар ота (она) икки ой алимент тўламаса, қарамоғида вояга етмаган фарзанд бўлган иккинчи тараф (ота ёки она) ана шу Оила кассаларидан алимент маблағларини олиши мумкин. Эстонияда 2017 йилда тўлиқ бўлмаган оилада тарбияланаётган болаларга ёрдам берувчи алимент фонди ишга тушди. Ушбу фонд алимент қарздорлигини ундиришнинг иложи бўлмаган ҳолатларда бола таъминоти учун ойига 100 еврогача бўлган миқдорда тўловни амалга оширади.
Мазкур ташкилотлар қуйидаги хусусиятларга эга: биринчидан, улар давлат томонидан ташкил этилади ва молиялаштирилади, яъни бу фондларга мурожаат қилган фуқаро фарзанди таъминоти учун дарҳол, ҳеч қандай бюрократик қийинчиликларсиз етарли маблағ билан таъминланади. Иккинчидан, фонд тўлаган маблағ кейинчалик алимент тўлашдан бўйин товлаб келаётган ота (она)дан мажбурий тартибда ундирилади.
Бундай фондлар Австрия, Латвия, Литва, Польша, Словения каби болалар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича юқори поғоналарни эгаллаб келаётган давлатларда ҳам ташкил этилган. Бу ташкилотлар ишсизлик оқибатида алимент қарздорлигини тўлашга имконияти бўлмаган ота-оналарни иш билан таъминлашга ҳам кўмаклашади ва келажакда оилалар тикланишига хизмат қилади.
Ўзбекистонда қарздорликни ундиришга қаратилган чора-тадбирлардан бири сифатида қарздорнинг чет элга чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаш белгиланган. 2009 йилдан буён мазкур чора 33 мингдан зиёд қарздорга нисбатан қўлланилди. Бироқ қарздорларнинг барчасида ҳам чет элга чиқиш зарурати йўқлиги сабабли ушбу чекловни етарли даражада самарали, деб бўлмайди.
Беларусь, Буюк Британия, Исроил, Қозоғистон, Канада, Польша, Россия, АҚШ, Финландия каби давлатларнинг тажрибаси махсус ҳуқуқларни, жумладан, ов қилиш ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини вақтинча чеклаш қарз ундиришнинг самарали воситаси бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Мисол учун, Россияда мазкур механизм жорий этилганидан сўнг бир йилда 1,9 миллиард рублдан зиёд алимент қарздорлиги ундирилган бўлиб, ушбу кўрсаткич қарздорга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида ундирилган пул маблағларидан уч баравар кўпроқни ташкил этган.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикасида ҳайдовчилик гувоҳномасига эга шахслар сони деярли беш миллионни ташкил этади. Уларнинг 90 фоиздан зиёди эркаклардир.
Амалдаги қонунчиликка биноан вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни, шунингдек, ота-онани моддий таъминлашдан (алимент тўлашдан) бўйин товлаганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилган. Ушбу ҳуқуқбузарлик учун ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга энг кам иш ҳақининг 20 баравари миқдорида жарима назарда тутилган.
Аммо амалиёт бундай маъмурий жазо чоралари етарли даражада самарали эмаслигини кўрсатмоқда. Чунки, биринчидан, кўп ҳолатларда ҳуқуқбузарларнинг тайинланган жаримани тўлашга имконияти бўлмайди. Иккинчидан эса, маъмурий қамоққа олиш чораси алимент қарздорлигини бартараф этишга ёрдам бермайди. Чунки “Маъмурий қамоқни ўташ тўғрисида”ги қонунга кўра, бундай шахслар пул тўланадиган ишларга фақатгина ўзининг ёзма розилиги асосидагина жалб қилиниши мумкин.
Россия, АҚШ, Грузия, Молдова, Украина ва бир қатор бошқа давлатлар қонунчилигига кўра, алимент тўлашдан бўйин товлаган шахсларга нисбатан мажбурий жамоат ишлари шаклидаги таъсир чораси қўлланилади. Унга кўра, меҳнат эвазига олинадиган ҳақ қарздорликни бартараф этишга йўналтирилади.
Ўзбекистон Республикасида мажбурий жамоат ишлари жиноий жазо тури сифатида қўлланилади. Бунда маҳкум ҳақ тўланмайдиган фойдали жамоат ишларини бажаришга мажбурий тарзда жалб қилинади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда мажбурий жамоат ишлари каби жазо чораси белгиланмаган.
Миллий амалиёт ва илғор хорижий тажрибани ўрганиш вояга етмаган шахсларни ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш ва алимент тўловларини ўз вақтида, тўлиқ ундириш учун янги механизмларни жорий этиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Алимент ундиришдан асосий мақсад боланинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ажралишнинг салбий оқибатларини камайтиришдир. Алимент мажбуриятларини ўз вақтида бажариш боланинг табиий эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилади.
Собиржон НУРБЕРДИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Давлат идорасига мурожаат йўллаган фуқаро қонун устуворлигига ишонч ҳосил қилиб, асослантирилган жавоб олишни кутади. ...
01 янв 1970
Азиз ўқувчи, газетамизнинг бугунги сонидан бошлаб янги рукнимиз остида ҳафта давомида одамлар орасида шов-шувга сабаб бўлган, эл орасида энг кўп му...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг “Иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар” деб номланган учинчи бўлимида, кодекснинг 168-моддаси (Фир...
01 янв 1970
Коррупция муаммоси ва унга қарши кураш масаласи ҳозирги даврнинг энг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Чунки бу иллатнинг кенг қулоч ёйиши ўт...