Туркия сиёсий янгиланишлар чорраҳасида “Адолат ва тараққиёт партияси” парламент сайловларида етакчиликни қўлга киритди

/
Жорий йилнинг 24 июнь куни Туркия Республикасида бир вақтнинг ўзида президент ва парламент сайловлари бўлиб ўтди. Ушбу сайловларнинг якуний натижаларига кўра Режеп Тоййип Эрдўғон 52,59 фоиз овоз тўплаб президентликка қайта сайланган бўлса, у раҳбарлик қилаётган “Адолат ва тараққиёт партияси” 42,56 фоиз овоз билан парламент сайловларида етакчиликни қўлга киритди. Туркия марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, сайловларда иккинчи натижани Камол Қиличдор ўғли раҳбарлик қилаётган Туркия халқ республикаси партияси қайд этди.
Эксперт ва мутахассисларнинг фикрича, Туркия Республикаси сиёсий жиҳатдан тарихий ўзгариш ва бурилишлар палласида турибди. 9 июль куни Режеп Тоййип Эрдўғон Туркиядаги ваколатлари кенгайтирилган президент республикаси даврининг илк раҳбари сифатида қасамёд қилди ва тарих саҳифаларидан жой олди. У ўз нутқида Туркия халқига “янги давр” бошлашни ваъда қилган ҳолда миллат бирлиги ва қардошлигини кучайтириш, ўлка ривожи ва давлатни юксалтиришда давом эттириш учун номуси ва шарафини ўртага қўйиб, қасамёд қилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, 2017 йилда мамлакатда ўтказилган референдум натижаларига кўра Туркия Республикасида 1924 йилдан 2017 йилгача қабул қилинган бир қатор қонунларга ўзгартиришлар киритилди. Шунга мувофиқ Туркияда бошқарув шакли расман ўзгариб, бошқарув парламент шаклидан президент шаклига ўтди. Конституцияга киритилган тузатишлар Эрдўғоннинг 2028 йилгача ҳокимиятда қолишига йўл очди.
Ўз навбатида, Туркиянинг президентлик бошқарувига ўтиши ҳукумат таркибида ўзгаришларга олиб келди. Эндиликда ҳукумат аъзолари Туркия Президенти томонидан тайинланади. Аҳамиятли жиҳати, киритилаётган ўзгаришлар туфайли бир қатор вазирликларнинг бирлашиши натижасида вазирлар сони 21 нафардан 16 нафаргача қисқарди.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда Туркия сиёсий янгиланишлар “чорраҳасида” турибди. Бу мамлакатнинг президентлик бошқарув усулига ўтиши ва Конституцияга киритилган ўзгартиришлар билан чамбарчас боғлиқ. Қарийб бир асрдан буён амал қилиб келган бошқарув усулига барҳам берилиб, янги тизим жорий этилиши Туркия Республикаси раҳбариятидан келажакда янада каттароқ масъулият талаб этади, албатта.
Аброр ИБРАГИМОВ тайёрлади.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Республика суд-тиббий экспертиза бош бюроси мутасаддилари диққатига!
01 янв 1970
Бу жараёнда ўз турар жойларини ижарага берувчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказишга жиддий эътибор қаратилди....
01 янв 1970
Миллий қонунчиликка биноан давлат болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайди, уларни ҳимоя қилади, шунингдек, ота-оналардан вояга етмаган фар...
01 янв 1970
“Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик...