Бўлди ажаб ҳангомалар...

/
Республика суд-тиббий экспертиза бош бюроси мутасаддилари диққатига!
Инсон зоти борки, ҳаётини, фаолиятини тасодифларсиз тасаввур қила олмайди. Биргина тасодиф ҳаётингизни остин-устун қилиб юбориши, сокин дарёдек бир текис давом этаётган фаолиятингизни издан чиқариб юбориши мумкин. Яқинда бошимга тушган ана шундай тасодиф сабаб ушбу мақолани ёзишга жазм этдим.
Дам олиш куни қариндошларни ҳайит билан қутлаб қайтаётгандик. Тасодифан бир шоввоз машинамизни ўнг томонидан қувиб ўтаман деб, “калла қўйди”. Қий-чув, тўполон, шифохона, ЙПХ, тергов-суриштирув ишлари бошланди. Ҳар кимни тасодифий фалокатдан Яратганни ўзи асрасин-ку, лекин ана шундай ҳолатга тушиб қолсангиз айбсиз айбдорлигингизни исботлаш учун ҳам сочингиз оқарар экан...
Майли, ҳозир гап бу ҳақда эмас.
Гапнинг индаллосига ўтиб қўя қолай.

Хуллас, терговчи қўлимга шапалоқдек қоғоз бериб, Республика суд-тиббий экспертиза бош бюросига жўнатди. Айтдики, олган-олмаган жароҳатларимиз ҳақида экспертизанинг хулосаси керак бўларкан.
Излаб-қидириб қоғозда кўрсатилган манзилни топиб бордик. Биз бу ерда дуч келган ҳангомалар қолган сочимизни ҳам оқартирдики, қуйида шу ҳақда ҳикоя қиламиз.
Ўқувчиларимиздан биз қаламга олаётган воқеа 2018 йилнинг 2 июлида содир бўлганига эътибор қаратишни сўрар эдик. Демак, душанба куни соат 12.20 да суд-тиббий экспертиза бош бюросининг рўйхатхонаси ёнида ҳозир бўлдик. Рўйхатхона даричаси тепасига отнинг калласидай қилиб “Тушлик вақти соат 12.00 дан 12.30 гача”, деб ёзиб қўйилган экан.
Рўйхатхона ёнида 10-15 чоғли одам. Кимнинг қўли, кимнинг оёғи, яна бировининг боши боғланган. Бир сўз билан айтганда, ҳаммаси адолат излаб юрган жабрдийдалар. Албатта, бу муассасага ҳеч ким хурсандчилигидан ёки шунчаки бир айланиб кетиш учун келмайди.
Хуллас, навбатга турдик. Соат 12.30 бўлди. 12.40 бўлди. Сеҳрли дарча жонивор очилай демайди. Ниҳоят сабримиз тугаб бирин-кетин дарчани тақиллатишга тушдик. Ахийри дарча очилиб, оппоқ халат кийган қиз тушлик вақти эканини айтди. Биз ҳам қараб турармидик, тушлик тугаганини даъво қилдик. Қизгина тушлик соат 13.00 гача эканини иддао қилди. Биз дарча тепасида турган ёзувда тушлик вақти 12.30 гача белгиланганини даъво қилдик. “Истасангиз, ёзувни 14.00 қилиб ўзгартириб берамиз.” Шу билан дарча яна шарақлаб ёпилди...
Соат роппа-роса 13.00 да дарча эмас, рўйхатхонанинг эшиги очилди ва ... Биз кутган ва кутмаган воқеа содир бўлди. Хона ичкарисидан рўйхатга олувчи қизимиз жаҳл билан бир парча қоғоз кўтариб чиқди ва бизнинг даъвомизга сабаб бўлган “Тушлик вақти соат 12.00 дан 12.30 гача” деган ёзувни олиб ташлаб, кўз ўнгимизда янги — “Тушлик вақти соат 12.00 дан 13.00 гача” деган ёзувни илди-қўйди. Навбат кутаётганлардан кимдир секингина “Хайрият, 14.00 деб ёзмабди-ку”, деди...
“Бор-йўғи 40 минут кутибсиз, шунга шунча ота гўри қозихонами”, дейишга шошманг. Ҳали ҳангоманинг қизиғи олдинда.
Биздан аввал навбатда турганлар бирин-кетин нимадандир норози бўлганча кимдир оқсоқланиб, кимдир ёнидаги шеригига суяниб рўйхатхона дарчасини тарк эта бошлади. Навбат тезлашганига хурсанд бўлиб, 13.20 ларда дарчага етиб бордик. Қўлимиздаги қоғозни “синчиклаб” ўқиган қиз “аввал 1-кабинетга учрашишимиз керак”лигини айтди. Биздан аввалгилар нимадан норози бўлганини билиб, “Шуни аввалроқ айтиб ёки ёзиб қўйса бўлмасмикан?” деб ғудранганча “1-кабинет”га югурдик. Барака топгур рўйхатхонадаги навбатдошларимиз аллақачон янгидан сафга тизилишган экан. На илож. Биз ҳам турдик. Ниҳоят соат 14.00 ларга яқин хушмуомалагина духтир опа паспортимизни кўриб, қўлимиздаги қоғозга имзо чекиб берди...
“Ана, ишингиз битибди-ку”, дейишга шошманг. Биз яна энди анча яқин таниш бўлиб қолган навбатдошлар билан рўйхатхона ёнида саф тортдик...
Шунда сабр косам синиб, эълонлар тахтаси ёнига бордим. Ўйладимки, бирон-бир мутасадди бўлса, бу сансоларликдан арз қиламан. Афсуски, ниятим амалга ошмади. Чунки “Ишонч телефони” деб ёзиб қўйилган тахтачада бирон-бир телефон рақами йўқ экан.
Шундай қилиб, муассаса биносига кирганимиздан роппа-роса 2 соат 35 дақиқа ўтиб эксперт-шифокорнинг эшигини топиб бордик.
Бу ёғи энди алоҳида ҳангома...
Айбсиз АЙБДОР

ТАҲРИРИЯТДАН:
Маълум сабабларга кўра мақола муаллифининг исм-шарифини ошкор этмадик. Аммо кўнгилни бир ўй хижил этади. Дарҳақиқат, ҳеч ким бу идорага шунчаки бормайди, мажбурият, зарурат туфайли боради. Шусиз ҳам бошига ташвиш тушган фуқарони сарсон-саргардон этиш, ходимларнинг қўполлиги, тиббиёт ходимларининг (!) “хоҳласанг шу, хоҳламасанг катта кўча” қабилидаги тўнг муомаласи Инсон шаънини ерга уриш, уни ҳақоратлаш билан баробар эмасми?..
Ёзаверсак, гап кўп. Аммо, умид қилиб қоламизки, тегишли муассасалар, аввало Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур бюродаги сансоларликларга, тартибсизликларга чек қўяди.
Демак, мавзуга яна қайтамиз.  

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Айни кунда ишнинг кўзини биладиган тадбиркорларга давлатимиз томонидан катта имкониятлар яратилмоқда. ...
01 янв 1970
Турмуш ташвишлари, ҳаёт зарбалари баъзан инсонни руҳий тушкунликка тушириши мумкин. ...
01 янв 1970
Халқимизда ота бўлиш осон, аммо оталик қилиш қийин, деган нақл бежиз айтилмаган. ...
01 янв 1970
Мен қишлоқ хўжалигида 49 йилдан бери ишлаб келаман. Оддий тракторчиликдан иш бошлаган эдим. ...