Фарзанд жиноятга қўл урса ким айбдор?

/
...2017 йилнинг 19 май куни ота-онаси ва укалари билан Чирчиқ шаҳрида ижарада яшовчи қашқадарёлик Нодир Ўткиров (мақоладаги исм-фамилилар ўзгартирилган) Юнусободдаги “Универсам” бозорига киради. Шу ерда бир пайтлар ўзи уйини таъмирлаган Зулайҳо Илёсовани учратиб қолади. Аёл у билан ҳол-аҳвол сўрашар экан, кўкат харид қилиш учун ҳамёнини очади. Унда 5000-10000 сўмлик нақд 1 милллионча пул борлигини кўрган Нодирнинг нияти бузилади.
У Зулайҳонинг орқасидан эргашиб, Юнусобод туманидаги Аҳмад Дониш даҳасига боради. Эшиги қулфланмаган уйга кириб, уй эгасига шу ердан ўтиб кетаётганлиги ва чанқоғини қондириш мақсадида кирганлигини айтади. Уй бекаси уни ошхона томон бошлайди. Жувон Нодирнинг ётоқхонадаги сейфга кўз қирини ташлашга улгурганини, бир пиёла сув ичаётиб, стол устида турган ошпичоқни эпчиллик билан шимининг чўнтагига солганини сезмай ҳам қолади.
Йигит то уй бекаси болалар хонасига кириб чиққунича ётоқхонадаги темир сейфни ҳамда оқ ва пушти ранг ҳамённи олиб чиқишга уринади.
– Бу нимаси?!
Уй бекасининг овозидан сергак тортган йигит “Мана, қўяяпман”, дея сейфни йўлакка кўяди ва чўнтагидан пичоқни олиб, аёлга яқинлашади. Гувоҳдан қутилиш ва тезроқ унинг бойлигига эга бўлиш истагида ёнаётган қотил аёлнинг юраги, қорни ва бўйнига пичоқ уради. Сўнг сейфни, марҳуманинг тилла тақинчоқларини, телефон аппаратларини, жами 17 910 790 сўмлик мулкни олиб чиқиб кетади ва ҳодиса жойидан яширинади.
Тўғри, ҳеч қайси ота-она фарзандининг жиноятчи бўлишини истамайди. Аммо Н.Ўткиров тасодифан жиноятчи бўлиб қолмаган. У ҳақдаги маълумотномада шундай сўзлар бор: “...1994 йил 17 июнда Қашқадарё вилоятида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти ўрта, вақтинча ишсиз, муқаддам судланган. Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Қамаши туман судининг 2012 йил 26 апрелдаги, 2012 йил 20 ноябрдаги, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод туман судининг 2013 йил 11 июндаги ҳукмига кўра...”
Ҳақли савол туғилади: маҳалладаги бир оила фарзанди 18 ёшида юзи шувит бўлиб, суднинг қора курсига ўтирса, 19 ёшида яна такрор жиноятга қўл уриб, панжара ортида ўтирсаю, наҳотки, бунга маҳалла фаоллари, қишлоқ аҳли эътибор беришмаса? Акс ҳолда Нодир Ўткиров орадан 3-4 йил ўтар-ўтмас одам ўлдиришдек мудҳиш жиноятга қўл урмаган бўлармиди? Ахир халқимизнинг “Бир болага етти маҳалла ота-она”, деган мақоли бежиз айтилмаган-ку!
Одатда, ота-оналар фарзандлари қилган хатоларни ўз вақтида тўғрилаш, боласининг қинғир йўлларга киришининг олдини олиш ҳаракатида бўладилар. Аммо Нодир Ўткировнинг отаси, опаси ва укалари жиноят изини яширишга кўмаклашганлигини қандай изоҳлаш мумкин?! Жумладан, Н.Ўткировнинг опаси отасининг ва укасининг телефонда берган топшириғига кўра уйдаги ашёвий далил – сейфни олиб чиқиб кетади...
Н.Ўткировга жазо тури ва миқдорини тайинлашда судлов ҳайъати унинг илгари ҳам қасддан жиноят содир этганлиги учун судланиб тегишли жазо муддатини ўтаб чиқиб, яна қасддан жиноят содир этганлиги, жиноятни ғаразли ёки бошқача паст ниятларда содир этганлигини жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб, у айбли деб топилган моддалар доирасида белгиланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни лозим топди.
Жиноят фош этилди. Ҳукм ўқилди. Тоғни урса талқон қиладиган 23 ёшли йигит қонуний жазосини олди.
Инсон ўз меҳнати ва интилиши билан яшаш тарзини ўзгартириши мумкин. Аммо болаликда олган тарбияси, ота-она ўгитлари, оиладаги муҳит таъсири барибир бўй кўрсатаверади. Агар гўдаклигидан яқинлари унинг шуурига гўзаллик, яхшилик ва эзгу амалларни жо этганларида эди, бугун эҳтимол Нодир Ўткиров жиноятчи номини олиб, юзи қора бўлиб эмас, элимизнинг фахрли ёшлари сафидан ўрин олган бўлармиди....
Бахтиёр АЛИМОВ,
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси
Саодат РАҲИМОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 январдаги фармони амалга оширилаётган ишларда янги босқични бошлаб берди....
01 янв 1970
Асосий қонунимизда юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ижтимоий гуруҳ ва қатламнинг манфаати, ҳуқуқ ва эркинликлари эътибордан четда қолмаган....
01 янв 1970
“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”га асосан аҳолинин...
01 янв 1970
Инсон ақлу заковати беқиёс. Баъзи инсонларнинг кашфиётлари, бунёдкорликлари, амалга оширган ишларига, ақлий салоҳиятига таҳсин ўқийсан....