“Адолат бор экан...”

/
Ҳурматли “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти ходимлари, “тўртинчи ҳокимият”нинг жонкуяр вакиллари!
Мен, Рустамбек Атаджанов таҳририятга шикоят хати йўллагандим. Аввало, сизларга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Мен ўшанда “Адолат” газетасидан ташқари бир қатор марказий газеталарга ҳам мурожаат қилган эдим. Бироқ фақатгина “Адолат” газетаси ушбу мурожаат юзасидан тегишли тартибда ўрганиш олиб борилиши ва қонуний хулоса тақдим этишни сўраб мутасадди ташкилотларга сўров хатини йўллади. Айнан сизларнинг сўров хатингиздан сўнг менинг ўғлимга оид суд иши қайтадан кўрилди.

Шикоят хатимда қарийб саккиз йил мобайнида Хоразм вилоятида ўазначилик бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган ўғлим Нодирбек Атаджановнинг туҳматга қолиб, Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди томонидан асоссиз судлангани ҳақида ёзгандим.
Аввало шуни айтишим лозимки, ўз ўғли бўлгани учун уни мақтаб ёзаяпти, деб ўйламанг. Ўғлим Атаджанов Нодирбек 1999 йилда Урганч давлат университетини иқтисодчи мутахассислиги бўйича, 2003 йилда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясининг молия мутахассислиги бўйича магистратурасини муваффақиятли тамомлаган. Нодирбек меҳнат фаолиятини 1999 йилда Хоразм вилоят Молия бошқармаси иқтисодчиси лавозимида бошлаган.
Меҳнат фаолияти давомида ўзини юқори малакали мутахассис, ташаббускор, ўз принципларига эга ходим сифатида кўрсата олганлиги боис иқтисодчиликдан етакчи иқтисодчи, бош иқтисодчи, сектор мудири ва бошқарма бошлиғи лавозимларида ишлаб келган. Бир неча бор ўтказилган текширувлару ўрганишларда ҳам ўғлим ҳалол ва тоза ишлаши ўз исботини топган.
Лекин алам қиладигани шундаки, ўғлим бир танишидан ойлик маошига қадар олган 200 АҚШ долларини, яъни қарзини қайтариб бераётганида “гўёки олган порасини қайтаришда” айбланган. Ахир, ўғлим ҳақиқатдан ҳам пора олганида, уни қайтариб берармиди? Ўғлимнинг бирор-бир ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги эвазига ўша таниши манфаат кўрмаганлиги судда аён бўлди. Пора берган шахс пора олувчидан бирон-бир ишини битириб беришини умид қилади, лекин ўғлим О.Аҳмедов исмли танишининг ҳеч бир ишини ҳал этишга ваъда ҳам бермаган, шунчаки пулга муҳтож бўлиб турганини ва ойлик олганда қайтариб беришини айтган, холос.
Саволлар кўп, лекин Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди судьяси У.Бекдурдиев саволларнинг бирортасига жавоб изламасдан, ўғлимнинг кўрсатмаларига эътибор қилмай, ишни синчковлик билан ўрганмасдан туриб, жиноят содир этмаган ва хатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмаган ўғлимга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисмининг “б” банди билан ЖКнинг 45,-57-моддаларини қўллади ва 3 йил муддатга мансабдорлик ва раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Ўтган давр ичида ўғлимнинг ҳалоллиги ва айбсизлигини исботлаш учун мурожаат қилмаган ташкилотим қолмади. Раҳбарининг ноҳақ судланганига бефарқ қарай олмаган 50 нафарга яқин ходимлар ҳам мен билан тенгма-тенг тегишли ташкилотларга мурожаат йўллагани эса билимли, етук мутахассисни вояга етказган ота сифатида мени беҳад қувонтирди. Лекин ўғлимнинг содир этмаган жиноятига нисбатан чиқарилган биргина нотўғри қарор бир мени эмас, бутун қавму қариндошларнинг, айниқса, бегуноҳ набираларимнинг азобланишига сабаб бўлганини унутиб бўлмас экан. Ўғлимнинг онаси, умр йўлдошим азбаройи сиқилганидан касаллик орттириб олди.
Хуллас, адолат эгилар, букилар, лекин синмас экан. Шукрки, таҳририятнинг жонкуярлиги, Олий суд масъул раҳбарларининг хизмати билан протест асосида кўрилган Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди апелляция инстанциясининг ажримига асосан ўғлим Атаджанов Нодирбекка нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисмининг “б” банди билан қўйилган айблов ЖК 168-моддасининг 1-қисмига қайта малакаланди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2014 йил 14 ноябрдаги амнистия актининг 2-бандига асосан жазодан озод қилинди.
Судьялар билан ташкил этилган учрашувда Президентимизнинг кейинги вақтларда бирорта суд томонидан оқлов ҳукмлари қабул қилинмагани ҳақидаги фикрларини тинглаб, очиғи, кўзимга ёш келди. Бу гаплардан кўриниб турибдики, Президентимиз биз, оддий одамларнинг дардидан хабардор. Лекин минг афсуслар бўлсинки, ўз иши, инсон тақдири ва ниҳоят қонунга нисбатан беписандлик билан муносабатда бўлаётган айрим масъул ходимлар, судьялар бу ҳақиқатни тўғри англамас экан.
Гапнинг қисқасини айтганда, шунча сарсон-саргардонлик ва оворагарчиликлардан сўнг асоссиз равишда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганлиги натижасида ўғлим 7 ойдан ортиқ муддат қамоқда сақлангани биз, яқинларининг ҳам руҳан ва маънавий жиҳатдан озор чекишимизга сабаб бўлганлиги боис аввал Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судига, кейин Фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилоят суди аппеляция инстанциясига Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди судьяси У.Бекдурдиевга нисбатан моддий ва маънавий зарар ундиришни сўраб, даъво аризаси киритдим.
Аппеляция инстанциясининг ажримига асосан жами 22 миллион сўмдан ортиқ маблағ ўғлимнинг фойдасига Урганч шаҳар молия бўлимидан ундириладиган бўлди.
Шу ўринда масаланинг муҳим жиҳатига эътибор қаратишни истардим. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Процессуал кодексининг 305-моддасига асосан ушбу кодекс 304-моддасининг 1,3,4,5 ва 6-бандларида кўрсатилган зиён давлат бюджети ҳисобидан қопланиши белгиланган. Юқоридаги аппеляция инстанциясининг ажрими ҳам ушбу моддага асосан қабул қилинган ва ажримдан норози эмасман.
Бироқ етказилган зарар ўзининг ҳалол меҳнати, билими ва ташаббускорлиги билан ҳамкасблари, маҳалла-кўй ўртасида ҳурмат-эътибор қозонган ўғлимга нисбатан нотўғри ҳукм чиқарган вакилдан эмас, давлат бюджети ҳисобидан қопланиши адолат тамойилларига қанчалик тўғри келади, деган ўй мени қийнаб келаяпти. Ахир, нотўғри ҳукмни шаҳар молия бўлими эмас, суд чиқарган-ку? Шундай экан, нега энди бизга етказилган моддий ва маънавий зарар давлат ҳисобидан ундирилаяпти? Эҳтимол, амалдаги қонунчиликка етказилган маънавий зарарни давлат ташкилотида ишлаб, унинг номидан қарор қабул қиладиган мутасаддиларнинг ўзларидан қоплаш бўйича ўзгартириш киритиш керакмикан, деб ўйлаб қолдим. Нотўғри қарор қабул қилгани учун судларнинг моддий жавобгарлигини кучайтириш вақти келмадимикан?
Шу ўринда яна бир гап. Яқиндагина Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг қабулига кирдим. Шахсан олий суд раиси Н.Комилов мурожаатимни диққат билан тинглагани, мендаги ҳужжатларни синчковлик билан ўргангани, мурожаатим асосида ўғлимга оид иш қайтадан кўрилишини маълум қилгани адолат қарор топишига бўлган ишончимни янада оширди. Қолаверса, Ўзбекистон судьяларининг халқимизга қилган мурожаатида суд вакиллари судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантиришда бор билим ва тажрибаларини сафарбар этиши, судга борган ҳар бир фуқаро фақат адолат топишига кафолат беришини маълум қилгани мен каби адолат излаб юрган қанчадан- қанча ҳамюртларимизни қувонтирган бўлса ажаб эмас.
Жамиятда адолат, қонун устуворлиги таъминланишини ўзининг асосий мақсади деб ҳисоблайдиган сиёсий партиянинг расмий нашрида “Газетхон минбари” рукнининг ташкил этилгани ва ушбу рукн ёрдамида биз, фуқаролар ўзимизни қийнаётган муаммоларимизни кенг жамоатчиликка маълум қила олишимиздан хабар топиб, очиғи жуда хурсанд бўлдим. Чунки кўп ҳолларда оммавий ахборот воситаларида фақатгина давлат ташкилоти раҳбарлари ёки масъулларининг фикри, ҳисоботи бериб борилади, лекин аҳоли, халқнинг фикри ва дардини кўрсатадиган, ёзадиган минбарни камдан-кам учратар эдик.
Сизларга ижодий муваффақият тилаб, Хоразм вилояти, Урганч шаҳри, Мустақиллик» кўчаси, 5-йўлак, 25-уйда яшовчи мухлисингиз
Рустамбек АТАДЖАНОВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мен Шаҳрисабз шаҳри Нодира кўчаси 3-уйда яшовчи, 8 нафар фарзанднинг отаси, беш йилдан бери суд-ҳуқуқ идораларидан адолат излаб сарсон юрган, 70 ёш...
01 янв 1970
Энди борсам раҳбарларни топа олмаяпман. Улар телефон қўнғироқларимга ҳам жавоб беришмаяпти....
01 янв 1970
Адолат халқимиз учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, эзгуликлар манбаи бўлиб келган. ...
01 янв 1970
Асосий қонунимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида улуғланган....