Тўлов шакли нархлар сунъий ўзгаришига олиб келмайди

/
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари доимий эътиборда бўлиб, бу борада тегишли қонун ҳужжатлари доимий қабул қилинаётганлиги бунинг тасдиғидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида тадбиркорлик субъектларининг эркин фаолият юритишлари ҳамда улар фаолиятига аралашувларни янада қисқартириш мақсадида бир қатор янги меъёрлар белгилаб берилган эди.
Хусусан, мазкур фармонга мувофиқ 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб юридик шахсларнинг тугатилаётганида ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари бўйича берган мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувларни истисно этган ҳолда, режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинган.
Ушбу фармон билан 2017 йил 1 январга қадар ўтказилиб келинган текшириш шаклларидан бири бўлган муқобил текширишлар умуман бекор қилинди.
Шунингдек, фармонга асосан ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахслар ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан эътиборан бир ой муддатда етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ва рухсат этувчи зарур ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этилиши белгиланган.
Мазкур фармон билан тадбиркорлик субъектларида текширишларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибига ўзгартиришлар киритилганлигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 29 декабрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.
Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Солиқ кодекси ва Бюджет кодексига, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 8 та қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 176-моддаси тўртинчи қисмига ўзгартириш киритилиб, унга мувофиқ биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан ўттиз кун ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъектининг рўйхатдан ўтказилишини таъминлаган ва зарур бўлган рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштирган бўлса, ҳуқуқбузарлик нарсаларини мусодара қилмасдан жавобгарликдан озод этилиши белгиланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 90-моддаси, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунининг 30-моддаси, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонунининг 10-1-моддаси, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 39-моддаси, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонунининг 27-моддаси, “Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 20-моддаси тадбиркорлик субъектлари молия-хўжалик фаолияти солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар молия йили мобайнида мунтазам равишда тўланмаган тақдирда, режали текширишлардан ўтказилиши мумкинлиги ҳақидаги тегишли қисмлар билан тўлдирилди.
Бундан ташқари, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасига қўшимча киритилиб, унга кўра терговга қадар текширишлар чоғида ва қўзғатилган жиноят ишлари бўйича молия-хўжалик фаолияти текширувларини ўтказиш тартиби жиноят-процессуал қонун ҳужжатлари билан тартибга солиниши белгиланди.
Шу билан бирга, бугунги кунда аҳолига иш ҳақи, нафақалар, стипендиялар ва бошқа тўловлар ўз вақтида берилишини таъминлаш муҳим масала бўлиб қолмоқда.
Чакана савдо ва аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш соҳасида нақдсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада такомиллаштириш, нақд пул маблағлари тўлиқ ҳисобга олиниши ва банк айланмасига жалб этилишини, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш мақсадида 2017 йил 15 февралда Президентимизнинг “Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Эндиликда ушбу қарор билан белгиланган тартибга мувофиқ, давлат солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорлик субъектларини нақд пул маблағлари ёки пластик карточкалар бўйича тўлов шаклига қараб нархларни сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш, назорат-касса машиналарини, ҳисоб-китоб терминалларини ишлатиш, шунингдек, ўрнатилган тартибда талон ва чеклар бериш, нақд тушумни ўз вақтида ва тўла ҳажмда инкассация қилиш масалалари юзасидан ўтказиладиган текширувлар Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашининг махсус рухсатномасини талаб этадиган солиқ текшируви ҳисобланмаслиги белгиланди.
Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси зиммасига тадбиркорлик субъектларини нақд пул маблағлари ёки пластик карточкалар бўйича тўлов шаклига қараб нархларни сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш, назорат-касса машиналарини, ҳисоб-китоб терминалларини ишлатиш, шунингдек, ўрнатилган тартибда талон ва чеклар бериш, нақд тушумни ўз вақтида ва тўла ҳажмда инкассация қилиш масалалари юзасидан, белгиланган тартибга мувофиқ, биринчи навбатда, савдо комплексларида, чакана савдо ва хизматлар кўрсатиш ташкилотларида доимий асосда текширувларни ўтказиб бориш вазифаси юклатилди.
Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси томонидан тегишли ташкилий тадбирлар амалга оширилиб, унинг мазмун-моҳиятини жамоатчилик ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида, жойларда учрашувлар ташкил этилиб, тушунтиришлар бериб борилмоқда.
Юқорида қайд этилган талаблардан келиб чиққан ҳолда барча тадбиркорлик субъектлари солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлашлари, савдо, назорат-касса машиналари ва тўлов терминалларидан фойдаланиш, талон ва чеклар бериш қоидаларига қатъий риоя этишлари, шунингдек, нақд тушумни ўз вақтида ва тўла ҳажмда инкассация қилишлари лозим бўлади.
Шу билан бирга, ушбу қарорда белгиланган масалалардан бошқа йўналишлар бўйича қисқа муддатли текширишлар 2016 йил 5 октябрдаги фармон талабларига биноан жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари бўйича берган мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг қарорига мувофиқ ўтказилади.
Э.ЖЎРАЕВ,
Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Марғилон шаҳридаги дорихона муассасаларида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини сақлашни ташкил этиш бўйича 3 та дорихонада йўриқномага амал қилин...
01 янв 1970
Ҳар қандай давлатнинг мустақиллиги, халқнинг эрки унинг ўз армияси, Қуролли Кучлари томонидан ҳимоя қилиниши керак....
01 янв 1970
Конституция давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шаклланиш тартибини, суд тизимини белгилаб беради.&...
01 янв 1970
Хабарингиз бор, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, республикамизнинг барча халқаро аэропортларида жисмоний шахслар учун икки йўлакли тизим, яъни &ldq...