Осуда ҳаётнинг мустаҳкам асоси

/
Истиқлолнинг дастлабки йилларидан юртимизда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш вазифаларига устувор аҳамият берилмоқда. Ички ишлар органлари ходимлари билан аҳоли ўртасидаги муносабатларда ўзаро ишонч ва очиқликни таъминлаш мақсадида профилактика инспекторлари, милиция таянч пунктлари, «Маҳалла посбони» каби институтлар ташкил этилгани юртимизда тинч-осуда ҳаёт таъминланишига хизмат қилмоқда.
Кейинги вақтларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилди. Айниқса, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва унга қарши курашишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳуқуқбузарликка қарши у содир этилганидан кейин курашиш эмас, балки ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш ёки унга йўл қўймаслик принципи асосида ишлаб чиқилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2017 йил 14 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинишидан кўзланган асосий мақсад ҳам ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиришнинг таъсирчан тизимини яратиш, қонун бузилишларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишнинг замонавий ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этишдан иборат.
Қарорда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасалар фаолиятида ахборот-коммуникация технологиялари етарли даражада татбиқ этилмаётгани, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларнинг аниқ манзилга йўналтирилмаганлиги ва уларга комплекс ёндашилмаётганлиги, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг тизимли равишда содир этилишига доир сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш самарадорлиги мавжуд эмаслиги алоҳида қайд этилган.
Қарорда белгиланган муҳим вазифалардан бири – нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шу билан бирга, ушбу ҳуқуқий-меъёрий ҳужжат билан фаолияти қамраб олинган давлат органлари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини, шу жумладан, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари фаолиятида фаол иштирок этиш, фуқаролар мурожаатлари ва муаммоларига беписанд муносабатда бўлиш ва бюрократик ҳолатларга йўл қўймаслик орқали таъминлаши юзасидан масъулиятини янада ошириш ҳисобланади.
Мазкур ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатда, шунингдек, жамоатчилик назоратини кучайтириш, ижтимоий ва давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи муҳим вазифалардан бири этиб белгилангани айни муддаодир.
Қарорда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси муаммолари бўйича комплекс илмий ва амалий тадқиқотлар ўтказиш ушбу соҳадаги давлат органлари ва муассасаларининг асосий фаолият йўналиши этиб белгиланиши Марказий Осиёда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун кадрлар тайёрлаш бўйича энг йирик олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланмиш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Академияси ҳамда бошқа олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида фундаментал ва амалий тадқиқотларни ривожлантиришга, мавжуд муаммоларнинг илмий-амалий ечимига оид илмий изланишларга мустаҳкам замин яратади.
Эътиборлиси, қарор билан ҳуқуқбузарликлар содир этилиш сабаб ва шарт-шароитларнинг, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашга таъсир этувчи омилларнинг, айниқса, ҳуқуқбузарликларнинг салбий динамикаси кузатилган соҳаларда тизимли таҳлилни ташкил этиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини танқидий таҳлил қилиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш соҳасида илғор хорижий тажрибани ўрганиш, уни Ўзбекистон Республикасида жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаш каби вазифалар юклатилган. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қошида Қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш муаммоларини таҳлил қилиш бошқармаси ташкил этиш назарда тутилганлиги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси субъектлари фаолиятини янада самардорлигини оширишга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида белгиланган вазифалар асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини ислоҳ этиш йўналишидаги ҳуқуқий ечимини топиши зарур бўлган қатор муҳим ва долзарб масалалар бўйича қонунларнинг қабул қилиниши аҳолининг давлатимизда амалга оширилаётган оқилона сиёсатга ишончини янада оширмоқда. Шунинг баробарида, бу дадил қадам фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари устуворлигини янада мустаҳкамлайди ва мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш даражасини халқаро талаблар билан уйғунлаштириб, демократик ҳуқуқий давлат қуриш ҳамда адолатли фуқаролик жамиятини барпо этишимизга хизмат қилади.
Насриддин ИСМОИЛОВ,
ИИВ Академияси Илмий кенгаши котиби,
юридик фанлар номзоди, доцент

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Инсон ақлу заковати беқиёс. Баъзи инсонларнинг кашфиётлари, бунёдкорликлари, амалга оширган ишларига, ақлий салоҳиятига таҳсин ўқийсан....
01 янв 1970
3 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан давра суҳбати ўтказилди....
01 янв 1970
Фотима Собирова (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) 27 ёшида Саид Тожиевга турмушга чиқади. Орадан вақт ўтиб, оилада ўғил туғилади....
01 янв 1970
Айтиш керакки, Шавкат Мирзиёев Президент сифатида имзолаган илк ҳужжат “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси ...