Инсон ҳуқуқ ва эркинлиги — олий қадрият

/
Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат қуриш, фуқаролик жамиятини шакллантириш, инсон манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланадиган буюк давлат барпо этиш олий мақсад қилиб олинди.
Бизга маълумки, инсон ҳуқуқларининг таъминланиши фуқароларнинг мурожаатларига доир қонун ҳужжатларига қатъий риоя этиш билан ҳам боғлиқ. Фуқароларнинг мурожаат этиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида мустаҳкамланиб, унга кўра ҳар бир шахс бевосита ўзи ёки жамоа тарзида давлат органларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Жисмоний ёки юридик шахс давлат органига ариза билан мурожаат этганида ўзи ёки ташкилотининг хоҳиш-истаги, эрки-иродасини ифода этиш, таклиф билан мурожаат этганида давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этиш, шикоят билан мурожаат этганида эса бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш имкониятлари мавжуд бўлади.
Маълумки, прокуратура органларининг асосий вазифаси қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишдан иборат. Ушбу фаолият жараёнида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқиш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини кўришга алоҳида эътибор қаратилиши лозим.
Тошкент вилояти прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни ижроси вилоятдаги давлат бошқаруви, назорат-текширув ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда ҳамда маҳаллий ҳокимликлар, ўзини ўзи бошқариш органларида мунтазам таҳлил қилиб борилади.
Жумладан, жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларининг қабулини ташкил этиш борасида амалга оширилган ишлар, шу билан бирга алоҳида бўлинмалар тузилганлиги, масъул шахсларнинг қабул вақтлари белгилаб қўйилганлиги ва аҳоли эътиборига етказилганлиги, мурожаат этувчиларнинг қабул қилиниши, мурожаатларнинг рўйхатдан ўтказилиши, ҳисоботи юритилиши, мурожаатлар бўйича иш юритиш қонунда белгиланган тартибда олиб борилиши ўрганилади.
Мазкур йўналишда ўтказилган таҳлиллар давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар, назорат-текширув идоралари ва бошқа муассасаларда мурожаатларни кўриб чиқишга айрим ҳолларда масъулиятсизлик, ўзибўларчилик руҳида ёндашиб келинаётганлиги, мурожаатларни умуман ёки белгиланган муддатларда кўриб чиқмаслик, асоссиз рад этиш, бу борадаги ҳисоботларни бузиб юритиш каби қонунбузилиш ҳолатларига ҳамон йўл қўйилаётганлигини кўрсатмоқда.
Масалан, юқорида зикр этилган қонуннинг 19-моддасида ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши белгиланган бўлса-да, Паркент туман ҳокими ўринбосари Х.Ҳожиев фуқаро Ф.Ҳайдаров, “Паркент АТС” МЧЖ, “Ореон оберон” МЧЖ ва “Тўлаган қизи Фотима” фермер хўжаликлари раҳбарларининг мурожаатларига ўз вақтида жавоб хатлари бермагани учун суд томонидан МЖтКнинг 43-моддаси билан жавобгарликка тортилган.
Шунингдек, Чиноз туманидаги “Бунёдкор” МФЙ раиси М.Искандарова, “Ёшлик” МФЙ раиси М.Эргашева, “Бирлик” МФЙ раиси В.Никитин, “Сутчилар” МФЙ раиси С.Худойназарова, “Боғбон” МФЙ раиси И.Данияров, “Мевазор” МФЙ раиси С.Абдуллаев, “Расулобод” МФЙ раиси М.Хилметова, “Нафис” МФЙ раиси И.Қосимов, “Гулзоробод” МФЙ раиси А.Абдураҳмоновлар томонидан жами 60 нафардан зиёд жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш натижалари бўйича муаллифларга жавоб хатлари бермаганлик ҳолатлари аниқланиб, ушбу маҳаллалар раисларига суд томонидан тегишли жазо белгиланди.
Бундан ташқари, вилоят Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси томонидан қонуннинг 19-моддаси талаби бузилиб, қўшимча текширишларни талаб этмайдиган мурожаатлар бўйича 15 кунлик муддатда жавоб хати берилмаган.
Хусусан, Зангиота тумани, “Бўзсув” ҚФЙ, “Нуробод” маҳалласида яшовчи Қ.Бўронов ва бошқаларнинг катта кўчага тўғри олиб чиқадиган йўлни очиб бериш ҳақидаги 03.03.2016 йилда ёзган мурожаатига 25 кундан сўнг жавоб хати юборилган.
Шу каби қонунбузилиш ҳолати Г.Ҳамидова, Ф.Ҳасанова, Ф.Исмоилова, Ф.Хўжамқулов, Ф.Абдуллаев ва А.Абдураҳмоновларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда ҳам мавжуд.
Қонуннинг 23-моддасида мурожаат юзасидан қарор қабул қилинган давлат органининг мансабдор ёки бошқа ваколатли шахси агар жисмоний ёки юридик шахс қарорга рози бўлмаса, унинг устидан шикоят бериш тартибини тушунтириши шартлиги кўрсатилган бўлсада, вилоят Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси томонидан муаллифларга берилган жавоб хатларининг айримларида қонуннинг ушбу талаблари бажарилмаган.
Жумладан, Зангиота туманида яшовчи Г.Юлдашевнинг мурожаати бошқарма томонидан кўриб чиқилиб, 19.05.2016 йилда туман бош архитекторига топшириқ берилгани маълум қилиниб, муаллифга жавоб хатидан норози бўлган тақдирда юқори турувчи қўмитага мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилмаган.
Қўмитанинг 21.04.2016 йилдаги 2412/50-02 сонли хати билан Х.Абидованинг янги бекат жойлаштириш ҳақидаги мурожаати бошқарма томонидан кўриб чиқилиб, 28.04.2016 йилда йўл минтақасида жойлаштириладиган вақтинчалик енгил конструкцияли бекатлар шаҳарларнинг бош режаларига киритилмаслиги ҳақида жавоб хати юборилган, мазкур жавобдан норози бўлган тақдирда юқори турувчи ташкилот ёки судга мурожаат этиш тартиби тушунтирилмаган.
Юқоридаги қонунбузилишлари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида вилоят Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғи номига тақдимнома киритилди.
Умуман олганда, вилоят прокуратураси органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига оид қонунчилик ижроси юзасидан ўтказилган назорат тадбирлари натижаларига кўра, 34 тақдимнома киритилди, 47 нафар шахс интизомий ва 44 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият даражасида эътироф этилаётган мамлакатимизда ҳар бир мурожаат эътиборсиз қолмайди. Зотан, мурожаатлар ўз вақтида ва атрофлича ўрганилиши, муаллифга ёзма ёки электрон шаклда жавоб берилишига оид ҳуқуқий ва ташкилий шароитлар яратилган.
Ботир ҚАРШИЕВ,
Тошкент вилояти прокуратураси қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими катта прокурори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасини диққат билан тингладим. Эътироф этиш керак, бу галги Мурожаатнома ҳам инсон...
01 янв 1970
Инсон борки доимо фарзандини ўйлайди. Унинг келажаги яхши бўлишини истайди. 
01 янв 1970
Бу жараёнда ўз турар жойларини ижарага берувчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказишга жиддий эътибор қаратилди....
01 янв 1970
Бухоро вилоятида солиқ қонунчилиги бузилишининг олдини олиш ва ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга чек қўйиш мақсадида мунтазам рави...