Суд қарорини қайд этишда халқаро ҳуқуқни қўллаш асослари

/
Суд-ҳуқуқ соҳасида энг шарафли ва айни пайтда масъулиятли, одил судлов йўли билан адолат ва қонун устуворлигини таъминловчи, фуқароларнинг суд ҳимоясида бўлишдек халқаро ҳуқуқ билан кафолатланган ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи, оддий қилиб айтганда, адолат тарозиси олдида ҳақнинг ҳақ, ноҳақнинг ноҳақ эканлиги ҳақида давлат номидан холис якуний сўзни айтувчи машаққатли касблардан бири судьяликдир.
Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “давлатнинг обрўси, жамиятнинг обрўси суд органлари ва судьяларнинг қонун меъёрларига қанчалик риоя қилишига, улар қабул қилган қарорларнинг адолат меъёрларига нечоғлик мос келишига бевосита боғлиқдир”.
Шундай экан, судьялар учун халқаро ҳуқуқнинг аҳамияти, ўрни ва ўзига хос жиҳатлари, судлар фаолиятига оид халқаро ҳуқуқ нормалари нималарда акс этади? Суд қарорларини ёзишда миллий қонунчилик билан бирга халқаро ҳуқуқ нормаларига таяниш, суд қарорларини халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар билан асослаш мумкинми сингари саволлар туғилиши табиий.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлиги тан олиниб, унга кўра, халқаро ҳуқуқ нормалари қонунларимизга изчил ва босқичма-босқич уйғунлаштирилмоқда. Муайян қонунни қабул қилишдан олдин айни пайтда унинг халқаро шартномаларга мувофиқлиги ҳам ўрганилади.
“Судлар тўғрисида”ги қонунда шундай норма бор: “Ўзбекистон Республикасида суд Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонунларида, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда эълон қилинган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишга даъват этилган”. Ёки “Суд ҳокимияти тўғрисида”ги Пленум қарорига биноан мустақил ва холис судни талаб қилиш ҳар бир инсоннинг ҳуқуқидир. Бу ҳуқуқ Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 10-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси қўшилган халқаро ҳуқуқ ҳужжатларида мустаҳкамланганлиги алоҳида қайд этилган.
Бундан ташқари, Судьяларнинг обод-ахлоқ қоидаларида ҳам судьялар жамиятдаги одоб ва хулқ-атворнинг умумий тамойиллари, шунингдек, халқаро ҳуқуқнинг судьялар одоб-ахлоқини тартибга солувчи умумэътироф этилган тамойилларига амал қилиши белгиланган.
Жумладан, “Судьяларнинг хулқ-атворига оид” Бангалор принципларида судья инсон ҳуқуқлари бўйича нормалар мустаҳкамланган халқаро қонунчиликдан, хусусан, халқаро конвенциялар ва бошқа ҳужжатлардаги ўзгаришлардан доимо хабардор бўлиши кераклиги, “Ҳуқуқнинг устуворлиги ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Йоханнесбург принципларида эса миллий, минтақавий ёки универсал даражада одил судловни амалга оширувчилар халқаро ва миллий ҳуқуқнинг ўзаро мослигини, имплементациясини ҳамда ижро этилишини таъминлашда ҳал қилувчи ўринда туриши, судьялар миллий ҳуқуқ доирасида халқаро шартномаларни тўғридан-тўғри қўллашга ўтишлари лозимлиги эътироф этилган.
Гап халқаро ҳуқуқнинг судлар фаолияти билан боғлиқ ўзига хос жиҳатлари хусусида борар экан, бугунги кунда судьялар томонидан халқаро ҳуқуқ нормаларини қўллаш мумкинлиги бир қатор халқаро шартномаларда бевосита ёки билвосита қайд этилган. Масалан, “Зўраки ёки мажбурий меҳнат тўғрисида”ги конвенциянинг 26-моддасида ушбу конвенцияни ратификация қилган Халқаро Меҳнат Ташкилотининг ҳар бир аъзоси уни ўз суверенитети остида бўлган ҳудудда ёки юрисдикциясида қўллашга мажбур эканлиги белгиланган.
Шу билан бирга, 1992 йил 20 мартда имзоланган “Хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш тартиби тўғрисида”ги Киев битими, 1993 йил 22 январда имзоланган “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар юзасидан ҳуқуқий алоқалар ҳамда ҳуқуқий ёрдам тўғрисида”ги Минск конвенцияси ҳамда 1995 йил 22 декабрда имзоланган “Хорижий арбитраж ҳал қилув қарорини эътироф этиш ва ижро этиш тўғрисида”ги Нью-Йорк конвенцияси ушбу йўналишда судлар фаолиятини тартибга солувчи махсус халқаро шартномалар ҳисобланади.
Бошқача айтганда, судьялар ўз фаолиятида Киев битими, Минск ёки Нью-Йорк конвенцияси доирасидаги низоларни кўриб чиқишда бевосита мазкур халқаро шартномаларга ҳам таяниши лозим.
Яна бир жиҳат, миллий қонунчилигимизнинг халқаро ҳуқуқ билан муносабатининг ўзига хос хусусияти шундаки, халқаро шартномалар нормалари миллий қонунчилик орқали ижро этилади. Яъни, бирор-бир халқаро шартномага қўшилдикми, шу халқаро ҳужжат талабларини бажариш мақсадида алоҳида янги қонун қабул қилиниши ёки тегишли қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Мисол учун, “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенцияга қўшилишимиз билан “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун, БМТнинг “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида”ги конвенцияси ҳамда “Одам савдоси, айниқса, аёллар ва болалар савдоси олдини олиш, унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақида”ги Протоколини ратификация қилиш натижасида “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги ёки “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги қонунларни қабул қилишимизнинг асоси ва сабаби юқоридаги халқаро шартномаларга қўшилганимиз экан, унда нима учун одам савдосига оид жиноят ишларини кўришда суд қарорларида мазкур конвенциялар нормаларини кўрсатиб ўтмаслигимиз керак? Мамлакатимиз томонидан ратификация қилинган ёки тан олинган бу каби инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатлар нафақат давлатларнинг, балки ўз навбатида, Ўзбекистоннинг ҳам халқаро шартномалари ҳисобланади.
Айтишингиз мумкин, конвенция ёки халқаро шартнома ижросини таъминлаш юзасидан яхлит бир қонун қабул қилинган-ку, халқаро конвенциянинг асосий қоидалари миллий қонунчиликда тўлиқ акс этганку, унда суд қарорида буни яна алоҳида кўрсатишнинг нима зарурати бор? Менимча, бунинг қуйидаги муҳим омил ва сабаблари бор:
биринчидан, суд Конституция, қонунлар ва халқаро шартномалар нормаларини қўллаш орқали одил судлов йўли билан инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлари бажарилишини таъминловчи асосий ва ягона органдир;
иккинчидан, суд қарорида у ёки бу халқаро ҳуқуқ нормаси кўрсатилиши халқаро ҳуқуқий аҳамиятга эга. Судлар фаолиятида бундай амалиётнинг шаклланиши Ўзбекистоннинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги обрў-эътиборини халқаро миқёсда янада мустаҳкамлайди;
учинчидан, судлар томонидан халқаро ҳуқуқ нормаси қўлланилиши судьянинг масалага халқаро ҳуқуқ нуқтаи назардан ҳам ёндашганлигини кўрсатиб беради.
Энг муҳими, суд қарори жамиятда адолат ва қонунийликни таъминлаш билан бирга, айни пайтда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришдек вазифани ҳам бажаради. Суд қарорини ёзган судья томонидан халқаро ҳуқуқнинг қўлланилиши фуқароларнинг халқаро ҳуқуқий саводхонлигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Ҳусан ТУРСУНОВ,
Қашқадарё вилояти адлия бошқармаси бўлим бошлиғи,
юридик фанлар номзоди

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги кунда одам савдоси жинояти дунё жамоатчилигини, ҳар бир давлатни ташвишлантириб келаётган муаммолардан бири саналади....
01 янв 1970
Асосий қонунимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида улуғланган....
01 янв 1970
Айни кунда ишнинг кўзини биладиган тадбиркорларга давлатимиз томонидан катта имкониятлар яратилмоқда. ...
01 янв 1970
Инсон борки доимо фарзандини ўйлайди. Унинг келажаги яхши бўлишини истайди.