Ўзбекистон – инсон ҳуқуқлари қадр топган юрт

/
Башарият учун энг муқаддас тушунчалардан бири, шубҳасиз, Мустақилликдир. Ушбу тушунча макон ва замон танламайдиган, миллати, ирқи, дини ёки ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, инсоният учун энг олий қадриятлардан саналади. Мустақиллик эркин ва бахтли яшаш ҳуқуқи, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатларини таъминлашнинг бош омилидир.
1991 йилнинг 31 августи халқимиз, мамлакатимиз тарихида энг улуғ, энг азиз ва муаззам кун сифатида мангуга муҳрланиб қолди. Ўша куни Ўзбекистон давлат мустақиллиги эълон қилинди.
Халқимизнинг асрий орзулари рўёбга чиқди, миллатнинг ғурури, ор-номуси, шаъни тикланди. Ҳар бир фуқаро ўз орзу-умидларига мос равишда ҳаёт кечириш, озод ва обод яшаш бахтига муяссар бўлди.
Инсонийлик ва эзгулик тамойилларини ўзига сингдирган, туб моҳияти, фалсафаси, ғоясига кўра илғор миллий ва умуминсоний қадриятларни мужассамлаштирган Конституциямизда фуқароларнинг жамият ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида фаол иштирок этиш, мустақил фикрига эга бўлиш, уни эмин-эркин ифодалаш, ўзида Ватан равнақи ва миллий тараққиётга дахлдорлик ҳиссини туйиш, тадбиркорлик ва ишбилармонлик билан шуғулланиш, хусусий мулк эгаси бўлиш каби кўпдан-кўп ҳуқуқ ва эркинликлари белгилаб берилди.
Дарҳақиқат, муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганидек, мустақиллик — бу, энг аввало, ҳуқуқ демакдир. Шундай экан, бугунги кунда мустақил тараққиётимизнинг асосий мақсади ва моҳияти “Инсон манфаати — ҳар нарсадан улуғ”, “Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари — энг олий қадрият”, “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, унинг фаровон ҳаёти учун”, “Ҳамма нарса — инсон учун, унинг келажаги учун”, “Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон” каби тамойилларда бўй кўрсатмоқда.
Мамлакатимиз давлат мустақиллигини қўлга киритиши арафасида ва истиқлол йилларида изчиллик билан илгари сурилган ҳамда ҳаётимизга чуқур татбиқ этиб келинаётган бундай эзгу даъватлар ва ҳаётбахш ғоялар замирида, албатта, инсон омилига юксак эътибор энг олий мезон сифатида ўз ифодасини топган.
Зеро, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобидан жой олган маъруза ва нутқларда мустақилликка эришиш арафасидаги оғир ва суронли йилларда ҳам инсон, унинг эҳтиёж ва талаблари, жисмоний ва маънавий юксалиши республикамизда истиқболда амалга ошириладиган ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг марказида бўлиши шарт, деган талаб кун тартибига қўйилган ва бугун бу ҳаётимизда намоён бўлиб келмоқда.
Бошқача айтганда, Президентимиз ўша кезлардаёқ халқни маънавий юксалтириш, инсоннинг маънавий ва жисмоний такомили — давлат ва жамиятнинг муҳим вазифаларидан бири эканини белгилаб берди.
Дарҳақиқат, ўтган чорак аср давомида мамлакатимизнинг миллий демократик давлат қуриш, иқтисодиётни янги асосда ташкил этиш, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш борасидаги кенг кўламли ишларни, шаҳар ва қишлоқларимиз, бутун мамлакатимизнинг қиёфаси тобора очилиб, обод бўлиб бораётганини жаҳон тан олди. Дунё бизни, биз дунёни танидик, жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнимиз, сўзимиз бор, биз билан дунё ҳисоблашмоқда, бизни эшитмоқдалар, тажрибаларимизни ўрганмоқдалар. Бундай юксак марраларга, албатта, мустақиллик туфайли эришдик.
Шулар ҳақида ўйлар эканмиз, беихтиёр биз кеча ким эдигу бугун ким бўлдик, деган ҳақли савол туғилади. Истиқлолнинг истиқбол сари юзланганини, айниқса, жамиятимиз, давлатимиз ва халқимиз ҳаётида юз берган буюк ўзгаришларни эса кечаги кун ёки эски тизим билан қиёслаш натижасида яққол кўриш мумкин.
Кеча Ўзбекистонимиз ўта оғир ижтимоий-иқтисодий муаммолар гирдобида қолиб кетгани, қолоқ, фақатгина пахта хомашёси етиштирадиган минтақага айланиб қолгани, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва ижтимоий аҳволи қандай аянчли ҳолатда бўлгани ва буларнинг барчаси республикамизни жар ёқасига олиб келганини катта авлод вакиллари жуда яхши билишади.
Бугун юртимиз қандай катта ютуқ ва марраларга эришганининг тасдиғини англаш учун истиқлол йилларида қўлга киритилган натижалар, Ватанимизнинг бугунги салоҳияти ва ўсиш суръатларини ўзида яққол ифода этадиган кўрсаткичларга эътибор қаратиш ўринлидир. Бу аҳоли даромадларининг изчил ўсаётгани, одамларнинг шахсий уй-жой ва сифатли истеъмол товарлари билан таъминланаётгани, яшаш учун зарур инфратузилманинг кенгайиб бораётганида намоён бўлаётир.
Бунинг исботини эса айни кунда энг муҳим масала — юртимизда яшаётган ҳар бир инсон ва фуқаро, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятининг шаклланиб ҳамда юксалиб бораётганлигида ҳам кўриш мумкин.
Қолаверса, ўша даврда инсон — давлатни ҳаракатга келтирувчи “мурват” деб қаралган бўлса, истиқлол туфайли инсон — энг олий ҳилқат сифатида эътироф этилди. Унинг ҳуқуқ-эркинликлари ва манфаатлари олий қадрият сифатида белгиланиб, амалда унга риоя этила бошланди. Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фақат жазоловчи эмас, балки инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоячисига айланди. Айблов билан ҳимоя тенглаштирилди. Айбсизлик презумпцияси амалга татбиқ этилди. Яъни, жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахснинг айби суд орқали исботланмагунча, у айбдор саналмаслиги қонун йўли билан белгилаб қўйилди. Судларнинг ихтисослашуви амалга оширилди. Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилди. Мамлакатимизда ўлим жазоси бекор қилинди. Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури қабул қилинди.
2010 йилда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси мамлакатимизни янада ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишларини белгилаб берди. Жамиятда қонун устуворлиги ва унга ҳеч истисносиз барча давлат органлари, мансабдор шахслар ва фуқароларнинг қатъий риоя этиши принципини қарор топтириш; аҳолининг фуқаролик ташаббусларини ҳар томонлама ривожлантириш ва такомиллаштириш; шунингдек, шахс ҳуқуқлари кафолатларини янада мустаҳкамлаш ва уни муҳофаза қилиш – мамлакатимизда демократик фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ўзаги ва биринчи навбатдаги вазифаси этиб белгиланди.
Шу маънода истиқлол йилларида фуқаролик жамияти институтлари тизимининг шаклланиши жараёнида юзага келиб, 21 йилдан ошиқ вақт мобайнида мамлакатимиз сиёсий майдонида фаолият юритиб келаётган Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида ҳам инсон ҳуқуқ ва манфаатлари – олий қадрият эканлиги белгиланган. Ўтган йилларда партия ўзининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий вакиллик органларидаги депутатлик корпуси ҳамда жойлардаги ҳудудий ташкилотлари орқали ушбу эзгу ғояни рўёбга чиқаришга ҳисса қўшиб келмоқда.
Айни кунларда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қароридан келиб чиқиб, партия томонидан ҳам қутлуғ айёмни муносиб нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Ушбу ҳужжат асосида куни кеча Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қўшма йиғилишида Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллигини юксак савияда, муносиб тарзда нишонлаш юзасидан партия томонидан амалга ошириладиган ташкилий-амалий, маданий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Байрам муносабати билан жойларда аҳоли вакиллари, айниқса, ёшлар билан ўтказиладиган учрашувларда, тарғибот тадбирларида биз, энг аввало, истиқлолимизнинг ўтган 25 йили том маънода тараққиётнинг «ўзбек модели» асосида жамиятимизнинг барча жабҳаларида ривожланиш, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, халқаро ҳамжамиятда давлатимиз нуфузини юксалтириш ва энг муҳими, тинчлик, осойишталик барқарор бўлган эркин фуқаролик жамиятини қуриш даври бўлганлигини кенг ташвиқот қилишни мақсад қилганмиз. Чунончи, бу йилги байрамни “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган шиор асосида кутиб олаётганимиз замирида, туб моҳиятида мустақилликнинг нақадар улуғ неъмат эканлиги, шу улуғ ва муқаддас Ватанда ўтаётган тинч-осуда ҳаётимиз, фаровон турмушимизнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлашдек, улуғ ғоя ва мақсад мужассамдир.
Шундан келиб чиқиб, “Келажак бизники, марра бизники”, “Ўзбекистон: мустақиллик йилларида эришилган натижалар ва истиқболлар”, “Истиқлолнинг иқтидорли ёшлари” каби мавзуларда ёшлар даврасида ўтказиладиган тарғибот тадбирларида давлатимиз томонидан ёшларга қаратилаётган давлат сиёсати даражасидаги ғамхўрликнинг моҳиятини, таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш ва спортга қаратилаётган эътибор ҳамда унинг самараларини аниқ рақам, далиллар асосида тушунтиришга эътибор қаратамиз.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, олдимизда турган асосий вазифа энг катта бойлигимиз бўлмиш жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлар ва фуқаролар ўртасидаги дўстлик ва аҳиллик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашдан иборат.
Шубҳасиз, тинчликни кўз қорачиғидай асраш, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, уни одамларга, айниқса, ёшларга тушунтириш ҳар биримизнинг бурчимизга айланиши керак. Шундагина биз мустақилликни мустаҳкамлашга, келажак авлодга озод ва обод Ватан қолдириш ишига ҳисса қўшган бўламиз.
Абдукамол РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мен қишлоқ хўжалигида 49 йилдан бери ишлаб келаман. Оддий тракторчиликдан иш бошлаган эдим. ...
01 янв 1970
“Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик...
01 янв 1970
3 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан давра суҳбати ўтказилди....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга...