Қўлбола “қаратаў”

/
Айни кунда ишнинг кўзини биладиган тадбиркорларга давлатимиз томонидан катта имкониятлар яратилмоқда. Бироқ айрим шахслар борки, ўз номи билан танилган маҳсулотларни қалбакилаштириб, бунинг ортидан мўмай даромад топишга ҳаракат қилишади.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда олиб борилган доимий тезкор чора-тадбирлар натижасида қўлбола усулда контрафакт алкоголли ичимликлар тайёрлашга мўлжалланган яширин цехлар фаолияти фош қилинмоқда.
Нукус шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида сохта тадбиркор Х.Тимуров (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) қўлбола тарзда тайёрланган “Қаратаў” номли 60 шиша ароқни 360000 сўмга сотаётган пайтда қўлга олинди.
Шунингдек, Қўнғирот тумани савдо комплексида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Г.Жолдасова бир хил сериядаги 10 дона янги акциз маркалар, 10 дона қопқоқ ва шунча миқдорда қопқоқ устига ёпиштириладиган плёнкаларни сотаётган вақтда тўхтатиб қолинди. Шунингдек, ушбу аёлнинг қўл сумкаси кўздан кечирилганида, унда контрафакт усулда ароқ тайёрлашга мўлжалланган 65 дона бир хил серияли янги акциз маркалар, 91 дона қопқоқ, 74 дона қопқоқ устига ёпиштириладиган плёнка ва 6 литр этил спирти борлиги аниқланган.
Яна бир “тадбиркор” А.Толыбаев ва унинг шериклари ҳам қўлбола усулда ишлаб чиқарилган “Қаратаў” маркали 60 шиша қўлбола ароқни 360000 сўмга сотаётган пайтида тўхтатиб қолинди.
Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи Ф.Бахитовнинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганида эса бу ердаги яширин “цех”да иш айни қизиган экан. Хонадон эгаси 2 нафар шериги билан навбатдаги харидор учун қўлбола усулда спиртли ичимликларни тайёрлаш билан банд эди. Бошқалардан фарқли ўлароқ, бу “уддабурон”лар арзон нархдаги ароқ ёрлиқларини олиб ташлаб, ўрнига “Қаратаў” ёрлиқларини ёпиштириш орқали қимматроқ пуллашни кўзлашган экан.
Яширин “цех” фаолиятини йўлга қўйган бу шоввозлардан 1535 дона “Қаратаў” номли ҳар хил этикеткалар, 454 шишада 3 турдаги 227 литр ароқ, 213 та бўш шиша, 401 дона қопқоқ, 211 дона плёнка, яроқлилик муддатини босиш учун мўлжалланган муҳр, ароқни қадоқлашда асқотадиган сиёҳ, елим ва бошқа маҳсулотлар ашёвий далил тариқасида олиб қўйилди.
Рақамларга мурожаат қилсак, 2016 йилнинг ўтган даври мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида қиймати салкам 191 миллион сўмлик 8,3 минг литрдан ортиқ сифатсиз алкоголь маҳсулотлари ҳуқуқбузарлардан далилий ашё тариқасида олиб қўйилган.
Юқорида аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ахборот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Инсон учун бу ёруғ оламда берилган ҳаёт Яратганнинг инъоми. Уни қандай яшаш, қандай умргузаронлик қилиш ҳар кимнинг ўзига тан. ...
01 янв 1970
Қарши шаҳрида Судьялар Олий Кенгаши раиси Убайдулла Мингбоев вилоятда фаолият олиб бораётган судьялар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан у...
01 янв 1970
Шунга қарамасдан, сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотларини ноқонуний йўллар билан республикамизга олиб кириш...
01 янв 1970
Инсон борки доимо фарзандини ўйлайди. Унинг келажаги яхши бўлишини истайди.