Пора — ўзи ва ўзгага қўйилган тузоқ

/
“Ҳаётда иложи йўқ нарсанинг ўзи йўқ, ҳар қандай муаммони пул ёрдамида ҳал қилса бўлади”... Термизлик Ҳамида опа Ҳайдарова (мақоладаги исм-фамилиялар ўзгартирилган) қизи Санобар Тошкент давлат юридик университетига ўқишга кира олмагач, хаёлига биринчи келган гап шу бўлди.
Опанинг ўзи ёшлигида адвокат бўлишни, ҳақ-ҳуқуқи топталган инсонларни ҳимоя қилишни орзу қилган эди. Шароити оғир бўлган ота-онаси Ҳамидани ўқитолмади, буниси ҳам етмагандек, “Аёл киши ишламай, уй-рўзғор билан шуғулланиши, бола боқиши керак”, қабилида фикрлайдиган йигитга турмушга чиқди. Хуллас, буёғига қандай қилиб бўлса-да, Санобар онасининг ушалмаган орзусини рўёбга чиқариши керак эди.
Афсуски, кириш имтиҳони Санобарнинг тайёргарлиги етарли эмаслигини кўрсатди. Ўтган йили ҳам аҳвол шу эди. Ҳамида опа қўни-қўшни, маҳалла-кўйнинг "бу йил ҳам киролмабди" деган гап-сўзига ортиқ чидай олмаслигини тушуниб етди ва муаммони ҳал қилишнинг бошқа йўлини излаб топишга уринди.
Буни қарангки, муайян миқдордаги пул, пора эвазига “катта танишлари орқали ўқишга киритиб қўйгизувчи”, “ҳожатбарор” инсонлар ҳам топила қолди. Тез орада бундай хизматнинг “нархи” ҳам маълум бўлди. Аммо 15 000 АҚШ долларини йиғиш, таниш-билишларидан қарз олишнинг ўзи осон ҳам бўлмади, лекин опа бунинг уддасидан чиқди.
— Қизим бу йил нима қилиб бўлсаям шу олий ўқув юртида ўқиши керак, — деди Ҳамида опа “масалани ижобий ҳал қила оладиган катта танишларим бор” деган Рустам Равшановга пулни узатар экан. — Сизга ишонсам бўладими? Шартнома пулларини тўлай олмаган талабаларнинг ўрнида қизим ўқишига ишончингиз комилми?
Рустам Равшанов опага хавотирга ўрин йўқлигини, бундай ишлардан кўпининг уддасидан чиққанини айтар экан, Ҳамида опанинг ёнида танишига қўнғироқ қилиб, гаплашгач, ишонч билан деди:
— Хавотир олманг, қизингиз бир ой ичида шу университет талабаси бўлади.
Кунлар кетидан кунлар ўтди, ойлар ҳам ўтди, қиш ҳам келди. Лекин масала Ҳамида опа истаганидек ҳал бўлавермасди. Аввалига қўнғироқ қилганида “эрта-индин ҳал бўлиб қолади” дейдиган Рустам бора-бора телефон рақамини ўчириб қўядиган бўлди…
Ҳам катта миқдордаги пулидан айрилган, ҳам қизининг иши ҳал бўлмаган опа аламига чидай олмай, Рустам Равшановнинг қилмишидан норози бўлиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилди.
Аниқланишича, содда, ишонувчан одамларнинг ишончини қозониб, муаммоли масалаларни ҳал қилишга ваъда берувчи, аммо эгри йўллар билан олинган пора пулларини ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган Р.Равшановнинг тузоғига илинганлар озчилик эмас экан. Хусусан, анча вақтдан буён муносиб иш топа олмаётган Ж.Уразалиевдан уни аэропортга ишга киритиб қўйишни ваъда бериб 3500 АҚШ доллари, фарзанди Ф.Тўхтаевни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясининг 6 ойлик сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсига ўқишга киритиб қўйишни ваъда бериб Г.Тўхтаевадан 2000 АҚШ доллари, фарзандларини Тошкент давлат педагогика университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда бериб Ш.Шаропов ва С.Ариповлардан жами 6200 АҚШ долларини пора тариқасида олган. Бундан ташқари, Бахтиёр Аҳмедовнинг ишончига кириб, унга тадбиркорлик билан шуғулланишини, пулни айлантириб фоизи билан икки ой давомида қайтариб беришни ваъда қилиб, уни алдаб, ишончини суиистеъмол қилган ҳолда 13000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган.
Ўзгаларнинг маблағлари ҳисобига кун кечиришни одатга айлантириб олган Р.Равшанов ўзи билан бирга олийгоҳда таҳсил олган курсдоши М.Нурматовани ҳам аяб ўтирмади.
Талабалик — олтин давр. Беғубор, самимий, шижоатли, қизиқувчан ёшлар олийгоҳда таҳсил олиш чоғида бир-бирлари билан ака-ука, опа-сингил, ака-сингиллардек яқин бўлиб қолишади. Ҳамма ўқишни тамомлаш пайтида мунтазам учрашиб туриш, бир-бирларининг ҳолидан хабар олишга келишиб олади. Бироқ ҳаёт бошқа, хаёл бошқа деганларидек, ҳар доим ҳам курсдошлар бир-бирлари билан тез-тез дийдорлаша олмас экан. Ҳар ким ўз ҳаёт йўлини мустақил қура бошлайди. Лекин неча йил ўтса ҳамки, курсдош курсдошни учратиб қолса, йўқотган нарсасини топган инсондек хурсанд бўлиб кетиши аниқ.
Малика ҳам Рустам билан тасодифан учрашиб қолганида кўнглида ана шундай қувонч ҳисси уйғонган эди. Уларнинг суҳбати узоқ вақтга чўзилди. Талабалик чоғларида бўлиб ўтган қизиқ-қизиқ воқеаларни бирма-бир ёдга олишди, устоз-ўқитувчиларни эслашди. Суҳбат якунида Рустам Малика билан биргаликда тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳақида келишиб олди. Ҳар ҳолда Малика бегона эмас. Собиқ курсдошига ёрдам бермаса, кимга ёрдам беради, ахир? Фақат Малика Рустамга бунинг учун, яъни бир неча бош қорамол сотиб олиб, 1-2 ой боқиб фойда кўришлари учун бироз пул бериб туриши керак бўлади...
Курсдошига оз эмас, кўп эмас, нақд 24500 АҚШ долларини келтириб берган Малика катта хатога йўл қўйганини кейин тушуниб етди...
Албатта, фирибгарнинг тузоғига илинган ҳамюртларимизга ачинамиз. Бироқ шу ўринда масаланинг бошқа жиҳатига эътибор қаратиш лозим. Фирибгарларнинг найрангига илинмаслик учун, аввало, ҳар бир инсон ўзи қонунга риоя қилиши, ҳар бир масалани қонун йўли билан ҳал этиши шарт. Юқорида аксарият жабрланувчилар ҳаёт йўлида учраган масалани ҳал этиш учун қонунни бузишган, яъни пора беришган.
Зеро, миллий қонунчилигимизда, аниқроғи Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг тегишли қарорларида жабрланувчи пора талаб қилинганлиги ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган ва тезкор тадбир давомида жабрланувчининг мулкидан пора предмети тариқасида фойдаланилган тақдирда ушбу мулк Жиноят-процессуал кодекси 211-моддасининг 4-бандига асосан жабрланувчига қайтарилиши лозимлиги, бошқа ҳолатларда эса пора предмети суд ҳукми билан давлат эгалигига ўтказилишига оид меъёр белгилаб қўйилган.
Шу боис Жиноят ишлари бўйича Қибрай туман судида кўрилган ушбу жиноий ишга оид ҳукмда Р.Равшановдан етказилган моддий зарар жабрланувчилар Б.Аҳмедов ва М.Нурматова фойдасига ҳамда пора предмети давлат даромади ҳисобига ундирилишига қарор қилинди.
Хуршед ХАЛИКОВ,
Жиноят ишлари бўйича Қибрай туман суди судьяси,
Саодат СОДИҚОВА,
"Adolat" мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳурматли “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти ходимлари, “тўртинчи ҳокимият”нинг жонкуяр вакиллари!...
01 янв 1970
Астойдил ҳаракат қилинса фуқароларни ўйлантираётган ҳар қандай масалага ечим топиш мумкин. ...
01 янв 1970
Истиқлолнинг дастлабки йилларидан юртимизда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш вазифаларига устувор аҳамият берилмоқда....
01 янв 1970
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳаси ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди....