Қўлингизда фақат руль эмас, инсон ҳаёти турибди!

/

Қўлингизда фақат руль эмас, инсон ҳаёти турибди!

 

Машина минган кишини операция столи тепасида қўлига тиғ олган жарроҳ билан солиштириш нечоғлик ўринли? Йўқ, муболағадан ўзга нарса эмас, дейсизми? Ҳақсиз, жарроҳлик илмини эгаллаш учун йиллаб ўқиб ўрганиш, тажриба тўплаш даркор. Ҳайдовчилик курси эса атиги бир неча ойни ўз ичига олади. Лекин сиз касбнинг ўзини эмас, ундаги инсон омили билан боғлиқ ҳолатни муқояса қилиб кўринг-чи? Иккиси ҳам инсон ҳаёти учун жавобгар-ку. Иккисининг ҳам хатоси инсон ҳаёти учун оғир кечиши мумкин. Бу борада агар жарроҳдан кўра ҳайдовчининг масъулияти юқорироқ десам, мени лоф тўқишда айбламанг. Операцияга ким рўбарў бўлади? Албатта, бемор. Бемор бўлганида ҳам тузалишнинг бошқа чораси қолмаган, сўнгги чорага йўналтирилган бемор. Тиғ остига олишдан аввал хаста жондан рози-ризолик сўралади, яқинларидан тилхат олинади. У фавқулодда вазиятга рози ҳолда соғлиғини, ҳаётини таваккалга қўяди. Йўловчи-чи? Автобус ёки таксига чиқишидан аввал ҳайдовчи унга “Жуда кам эҳтимол билан бўлса ҳам сизни манзилга эсон-омон етказиб боришимга кафолат беролмайман. Йўлда автоҳалокат содир бўлиб қолиши мумкин”, демайди. Агар шундай бўлган тақдирда ҳеч ким унинг уловига яқин йўламасди. Жарроҳлик столига бемор ётса, автомашинага соғлом одам ўтиради...

 

Баъзан таксига ўтириб, ҳайрон бўласиз. Ҳайдовчи нега қоидаларга амал қилмайди? Ўзи-ку шунчалар довюрак, ўлимга тик боқадиган экан, йўловчи-чи? Унга хизмати учун пул тўлаётган мижознинг кайфияти, қўйингки, ҳаёти бир пулми? “Шумахер” бўлиш учун бошқа вақт ва шароит танласа бўлмайдими?

 

Машина бошқараётиб қўл телефонидан фойдаланиш тақиқлангани, бунга катта миқдорда жарима белгилангани ҳаммага маълум. Лекин жарима ҳам айрим ҳайдовчиларни тарбиялай олмаяпти. ДАН ходимлари ва видеокамералар йўқ кўча бўлса, соатлаб телефонда гаплашиб кетаверади. Ахир бу қоида ДАН ходимлари учун эмас, ҳайдовчининг манфаатини ўйлаб жорий қилинган-ку?! Маълумотларга кўра, телефонни қулоққа олиб келиб ва овозини кучайтирган ҳолда гаплашишнинг ҳар иккаласида ҳам авария ҳолатлари тенг қайд этилар экан. Яъни қандай гаплашишнинг фарқи йўқ. Чунки автомобиль бошқариш вақти кичкинагина телефон аппаратининг қўлда бўлишидан кўра унда янграйдиган маълумот ҳайдовчини кўпроқ чалғитар экан. Рост-да, сизга қўнғироқ қилган одам нима дейишини олдиндан билмайсиз, балки у сизга шумхабар етказганидан хафа бўларсиз, ёки хушхабардан хаяжонланарсиз. Адашиб тушиб қолган бегонанинг қўнғироғидан асабийлашиш ҳам мумкин. Буларнинг бари машинани бош­қаришга, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишга путур етказади.

 

Баъзи таксичилар тез ҳайдашдан ташқари манзилга элтиб қўйгунича телефон экранидан кўзини узмайди. Телефонда гаплашса ҳам майли эди, “телеграм”да хат алмашади. Биласиз, бу мессенжерда ёзишмалар сониялар ўтмай янгиланади. Гуруҳнинг фаол аъзоси улардан бехабар қолиб кетмаслик учун бир кўзи йўлда, бир кўзи телефон экранида. Рулни бир қўли билан бошқараётган бўлса, бир қўлида тинмай ёзади. Билиб олингки, у ақлан машина бош­қараётгани йўқ, виртуал оламга ғарқ бўлган. Худо кўрсатмасин, бу қилиғи ортидан ҳалокат юз берса, экран ортидаги гуруҳига қандай хабар беради-ю, қайси бир ғо­йибона дўсти югуриб келиб, унга ёрдам кўрсатади — бу ҳақда ўйламайди. У ўз ҳаракатини тамоман оқлайди, ҳар қадамда ўз кўзи билан кўриб турган машиналар тўқнашуви у билан ҳам содир бўлиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмайди. Мабодо, Дан ходими тўхтатиб, жаримага тортса, марҳамат, чўнтагини отаси пулга тўлдириб қўйган. Фалон пулли машина олишга етган пул жаримага етмасмиди?! Лекин унинг касофатига бир жон увол кетса, мислсиз зеб-у зар, беҳисоб бойлик ҳам товон тўлашга етмайди. Ахир инсон умри бебаҳо, ўлчови йўқ. Виждон чиқарган ҳукм беаёв.

 

Автомактабларда кўп айтилади: пиёда доимо ҳақ, гарчи у ноҳақ бўлса ҳам. Қоидани кўпроқ машина бошқараётган киши билиши ва тўлиқ амал қилиши лозим. Кези келганда у пиёданинг хатосини тўғрлаш, ҳаётини сақлаб қолишга масъул. Бинобарин, автоулов бош­қараётган шахс буни ўргатувчи ўқишда ўқиди, руль бош­қариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни қўлга киритди. “Пиё­далар курси” мавжуд эмас-ки, ҳамма айбни кўчадан ўтиб кетаётган одамга тўнкаб, ўзи сувдан қуруқ чиқишига асос бўлса.

 

Ҳайдовчи ҳар қандай ҳолда пиёдага ён босиши керак. Хўп, у шошаяпти, йўлни нотўғри кесиб ўтяпти, дейлик. Ҳа, бу иши нотўғри. Лекин пиёданинг шошишини кечирса бўлади, у ўтказиб юборадиган автобусини яна соатлаб кутгиси йўқ, ўқишдан, ишдан кеч қолиши мумкин. Машинали одамда эса кечикиш эҳтимоли кам, у пиёда босиб ўтадиган манзилга бир зумда етиб боради. Буни тушуниш учун инсонийликнинг ўзи етарли, қоида-ю жарима шарт эмас.

 

Пиёда нега ер ости йўлидан ўтмади? Нега пиёдалар йўлагидан юрмади? Нега қоидани бузди? Яна пиёдага айб юкловчи кўплаб “нега”лар. Сабабини изласак, автобуслар интервалининг нобоплиги, йўналишли такси, маршрутларнинг хўжасизларча фаолият юритаётгани келиб чиқади. Қоида бузаётган ҳар бир йўловчи билимсиз ёки ўз ҳаётига эътиборсиз эмас. У соатлаб бекатда туришдан юраги безиллаганидан, бир-бири билан пойга ўйнаб тартибсиз ҳаракатланаётган “маршрутка”га илинолмай доғда қолганидан, таксида кетишга пули йўқлигидан қоидани бузишга, катта кўчадан югуриб ўтишга ёки нотўғри бўлса ҳам яқин йўлни танлашга мажбур бўлади.

 

Инкор этмаймиз, пиёданинг хатоси билан ҳалокат содир этган ҳайдовчилар ҳам бор. Масалан, кимдир планшет ўйнаганча йўлдан ўтса, қулоғида “наушник” бўлганидан машина сигналини эшитмаса, йўл қоидасини кўр-кўрона бузса, ўзи ва бошқаларнинг ҳаётига зомин бўлиши, машинасини туппа-тузук бошқариб кетаётган ҳайдовчини чалғитиб, унга моддий ва маънавий зарар етказиб қўйиши мумкин. Шу сабаб бу борада бир ёқадан бош чиқарилиб, ҳамма тенг ҳаракат қилса, элимизнинг фаровон турмуши акси сифатида йўлларимизнинг енгил автомобиллар билан тўлиши ҳаётга раҳна сололмайди.

 

Дарвоқе, қадимдан халқимизда “Кўпчилик озчиликка, бой камбағалга, отлиқ пиёдага салом беради”, деган нақл бўлган. Бу оддийгина ҳикматда ҳам ҳайдовчига масъулият тиркаб ўтилганини замонамиз “отлиқ”лари англаб етсалар, айни муддао бўлар эди.

 

Дурдона АЛИМОВА,

 

Журналист


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Шу кунларда мамлакатимизда содир бўлаётган, халқимиз тақдирига бевосита дахлдор воқеаларни ҳар бир киши адолат мезони орқали баҳолашга ҳаракат қилм...
01 янв 1970
АнДТИ ректори Мадамин Мадазимов бошчилигидаги институт делегацияси Росток университетининг 600 йиллик юбилей тадбирларида иштирок этиш, мазкур нуфу...
01 янв 1970
Ўттиз олтита маҳаллани бирлаштирган ва юз минг нафардан ортиқ киши истиқомат қиладиган Каттақўрғон шаҳрида болалар тарбиясига ҳамма жойда бўлгани с...
01 янв 1970
Газета — халқ минбари. Биз халқ депутатлари туман Кенгаши депутатининг мақоласини чоп этдик. ...