Тарихидан бехабар халқ — мазлум халқ

/

Тарихидан бехабар халқ — мазлум халқ

 

Таҳририятдан: Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг нуфузи, обрў-эътибори, танилувчанлиги нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам тобора ортиб бормоқда. Жумладан, партиямизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга сайловлар арафасида хориждаги ватандош-сайловчиларга Мурожаати чет элларда меҳнат қилаётган юртдошларимиз томонидан қизғин кутиб олинди, уларнинг бу муҳим сиёсий жараёнда фаол иштирок этишларига туртки бўлди Зеро, Мурожаатда алоҳида таъкидланганидек, “Адолат” СДП илгари сураётган ғоя ва мақсадлар чет элда истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ҳам бевосита алоқадор. Эътиборли томони шундаки, мазкур Мурожаатдан сўнг хориждаги ватандошларимиз орасида партиямиз фаолияти, хусусан, газетамизнинг мазмун-мундарижасига қизиқадиганлар сони кўпайди. Бу ижобий ҳолни таҳририятимизга келаётган хат-хабар, мақолалар мисолида кўришимиз мумкин. Қуйида шундай номалардан бири – “Адолат” газетасига Россия Федерациясининг Волгоград вилоятида ташкил этилган “Ўзбеклар жамияти”дан йўлланган мақолани мамнуният билан эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

 

Ватан нима демак? Бу халқ тарихи, яъни халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагидир. Бу миллатнинг ранг-баранг маданияти, илм-фани, тили ва дини, феъл-атвори ва анъаналари, бу унинг тараққиётидаги муҳим босқичлар, мағлубиятлар ва ғалабалар, бу унинг ботир ўғлонлари жасорати, донишманд фарзандлари фаолиятидир. Шу сабабдан ҳам Ватанга садоқат, ватанпарварлик ғояси олис ўтмишдаги шонли кунларда ҳам, бугунги даврда ҳам унинг фарзандларига бирдек хос бўлмоғи зарур. Бинобарин, бу ғояни чинакам ҳис этгандагина киши ўзини шу тупроқ фуқароси деб ҳисоблашга ҳақлидир.

 

Ватанга садоқат ғояси ҳалол кишиларни жасоратга ундайди. Бу ғояни изоҳлаш керак бўлса, мен буни аждодлар ёдини авайлаб сақлаш, улардан мерос қолган маданиятни, илм-фанни ўрганиш, тараққий эттириш дердим. Аждодлар хотирасини асраш эса фақат маърифатли кишининг қўлидан келади. Шу сабабдан ҳам олмон файласуфи Гегель: “Маърифатли халқларнинг ҳақиқий жасорати Ватан йўлида қурбон бўлишга тайёр эканликларида акс этилади”, дейди.

 

Сизу бизнинг Ватанимиз бўлган икки дарё оралиғидаги тупроқ тарихи ҳеч тинмаган жанглар тарихи, юртимиз ҳудудларини бузиб кирган босқинчи душманларга қарши кураш тарихи, аёвсиз курашларда элимиз озодлиги учун жонини аямаган халқ ўғлонлари ва қизлари жасорати тарихидан иборатдир.

 

Сизу бизнинг Ватанимиз бўлган икки дарё оралиғи тарихи буюк тараққиёт йўли, буюк олимлар, даҳолар тарихидир.

 

Буюк математик, астроном ва географ, алгебра илмининг отаси Муҳаммад ал-Хоразмий, аллома Абу Али ибн Сино, қомусий билимлар соҳиби, умумжаҳон фани ва маданиятига бебаҳо ҳисса қўшган Абу Райҳон Беруний, иккинчи Арасту номи билан машҳур фалсафа, мусиқа ва математика илмлари пойдеворини тиклаган Фаробий, кўз олдида осмон паст бўлган Мирзо Улуғбек, ислом маданияти ва фани пешволари Хўжа Исмоил Бухорий, Аҳмад Яссавий, туркий адабиёт султони Ҳазрат Алишер Навоий, ҳам қалам, ҳам жанг майдонида кўрсатган жасорати билан машҳур Бобур Мирзо, буюк саркарда Жалолиддин шу тупроқ фарзандларидир.

 

Халқларни бирлаштириш ниятида ягона давлат тузган буюк жаҳонгир Амир Темур шу тупроқ фарзандидир.

 

Ҳар бир халқ ўз тарихини авайлаб келади, ундан келажак сари интилиш учун куч-қувват олади. Халқ озодлиги учун қурбон бўлган қаҳрамонлар жасорати, миллат равнақи учун жонбозлик қилган илм ва фан соҳибларининг фаолияти ҳар бир авлод учун йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилади. Уларнинг хотирасини абадийлаштириш авлодларнинг муқаддас бурчи. Зеро, ўз тарихидан бехабар халқ — мазлум халқ, тарихи ёлғон билан ёзилган халқ — маҳқум халқ, тарихини асраган ва билган халқ — қудратли ва тенглар ичида тенг халқдир.

 

Маълумотларга кўра, 4000 ўзбек аскари 1942 йилнинг қаҳратон қишида, Волгоград вилояти Клетский туманида жанг майдонига киришга улгурмай совуқда шаҳид бўлган. Бу бегуноҳ қурбонлар ёди юрагимизни тирнайди. 2005 йилдан то ҳозиргача шу аскарлар изини излаймиз, тополмаймиз. Бу аскарлар Дон фронтига қарашли 76-дивизияда хизмат қилганини биламиз, холос.

 

Бу ҳам миллатимиз тарихидир.

 

Биз уларнинг номларини ва шонларини, албатта, топамиз ва тиклаймиз.

 

Ватанни севмоқ, миллатни қадрлаш, ота-оналарни эъзозлаш ҳар бир ўзбекнинг бурчи.

 

Қудратли Ўзбегим, афсонавий Ўзбегим, кенгбағир Ўзбегим, дунёсевар Ўзбегим, тинчликсевар Ўзбегим!

 

Гулла, яшна, улуғ Ватаним, осмонинг ҳамиша мусаффо бўлсин!

 

Х.Комилов,

 

Россия Федерациясининг Волгоград

 

вилоятидаги “Ўзбеклар жамияти” раиси

 


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий таълим муассасаларида 2019 йил сентябрь ойидан табақалаштирилган эмас, бир хил миқдордаги стипендия бериш амалиётига ўтилгани кўплаб талаб...
01 янв 1970
Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила бўлиб яшаётганлиги халқимизнинг нақадар бағрикенглигини ифодалайди....
01 янв 1970
Юртимиз ёшларининг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, уларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш Ўзбекистон “Адолат” СДП фаолларини...
01 янв 1970
Ҳозирги глобаллашув ва ривожланиш шароитида дунё бўйлаб табиий ресурсларга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда....