“Таблеткафуруш“лар таноби тортилди...ми?

/
“Таблеткафуруш“лар таноби  тортилди...ми?
 
“Бирор нарсага ружу қўйишнинг, мутеликнинг оқибати нималигини биласизми? Мен биламан, кўрганман, ҳис қиламан. Ожизликни-чи, яқин инсонинг қийналаётганини кўриб туриб, унга ёрдам беролмаслик нақадар оғир эканлигини-чи?.. Ана шу оғриқ йиллар давомида мени қийнаб келади...” Бу сўзларни сочларига эрта қиров тушган аёл — она айтди. Унинг якка-ю ягона фарзанди қандайдир таблеткаларнинг қулига айланиб қолган экан...
 
Ана шундай инсонлар билан суҳбатлашиб қолганингда беихтиёр бугунги тезкор ҳаёт инсонларни бир-бирларига бефарқ қилиб қўймаяптими, деб ўйлаб қоласан, киши. Кўчага чиқсанг, ҳамма қаергадир шошаётгандай, гўёки пультда бошқарилаётган роботларга ўхшайди. Атрофга қарасанг, кимдир йиғлаётган, яна кимдир кулаётган, баъзида  ерда узала тушиб ётган кимсага ҳам бефарқмиз, ҳатто. Хуллас, мен сенга тегмайман, сен менга тегма қабилида яшаётгандаймиз. Ҳа, турмуш ташвишлари бизни мана шундай робот-одамга айлантириб қўйди, дерсиз. Бироқ бунинг ортида энг ёмон бир иллат бор, бу фарзандларимизга бўлган эътиборсизлик.
Бундан уч-тўрт ойлар чамаси бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Мактаб ёнидан ўтиб кетаётиб, балоғат ёшидаги ўғил болаларнинг ўзаро суҳбати диққатимни тортди. “Сен бир марта синаб кўр, кейин менга раҳмат айтасан, учасан, учасан дўстим”, деди болалардан бири қувлик қилиб. Соддароқ бола эса “майли, фақат бир марта”, дея шеригининг қўлидаги таблеткага ўхшаш дорини олиб оғзига солди. Уларнинг олдига бориб, “ҳай-ҳай” дегунимча бола таблеткани ичиб юборди. Болаларни суҳбатга тортишга уриндим, бироқ айб иш устида қўлга тушган одамдай қўрқиб кетишди ва “биз бу мактабда ўқимаймиз”, деб қочиб қолишди. Ана шундай аянчли ҳолат кўз ўнгимда содир бўлди.
Сир эмаски, ўсиб келаётган фарзандларимиз орасида “Трамадол” ва “Лирика” сингари кучли таъсир этувчи дори воситаларини нотиббий мақсадларда истеъмол қилиш ҳолатлари кўпайиб бораётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Бу ҳар қандай одамни ташвишга солаётганди. Бунга қарши  тезкор чора кўриш мақсадида Президентимиз томонидан 2019 йил 6 сентябрда “Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Қарорда дори воситаларининг ноқонуний айланиши ва уларнинг суиистеъмол қилинишига йўл қўймаслик, кучли таъсир қилувчи моддалар айланишини тартибга солишни такомиллаштириш, шунингдек, аҳолининг соғлигини сақлашни таъминлаш  муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳақида батафсил айтиб ўтилган. Бу қарор барчани бирдай қувонтирди десак, муболаға бўлмайди.
                       
 Аслида, “Трамадол” ва “Лирика” қандай дори воситаси ўзи? Келинг, аввал шу ҳақда билиб олайлик. Бу кучли таъсир қилувчи моддалар таркибида “opiy” гуруҳига мансуб бўлган наркотиклар мавжудлиги учун, албатта, фақат тиббий мақсадда қўлланиши лозим бўлган дори воситаси ҳисобланади.
 
Олий тоифали шифокор-анестизолог Сардор Атажоновнинг сўзларига кўра, бу дорилар шифокор назоратисиз, ўзбошимчалик билан истеъмол қилинса, уларни истеъмол қилганлар пассив гиёҳвандга айланади. Улар аввалига бу дори воситаларини ҳам руҳан, ҳам жисмонан бардам юришлари учун истеъмол қилишади ва энг ёмони, дастлаб бир кунда битта таблетка истеъмол қилган шахс кейинчалик ўн-ўн бешта ва элликтагача истеъмол қилишга мажбур бўлади. Ва оқибатда ушбу дориларнинг доимий истеъмолчисига, янаям аниқроғи, қулига айланади. Дорилар инсон организмига салбий таъсир кўрсатиб, бепуштлик, хотира пасайиши, асабийлик  ва атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ қилиб қўяди.
 
Ўзбекистон Республикасига киритилиши қонунан тақиқлаб қўйилган “Трамадол” ва “Лирика” ва шунга ўхшаш бошқа кучли таъсир қилувчи дори воситалари олдинлари Чилонзор туманидаги “Шуҳрат” чорраҳасида очиқ-ойдин сотилганлиги кўпчиликка маълум, албатта. Ёш йигитларимиз келиб, шу жойнинг ўзидан олиб кетишар, сотувчилар эса ҳеч кимдан қўрқмасдан, “қайси қонунда чеклаб қўйилган”, деб иддолар ҳам қилишарди. Минг шукр­лар бўлсинки, бугунги кунда бундай ҳудудлар ИИБ назорат пункт­лари томонидан қаттиқ нозоратга олинган.   
 
 Мамлакатимиз Президенти томонидан чиқарилган қарорнинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда дори воситаларининг нотиббий мақсадларда истеъмол қилиниши устидан доимий мониторинг олиб борилиб зарур ҳолларда эксперт гуруҳига тегишли таклифларни киритиш чоралари кўрилади. Бунда, икки ой муддатда дори воситалари ва тибиий буюмларни реализация қилиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни такомиллаштиришга оид, шу жумладан, рецепт бўйича дори воситаларини бериш тартибини бузганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тайёрлаш ҳам кўзда тутилган. Бу, албатта, ноқонуний  савдо қиладиган “таблеткафуруш”ларнинг танобини тортиб, шаҳар бедарвоза эмаслигини уқтириб қўйди.
 
Миллатимизни ичдан емириб, уни таназзулга олиб келишга уринадиган, осон бойлик орттириш мақсадида болаларимизга оғу тарқ­атишга ҳаракат қилаётган кимсалар, назаримда, онгсиз мавжудот — манқурт ҳисобланади.
Аммо бу таблеткаларга ўрганиб қолганлар энди қандай йўл тутишмоқда? Улар даволаниш учун шифохоналарга мурожаат этишмоқдами ёки таблеткаларни қимматроқ нарх­да харид қилишнинг яширин йўлларини излашмоқдами? Балки қандайдир “ишбилармон”лар бу оғуларни юртимизга яширинча олиб келишга уриниб қолишар? Демак, ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳушёрликни қўлдан бермаслигимиз керак. Зеро, ҳуқуқий меъёр қабул қилингани ҳали ҳамма иш бирданига кўнгилдагидай бўлиб кетади, дегани эмас. Юқорида тилга олинган қарор талаблари ҳаётимизга тўла кириб келиши, амалиётга жорий этилишида ҳаммамиз фаол иштирок этишимиз, ўзимизнинг фуқаролик бурчимизни бажаришимиз шарт.
 
Афсуски, кунда, кунора ҳали телевизорда, ҳали радиода, ҳали газе­та-ю ижтимоий тармоқларда “таблеткафуруш”лар қўлга тушгани ҳақида хабарларни эшитиб ёки ўқиб қоламиз. Хўш бундай оғуфурушлик билан шуғулланаётган кимсалар кимлар ўзи? Минг афсуслар бўлсинки, улар ҳам юртдошларимиз, осон бойлик орттириш пайига тушиб, ман­қуртга айланган замондошларимиз... 
 
Ҳаётимизда ана шундай оғриқли нуқталар борки, барчамизни  огоҳликка чақиради. Бунинг ортидан қанчадан-қанча оилалар азият чекиши, яқинлари ушбу дори воситаларига қарам бўлиб қолган ва оқибати ўлим билан тугаган ҳолатларга ҳам гувоҳ бўлганмиз. Бундай  кўнгилсиз воқеа­лар  ҳар биримиз билан содир бўлиши, бу офат эса оиламиз, қўшнимиз, маҳалладошимиз, қўйингки, барча-барча юртдошларимизга чанг солиши мумкин-ку ахир. Қўл қовуштириб ўтирсак, ҳеч бир иш битмайди. Шундай экан, бир муддат тўхтайлик ва атрофга синчиклаб қараб, астойдил курашишга бел боғлайлик. Ана шунда ҳаётимиз янада гўзал бўлади.
 
Зарафшон Қаландарова,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“Tashkent city”нинг қурилиш майдонига журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди
01 янв 1970
Азалдан аён ҳақиқат бу: шогирдларнинг ютуғи — Устознинг ютуғидир.
01 янв 1970
Ёшлар камолоти учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган ушбу муҳим ташаббусларни қўллаб-қувватлашда Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари, партия де...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасига яхлит назар ташласак, унда белгила...