“Илмни ким воситаи жоҳ этар...”

/

“Илмни ким воситаи жоҳ этар...”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасига яхлит назар ташласак, унда белгиланган барча вазифаларнинг бажарилиши ижрочиларидан илмни, маърифатни, уқувни сўзсиз талаб қилишига амин бўламиз. Зеро, рақамли иқтисодиёт тизимини пухта ташкил этишдан тортиб, ер усти метросини хавф-хатардан холилик кафолати билан барпо қилишгача, Олимпиа ўйинларига кўпроқ йўлланмани қўлга киритишдан бошлаб, болалар боғчаси ошхонасидаги юмушларни тартибли уюштиришгача – барча-барча ишнинг туб замирида илм, маърифат ва уқув туради. Мамлакат раҳбарининг қуйидаги даъвати ҳам, бизнингча, айни шу ҳақиқатдан келиб чиқади: “Барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб-ўргансак, ишимизни мукаммал ва унумли бажарсак, замонавий билимларни эгаллаб, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, албатта, ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради”.

 

Ва аксинча, илмсиз, маърифатсиз на инсон, на жамият ва на давлат равнақ топади, бугундан эртага ўта олади. Президент масаланинг бу жиҳатига ҳам алоҳида урғу берди: “Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади”.

Бугунги суҳбатимиз айни масалалар – илм, маърифат, жаҳолат, тўғри йўлдан адашишнинг айрим жиҳатлари хусусида кечади.

Донишманд Аҳмад Югнакий ўзининг “Ҳибату-л-ҳақойиқ” китобида дунёдаги эзгулик доимий муҳофазага муҳтож эканини, унинг ҳаётда устувор бўлиши ҳар бир киши ва ҳаммадан фидойиликни талаб қилишини, бу ишга бефарқлик эса ниҳоятда хунук натижаларга олиб келиши мумкинлигини қайта-қайта уқтиради. Чунки ёвузлик тез тарқалувчи иллат бўлиб, агар вақтида пайи қирқилмаса, инсоният ҳаётини, онгу шуурини чирмовуқдай эгаллаб, одамзодни ҳалокатга дучор қилиши муқаррардир:

Боши кетган эзгуликнинг

сўнгги ҳам кетгусидир,

Ёвузликнинг боши келгач,

охири ҳам келажак.

Бундан қарийб ўн аср илгари келгуси насллар тақдирига куйиниб айтилган бу сўзлар нақадар тўғри ва ҳамон ўз долзарблигини йўқотмаётганини бугунги ҳаётнинг ўзи тасдиқламоқда.

Жумладан, асрлар давомида ҳам дунёвий, ҳам диний илму маърифатнинг қизғин ўчоғи бўлган  юртимизга ХХ асрнинг охири ва  XXI аср аввалида – замонавий технократик цивилизация юқори бос­қичларга кўтарилаётган бир паллада радикал диний оқимлар кириб келиши ва нисбатан тез тарқалишининг сабаблари бизни жиддий ўйга толдирмоғи лозим.

Бизнингча, бу ҳолнинг изоҳига оид жуда кўп факторлар орасидан икки тарихий давр билан боғлиқ шарт-шароитларни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Уларнинг бири — Абдулла Қодирий томонидан “тарихимизнинг энг кир ва қора кунлари” деб номланган хонликлар даври; иккинчиси — аввал чор, кейин эса большевистик босқин, истибдод ҳукм сурган даврдир. Ҳар иккиси учун хос бўлган умумий жиҳатлар, хоссатан, қуйидагилардир:

территориал катта-кичиклигидан, иерархик поғонанинг марказий ёхуд ҳудудийлигидан қатъи назар, бошқарувнинг тўлиқ тоталитаризмга бўйсундирилгани;

ягона марказда бир гуруҳ “ақли пешлар” томонидан ишлаб чиқилган ғоя ва мафкураларнинг бутун жамиятга ҳеч бир истиҳоласиз жорий этилиши;

ҳур фикр, эркин мулоҳаза, шахсий ташаббуснинг тўлиқ бўғилиши, қувғин қилиниши;

сайлов ҳуқуқининг, давлат ва жамият бошқарувида оддий фуқаролар иштирокининг қатъий чеклангани;

сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва мафкуравий бош­қарувнинг барча жабҳаларида оломон психоло­гиясига таянилиши, оломончилик рағбатлантирилиб, шахсларнинг “оқ қарға”га айлантирилиши;

“ички ва ташқи душманлар” образининг мунтазам яратилиши ҳисобига чет мамлакатлар, хориж жамиятларида ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилган ғоя ва мафкуралар, қадрият ва мўлжаллардан халқнинг бехабар сақланиши, ҳар қандай янгиликка шубҳа ва ҳатто қўрқув билан муносабатда бўлиш муҳити ва ҳ.к.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов бир шеърида топиб айтганидек, бундай жамиятларда “тўрдагилар ҳокими мутлақ, пастдагилар юмуқкўз” бўлиши табиий ҳол, ҳаёт меъёри ва мезони сифатида қабул қилинади.

Агар диний ақидапарастлик, фундаментализм, экстремизм тарафдорлари илгари сураётган ғоя ва мақсадлар моҳиятига назар ташласак, улар ҳам худди шундай муҳитни энди бутун инсониятнинг яшаш тарзига айлантиришни хоҳлаётганларини сезиш мумкин. Улар бу мақсадга эришиш учун ўзларига жуда катта, бир етакчиси тили билан айтганда, “бир сафда юрадиган уммат” керак бўлишини-да, яхши тушунишади. Бу иш эса тизимли ўқитиш-ўргатишсиз, таъсирли даъват ва рағбатсиз бўлмаслиги ҳам уларга маълум.

Мана шу шароитда мазкур оқимлар сафида юрган кишиларни назарга илмаслик, уларни нуқул “саводсиз, содда ва оми” деб ўйлаш, бизнингча, шундай ўйловчиларнинг ўзлари айни “сифатлар” эгаси эканидан дарак беради, холос. Зеро, улар агар шундай ожиз бўлишганида, бутун инсониятнинг бошини қотирадиган, бир-биридан чигал муаммоларни пайдо қила олишмаган бўларди.

Агар ўқувчи эътибор қилган бўлса, Ўзбекистон Президенти томонидан 2020 йилга берилган номда ҳам, мақоламизнинг ҳозирга қадар ўқилган матнида ҳам “илм” ва “маърифат” сўзлари, гарчи ёнма-ён бўлса-да, алоҳида айтилмоқда, ёзилмоқда. Нега? Улардан биринигина ишлатиш билан чекланилса бўлмайдими? Бўлмайди! Ҳамма гап шунда!

Бу нозик фарқни соддароқ тилда тушунтирмоқ учун биргина тарихий далилни эслатамиз: 1933 йилда, Биринчи жаҳон урушидан ҳар жиҳатдан абгор ҳолда чиққан Германиянинг рейхканцлерлигини қўлига олган Адольф Гитлер орадан бор-йўғи етти йил ўтар-ўтмас оролдаги Англиядан ташқари деярли бутун Европани ўзига бўйсундира олди. 1941 йилда эса ўз давлати ҳудудидан ўнлаб баравар йирик шўролар мамлакати чегарасига энг замонавий қурол-яроғлар билан таъминланган 220 та дивизияли армияни ташлади. Ниҳоятда пухта тузилган “Барбаросса” режаси билан “яшин тезлигидаги ҳужум”ни амалга оширди – уч-тўрт ойда минглаб чақиримли ҳудудни босиб ўтиб, Москва шаҳри чегарасига 12 километр қолгунча яқинлашиб келди...

“Энг замонавий қурол-яроғлар” дегани эса, физика, химия, машинасозлик, асбобсозлик, электроника, баллистика сингари юзлаб фан ва касбларнинг, демакки, илмларнинг ривожи деганидир. Бинобарин, қисқа муддат ичида миллионлаб одамларни қириб юборишга мўлжалланган ядровий, химиявий ва биологик қирғин қуроллари ҳам ўша илмнинг, билимнинг маҳсулларидир. Шундай экан, фашистик бош­қарув раҳбари ва унинг шерикларини боягиндай – илмсиз, содда ва оми, деб баҳолаб бўладими?

Бизнингча, худди мана шу ўринда “илм” билан “маърифат”, “ақл” билан “фаросат”, “билим” ва “унга амал қилиш” ўртасидаги фарқ ярқ этиб кўзга ташланади. Бошқача айтганда, у ёхуд бу фан соҳаси ютуқларини “сув қилиб ичиб юборган” кишининг маърифатдан бебаҳра қолиши ёхуд машҳур ривоятдаги – ўн йил устозлардан таълим олгач, подшоҳ отасининг кафтига яширинган, “шакли думалоқ, ранги сариқ нарса”ни элак дейишга ақли етиб, одам кафтига элак сиғмаслигига фаросати етмаган “илми толиб” шаҳзоданинг ҳоли бизни ҳайрон қолдирмаслиги керак...

Чунки илмни ким нимага, не мақсад йўлига ишлатиши ўша илм эгасига бериладиган баҳо мазмунини ҳосил қилади. Ҳазрат бобомиз Навоий асрлар оша:

·         Илмни ким воситаи жоҳ этар, 
Ўзинию халқни гумроҳ этар.
Олим агар жоҳ учун ўлса залил, 
Илми анинг жаҳлиға бўлғай далил

дея илмни ноинсоний йўлда ишлатувчи каслар нафақат ўзини, балки халқни – бошқаларни ҳам сарсон қилишидан бизни огоҳ этади. Ана шу маънода бугунги мафкура полигонларидаги мухолифларимизнинг инсоний жиҳатлари, маърифати ва маънавияти борасида ҳар қанча баҳслашишимиз мумкин-у, бироқ уларни ёппасига “ўқимаган, илмсиз ва оми” деб ўйласак, қаттиқ янглишамиз.  

Мазкур ғоявий-мафкуравий курашнинг айрим жабҳаларини қўлдан бой бераётганимиз, оппонентларимиз фаолиятининг самаралироқ бўлишининг туб илдизида айни шу ҳол — муаммога юқоридаги тахлит янглиш ёндашишимиз, душман томон кучи ва имкониятларига етарли баҳо бермаётганимиз, унинг, жумладан, кадрлар танлаш принципларига беэътибор бўлаётганимиз ёки буни назарга илмаётганимиздек жиддий қусурлар ётибди.

Асл аҳвол эса шундан иборатки, биз сўз юритаётганимиз экстремистик оқим ва ҳаракатлар ичида бўлғуси аъзоларнинг ҳозирга қадар яшаган бутун ҳаётини, характер ва темпераментини, қизиқишлари ва билим доирасини, имон-эътиқод масаласига муносабатини, моддий ва маънавий эҳтиёжларини, орзу ва армонларини пухта ўрганувчи билимдон мутахассислар фаолият олиб боришади. Улар бўлғуси “ўлжалар”нинг ҳар бирига мана шу ўрганилган маълумотлардан келиб чиқиб, индивидуал ёндашиш усули, йўл-йўриғини ишлаб чиқадилар.

Яъни, ким нимадан азият чекмоқда ва бунда давлат тузумининг иштироки қанча; кимнинг мақсадлари амалга ошмай турибди ва бунда жамиятдаги мавжуд ҳолатнинг таъсири қанчалик; кимда ўзини намойиш қилиш йўллари тўсилган ва тўсиқ қўювчилар ичида расмий муассасалар борми; ким муайян бир нарсага, ғояга эътиқод қўйса, ҳатто отасига қарши туриб бўлса-да, унинг ҳимоясига чиқа олади; ким ўзининг билими, юриш-туриши, гап-маърузаси билан бошқаларни ортидан эргаштира олади; ким қанчалик мажбур қилишмасин, турли тазйиқ ва қийноққа дуч келмасин, гуруҳ аъзоларини, унинг раҳбарларини сотмайди – ўлимга – жиҳодга тик бора олади... мана шу муҳим суриштирув – талаблар уларнинг сафларига янги аъзолар танланишида, албатта, инобатга олинади.

Бу ўринда, биргина 1999 йил 16 февраль куни пойтахтимиз Тошкентда содир этилган қонли террорчилик хуружининг асосий ижрочилари Англияда таълим олган, ўша пайтда ғоят ноёб ҳисобланган компьютер технологиялари бўйича ҳам мутахассис йигитлар бўлганини эслашнинг ўзи кифоядир.

Ва аксинча. Билими ва фикр­лаш қуввати ҳаминқадар, табиати енгил, тирикчилигини “айтоврадиям-қайтоврадиям” принципи асосига қурадиган, тўртта одамга гапини ўтказа олмайдиган, озгина мушкулликдан гангиб, йўлини ва ўзини йўқотиб қўядиган кишилар бу гуруҳларни қизиқтирмайди. Чунки бундай одамлар билан улар кўзлаган манзилу мақсадларга етиб бориш мумкин эмаслигини, бу хил кишилар уларга фақат ва фақат халақит беришини яхши тушунишади, оқибатини олдиндан кўришади.

Бундай кишилар билан бояги экстремистик ташкилотлар узоққа бормаган, осонгина ўзини ўзи фош қилган, сафларини бу қадар кенгайтира олмаган бўлар эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 16 июнда ўтказилган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқидаги мана бу сўзларига қулоқ тутайлик:

“Буни маънавий ҳаёт, ғоя­вий-мафкуравий иш деб қўйибди. Бу бизга ғалла ёки чигит экиш эмас, уруғни тупроққа ташладик, бўлди, энди кутамиз, деб қараб ўтирсак. Мафкура соҳасида бўшлиқ деган нарсанинг ўзи ҳеч қачон бўлмайди. Чунки инсоннинг қалби, мияси, онгу тафаккури ҳеч қачон ахборот олишдан, фикрлашдан, таъсирланишдан тўхтамайди.

Демак, унга доимо маънавий озиқ керак. Агар шу озиқни ўзи яшаётган муҳитдан олмаса ёки бу муҳит уни қониқтирмаса, нима бўлади, айтинглар? Бундай озиқни у аста-секин бошқа ёқдан излайди. Шунга йўл бермаслигимиз керак”.

Мамлакат Президентининг айни соҳаларга бу қадар жиддий эътибор қаратаётгани, албаттаки, бекорга эмас. Бугунги дунёнинг турли ҳудудларида террористик ҳаракатлар туфайли рўй бераётган хунрезликлар, ўн йиллардан бери давом этаётган биродаркушлик урушлари, дунё ёшлари орасида ахлоқсизлик, ҳаёсизликни ҳаёт нормаси қилиб олган гуруҳларнинг тобора кўпайиб бораётгани, бундай ҳаракатларни рағбатлантиришга “холис ҳисса” қўшадиган “оммавий маданият” хуружининг кун сайин кучайиб ва кенгайиб бораётгани – буларнинг ҳаммаси кишини ташвишлантирмаслиги мумкин эмас. Зеро, моддий етишмовчилик, камчилик ўрнини бир-икки кунда тўлдириш мумкин. Нурай бошлаган девор сувалиши ёки бошқа тикланиши, босиб қолиши мумкин бўлган том очилиб, қайтадан ёпилиши учун ҳам бирор ҳафта, нари борса, бирор ой талаб этилар. Маънавиятда, ахлоқ ва одобда, мафкурада содир қилинган нураш ва ўпирилиш ўрнини тўлдириш, қайта тиклаш эса бунчалик осон ва силлиқ кечмайди. Бу борадаги емирилиш асоратлари ниҳоятда оғир, ўрни тўлмас, жароҳати битмас бўлади.

Бинобарин, неча бор исботини топган қайсар бир ҳақиқат борки, унга кўра, нафақат бир туркум инсонлар, балки бутун жамият онги, тафаккури, фикру қарашини ўзгартирмай, уни энг илғор билим ҳамда инсоний тарбия билан қуроллантирмай туриб, ҳаётнинг бирор жаб­ҳасида ўзгариш ясаш мумкин эмас.

Мустақил юртимизда юритилаётган, эртанги кун эгаларини ҳар жиҳатдан камолга етказиш сиёсати замирида ҳам айнан мана шу ҳаёт ҳақиқати – бугунги дунёнинг долзарб талаблари турибди. Зеро, мустақил ҳаётга кириб келаётган, куч-ғайратга тўла ва орзулари бепоён ёшларга айни паллаларда амалий ёрдам, тўғри йўл-йўриқ кўрсатиш – ўзининг эртанги кунига, фарзандлари тақдирига бефарқ бўлмаган халқ­нинг энг муҳим вазифаси, буюк келажак учун бунёд этадиган мустаҳкам пойдевори ҳисобланади.

Раҳмон ҚЎЧҚОР,

 

Тошкент давлат юридик университети доценти в.б.,

 

филология фанлари номзоди

 


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида йиғилиш бўлиб ўтди.
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга...
01 янв 1970
Жорий йилнинг 18 сентябрь куни эрта тонгда “Келес” темир йўл чегара-божхона постига кириб келган йўловчи поезд шу турдаги одатий поездл...
01 янв 1970
“Ўткан кунлар” асари қаҳрамонларининг ўзаро муомаласида, уларнинг ҳатто фарзандларини ҳам “сиз”лаб гапириши мисолида ота-бо...