Энди “келишиб” бўлмаслигини ҳайдовчига тушунтириш афзалроқ эмасми?

/

Энди “келишиб” бўлмаслигини ҳайдовчига тушунтириш афзалроқ эмасми? 

Аввало яна бир бор таъкидлаб ўтайлик: газетамиз саҳифаларида мазкур рукнни бежиз ташкил этмадик. Бизни бугун одамлар орасида тилга тушаётган мавзулар, воқеа-ҳодисотлар талқини қизиқтиради. Бугун қаламга олаётган воқелик хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Албатта, мавзу юзасидан мутлоқ хулоса ясашдан, фалон нарса яхши, писмадони ёмон деб ҳукм чиқаришдан йироқмиз. Биз муаммони ёритишга, уни жамоатчиликка етказишга  уриняпмиз, хулоса чиқариш эса ўқувчидан.

 

...Ов қилишни ёқтирасизми?  У ҳолда овчилик сирларидан озгина бўлса ҳам хабардор бўлсангиз керак. Мисол учун, ўлжани қўлга тушириш учун хўрак ташлаб қўясиз, қарабсизки, омад келса, ўлжа тўрингизда. Бироқ  ўлжани чўчитиб қўйсангиз, мақсадга эриша олмайсиз. Хўш, бу гапларингиз билан нима демоқчисиз, дейсизми? Ўтган ҳафтада интернет оламида тўрт кун ичида 6 нафар фуқаро ЙПХ ходимларига пора бераётганида қўлга тушганлиги ҳақидаги хабар кўплаб  муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу хабарларни ўқиган одам гўёки, ҳайдовчилар пора беришга ҳавасманд деб ўйлайди. Фуқаролар пуллари кўплигидан қаерга қўйишни билмасдан ЙПХ ходимларига мажбурлаб тиқиштириб, туя кўрдингми, йўқ қабилида иш кўришаётгандай, гўё. Хўп, уларнинг  пули кўпдир, қонунни билишмас, қоидани бузганлиги учун катта жаримадан қочиб, ўзаро “келишиш”ни таклиф қилишгандир. Бунга ҳайрон қолиш ҳам керак  эмас аслида. Негаки, одамларимиз бундай “келишиш”ларга йиллар мобайнида кўникиб кетган...

 

 Бироқ қонун-қоидаларни яхши биладиган, давлатимиз йўл ҳаракати хавфсизлигини ишониб топшириб қўйган баъзи ЙПХ ходимлари нима учун бундай қонунбузилиш ҳолатларнинг олдини олиш ўрнига, аксинча, ўзлари қонунбузилишига йўл қўйиб беришмоқда? Ҳайдовчи пул таклиф қилади, ЙПХ ходимлари учрашув жойини тайинлайди ва қарабсизки, ҳайдовчи қопқонда. Мана сизга текин томоша. Мамлакатимизда  жиноятчилик содир этилишидан аввал унинг олдини олиш, яъни жиноятчилик профилактикаси хусусида бонг урилаётган бир вақтда ЙПХ ходимларининг бундай йўл тутиши тўғримикан? Агар ЙПХ ходимлари ҳодиса жойи­нинг ўзида қонунни бузмаслик кераклиги ҳақида фуқарони огоҳлантириб, пора ҳақидаги таклифи жиноят эканлиги ва бундай хатти-ҳаракат учун жиноий жазо муқаррарлигини тушунтиришса, кўнгилсизликларнинг олди олинган бўлармиди? Афсуски, улар бундай йўл тутишмаяпти. Биз ушбу мақолани тайёрлаш жараёнида суҳбатлашган ҳайдовчилардан бири шундай дейди: “Ахир ҳисобот учун рақам керак-да”.

 

Мисол тариқасида, 24 январь ҳисоботига кўра, Самарқанд  вилояти Каттақўрғон туманида “Камаз-5320” русумли юк машинаси ҳайдовчисининг траспорт воситасини бошқаришга ҳужжатлари бўлмагани сабаб, машина жарима майдонига жойлаштирилган. Ҳайдовчи шу куни ЙПХ ходимига 1 миллион сўм пора таклиф қилиб, эртаси куни уни бераётган вақтида ушланган. Яна бир мисол, 26 январь куни Наманган вилояти, Косонсой туманида “Спарк” ҳайдовчиси А.М. автомобиль бош­қаришга ҳужжатлари бўлмагани сабабли, машинаси жарима майдончасига жойлаштирилган. У инспекторга 600 минг сўм пора таклиф қилиб, 460 минг сўм бераётган вақтида қўлга  тушган...

 

Бундай мисолларни яна давом эттириш мумкин. Ахир ўша ҳайдовчиларнинг келгуси тақдири, оиласи, бола-чақаси нима бўлади? Уларнинг бўйинларига қонунни билиб-билмасдан бузганликлари учун судланганлик там­ғаси илинади-ку? Масаланинг бу томони билан ЙПХ ходимларининг иши йўқ. Уларга инсон ҳаётидан ҳам муҳим бўлган ҳисобот керак, рақамлар керак. Албатта, биз қоидабузар, пора узатишга мойил ҳайдовчиларни оқлаш фикридан мутлақо йироқмиз. Бироқ юқорида айтганимиздай, узоқ йиллар давомида ЙПХ ходимлари билан “келишиб” кетиш мумкин, деган фикр халқимизнинг онг-онгига сингиб кетгани ҳам бор гап.

 

Тўғри, у кунлар ўтиб кетди. Лекин фуқароларимиз онгидан бундай салбий фикрни юлиб ташлаш учун кўп меҳнат талаб қилинади. Бугун жамиятимиз ҳар бир соҳада уйғонаётган, янгиланаётган экан, ЙПХ ходимлари ҳам қонунбузилишни “кўпайтириш”, “жиноят”чилар сонини ошириш билан шуғулланишнинг ўрнига ҳайдовчилар орасида қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олишса, янаям аниқроқ айтганда, пора таклиф қилаётган ҳайдовчиларга бу таклифнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида аниқ-тиниқ тушунча беришса, юқоридагидай салбий ҳолатлар камаярмиди?

 

Сиз бунга нима дейсиз?

 

Зарафшон Қаландарова,

 

“Adolat” мухбири


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Юртимиз узра кўклам нафаси кезиб юрган шукуҳли кунларда мамлакатимиз хотин-қизларининг юзу кўзида бахт нашидаси. ...
01 янв 1970
Сирдарё вилояти қадимий Сайҳун дарёсининг қирғоқларида, Мирзачўл бағрида, бир томони Тошкент вилояти, иккинчи томони Тожикистон Республикаси, учинч...
01 янв 1970
Кейинги йилларда республикамизда аҳолининг ерга, уй-жой, мол-мулкка эгалик ҳуқуқи ошгани, улардан фойдаланиш имконияти кенгайгани сари бу соҳада иж...
01 янв 1970
Қарши шаҳрида Судьялар Олий Кенгаши раиси Убайдулла Мингбоев вилоятда фаолият олиб бораётган судьялар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан у...